Ўзбекистон ва минтақа: Путин ва Россия ниманинг илинжида?

Сурат манбаси, Contributor/Getty Images
Энди минтақада Россиянинг ҳарбий ҳозирлиги кучаядими?
Россиянинг таъсири-чи – янада ортадими?
Путин ва Россия сўнгги кунларда четдаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортди.
Ўзининг чақириқ ва талаблари билан минтақада янги саволларни пайдо қилди...
Нима гап?

Сурат манбаси, Vyacheslav PROKOFYEV / POOL / AFP via Getty Images
Путин аввалига МДҲ хавфсизлиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш зарурлиги ҳақида гапирди.
Кейин Россия шамсияси остидаги хавфсизлик блоки – ОДКБни кучайтиришга чақирди.
Унга аъзо давлатларни ҳозирги "халқаро кескинлик"ни инобатга олган ҳолда, ташкилот салоҳиятини ошириш ва ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ундади.
Бунинг ортидан Россия НАТОдан Марказий Осиёдан чиқишни талаб қилганига оид хабарлар олинди.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Айрим Ғарб нашрлари ёзишича, Россия бу талабини Украинадаги урушни тугатиш бўйича музокараларда илгари сурган.
НАТОдан минтақада "ҳар қандай ҳарбий фаолиятдан воз кечиш"ни талаб қилган.
Бу эса айни мазмундаги хабарлар аҳамиятини янада кучайтирувчи омил ўлароқ ўртага чиққан.
Ҳам НАТО ва ҳам минтақа давлатлари пойтахтлари эса ҳозирча жим, уларнинг бу хусусда бирор бир расмий муносабат билан чиқишгани ҳозирча кўрилмайди.
Россиянинг Марказий Осиёни ҳам ўз ичига олгани айтилувчи сўнгги талаблари аксарият таҳлилчилар томонидан "максималист", деб баҳоланди.
Воқеаларнинг бу каби ривожи Россия ҳануз Украина билан урушаётган бир пайтга тўғри келди.
Орада кечган вақт давомида эса Украина урушига тинч йўл билан барҳам бериш уринишлари иш бермаган.
Ҳатто дунёнинг энг йирик ҳарбий ва иқтисодий қудрати бўлган Америка Қўшма Штатларининг президенти Доналд Трамп, қарийб икки йилдирки, Украина урушига "бир кунда" чек қўйиш ҳақидаги сайловолди ваъдасини бажара олмаган.
Халқаро саҳнадаги энг яқин иттифоқчилари - Хитой ва Ҳиндистоннинг ундашлари ҳам бесамар якунланган.
Туркия томонидан илгари сурилгани мисолида бўладими ёки Пекин, ўртага сурилган тинчлик режалари ҳам деярли шундайлигича қоғозда қолиб кетган.
Россия ҳам дунёнинг саноқли қудратларидан биттаси бўлади.
Шундай экан, Ўзбекистон ва минтақа назарда тутилганида, буларнинг барчаси нимани англатади?
Россия ниманинг илинжида?
BBC Ўзбек хизмати воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида худди шундай саволлар билан қатор экспертларга мурожаат қилди.
Bu uning özi intilayotgan neo-imperial nazoratni — heç bölmaganda Markaziy Osiyo mamlakatlari ustidan — saqlab qolişini taʼminlaşga qaratilgan.
Алишер Илҳомов
Халқаро таҳлилчи, Central Asia Due Diligence асосчиси, Лондон
"Бу унинг ўзи интилаётган нео-империал назоратни — ҳеч бўлмаганда Марказий Осиё мамлакатлари устидан — сақлаб қолишини таъминлашга қаратилган. Бу — биринчи жиҳат.
Иккинчи жиҳат эса Россия Федерациясининг соф амалий эҳтиёжлари билан боғлиқ; зеро, унинг инфратузилмаси, иқтисодий иншоотлари ҳамда ҳарбий-саноат мажмуаси айни пайтда Украина кучлари томонидан амалга оширилаётган анча муваффақиятли зарбаларга дучор бўлмоқда.
