Афғонистон шимолидаги Ўзбек, Тожик ва Туркманлар нимадан норози?

Сурат манбаси, AMU.TV
Шимолий Афғонистонда таниқли Тожик қўмондони Мавлавий Абдул Қодир Саад Толибон ҳаракати раҳбариятини ҳаракатни тобора Паштунлар устунлик қиладиган, қариндош-уруғчиликка асосланаётган, мамлакатнинг нопаштун ҳудудларини рад этаётган, ушбу амаллар билан бир замонлар ўзлари курашган Исломий ғояларга қарши бораётган ҳаракатга айлантираётганликда айблади.
Тожик қўмондони ушбу танқидларини қаерда айтгани аниқ эмас, бироқ шу кунларда ижтимоий тармоқларда ушбу фикрларни билдирган видеоси тарқалди.
Узоқ йиллик Толибон қўмондони камдан-кам учрайдиган танқидини масжидлардан бирида қилган маърузаси пайти билдирган.
Хабарларга кўра, бу шимолий Афғонистондаги Сарипул вилоятидаги масжидлардан биридир.
Мавлавий Абдул Қодир Саад иддаосича, "чўпон" ва саводсиз шахслар юқори лавозимларга тайинланаяптилар, маҳаллий аҳолига мажбуран "тиқиштирилаяптилар". У шу тарзда давом этаверса, Толибон тизими қулаши мумкинлигидан огоҳлантирди.
"Бугун биз ўз одамларимиз ва ўз жамоаларимиз ўртасида обрўсизланиб қолдик. Бизнинг қадр-қимматимиз ўзимиздан олиб қўйилди, жиҳодимиз ифтихори биздан олиб қўйилди. Бизда қудрат қолмади", деди собиқ қўмондон.
Афғонистон шимолидаги Балх вилоятида туғилиб ўсган Мавлавий Абдул Қодир Саад Толибон бошқаруви остида қатор юқори лавозимларга, хусусан, Балх вилояти прокурори этиб ҳам тайинланган.
Унинг Тожик Толибони аъзолари орасида обрўи баланд, бир неча шимолий вилоятларда маърузалар билан чиқиш қилган.
Толибондан олдинги ҳукумат замонида Мавлавий Абдул Қодир Саад исёнкорлик, одамларни Афғонистон расмийлари ва хорижий ҳарбий кучларга қарши гижгижлаш айбловлари билан қамоққа ташланган эди.

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq
Мавлавий Абдул Қодир Сааднинг охирги танқидига ўхшаш баёнотлар янгилик эмас.
Аммо Толибон ҳокимиятни қўлга олган 2021 йил августидан кейинги давр билан солиштирганда бундай танқидлар кучаяётганга ўхшайди.
Асли Панжшердан бўлган яна бир Тожик Толибон қўмондони Абдул Ҳамид Хуросоний гуруҳ ичида "ирқий нохолислик" мавжудлигини бир неча бор танқид қилган.
Мавлавий Сааднинг видеосини ижтимоий тармоқларда тарқатган Бадахшон вилоятилик яна бир Тожик қўмондони Салоҳиддин Салор танқидларга тўла қўшилишини билдирди.
Бундан олдин бир неча юқори лавозимли Ўзбек Толибон қўмондонлари ҳам шунга ўхшаш хавотирларни билдирган эдилар.
Танқидчиларга кўра, Толибон раҳбарияти нопаштун бўлган қўмондонларни борган сайин четлатиб келаяпти.
Қўмондонлар ўзи туғилиб ўсган шимолий вилоятлардан жанубга маъмурий лавозимларга тайинланаяпти, буни айримлар ички сургун сифатида талқин этаяпти.
Афғонистон шимоли паштунлаштирилаяптими?

АҚШда жойлашган Amu TV хабар беришича, Фарёб вилоятининг шимолидаги Қарамқўл туманида яшовчи юзлаб одамлар туман ҳудудида паштун кўчманчиларига миллий шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар берилаётгани ҳақидаги маълумотларга қарши вилоят маркази Майманада норозилик намойиши ўтказганлар.
Манбаларини ошкор этмай хабар қилинишича, норозилар ҳужжат олаётган шахслар Миллий статистика ва ахборот бошқармасининг (NSIA) вилоят бўлимида рўйхатдан ўтмаганини таъкидлаганлар.
Ўзбек ва Туркман намойишчилари ҳужжат олаётган шахслар Ўзбеклар кўпчиликни ташкил этадиган Фарёб вилоятининг доимий яшовчилари эмаслигидан ҳам шикоят қилганлар.
Уларнинг даъво қилишича, Қарамқўл туманидаги NSIA'нинг вилоят бўлими раҳбари ушбу жараёнга қаршилик билдиргани учун Фарёб вилояти Толибон ҳокими томонидан ҳибсга олинган.
Шу орада, Oxus TV Қарамқўл аҳолиси туман ҳокими идораси олдида норозилик билдириб, улар "шубҳали ва ноқонуний тарзда миллий паспортлар тарқатилиши"га эътироз билдирганини хабар қилди.
Oxus'га кўра, намойишчилар миллий шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар кимлиги ва ҳудуд билан боғлиқлиги аниқ бўлмаган шахсларга берилаётганидан хавотирда эканини айтганлар, бу жараён туманнинг демографик таркиби ўзгаришига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирганлар.
Шунингдек, норозилар мазкур жараённи зудлик билан тўхтатиш ва Толибон ҳокимияти томонидан очиқ-ошкора тергов ўтказилишини талаб қилганлар.
Сиёсатчилар ҳам хавотир билдирдилар

