Қирғизистон қандай қилиб бутун дунё кўчманчиларини бирлаштира олди?

Сурат манбаси, Rasmiy/Sultan Dosaliev
- Author, Санжар Эралиев
- Role, bbc.com/uzbek
- Reporting from, Бишкек
- Published
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Қирғизистон бундан ўн икки йил олдин бошлаган ташаббус асрлар давомида эътиборсиз қолган кўчманчи халқлар маданиятига дунё диққатини қаратди.
Дунё кўчманчилари ўйинлари йил сайин янгидан-янги мамлакатларни ўзига тортмоқда.
Бу ўйинларга қизиқиш шу даражада ортганки, ҳатто ўтроқ халқлар ҳам ўзларининг узоқ кўчманчи тарихларидаги ўйинлари билан Қирғизистондаги тадбирга келишмоқда.
Совет даврида ҳам кўчманчилар маданияти кўпроқ ўтмиш мероси сифатида қаралган.
Кўпкари, чавандозлик, кураш ва итлар пойгаси каби анъанавий мусобақалар энди фақат миллий спорт турлари эмас, балки кўчманчилар маданиятини халқаро майдонда тарғиб қилаётган муҳим восита сифатида кўрилмоқда.
Жаҳон кўчманчилар олтинчи ўйинлари давомида Қирғизистон халқаро оммавий ахборот воситалари, блогерлар ва таҳлилчиларнинг диққат марказида бўлди.
"Кўчманчи цивилизация бир халқ ёки бир давлатга эмас, балки кўплаб халқларга тегишли меросдир. Аммо айнан Қирғизистон бу ўйинларнинг ташаббускори бўлди ва дунёга шунчаки бир образ ёки ғояни эмас, балки тайёр маданий маҳсулотни таклиф қилди" - деди BBC билан суҳбатда қозоғистонлик сиёсатчи ва жамоат арбоби Айдар Алибаев.
"Жаҳон кўчманчилар ўйинлари пайдо бўлгач, кўчманчилик тарихи китоблардаги меросдан жонли халқаро тажрибага айланди. Энди уни кўриш, ҳис қилиш ва бутун дунёга намойиш этиш мумкин. Қирғизистон ўзининг кўчманчи меросини оддий этнографик объектдан замонавий халқаро маданий ва спорт фестивалига айлантирди ва уни миллий бренд даражасига олиб чиқди".
Кўчманчи маданият барчаникими?
Жаҳон кўчманчилар ўйинлари биринчи марта 2014 йилда Қирғизистон ташаббуси билан ташкил этилган. Ўшанда мусобақада 19 давлат вакиллари иштирок этган бўлса, бугун қатнашчи мамлакатлар сони юздан ошди.
Спорт турлари ҳам 10га яқин йўналишдан 40дан ортиқ турга кенгайди.
Дастлаб ўйинларда асосан қирғиз ва Марказий Осиё халқларининг миллий спорт турлари намойиш этилган.
Ҳозир эса мусобақаларда Европа, Америка, Осиё ва Африка давлатлари вакиллари ҳам қатнашмоқда.
Бу сафар ўйинлар 31 августдан 6 сентябргача Бишкек ва Иссиқ-Кўл вилоятида бўлиб ўтди.
Тадбир давомида Қирчин яйловида этношаҳарча барпо этилди, миллий спорт мусобақалари, фолклор фестиваллари, ҳунармандчилик кўргазмалари ва илмий йиғинлар ташкил қилинди.

Сурат манбаси, Rasmiy/Sultan Dosaliev
Тадқиқотчилар таъкидлашича, кўчманчилар маданиятини фақат бир мамлакат билан боғлаб бўлмайди.
У Евроосиёнинг кенг ҳудудлари билан боғлиқ умумий тарихий мерос ҳисобланади.
"Бу ерда бир муҳим жиҳатни таъкидлаш керак. Кўчманчилар маданияти фақат Қирғизистонга тегишли эмас. Бу Марказий Осиёдан тортиб Мўғулистонгача, Қозоғистон даштларидан Хитойнинг шимолий ва ғарбий ҳудудларигача ёйилган улкан тарихий меросдир"- дейди бишкеклик тарихчи Гулзат Алагоз қизи - "Шунинг учун мазкур мамлакатларда ҳам уни оммалаштириш бўйича кенг ишлар олиб борилмоқда".
"Қирғизистоннинг ўзига хослиги шундаки, у ана шу умумий мероснинг бир қисми бўлган кўчманчилар ўйинларини халқаро миқёсдаги доимий платформага айлантира олди. Бошқача айтганда, Қирғизистон "кўчманчилар маданияти фақат меники" демаяпти. Аксинча, у ўзини Евроосиё кўчманчилар цивилизацияси маданий мулоқоти учун майдон сифатида намоён этмоқда" - дейди у.