Ҳарбий-саноат секторидаги ишлаб чиқариш занжири издан чиқмоқда.
Ҳозирча эса у бунга қарши туриш борасида бирор ечим кўрмаяпти, чунки ҳаво мудофааси тизимлари ушбу муаммоларни бартараф этишга ожизлик қилмоқда.
Шу боис, ОДКБ доирасидаги ҳамкорлик кўринишида ўз мудофаа саноатининг айрим қисмлари ёки ҳеч бўлмаганда ишлаб чиқариш занжиридаги муайян бўғинларни Марказий Осиё давлатларига кўчириш фикрига келган бўлиши мумкин.
Бу эса, маълум маънода, ўша ҳарбий-саноат мажмуасини Украина зарбаларидан ҳимоя қилиш воситаси бўлиб хизмат қилади. Бу — иккинчи жиҳат.
Учинчи жиҳат эса ҳарбий ва ҳарбий-стратегик соҳада назорат ҳамда етакчиликни мустаҳкамлашдан иборат.
Чунки уруш давомида фақат Украина эмас, Россия ҳам ўз ҳарбий технологияси соҳасида анча юқори марраларга эришди.
Мен мана шу уч жиҳатни алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим."
Ammo Rossiya özining eng muhim daʼvogar ekanligini körsatişni istaydi va öz taʼsir doirasini boşqa heç kim bilan bölişiş niyatida emas.
Досим Сатпаев
Минтақавий эксперт, Risks Assessment Group маркази асосчиси
"Путин ўз баёнотлари билан Си Цзинпин ва, эҳтимол, Доналд Трамп билан учрашуви арафасида чиқди.
Худди шу уч томонлама мулоқот чоғида эса, айнан бошқалари қаторида, глобал хавфсизликка оид масалалар ҳам кўтарилиши айтилганди.
Бошқача айтганда, Кремл шу йўл билан бошиданоқ ўз манфаатлари доирасини белгилаб олди ва унга Марказий Осиёни ҳам киритди.
Марказий Осиёга келсак, менимча, бу баёнотлар анча провокацион характерга эга.
Бунинг оддий бир сабаби бор: Марказий Осиёнинг деярли барча давлатлари кўп векторли ташқи сиёсат юритишга интилади.
Буни Украинадаги уруш бошланганидан бери ўтган тўрт йил ичида бўлиб ўтган кўплаб саммитлар ҳам яққол кўрсатиб турибди.
Бошқача айтганда, Марказий Осиё айни пайтда, таъбир жоиз, кўплаб харидорлари (даъвогарлари) бор келинга ўхшайди.
Аммо Россия ўзининг энг муҳим даъвогар эканлигини кўрсатишни истайди ва ўз таъсир доирасини бошқа ҳеч ким билан бўлишиш ниятида эмас.
Бироқ, иқтисодий ва ташқи сиёсий нуқтаи назардан, Марказий Осиё мамлакатлари учун "кўп векторли" ёндашувни — яъни нафақат Россия, балки турли хил томонлар билан ҳамкорлик қилиш имкониятини сақлаб қолиш, шубҳасиз, фойдали.
Шу сабабли, Россия томонидан билдирилган бу баёнотлар Марказий Осиё давлатларининг манфаатларини тўлиқ акс эттиради, деб ҳисобламайман."
ОДКБ кучайса, нима бўлади?

Сурат манбаси, Igor Kovalenko/Anadolu via Getty Images
Хабарларга кўра, Путин халқаро кескинлик фонида ОДКБни кучайтиришга чақирган.
Россия ОДКБда етакчи ва асосий куч.
Энг йирик Қуролли кучлар ва ядровий қудратга эга давлат.
Экспертлар эса ОДКБни Кремлнинг постсовет маконидаги энг йирик геосиёсий лойиҳаси сифатида кўришади.
Айрим минтақавий таҳлилчиларга кўра, блок хавфсизлик кучлари ва молиясининг 90 фоизи Россия томонидан таъминланади.
Унга hozir уч Марказий Осиё давлати – Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳам киради.
Яна икки постсовет мамлакати – Беларус ва Арманистон ҳам.
