'Ухласак, каламушлар тишлайди' - Ғазоликлар қандай яшашмоқда?

- Author, Йоланда Кнелл
- Role, BBC
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
"Ярим тундан ошган, соат иккиларда қизимнинг қичқириғидан уйғониб кетдик" - дейди 4 яшар Маясиннинг онаси Сама.
"Турмуш ўртоғим қўлчироқни ёқди. Қарасак, лакча турибди, у қочиб кетди. Қизимнинг қўлидан қон оқарди".
Урушдан вайрон бўлган Ғазода одамлар бугун ҳар куни каламушлар, лакчалар (сувсарсимон йиртқич ариқ сичқони) ва касаллик тарқатадиган бошқа кемирувчиларга қарши курашмоқдалар.
Ёрдам ташкилотлари зудлик билан чоралар кўришга чақиришмоқда.
Исроилнинг Когат идораси санитария ҳолатига оид аҳволни ўнглаш учун халқаро ташкилотлар билан ишлаётганини айтади.
Ғазо касалхонасида Маясинга қоқшолга қарши укол қилишган, аммо қизалоқ бир неча кун давомида иситмалаб, қайт қилган. У ҳозир оиласи билан яшайдиган чодирда қолмоқда.
Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган тасвирларда уйсиз қолган ғазоликлар яшовчи жамлоқларда каламушлар югуриб юргани, кемирувчилар ҳужум қилган чақалоқлар, касаллар ва кексалар кўрсатилганди.
Қанд касалидан азият чекадиган бир онахон унинг оёқ бармоқларини кемирувчилар тишлаб, узиб олишганини айтган.

БМТ олиб борган сўнгги сўров, уйсиз оилалар яшаётган жамлоқларнинг 80% ҳудудида кемирувчилар ва газандалар тез-тез кўзга ташланишини аниқлаган. Бу 1.45 миллион одамга таъсир қиладиган ҳолат.
Кемирувчилар одамларни тишлаши ва тирнаши мумкин. Уларнинг пешоби, нажосати ва бургалари эса нафас йўллари, тери ҳамда қонга ўтадиган касалликларни келтириб чиқаради.
Шунингдек, озиқ-овқатни ҳам заҳарлайди.
ЖССТ (Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти) вакили Рейнхилде ван де Веертга кўра, зараркундалар кўпайиши - яшаш шароитлари издан чиқиши оқибати.
АҚШ воситачилигидаги оташкесимга ҳам ярим йилдан ошди, лекин у инсонлар ҳаётини яхшилаб, аҳволни ўнглайди, деган умидлар рўёбга чиқмади.
Ҳамасни нишонга олаётганини айтадиган Исроил ҳамон мунтазам равишда ҳаво ҳужумлари қилади.
2023-йил октябрида Исроилга қақшатқич ҳужум қилган ва одамларни гаровга олган Ҳамас эса қуролсизланишни истамайди.
Ғазода ҳали ҳеч қандай қайта қуриш бўлмади.
Вақтинчалик бошпана сифатида зарур дейилган 200 мингта вагон-уй ҳам келгани йўқ.

Uxlay olmaymiz! Uxlasak, bolalarni tishlashadi. Kalamush va lakchalar g‘ayritabiiy ravishda juda ko‘p
Одам тирбанд жамлоқлар оралаб чиқинди ва оқава сувлар оқади. Бундай жойларда кемирувчилар тез тарқалади.
Баҳорда кунлар илиши билан чодирлар яқинидаги чиқиндихоналарда ҳам кемирувчилар сони ортади.
Кўплаб ота-оналар болаларини улардан ҳимоя қилиш учун туни билан ухламай чиқишларини айтишади.
"Ухлай олмаймиз! Ухласак, улар болаларни тишлашади. Каламуш ва лакчалар ғайритабиий равишда жуда кўп" - дейди тўрт нафар боласи билан жамлоқда яшовчи Ризқ Абу Лайла.
Унинг бир фарзанди саратондан азият чекади.
"Чидаш қийин. Каламушлар кийимларимизни ғажиб ташлашди, унларимизни еб қўйишди. Ва яна пашша кўп, атрофни ёмон ҳид қоплаган. Халқаро ташкилотлар ёрдам беришини сўраймиз".

БМТ идоралари зараркунандаларга қарши кураш, оқава сувлар ва санитария ҳолатини яхшилаш йўлида ишлашаётганини айтади.
"Ғазодаги вайрона ва чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш учун жуда катта миқёсда иш бошлаш керак" - дейди БМТ вакили Этти Ҳиггинс.
"Қувурлар вайрон бўлган, тозаловчи иншоотлар бузилган ва оқава ҳамда чиқинди сувлар масаласини ҳал қилиш йўлида кўмакни кучайтиришга уриняпмиз".
Ёрдам ташкилотлари оғир юк кўтарувчи қурилмалар зарурлигини айтишади.
Улар, шунингдек, ҳозир бутунлай Исроил ҳарбий назоратида қолаётган Ғазо шарқий қисмидаги чиқиндихоналарга йўл очилиши муҳимлигини урғулашмоқда.
Бузилган чиқинди ва санитария иншоотларини тузатиш ё алмаштириш учун керакли эҳтиёт қисмлар, кимёвий ва бошқа моддаларни Ғазога олиб кириш учун Исроил рухсати керак.
Исроил эса хавфсизликка раҳна солади, улар айни қисмлардан янги қуроллар ясашади, дея изн бермаяпти.
BBC Исроил Когат гуруҳидан олган баёнотда, улар санитария ва муҳим инфратузилмаларга оид ҳолатлар бўйича БМТ ҳамда халқаро ҳамжамият билан бирга ишлашаётгани айтилади.
Шунингдек, бу чиқиндиларни тозалаш, талабга ва аниқланган эҳтиёжларга мос равишда инфратузилмани таъмирлаш учун керакли жиҳозлар ҳамда чиқиндиларни ташийдиган юк автоуловлари ва танкерларини келтириш масаласида улар халқаро ёрдам ташкилотлари номидан иш олиб боришаётгани ҳам баёнотда урғуланади.

End of Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг:
Когатнинг айтишича, улар яқинда Ғазога мингга яқин каламуш қопқони ва қарийб 10 тонна пестицид олиб кириш учун инсонпарварлик гуруҳларига рухсат беришган.
Айрим жамлоқларда кўпайиб бораётган ҳашаротларга қарши дорилаш ишлари олиб борилган.
ЖССТ эса жорий йили 111, 500 та касаллик ва зараркунанда босиш ҳолатлари ҳақида ҳисоботлар чиққанини айтади. Булар орасида қўтир касаллиги ҳам бор.
Ғазодаги оилаларнинг бешдан тўрт қисми тери касалликлари ё тошмалар ҳақида айтишган.
Одамларнинг қўрқишича, ёз келиши билан зараркунанда ва газандалар сони ошиб, саломатликка таҳдидлар ҳам ортади.
"Туни билан бир тарафда чивин чаққан жойларни қашилаб, бошқа томонда пашша қўриб чиқамиз. Яқинимизда каламуш ва лакчалар югуриб юришади" - дейди олти боланинг отаси Ҳассан.
"Мен Ғазода тинчлик узоқ давом этишига кўзим етмайди. Ҳаёт аввалгига қараганда қийинлашиб кетди. Буни ҳаёт, деб бўлмайди".































