Европа етакчилари ва Зеленский Арманистонда бўлиб ўтаётган саммитга ташриф буюрди. Москва бунга қандай муносабат билдиради?

Қизил пиджак кийган аёл икки нафар кўк костюмдаги эркакнинг қўллари устига ўз қўлларини қўяпти.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Арманистон бош вазири Никол Пашинян (марказда) Европа комиссияси ва Европа кенгаши етакчилари билан
    • Author, Райхон Демитрие
    • Role, Би-би-сининг Жанубий Кавказ бўйича мухбири, Ереван
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Европа етакчилари узоқ вақт давомида Россиянинг Жанубий Кавказдаги энг яқин иттифоқчиси ҳисоблаб келинган Арманистонга икки мисли кўрилмаган саммитда қатнашиш учун йиғилмоқда. Шунингдек, Украина президенти Володимир Зеленский ҳам илк бор Ереванга ташриф буюрди.

Аҳолиси уч миллиондан кам бўлган бу мамлакат учун ушбу воқеанинг рамзий аҳамиятини ортиқча баҳолаб бўлмайди. Чунки Арманистон Россия президенти Владимир Путин ташаббуси билан ташкил этилган Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзоси саналади ва мамлакат ҳудудида Россиянинг ҳарбий базаси жойлашган.

Душанба куни Ереванда 30 дан ортиқ европалик етакчилар ҳамда Канада бош вазири иштирокида Европа сиёсий ҳамжамияти саммити бўлиб ўтмоқда.

Сешанба куни эса тарихда илк бор Европа Иттифоқи ва Арманистон ўртасидаги икки томонлама саммит ўтказилади. Унда Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляен ва Европа кенгаши раиси Антониу Кошта қатнашади.

Володимир Зеленский Ереванга саммит арафасида етиб келган ва якшанба куни аллақачон Норвегия, Финляндия, Буюк Британия ҳамда Чехия бош вазирлари билан учрашувлар ўтказган.

Зеленскийнинг асосий вазифалари

Зеленский ўзининг ижтимоий тармоқлардаги хабарларида якшанба куни Буюк Британия бош вазири Кир Стармер билан бўлиб ўтган учрашувда ҳарбий ёрдам масалалари ҳамда Россия билан эҳтимолий тинчлик музокаралари атрофидаги вазият муҳокама қилинганини маълум қилди.

Вoлoдимир Зеленский Ереванда Буюк Британия бош вазири Кир Стармер

Сурат манбаси, Stefan Rousseau/Reuters

Сурат тагсўзи, Вoлoдимир Зеленский Ереванда Буюк Британия бош вазири Кир Стармер билан алоҳида учрашув ўтказди.

Бундан ташқари, Британиянинг PA ахборот агентлиги хабарига кўра, Зеленский Стармер орқали қирол Чарлз III га АҚШ Конгрессидаги нутқида Украинага ёрдам бериш зарурлиги ҳақидаги фикрлари учун миннатдорчилик билдирган.

Зеленский ижтимоий тармоқлардаги баёнотларида Финляндия ва Норвегия бош вазирлари билан бўлиб ўтган учрашувларда ҳам ҳарбий ҳамкорлик масалалари, шунингдек, ушбу давлатларнинг Украинага кўрсатаётган ёрдами — ҳарбий ва энергетика соҳаларидаги кўмак муҳокама қилинганини таъкидлади.

У Финляндия бош вазирига учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқиш ва уларни ишлаб чиқариш бўйича икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашни таклиф этди. "Украина ўз тажрибасини улашишга ва кенг кўламли босқин бошланган илк кундан бери бизни қўллаб-қувватлаб келаётган ҳамкорларни янада кучайтиришга тайёр", — деди президент.

Арманистонга ташрифидан аввал Украина президенти бўлиб ўтиладиган учрашувлар олдига учта асосий вазифани қўйганини ҳам маълум қилди: урушни муносиб якунлашни яқинлаштириш, Европа Иттифоқи томонидан ажратилиши режалаштирилган 90 миллиард евро миқдоридаги ёрдамни Украинага тезроқ етказиш ва мамлакатнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлаш.