Расмий Ереван яқинда ушбу ташкилотдаги фаолиятини музлатган.
Беларус эса Украинага қарши урушида Россиянинг энг яқин иттифоқчиси бўлган ягона постсовет давлати.
Россия Украинага чегарадош Беларусда ўзининг тактик ядровий қуролларини ҳам жойлаштирган.
ОДКБ кучларининг асосий таркиби бир неча қисмдан иборат.
Блокнинг Тезкор Мадад кучлари айнан Марказий Осиё минтақасидаги хавфсизлик таҳдидларига тезкор муносабат билдириш учун мўлжалланган.
Бироқ бу кучлар доимий асосда фаолият юритмайди ва фақат зарурат туғилгандагина йиғилади.
Уларнинг сони минглаб экани айтилади, муайян қисми тинчликни сақлаш миссиясини бажаради.
Орада ОДКБнинг ҳам Украинадаги урушга жалб этлиши эҳтимоли борасида ҳам бир неча бор сўз борган.
Жумладан, ОДКБ Бош котиби ўтган йили бундай эҳтимолни назардан соқит этмаган.
У, агар Европа қўшинларининг Украинага юборилиши билан боғлиқ таҳдид юзага келса, ташкилот зарур ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини билдирганди.
ОДКБ Низомига кўра, агар аъзо давлатлардан бирига ҳужум қилинса, қолган аъзо давлатлар уни ҳимоя қилишлари шарт.
Аммо экспертлар орасида ОДКБнинг Украина можаросидаги иштироки катта эҳтимол билан тинчликпарварлик миссияси шаклида бўлиши мумкинлигига оид қарашлар кучли.
Бошқа томондан, ОДКБ фаолияти шаффофлик, изчиллик ва барқарорлик етишмасликда ва яна мобил эмасликда ҳам танқид қилиб келинади.
ОДКБ нинг нимага қодирлиги илк ва ҳозирча сўнгги бор 2022 йилда жиддий синовдан ўтган.
Ўшанда президент Тоқаевнинг сўрови билан блок тартибни сақлаш учун Қозоғистонга ўзининг Тинчликни сақлаш куcлари ва техникасини киритган.
Аммо Қирғистондаги сўнгги этник низо ва Арманистоннинг Озарбайжон билан Тоғли Қорабоғ устидан олиб борган урушлари мисолида ОДКБ аралашишдан бош тортган ҳолатлар ҳам бўлган.
Россия яна жорий пайтда минтақада ўзининг энг кўп ҳарбий иншоотларига эга ягона давлат.
Айнан Қирғизистоннинг Кантидаги базасидан ОДКБ Тезкор кучлари ҳам фойдаланади.
Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси ҳам Марказий Осиёда – Тожикистонда жойлашган.
Россия ҳозир ҳам улар барчасининг энг йирик ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори.
Шундай экан, воқеаларнинг бу каби ривожи минтақада Россия ҳарбий ҳозирлигининг кучайтириши эҳтимоли қанчалик?
Агар, шундай бўлса, бунинг минтақа учун оқибатлари қандай бўлади?
Rossiyaning ayni paytda barça saʼy-harakatlari Ukrainadagi uruşga qaratilgan. Şu bois, hozir uşbu uruşni olib borişdan boşqa biror bir narsa bilan şuğullana olmaydi.
Темур Умаров
Карнеги марказининг Россия ва Евроосиё тадқиқотлари бўйича илмий ходими, Берлин
"Бу баёнот ўз-ўзидан Россиянинг Марказий Осиёдаги мавқеи мустаҳкамланишига олиб келади, деб ўйламайман.
Чунки баёнотлар ва ҳақиқий реаллик бир-биридан фарқ қилади.
Яъни, Путиннинг баёнот бергани ҳали бу иш амалга ошади, дегани эмас.
Айни ўринда ҳозирги воқеъликдан келиб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Россия ҳозир ОДКБга аъзо давлатлар, шу жумладан, Марказий Осиёда ўз мавқеъини мустаҳкамлаш имкониятига эга эмас.
