Ҳиндистон: Опасининг ўлимини жасади билан тасдиқлади

Опасининг жасади ёнида ўтирган эркак. Матога ўралган жасад хиралаштирилган.

Сурат манбаси, BBC Hindi

Сурат тагсўзи, Эркак опасининг жасадини(суратда хиралаштирилган) кўтариб юргани видеоси Ҳиндистонда ижтимоий тармоқларда жуда кўп тарқалди
    • Author, Rakhi Ghosh and Nikita Yadav
    • Role, BBC Hindi va BBC News
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Огоҳлантириш: Мақолада тасвирланган айрим тафсилотлар баъзи ўқувчиларнинг дилини хира қилиши мумкин.

Ҳиндистон шарқида яшайдиган эркакнинг айтишича, опаси банкда сақлаган омонат пулларини ололмаганидан кейин опаси вафот этганини исботлаш учун жасадини қабрдан қазиб чиқариб кўтариб банкка олиб келишга мажбур бўлган.

Одиша штатида яшайдиган 52 яшар Житу Мунда жасадни кўтариб банкка боргани видеоси шу ҳафта ижтимоий тармоқларда роса тарқалиб кетди, жуда кўпчиликни ғазаблантирди. Житу Мунда сўзларига кўра, опасининг оламдан ўтганини расман тасдиқлайдиган ҳужжатни тақдим этолмагани, шунинг учун ҳам опасининг банк ҳисобидаги пулини ололмаганидан умидсизликка тушиб шундай чорага қўл урган.

Полицияга кўра, у аёл жасадни қабрдан қазиб чиқариб банкка олиб борган.

Банк ундан буни сўраганини рад этади, фақат қонуний ҳужжат талаб қилганини билдирди. Банкка кўра, ушбу ҳодиса эркакнинг пул олиш жараёнларидан бехабарлиги туфайли рўй берган, пул марҳуманинг қонуний ворислари қўлига берилган.

Банк Мунда даъвосининг бошқа бир қисмини баҳсга тутади.

27 апрел куни Одиша штатининг Кеонжҳар туманида юз берган ҳодиса бутун Ҳиндистон диққат-эътиборига тушди, кўпчилик маҳаллий расмийлар ва банкни эркакка ёрдам қўлини чўзмаганликда айбладилар.

Одиша штати Даромад вазири Суреш Пужарининг айтишича, ушбу иш тергов остида ва идоранинг маҳаллий бўлими раҳбари ўз вазифасини адо этмагани учун унга нисбатан чора кўрилади.

Кеонжҳар тумани маъмурияти ҳам ўзининг "чуқур ташвиши"ни изҳор этди, инсонларнинг ҳуқуқи ва қадр-қимматини муҳофаза қилиш устувор вазифа эканини таъкидлади.

Житу Мунданинг Би-би-сига айтишича, мушкуллик шу йил бошида 56 яшар опаси Калара вафот этганидан кейин бошланган. Опаси кунлик ёлланма ишчи ёки мардикор сифатида ишлаб кун кечирган. Эри ва ўғли вафот этганидан кейин ўзи туғилиб ўсган она уйи, яъни Житунинг уйига қайтиб келган.

Ўлимидан бир неча ой олдин ўзига тегишли буюмларни сотган ва 19,300 Ҳиндистон рупийси ($203)ни банк ҳисобига омонатга қўйган.

Ҳиндистон Сундербанида банк шохобчаси олдида навбатда турган олти киши. 2016 йили тасвирга олинган фото сурат.

Сурат манбаси, Hindustan Times via Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳиндистондаги кўплаб қишлоқларда яшайдиган оилалар банк тизими билан олди-бердида мушкулликларга дуч келадилар

Мунданинг сўзларига кўра, опасининг ўлимидан кейин банкка бир неча маротаба борган.

"Банк менежери гапимга қулоқ солишни истамагани ва исбот талаб қилаверганидан кейин жаҳлим чиқди. Опам ўлганини кўрсатиш учун жасадини олиб келдим", деди Житу Мунда.

Ижтимоий тармоқларда машҳур бўлиб кетган видеода бир эркак матога ўралган жасадни кўтариб бораётгани ва банк биноси остонасига қўйгани кўринади. Бу видеони ким тасвирга олгани номаълум.

Ҳодиса жуда кўпчиликни ғазаблантирганидан кейин инсонлар ўлимидан кейин бировнинг номида бўлган мол-мулкни агар у ўлимидан олдин меросхўрни аниқ ёзиб кўрсатиб кетмаган бўлса, қоғозбозлик тўсиқлари кўплиги ҳақида ёздилар. Яна бошқалар айниқса қишлоқ яшовчилари банк тизими билан муомалада янада кўпроқ мушкулликларга дуч келишларини билдирдилар.

Ҳиндистонда агар вориси номини кўрсатмаган банк ҳисоби эгаси оламдан ўтса, оиласи аъзолари унинг ўлимини тасдиқлайдиган ҳужжат ва қонуний меросхўрлигини тасдиқлайдиган қоғозларни тақдим этганларидан кейин банкдаги маблағни ололадилар. Бироқ аксар қишлоқ жойларида бундай ҳужжатлаштириш жараёнлари чекланган.

Ушбу ҳодисадан кейин Odisha Grameen Bankини юритадиган Indian Overseas Bank баёнот эълон қилди. Унда айтилишича, банк ходимлари вафот этган инсон жисмонан ҳозир бўлишини талаб қилганлар деган хабар "нотўғридир".

Iqtibos

Банкка кўра, Мундага нима иш қилиши кераклиги айтилган, бироқ у қонуний жараён талабига риоя этмаган. Шунингдек, банк даъво қилишича, Житу биринчи марта "маст ҳолатда" келган ва тўполон қилган. Сўнг жасад билан келган, вазиятни банк "ранжитадиган" деб таърифлаган.

Банк бўлими раҳбари Сушант Кумар Сетҳининг BBC Hindi хизматига айтишича, Мунда бошида, "опам фалаж бўлиб қолган, шунинг учун банкка келолмайди", деган. Банк ходимлари, "унда уйига бориб кўрамиз", деганлар. Сушант Кумар Сетҳи сўзларига кўра, кейинроқ Мунда "опам ўлди" деб айтган.

Сетҳи Мунда ҳикоясининг бошқа қисмини ҳам баҳсга тутади. Унинг сўзларига кўра, охирги икки ойда Мунда банкка келмаган. Бошқа қонуний меросхўрлар ҳам банк ҳисобидаги пулни чиқариб олиш талаби билан келганлар. Бу эса расмийларнинг қонундаги ўлим ҳолатини тасдиқлайдиган ҳужжатларни талаб қилишларига туртки берган.

Полиция ва маҳаллий расмийлар Мундани опасининг жасадини қайтиб қабрга олиб бориб кўмишга кўндирдилар, банк ҳисобидаги пулни олиб беришга ваъда бердилар. Унга ёрдам сифатида 30,000 рупий ҳам бериладиган бўлди.

29 апрел куни расмийлар ўлим сертификати ва қонуний меросга тааллуқли ҳужжатлар қариндошларига берилганини, банк эса ҳисобдаги маблағ аёл оиласи аъзолари қўлига топширилганини хабар қилдилар.