Россия таъсири доирасидами?

Арманистон энергетика ресурслари масаласида катта даражада Россияга боғлиқ. Мамлакат Россиядан газни имтиёзли нархларда сотиб олади. Бу ҳолатни Россия президенти Владимир Путин 1 апрел куни Арманистон бош вазири Никол Пашинян Москвага ташриф буюрган пайтда алоҳида таъкидлаб ўтган.

Путиннинг айтишича, Россия Арманистонга минг куб метр газни 177,5 доллар нархда сотмоқда, ҳолбуки Европада газ нархи 600 долларга етган. "Фарқ жуда катта, сезиларли", — деган Россия президенти.

Шу нуқтаи назардан қаралганда, Россиянинг сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик соҳасидаги кучли таъсир доирасида бўлган Арманистон қандай қилиб кўплаб европалик етакчиларни қабул қилаётган мамлакатга айланди, деган савол туғилади.

Россия президенти Владимир Путин (ўнгда) Москвадаги Кремлда бўлиб ўтган учрашув чоғида Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан суҳбатлашмоқда.

Сурат манбаси, Pavel Bednyakov/POOL/AFP

Сурат тагсўзи, Пашинян (чапда) апрел ойида Кремлда Путин билан. Арманистон минтақада Россиянинг энг яқин иттифоқчиси ҳисобланади

Бу борадаги бурилиш нуқтаси 2023 йилда Арманистон ва қўшни Озарбайжон ўртасида бўлиб ўтган уруш бўлди. Ўшанда Озарбайжон тезкор ҳарбий амалиёт ўтказиб, собиқ Тоғли Қорабоғ муxtор вилояти ва унга туташ, қарийб 30 йил давомида арман кучлари назоратида бўлган олти ҳудуд устидан назоратни қайта тиклади. Натижада 100 мингдан ортиқ этник арман минтақани тарк этди.

2020 йилдаги 44 кунлик урушдан кейин Қорабоғда жойлаштирилган Россия тинчликпарвар қўшинлари бу гал амалда аралашмади. Илгари ҳам Озарбайжоннинг Арманистонга қарши ҳарбий ҳаракатларига Россия бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) томонидан аниқ жавоб бўлмаган эди.

"Биз амалда мавжуд хавфсизлик тизими ишламаётганини англаб етдик", — деди Би-би-си билан суҳбатда Арманистон Миллий йиғилиши ташқи алоқалар қўмитаси раиси Саргис Ханданян.

Европа Иттифоқи кузатувчилари Арманистон ҳудудида, Корнидзор қишлоғидан ташқарида жойлашган, Арманистон–Озарбайжон чегараси ва Тоғли Қорабоғ минтақасига яқин йўлда ўз хизмат автомашиналари ёнида турибди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Европа Иттифоқи 2023 йилда уруш бошланишидан олдинёқ Арманистон ва Озарбайжон чегарасида кузатув миссиясини жойлаштирган эди

Бир йил аввал Европа Иттифоқи Арманистон ва Озарбайжон ўртасида чегараларни тан олиш бўйича келишувга воситачилик қилди ва шу доирада фуқаролик кузатув миссиясини жойлаштирди.

"Европа Иттифоқининг бевосита иштирок этиши фуқароларимиз қарашларини ўзгартирди", — дейди Ханданян. Унинг айтишига кўра, жамиятда ЕИ билан яқинроқ алоқалар ўрнатишга бўлган талаб кучайган.

2025 йил март ойида Арманистон парламенти мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш жараёнини бошлашга қаратилган қонунни қабул қилди.

Шу билан бирга, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги тинчлик жараёни ҳам тезлашди. Август ойида икки давлат раҳбарлари Оқ уйда кўп йиллик низони тугатишга қаратилган тарихий келишувни имзолади.

