Тожикистон: Нега кўплаб йигитлар соч эктиришни, қизлар эса қош қўйдиришни исташади?

Клиникадаги тиббий жараён.
Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

"Мен ёшман, сочим қалин ва чиройли бўлишини истайман".

Душанбелик Далер соч эктириш қарорини ана шундай изоҳлайди.

Суҳбатдошимиз Тожикистон пойтахтидаги махсус клиникалардан бирида соч эктиришга қарор қилган.

У тўкилган сочларини тиклаш учун бу ерда соатлаб вақтини ўтказишга тайёр.

Ҳақиқатан, айни жараён узоқ вақт ва маблағ талаб қилади.

Аммо ўз ташқи кўринишини ўзгартириш ниятида клиникаларга борадиган тожикистонлик йигитлар сони кўпайган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Далер эса жарроҳлик охирги чора бўлганини айтади.

"Сочимни тиклаш учун сўнгги икки-уч йил давомида турли усул ва даволарни қўллаб кўрдим. Аммо ҳеч нарса ёрдам бермади" - дейди у.

"Охири соч кўчириб, ўтқазиш учун бу жойга келдим".

Ким соч, ким қош истайди?

Клиникадаги тиббий жараён.
Сурат тагсўзи, Шифокорларнинг айтишича, аёллар кўпинча қош эктиришади.
Клиникадаги тиббий жараён.
Сурат тагсўзи, Эркаклар, асосан, соч эктириш учун мурожаат қилишади.
Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Тожикистонлик эркаклар кўпинча соч эктиришни хоҳласалар, хотин-қизлар орасида қош эктириш кўпроқ учрайди.

"Қош эктирганимдан хурсандман дейди" - дейди Хўжанд шаҳридан келган Наврўза.

"Менимча, бу янги қошларим мени янада гўзаллаштирди".

Бугун соч ва қош кўчириб ўтқазиш ёки эктиришга оид рекламалар кенг тарқалган.

Бу - Тожикистонда одамлар гўзалроқ бўлишга интилишаётганини ҳам кўрсатади.

Биргина пойтахт Душанбеда шу каби хизматларни таклиф қилувчи йигирмага яқина хусусий клиника ишлайди.

Айрим социологларнинг фикрича, айни воқелик - турмуш шароитларининг яхшилангани ва ёш авлод ўз ташқи кўринишига ҳам аҳамият бера бошлаганини кўрсатиши мумкин.

Бу, ўз ўрнида, мусулмон ва анъанавий мамлакат сифатида кўриладиган Тожикистонда мисли кўрилмаган маданий ва ижтимоий ҳодисадир.

"Биз ўсиб-улғайган даврда пардоз-андоз номақбул бир нарса сифатида кўриларди" - дейди маҳаллий социолог Марям Давлатзода - "Аммо бугунги авлоднинг бу борадаги фикри буткул бошқача".

"Улар бутун дунёдан хабардор. Бу муолажалар ўзгалар учун эмас, балки ўзлари учун, ўз дидларига мос равишда қилинишини кўриб-билиб туришибди" - дейди у.

"Ҳозирда бунга рухсат ҳам бор экан, бу каби муолжалар таклифлари ҳам ортиб бораверади".

Ортаётган талаб ва саволлар

Ойнага қараётган қиз.

Бугун нафақат машҳурлар ёки пулдорлар, балки кўплаб одамлар ушбу клиникаларга мурожаат қилишади.

Талаб ортиб бораркан, бошқа бир савол ўртага чиқади. Мавжуд хизматлар зарурий андаза ва талабларга жавоб берадими?

Уларнинг қанчалик хавфсизлиги борасида ҳам хавотирлар бўлиши мумкин.

Тожикистонда бу каби клиникалар фаолияти учун махсус рухсатнома ёки лицензияни мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги беради.

Айни вазирликка бўйсунадиган махсус хизматлар клиникаларнинг ишини назорат ҳам қилиб боради.

Масъул ташкилотлар, Тожикистонда ноқонуний ёки рухсатсиз фаолият юритадиган марказлар йўқлигини айтадилар.

Faridun Homidov
BBC
Ötgan yil davomida bunday amaliyotlardan keyingi asoratlar bois bemorlar bizga murojaat qilgan tört-beşta holat böldi.
Faridun Homidov
Jarroh

Душанбелик жарроҳ Фаридун Ҳомидов 7 йилдан бери соч ва қош трансплантацияси билан шуғулланиб келаётганини айтади.

Шифокор Ҳиндистон ва Эронда тажриба орттирган.

Аммо у, асосан, туғма нуқсонлари бўлган, бирон касаллик ёки куйиш каби ҳодисалар боис соч ё қошидан ажралган одамларни даволайди.

Унга кўра, бундай амалиётлар учун клиникиларни танлашда эҳтиёт бўлиш ва уларнинг рухсатномаларни текшириш зарур.

Суҳбатдошимиз, хусусан, хусусий клиникалардаги жарроҳлик муваффақиятсиз кечганидан кейин беморлар ёрдам сўраб, уларга мурожаат қилган қатор ҳолатлар бўлганини қайд этади.

"Ўтган йил давомида бундай амалиётлардан кейинги асоратлар боис беморлар бизга мурожаат қилган тўрт-бешта ҳолат бўлди".

"Уларга иложи борича ёрдам беришга ҳаракат қилдик" - дейди шифокор.

"Мен уларга тажрибали жарроҳлар ишлайдиган клиникаларда амалиётлар ўтказишни тавсия қиламан".

Фотима Саидий.
Сурат тагсўзи, Фотима Саидий Эрондан келиб ишламоқда.

Тожикистондаги соч ва қош кўчириб ўтқазадиган кўплаб хусусий клиникаларда Эрон ёки Туркиядан келган мутахассислар ишлашади.

Эронда, хусусан, бундай амалиётлар кенг тарқалган ва мутахассисларда тажриба ҳам катта.

Шунингдек, тил нуқтаи назаридан ҳам тожикистонликлар билан эронликларнинг мулоқот қилишлари осон.

Эронлик мутахассис Фотима Саидий бугун Душанбеда ишламоқда, у Эронда кўп йиллик тажрибага эгалигини айтади.

"Тожикистонда қош ўтқазишга талаб ортиб бораётгани учун биз бу ерда ҳам бўлим очишга қарор қилдик" - дейди у.

Тожикистонда соч ва қош эктириш муолажалари бошланганига узоқ вақт бўлгани йўқ, бозори ҳам ҳали анча янги.

Лекин ушбу амалиётларнинг ўсиш суратига қараганда, бу мамлакатда ҳам гўзаллик ва пардоз-андоз талаблари ортиб бораётганини англаш мумкин.

Мижозлар учун якуний натижа муҳим, бозор учун эса талаб ва истакнинг ўсиши.

Масъуллар учун энг муҳим масала эса - ушбу муолажага талаб ортиши баробарида тиббий андазалардан ортда қолмасликни таъминлаш бўлиши мумкин.

Эслатма: Мақола BBC мухбири Суҳроб Зиё видеолавҳаси асосида тайёрланди.