Сабаби, айни пайтда барча саъй-ҳаракатлари Украинадаги урушга қаратилган.
Шу боис, ҳозир ушбу урушни олиб боришдан бошқа бирор бир нарса билан шуғуллана олмайди.
Бинобарин, ушбу можаро давом этар экан, Россиянинг Марказий Осиёга эътибор қаратиши учун ортиқча имконият ёки ресурслари ҳам бўлмайди.
Ва биз яшаётган воқеълик айнан шундан иборат. "

Сурат манбаси, VYACHESLAV OSELEDKO/AFP via Getty Images
Досим Сатпаев
Минтақавий эксперт, Risks Assessment Group маркази асосчиси
"Менимча, уларни ташвишга солиши мумкин бўлган ягона сабаб — Россиянинг, айтайлик, Марказий Осиё давлатлари ички ишларига янада фаолроқ аралашиш, айниқса, ҳокимият динамикасига таъсир ўтказишга уриниши эҳтимолидир.
Биз Россиянинг бошқа мамлакатлар ички ишларига фаол аралашганига — масалан, Молдовадаги сайловлар чоғида гувоҳ бўлдик.
Бунинг Арманистон ва бошқа жойларда қандай намоён бўлганини кўрдик.
Бошқача айтганда, аралашувнинг бу гибрид шакли — ҳатто низолар билан боғлиқ воситаларни қўллашни ҳам ўз ичига олиши мумкин — Марказий Осиё мамлакатлари учун жиддий хавф туғдиради.
Бироқ ҳозирги вазиятда — худди Украина мисолида бўлгани каби — тўғридан-тўғри ҳарбий таҳдидлар юзага келиши эҳтимоли жуда паст; бунга сабаблардан бири шундаки, Хитой минтақада Россияга қарши мувозанатловчи куч вазифасини ўтайди.
Пекин Россиянинг минтақа учун можарога киришиш ёки куч ишлатиш орқали ўз мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган ҳар қандай уринишига кескин қаршилик кўрсатади.
Қисқаси, Хитой ҳам, Туркия ҳам бундай ташаббусни қўллаб-қувватлайди, деб ўйламайман; Путин учун эса ушбу томонларнинг қўллови муҳим аҳамиятга эга."
Ўзбекистон учун нима дегани?

Сурат манбаси, Chip Somodevilla/Getty Images
Ўзбекистон Қозоғистон билан бирга минтақанинг энг йирик иккита давлатидан биттаси.
Қуролли кучлари халқаро рейтингларда энг жанговарларидан, деб кўрилувчи мамлакат.
Расмий Тошкент бугун ўзининг қўшилмаслик сиёсатида собит эканини таъкидлайди.
Ўзбекистон ҳозир Россия етакчилигидаги бирор бир ташкилотга кирмайди. Яъни, бирортасига тўлақонли аъзо эмас.
Орада айнан Коллектив Хавфсизлик Шартномаси - ОДКБдаги аъзолигини ҳам тўхтатган.
Ҳозир ҳудудида Россияники илова бирор бир хорижий давлатнинг ҳарбий базаси ёки иншооти йўқ.
Ҳарбий доктринасига мувофиқ ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди.
Ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймайди.
Бугунги ташқи сиёсати ҳам кўп векторли – дунёнинг глобал қудратларига нисбатан мувозанатли ва ўзининг миллий манфаатларига мос сиёсат юритишини таъкидлайди.
Сўнгги йилларда дунёнинг яна бир ядровий глобал қудрати Хитой мисолида бўладими ёки НАТОга аъзо ягона мусулмон давлати Туркия - ўзининг ҳарбий ҳамкорларини ҳам турфалаштириш ҳаракатида бўлган минтақа давлати.
Украина уруши манзарасида эса АҚШ ва Европа билан нафақат иқтисодий, балки хавфсизлик, мудофаа ва технология соҳасида ҳам муносабатларини кучайтирган.
Ўзининг қурол-аслаҳа арсеналини ҳам янгилаётган, Қуролли кучларини мордернизация қилаётган мамлакат.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи халқаро саҳнада минтақа давлатлари мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини дастакловчи баёнотлар ортиб бораётган бир пайтга ҳам тўғри келган.