Улар, шунингдек, халқаро тинчлик ва фаровонликни ривожлантиришга қаратилган "Трамп йўлаги" номли йирик транспорт лойиҳаси ишга туширилишини эълон қилди. Ушбу йирик йўлак Арманистоннинг Эрон билан чегараси бўйлаб ўтиб, минтақани Европа бозорлари билан боғлайди.

(Чапдан ўнгга) Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, АҚШ президенти Доналд Трамп ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян Вашингтондаги Оқ уй Давлат ошхонасида ўтказилган имзолаш маросими чоғида қўл ушлашмоқда.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, 2025 йил август ойида Пашинян (ўнгда) Оқ уйда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан тарихий аҳамиятга эга тинчлик келишувини имзолади

Шу билан бирга, икки қўшни давлат ўртасидаги тинчлик жараёни ҳали мустаҳкам эмас. Европанинг Арманистон билан яқинлашуви эса Ереван учун муайян дипломатик йўқотишларга ҳам олиб келмоқда.

Ўтган ҳафта Озарбайжон парламенти Европа парламенти билан муносабатларни тўхтатиш учун овоз берди. Бунга сабаб — европарламентарийлар қабул қилган резолюция бўлиб, унда 2023 йилда Қорабоғдан қочиб кетган арманларнинг қайтиш ҳуқуқини таъминлаш, шунингдек, Боку томонидан ушлаб турилган арман маҳбусларини озод этишга чақирув билдирилган эди.

Озарбайжон Европа парламенти билан ҳамкорликни тўхтатмоқда. Бироқ Европа томон газ етказиб бериш режа асосида давом этмоқда.

Бу орада Москва Арманистоннинг Европа Иттифоқи билан борган сари илиқлашаётган муносабатларини яширмасдан, кескин норозилик билан кузатмоқда.

Кремлда бўлиб ўтган учрашув чоғида Владимир Путин Арманистон бош вазири Никол Пашинян мамлакатдаги эркинликлар билан фахрланаётганида киноя билан кулган.

"Арманистонда ижтимоий тармоқлар 100 фоиз эркин, ҳеч қандай чекловлар йўқ", — деган Пашинян Россия президентига. Айни пайтда Россияда барча йирик ғарб платформалари блокланган.

Бироқ Путин Пашинянга Европа Иттифоқига қўшилиш истаги Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзолик билан мос келмаслигини эслатди.

"Бир вақтнинг ўзида ҳам Европа Иттифоқининг, ҳам Евроосиё иқтисодий иттифоқининг божхона иттифоқига аъзо бўлиш мумкин эмас", — деди Россия президенти. Унинг қўшимча қилишича, бу "таърифан ҳам мутлақо имконсиз".

Европа сиёсий ҳамжамияти саммитига атиги бир неча кун қолганида Россия Арманистондан минерал сув импортига тақиқ жорий қилди.

"Бу гибрид таҳдидлар қандай ишлашининг одатий намунаси", — дейди Арманистоннинг ахборот маконини мониторинг қилиш билан шуғулланувчи CyberHUB‑AM ташкилоти вакили Артур Папян.

Унинг қайд этишича, юқори лавозимли расмийларнинг Европа томон йўналган баёнотлари ёки Брюсселга қилган ташрифларидан сўнг кўпинча Грузия–Россия чегарасида арман юк машиналарини ушлаб қолиш ҳақидаги қарорлар қабул қилинган. Шу билан бирга, ҳукумат сайтларига киберҳужумлар уюштирилиши мумкинлиги ҳақида хакерлар томонидан таҳдидлар ҳам пайдо бўлган.