Сурат манбаси, AMU.TV
Афғон сиёсий арбоблари шимолий Афғонистонга "кўчманчи номи остида" маҳаллий бўлмаган гуруҳларни жойлаштириш режалари борлиги ҳақидаги иддаолардан хавотир билдириб, бу ҳаракат хавфсизлик, демографик ва ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини огоҳлантирдилар.
Буюк Британиядаги Afghanistan International нашрига берган интервюсида Ўзбек етакчиси Абдул Рашид Дўстум раҳбарлик қиладиган "Исломий ҳаракат партияси" матбуот котиби Башир Аҳмад Таянч шундай деди:
"Улар у ерга айрим одамларни кўчманчилар номи остида олиб келишни режалаштиряптилар. Улар — Покистон Толибони, Вазиристон (Покистоннинг Вазиристон ҳудуди аҳолиси) ва ТТП жиноятчилари — Афғонистон шимолига кўчманчи деган ном остида келиб, миллий шахсни тасдиқлайдиган ҳужжат олишаяпти. Улар ҳудудимизни суиистеъмол қилади, сувимиздан фойдаланади ва имтиёзларимиз ҳамда ерларимизни ўзлаштиради…"
АҚШда жойлашган Amu TV'га берган суҳбатида сиёсий таҳлилчи Абдул Раҳмон Шамол шундай деди: "Бу масала ортида катта сиёсий ва ҳарбий мақсадлар бор. Улар маҳаллий бўлмаган аҳолини бу ҳудудга кўчиришга уринар экан, асосий мақсад минтақада маҳаллий бўлмаганлар сонини кўпайтиришдир. Бу эса тамойиллар ва қонунга зид…"
Толибон раҳбариятининг режаси
2023 йил июн ойида Афғонистондаги Толибон маъмурияти Покистон чегараси яқинида жойлашган покистонлик қочқинларни чегарадан узоқроқ ҳудудларга кўчиришга рози бўлганини тасдиқлади.
Бу қарор Исломобод томонидан уларнинг Покистон ҳудудида ҳеч қандай ҳужумларда иштирок этмаётгани ҳақида кафолат бериш талаби билан боғлиқ экани айтилган.
"Тўлиқ кафолат бериш мақсадида Афғонистон Ислом Амирлиги Дюранд чизиғининг бу томонидаги тўқнашувлар туфайли кўчирилган қочқинларни — масалан, Хост, Кўнар ва айрим бошқа вилоятлардаги аҳолини — узоқ вилоятларга кўчиришни режалаштирмоқда. Улар чегаралардан узоққа жойлаштирилади, токи Покистонда ҳеч қандай ҳужум ёки бузғунчи фаолиятларда иштирок этмаётгани кафолатлансин ва уларнинг чегарага кириш имкони бўлмасин", — деди Толибоннинг матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид 2023 йил 4 июн куни Tolo News телеканалига берган интервюсида.
2023 йил апрель ойида Фарёб вилоятининг собиқ ҳокими бўлган Саид Анвар Содат Афғонистон Толибони уч миллиондан ортиқ покистонликни Афғонистон шимолига жойлаштиришни истаётганини айтган.
"Улар тахминан 3,5 миллион нафар покистонлик Паштунни узунлиги тахминан 285 километр бўлган Қўштепа канали бўйлаб жойлаштирмоқчи. Бунинг мақсади шимолдаги аҳоли таркибини ўзгартиришдир", — деган у Independent Persian нашрига берган интервьюсида.
Толибон раҳбарияти Паштун бўлмаган миллат ва элат вакилларига нисбатан нотўғри, носоғлом муносабат ёки сиёсат бўлаётганини рад этади, танқид, айблов ёки баёнотларни сиёсий мақсадлар кўзланган баёнот деб атайди.






