Шундай экан, Путин ва Россиянинг сўнгги баёнотлари Ўзбекистон учун нимани англатади?
Фарҳод Толипов
Сиёсатшунос, "Билим карвони" нодавлат илмий-таълим муассасаси раҳбари, Тошкент
Mening öylaşimça, bu safar ham, agarda, mana şunday ultimatum qöyilgan ekan, bizga heç qanday bir taʼsir qila olmaydi.
"Бу баёнотлар янги эмас.
Охирги йилларда турли даражаларда ва шу жумладан, энг юқори олий даражада, давлат раҳбарияти тарафидан, бир томондан, мана, ўзингиз эслатдингиз, Путин, Россиянинг Ташқи ишлар вазири Лавров ёки бошқа мулозимлари томонидан қайта, қайта шунга ўхшаш баёнотлар жаранглаб келган.
Бир томондан, МДҲнинг саммитлари доирасида. Ёки ўша Америка Қўшма Штатлари ва НАТОга юборган ўша ультиматив талабларида баён қилган.
Бу фақатгина куни-кеча Абу-Дабида ўтган уч томонлама учрашувда Украинадаги урушни тўхтатиш шарти сифатида илгари сурилган чиқишу талаблар эмас.
Шунинг учун ҳам бу биз учун янгилик бўлиб жаранглагани йўқ.
Ва бунга жавобан албатта, бир томондан, НАТО ва АҚШ рад жавоби бергандек қилиб, ҳеч қандай ҳарбий амалиётларини тўхтатиш нияти йўқлигини билдирган.
Марказий Осиё мамлакатлари ҳам турлича йўналишларда, турлича кўриниш ва шаклда Ғарб давлатлари ва НАТО билан ҳамкорлигини давом эттираверган.
Шунинг учун ҳам бизга ўша ультиматуми ҳеч қанақанги таъсир қилгани йўқ.
Менинг ўйлашимча, бу сафар ҳам, агарда, мана шундай ултиматум қўйилган экан, бизга ҳеч қандай бир таъсир қила олмайди. Ва шу пайтгача Ўзбекистон ҳам, қолган Марказий Осиё давлатлари ҳам ҳарбий соҳада АҚШ ва НАТО билан қанчалик ҳамкорлик қилиб келган бўлса, шунчалик давом этиши мумкин.
Шунинг учун мен, нимани англатади, деганингизда, балки бир жиддий қандайдир маънони англатмаса керак, деган бўлардим.
Бу фақатгина боши урушдан чиқа олмай қолган, боши берк кўчага кириб қолган давлатнинг ва давлат раҳбарининг қандайдир бошқа ечимни топа олмайдиган қилиб, дўқ-пўписалар билан музокаралар учун ўзининг бошланғич позициясини мустаҳкамлашга қаратилган, яъни ўзини мен кучлиман, ҳали ҳам давом эттира оламан урушни, деганга ўхшаган бир ишора шаклида айтилган гаплар бўлиши мумкин.
Ҳаттоки уларнинг бу каби ультиматив баёнотлар, бошқа томондан, кўпроқ Ғарб аудиториясига ёки ўша НАТО, АҚШга қаратилган бўлиб, менимча, Марказий Осиё ё Ўзбекистонга қаратилган мессаж бўлмаса керак.
Чунки ҳам Путин ва ҳам унинг атрофидаги ўша элита, раҳбарият олдинги тажрибани ҳам кўрди, билди.
Ҳам билиб турибдики, мантиқан бизни ҳеч қандай суверен ҳуқуқларимиздан бу борада маҳрум қила олмайди."
Марказий Осиё ва қудратлар

Сурат манбаси, .
Марказий Осиё сўнгги икки асрча айнан Россиянинг таъсирида бўлган минтақа.
Аммо геосиёсий жойлашуви боис, дунёнинг қолган глобал қудратлари ҳам бефарқ бўлмаган ҳудуд.
Марказий Осиё Россия баробарида Хитой, Яқин Шарқ ва Афғонистонга ҳам чегарадош.