Ўтган ой Европа Иттифоқи Арманистонда келгуси икки йилга мўлжалланган янги фуқаролик миссиясини маъқуллади. Ушбу миссия Россия томонидан тарқатилаётган дезинформация, киберҳужумлар ва ноқонуний молиявий оқимларга қарши курашишга қаратилган бўлиб, айниқса июнь ойида бўлиб ўтадиган Арманистон парламент сайловлари арафасида муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур миссия 2025 йилги сайловлар олдидан Молдовада ташкил этилган Европа Иттифоқининг шунга ўхшаш миссияси асосида яратилган. Ўша сайловлар натижасида Кишинёвда Европапараст кучлар ҳокимиятни сақлаб қолган эди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

"Мен бу ҳолатларни, айниқса Молдована ва Руминиядаги, шунингдек Украинадаги воқеаларни чуқур ўргандим", — дейди Артур Папян. — "Бу ерда умумий тактикалар ва технологик услублар яққол кўзга ташланади".

Унинг айтишича, январ ойида унинг жамоаси WhatsApp тармоғига қарши кенг кўламли ҳужумни аниқлаган. Тахминларга кўра, бу ҳужум оқибатида бир неча юз мингта аккаунт бузиб кирилган. Папян таъкидлашича, ушбу мессенжер вазирлар ва давлат амалдорлари орасида жуда кенг қўлланилади.

Алоҳида бир амалиёт давомида эса хакерлар Signal иловасида сохта аккаунт яратиб, ўзларини Европа Иттифоқининг Арманистондаги элчиси Василис Марагос деб таништирган. Улар нодавлат ташкилотлар раҳбарларини Арманистон ва Европа Иттифоқи муносабатларига бағишланган сохта конференцияга таклиф қилишган.

Рўйхатдан ўтиш учун юборилган ҳавола жуда ишончли кўринган. Ҳатто фуқаролик жамияти ташкилотларида ишловчи тажрибали мутахассислар ҳам бу тузоққа тушиб қолган. Кейинчалик ҳужум манбаи аниқланганида, ИП-манзиллар Россиянинг Москва шимоли-ғарбида жойлашган Зеленоград шаҳрига олиб борган.

Ереванда бўлиб ўтадиган саммитлар арафасида Артур Папян айтишича, у фақатгина эрталабнинг ўзида Telegram тармоғида олти-етти марта фаоллик кескин ошганини пайқаган. Ушбу хабарлар бир хил мазмунга эга бўлиб, саммитлар Арманистон учун ортга қайтиш йўли қолмаган нуқта экани ва Россия бу тадбирлар учун мамлакатни жазолаши ҳақида даъволар илгари сурилган.

"Арманистонда демократик институтлар ишлаяпти ва муайян ютуқларга эришилди, аммо уларга жиддий босим ўтказилмоқда", — деди саммитларда иштирок этаётган Европа Кенгаши бош котиби Ален Берсе.

Унинг таъкидлашича, июн ойида бўлиб ўтадиган парламент сайловлари арафасидаги асосий хавфлар — ташқи аралашув, ёлғон ахборот тарқалиши ва интернетдаги сиёсий қарашларнинг кескин қутблашувидир.

Берсенинг сўзларига кўра, Арманистонда бу каби таҳдидларга қарши курашиш учун айрим ҳуқуқий механизмлар мавжуд. Аммо, кўплаб бошқа мамлакатларда бўлгани каби, "ҳозирча бу чоралар таҳдидларнинг кўлами ва мураккаблигига тўлиқ жавоб бермайди".

Европалик етакчилар яқин икки йил ичида фуқаролик миссияларини йўлга қўйиш ва виза режимида енгилликлар яратиш ваъдаси билан Ереванга келаётган бир пайтда, Арманистоннинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши бўйича аниқ муддатлар, мудофаа соҳасидаги кафолатлар ёки Россия газига муқобил манбаларга ўтиш режалари ҳали белгилаб олинмаган.

Ана шундай аниқ ва қатъий мажбуриятлар мавжуд бўлмаган шароитда, Арманистоннинг Россия ва Ғарб ўртасида мувозанат сақлашга уриниши ҳали ҳам давом этмоқда ва якунига етгани йўқ.