Бобурийлар давридаги 'суперкомпютер' Лондонда сотувга қўйилмоқда

Сурат манбаси, Taqdim: Sotheby's
- Author, Нихил Иномдор
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Бир вақтлар Ҳиндистон ғарбидаги Жайпур шаҳри қироллик коллекциясининг бир қисми бўлган XVII асрга оид жез устурлоб, яъни қўлда тутиладиган астрономик компютер бугун 29 апрелда Лондондаги Sotheby's кимошди савдосига қўйилади.
"Ушбу буюм "эҳтимол, мавжуд устурлобларнинг энг йиригидир" ва шу пайтгача ҳеч қачон кўргазмага қўйилмаган" - деди Sotheby's Ислом ва ҳинд санъати бўлими раҳбари Бенедикт Картер.
Жайпур маҳаражаси Саваи Ман Сингх II нинг қироллик коллекциясига тегишли бўлган бу буюм унинг вафотидан сўнг ўз даврининг энг мафтункор аёлларидан бири, рафиқаси маҳарани Гаятри Девига мерос қолган. Кейинчалик, маҳарани ҳаётлик чоғида буюм хусусий коллекцияга ўтган.
Устурлоблар – ўтмишда вақтни аниқлаш, юлдузлар харитасини тузиш, қиблани топиш ва осмон ҳаракатини кузатиш учун ишлатилган кўп қатламли, бир-бирига туташган қисмлардан иборат жез лаппаклардир.
Нега суперкомпютер?

Сурат манбаси, Taqdim: Sotheby's
"Аслида, улар уч ўлчовли коинотнинг икки ўлчовли проекциясидир. Мен уларни замонавий смартфонларга қиёслайман, улар ёрдамида жуда кўп ишларни бажариш мумкин" - дейди Оксфорд Фан, тиббиёт ва технология тарихи маркази доктори Федерика Гиганте.
"Улар ёрдамида кун ботиши ва чиқиши вақтини, бино баландлигини, қудуқ чуқурлигини, масофани ҳисоблаш ва ҳатто келажакни башорат қилиш мумкин. Бир пайтлар тақвим билан бирга улардан мунажжимлар башорати (гороскоп) тузишда ҳам фойдаланилган".
Устурлоблар илк бор милоддан аввалги II асрда қадимги Юнонистонда ихтиро қилиниб, VIII асрга келиб ислом оламига тарқалган. Кейинги асрларда Ироқ, Эрон, Шимолий Африка ва Андалусда (ҳозирги Испания ҳудуди) уларни ясаш марказлари пайдо бўлди.
Айнан мазкур асбоб XVII аср бошларида, Лаҳор шаҳри Бобурийлар салтанатида устурлоб ясовчи етакчи марказга айланган бир пайтда, ҳозирги Покистон ҳудудида ясалган. Уни ака-ука Қоим Муҳаммад ва Муҳаммад Муқим бир Бобурий зодагон учун ясаган.
Бу икки уста ўз даврининг энг машҳур устурлоб ясаш марказларидан бири бўлган "Лаҳор мактаби"га намояндаси эди. Бу ҳунар бир оила доирасида сақланиб, авлоддан-авлодга ўтиб келган.
Ular yordamida kun botishi va chiqishi vaqtini, bino balandligini, quduq chuqurligini, masofani hisoblash va hatto kelajakni bashorat qilish mumkin.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Лаҳордан Лондонгача
Бу ака-ука биргаликда ясагани маълум бўлган атиги иккита устурлоб бор, уларнинг иккинчиси, анча кичикроғи, Ироқдаги музейда сақланади.
Ушбу устурлобга ўша даврда Лаҳорни бошқарган зодагон Оқо Афзал буюртма берган. Асли эронлик, Исфаҳондан бўлган Оқо Афзал Бобурий ҳукмдорлар Жаҳонгир ва Шоҳ Жаҳон саройида бир неча юқори лавозимларда ишлаган. Буюмнинг улкан ўлчами ва дабдабаси буюртмачининг мавқеидан далолат беради.
"Унинг оғирлиги 8,2 кг, диаметри қарийб 30 см ва баландлиги тахминан 46 см – бу XVII аср Ҳиндистонидаги оддий устурлобдан деярли тўрт баравар катта" - дейди Картер.
"Шунингдек, унда маданиятлараро ўзига хослик ҳам бор. Юлдуз кўрсаткичлари ўзининг форс тилидаги стандарт номлари билан бир қаторда, деванагари ёзувида ўйиб битилган санскритча муқобиллари билан ҳам ёзилган".
Sotheby's маълумотларига кўра, буюмда 94 та шаҳар номи ёзилган бўлиб, уларнинг ҳар бири жўғрофий жойлашувининг узунлик ва кенгликлари билан белгиланган. Шунингдек, унда мураккаб гулли нақшлар билан боғланган 38 та юлдуз кўрсаткичи мавжуд. Буюмда бешта аниқ созлагичли пластина ва даража бўлинмалари ҳам бор ва улар "шунчалар нозикки, даражанинг учдан биригача бўлинган".

Сурат манбаси, GettyImages
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Бундай даражадаги муфассаллик ўз даврида "энг юксак чўққисига чиққан" Лаҳор мактабининг юксак маҳоратини акс эттиради, дейди Картер. Бу ерда техник аниқлик, функционаллик ва бадиий гўзаллик шундай уйғунлашганки, бу уни Яқин Шарқнинг айрим ҳудудларида ясалган ва фақат функционал бўлган аввалги устурлоблардан ажратиб турган.
Буюм, шунингдек, астрономия ва астрологиядаги ютуқларга катта қизиқиш кўрсатган ҳукмдорлар ва сарой аъёнларининг илм-фанга эътиборидан далолат беради.
"У нафақат катта, чиройли ва оғир, балки шу қадар аниқки, сизга (осмон жисмига оид) аниқ баландлик даражасини кўрсатиб бера олади" - дейди Гиганте.
Унинг қўшимча қилишича, у билан тенглаша оладиган ягона асбоб, эҳтимол, Форс шоҳи Аббос II учун ясалган устурлобдир.
Sotheby's айтишича, асарнинг бенуқсон ҳолати ва қироллик мулки экани музейлар ҳамда коллекционерларнинг катта қизиқишини уйғотиши кутилмоқда. Асарнинг бозорга 1,5–2,5 миллион фунт стерлинг бошланғич нарх билан чиқиши тахмин қилинмоқда.
Ҳозирги рекорд Султон Боязид II учун ясалган Усмонли устурлобига тегишли бўлиб, бу анча кичикроқ буюм 2014 йилда 1 миллион фунт стерлингдан сал камроқ нархга сотилган эди.





