Украина мисолида бўладими ёки Эрон, сўнгги йилларда яқинида кечаётган урушлар минтақада ҳам геосиёсий тангликни кучайтирган.
Уни дунё глобал қудратлари ва етакчи кучларининг диққат-марказидаги минтақалардан бирига айлантирган.
Марказий Осиё давлатлари Россия Украинада олиб бораётган урушга нисбатан бетараф мавқеъда.
Улар барчаси бирдек бу урушни на-да ёқлашган ва на-да қоралашган.
Етакчилари каттаю кичик минбарлардан бу урушга ҳам тинч йўл билан барҳам беришга чақириб келишади.
Қозоғистон яқинда Россия президентини юзма-юз мулоқоти чоғида, очиқчасига Украина урушига чек қўйишга чақириб, четда катта шов-шувга ҳам сабаб бўлган.
Аммо худди шу уруш минтақада Россиянинг кейинги нишони қай бир Марказий Осиё давлати бўлажагига оид хавотирларни ҳам пайдо қилгани бор гап.
Россияга чегарадош ягона минтақа давлати бўлган Қозоғистон ва Ўзбекистон эса худди шу урушлар фонида ўзининг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш ниятини расман ва ошкора баён қилган.
Ғарб ҳарбий базаларини барибир Марказий Осиёга қайтармоқчими - видео
Расмий Москва эса айнан сўнгги йилларда НАТО ҳарбий инфратузилмасининг ҳозир Толибон бошқаруви остида бўлган Афғонистон ва унга қўшни минтақа давлатларига қайтарилишига тоқат қилмаслигини расман ва ошкора баён қилишга ўтган.
Россия томонининг охирги пайтларда кучайиб бораётган айни мазмундаги огоҳликларининг сабаби маълум эмас.
Аммо қудратга қайтаркан, Америка Қўшма Штатларининг Ресупбликачи президенти Доналд Трамп ўзларининг Афғонистонга қайтиш истакларини қайта-қайта такрорлашга ўтган.
Бунга қатъий йўқ жавобини берган Толибон ҳукуматини эса акс ҳолда оқибати ёмон бўлиши билан ҳам огоҳлантиришга ўтган, аммо бу билан айнан нимани назарда тутганини очиқламаган.
Афғонистон ҳам Америка Қўшма Штатларининг энг йирик геосиёсий рақибларидан бири бўлган Хитойга чегарадош.
Афғонистондаги Толибон ҳукуматини эса ҳозирча айнан Россиядан бошқа ҳеч ким расман тан олмаган.
Яқинда ОДКБ Бош котиби Россия ҳарбий базаларининг Марказий Осиёдаги ҳозирлиги "жуда зарур ва муҳим"лигини таъкидларкан, Ғарб ўз базаларини қайтариш учун ҳали ҳам минтақа давлатлари ҳукуматларига мурожаат қилишларини очиқлаб кетган.
Аммо, шундай деркан, Таалатбек Масадиков бундан ортиқ тафсилотларига тўхталмаганди.
Россия айнан сўнгги ойларда минтақа давлатлари яна Афғонистон таҳдиди билан огоҳлантиришга ўтган.
Аксарият минтақавий таҳлилчилар бу таҳдидни ҳам Марказий Осиёга ўзининг босимини ўтказишида Кремл қўлидаги энг самарали таъсир воситаларидан бири сифатида кўришади.
Айнан сўнгги пайтларда ОДКБ Тожикистон мисолида минтақанинг Афғонистон билан яна бир чегарасини мустаҳкамлаш ҳаракатига тушган.
Ўтган йили Тожикистон бу чегараси "қўшма ҳимоясига гўёки россиялик ҳарбийларни жалб қилиш учун Россия ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти билан музокаралар олиб бораётгани"га оид хабарлар ҳам чиққан.
Аммо расмий Душанбе Афғонистон билан давлат чегараларидаги вазият "барқарор" эканини айтган, бу хабарларни рад этган.
