Сурат манбаси, Rasmiy/minculture.gov.kg
Советлар ва кўчманчилар
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Тарихчилар Жаҳон кўчманчилар ўйинларининг аҳамиятини тушуниш учун ХХ асрда кўчманчилар маданиятига бўлган муносабатни ҳам эслаш кераклигини айтадилар.
Совет даврида кўчманчилик кўпинча эски турмуш тарзи сифатида кўрилган. Шу сабабли кўчманчи аҳолини ўтроқ ҳаётга ўтказиш ва коллективлаштириш сиёсати амалга оширилган.
"Бу фикрнинг асоси тўғри, аммо совет даврида кўчманчилар маданияти бутунлай инкор этилган деб айтиш тўғри эмас. Марксистик қарашларга кўра, кўчманчи ҳаёт тарзи ўтроқ социалистик жамиятга нисбатан "ортда қолган" шакл сифатида баҳоланган ва шу боис Марказий Осиёда ўтроқлаштириш ҳамда коллективлаштириш сиёсати олиб борилган" - дейди тарихчи Алагоз қизи - "Бироқ бу жараён кўплаб муаммоларни келтириб чиқариб, хўжалик тизими ва чорвачиликка жиддий зарар етказган.
"1920-1930 йиллардаги очарчиликлар оқибатида Марказий Осиёда юз минглаб одамлар ҳалок бўлган. Тадқиқотчилар бу фожиалар сабабларидан бири сифатида шошилинч ва қаттиқ усулларда амалга оширилган коллективлаштириш сиёсатини ҳам кўрсатадилар".
"Шунинг учун "кўчманчилар маданияти совет даврида ўтмиш қолдиғи сифатида баҳоланган" деган фикр умумий маънода тўғри бўлса-да, бу жараён анча мураккаб ва кўп қиррали бўлганини ҳам ёдда тутиш лозим" - дея қўшимча қилади тарихчи.

Сурат манбаси, Rasmiy/Sultan Dosaliev
Маданий тадбир ё сиёсат восита?
1930 йилларгача қирғизларнинг катта қисми кўчманчи ёки ярим кўчманчи ҳаёт кечирган. Кейинги сиёсатлар натижасида аҳолининг кўп қисми доимий яшаш жойларига кўчиб ўтган ва анъанавий турмуш тарзи сезиларли даражада ўзгарган.
Мустақилликдан кейин Қирғизистонда миллий меросни қайта тиклашга қаратилган ишлар кучайди. Жаҳон кўчманчилар ўйинлари ҳам ана шу жараённинг бир қисмига айланди.
Бу йилги ўйинларнинг очилиш маросими Бишкекда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити ўтказилаётган кунларга тўғри келди. Саммит учун 20 дан ортиқ давлат раҳбарларининг келгани ва уларнинг деярли барчаси Кўчманчилар ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этгани айрим кузатувчилар томонидан маданий дипломатия нуқтаи назаридан ҳам баҳоланмоқда.
Qirg‘iziston "ko‘chmanchilar madaniyati faqat meniki" demayapti. Aksincha, o‘zini Yevroosiyo ko‘chmanchilar sivilizatsiyasi madaniy muloqoti uchun maydon sifatida namoyon etmoqda.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров очилиш маросимида ўйинларни мамлакатнинг замонавий қиёфасини намойиш қилиш имконияти сифатида таърифлаган:
"Кўчманчилар ўйинлари – Евроосиё ҳудудида яшаган қадимги кўчманчилардан: қадимги хуннлардан, қадимги қирғизлардан, қадимги турклардан, қадимги туркашлардан ва бошқа кўчманчи аждодларимиздан мерос бўлиб қолган улуғ маданиятдир. Ана шу маънавий ва маданий мерос бугун Жаҳон кўчманчилар ўйинлари орқали янгича мазмун билан қайта тикланмоқда".
Кўчманчилар мероси учун янги минбар

Сурат манбаси, Rasmiy/minculture.gov.kg
Ўйинларнинг Бишкекдаги янги аренада ўтказилган очилиш маросими ижтимоий тармоқларда катта қизиқиш уйғотди. У ҳақда турли тилларда кўплаб шарҳлар ёзилди. Томошада минглаб иштирокчилар қатнашди. Майдонда чавандозлар чиқиш қилди, миллий либослар, рақслар ва замонавий ёруғлик эффектлари намойиш этилди. Айримлар буни оддий спорт тадбиридан кўра кўчманчи халқларнинг тарихи ва маданиятини кўрсатган катта томоша сифатида баҳолади.
Кўчманчиларнинг табиат билан уйғун яшаш анъаналари ҳам халқаро қизиқиш уйғотаётган мавзулардан бири ҳисобланади. Чорвачилик маҳсулотларидан тўлиқ фойдаланиш, жун ва териларни ташлаб юбормасдан қайта ишлаш анъаналари бугун атроф-муҳитга эҳтиёткор муносабат намунаси сифатида ҳам тилга олинади.
End of Ижтимоий тармоқларда бизни кузатиб боринг
Жаҳон кўчманчилар ўйинлари ҳар икки йилда бир марта ўтказилади. Мусобақалар дастлаб уч марта Қирғизистонда бўлиб ўтган. Кейин уларга Туркия ва Қозоғистон мезбонлик қилди. 2026 йили ўйинлар яна Қирғизистонда ташкил этилди. Навбатдаги мусобақа 2028 йилда Татарстонда ўтказилиши режалаштирилган.
2021 йили Жаҳон кўчманчилар ўйинлари UNESCO маданий мерослар рўйхатига киритилган.
Расмий маълумотларга кўра, жорий йил баҳорида Бишкек тадбирни ўтказиш учун қарийб 4 миллион доллар ажратилишини маълум қилган эди. Якуний харажатлар ҳали эълон қилинмаган.































