Венгриянинг бугун ҳам тугамаган Моҳач жанги - Видео

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Nik Torp
- Reporting from, Mohach, Vengriya
- Published
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
29 август Венгрия учун 1526 йилдаги Моҳач жанги 500 йиллигини хотирлаш куни.
Ушбу жангда мамлакат Усмонийлар империяси томонидан мағлубиятга учратилган эди.
Бу мағлубият ҳали ҳам турли қараш ва баҳсларга сабаб бўлиб келади.
Моҳач жанги узоқ вақтдан буён Венгрия миллий тарихида алоҳида ўрин тутиб келади.
Неча-неча авлод 1526 йилдаги Усмонийлар империясининг ҳал қилувчи ғалабасини Венгрия ўз мустақиллигидан, фаровонлигидан ва Европанинг етакчи давлатлари қаторидаги ўрнидан айрилган палла сифатида талқин қилиб келади.
Бироқ Венгрия ушбу жангнинг 500 йиллигини хотирлаётган пайтдаги баҳс-мунозараларни фақат ўтмишга боғлаш тўғри бўлмайди.
Шу йил бошида Виктор Орбан ҳукуматининг ҳокимиятдан кетиши ушбу санага бағишланган тадбирларни миллий ўзлик ҳақидаги турли қарашлар тўқнашуви майдонига айлантирди.
Натижада, бир неча аср олдинги мағлубият бугунги сиёсий бўлинишларни намоён қиладиган ўзига хос призмага айланди.
Венгрия учун мағлубият, Усмонли империяси учун ғалаба

Сурат манбаси, Getty Images
Жангнинг ўзи атиги уч соатча давом этган. 1526 йил 29 август куни Султон Сулаймон қўшинлари венгрлар, поляклар, чехлар, хорватлар ва немис ёлланма аскарларидан ташкил топган христиан кучларини тор-мор қилди. Кун якунига келиб тахминан 20 минг аскар ҳалок бўлган эди. Улар орасида Венгриянинг ёш қироли Лайош II ҳам бор эди.
Бунинг оқибатида Венгрия уч қисмга бўлиниб кетди ва Европанинг энг қудратли қиролликларидан бири сифатидаги мақомини ҳеч қачон тўлиқ тиклай олмади. Усмонийлар назорати остидаги Венгрия Марказий Европага қаратилган кейинги ҳарбий юришлар учун таянч ҳудудга айланди. Кейинги ўн йилликлар давомида Вена икки марта Усмонийлар ишғолига дуч келди.
Шу ҳафтада Венгрия Моҳач жангининг 500 йиллигини хотирлайди. Тадбирлар доирасида жанг майдонидаги оммавий қабрлардан топилган инсон қолдиқларини оқлаш ва қайта дафн этиш маросимлари ҳам ўтказилади.
Бироқ бу сана энди фақат тарих ҳақидаги хотира эмас.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Орбаннинг 500 йилликка оид режалари

Сурат манбаси, Reuters
Моҳач жангининг 500 йиллигига бағишланган тадбирлар дастлаб Виктор Орбаннинг «Фидес» ҳукумати томонидан йирик миллий лойиҳа сифатида режалаштирилган эди. 2023 йилда йўлга қўйилган «Mohács 500» дастури тарихий хотирани сақлаш тадбирларини мамлакат инфратузилмасига сармоялар киритиш ҳамда кучли сиёсий мужда билан уйғунлаштирди: Венгрия ташқи таҳдидларга қарши Насроний Европанинг ҳимоячисидир.
Орбан узоқ вақт давомида ўзини айнан шу вазифани бажараётган сиёсий арбоб сифатида кўрсатиб келди. 2015 йилдаги Европа миграция инқирози пайтида у Венгрияни оммавий миграциядан Европани ҳимоя қилаётган қалъа сифатида тасвирлаган ва бу ҳолатни мамлакатнинг Усмонийлар империясига қарши асрлар давом этган кураши билан тез-тез қиёслаган.

Ушбу ёндашувга кўра, Моҳач рамзий маъно касб этган: ҳукумат вакиллари таъкидлашича, Венгрия мағлуб бўлганига сабаб Европанинг қолган қисми унга ёрдамга келмаганида эди. Худди шу ғоя расмий талқинларда Венгрия тарихидаги кейинги мағлубият ва муваффақиятсизликларни изоҳлашда ҳам кўп бор такрорланди.
Тиса ғалабаси ва Моҳачга бағишланган режалар ўзгариши

Сурат манбаси, Akos Stiller / Bloomberg via Getty Images
Петер Мадярнинг "Тиса" партияси апрел ойидаги сайловда ишончли ғалабага эришгач, Моҳач жанги 500 йиллигини хотирлаш мақсадида олиб борилаётган тадбирларнинг руҳини тубдан ўзгартирди. Янги ҳукумат лойиҳа билан боғланган кўплаб миллатчиликка оид мавзулардан воз кечишга қарор қилди ҳамда аввалги маъмуриятни давлат маблағларини нотўғри сарфлаганликда танқид қилди.

Сурат манбаси, Nagy Mihály / magyarepitok.hu
Моҳачда Дунай дарёси устида қурилиши режалаштирилган 813 миллион Еврога тенг Лайош II кўприги энг катта баҳсларга сабаб бўлган лойиҳалардан бири ҳисобланади.
Янги ҳукумат кўприк қурилишини тўхтатиб қўйдилар.
Янги ҳукуматга кўра, лойиҳа харажатлари дастлабки ҳисоб-китобларга нисбатан кескин ошиб кетган ва у асосан сиёсий алоқаларга эга тадбиркорларга манфаат келтирган.

Сурат манбаси, Nagy Mihály / magyarepitok.hu
Ушбу кўприк қурилиши тарафдорлари уни муҳим инфратузилма объекти деб ҳисоблайдилар.
Танқидчилар эса уни "ҳеч қаерга олиб бормайдиган" исрофгарчилик рамзи деб атамоқдалар.
Ҳозирча мазкур тадбир билан боғлиқ ҳолда тугалланган ва энг кўзга кўринарли лойиҳа сифатида Моҳач шаҳрида очилган кўп қаватли автотураргоҳ тилга олинаяпти.
Бугуннинг сиёсий жанглари

Сурат манбаси, Getty Images
Анъанавий қарашларга кўра, Венгриянинг қулашига қирол Матяш Корвин ҳукмронлигидан кейин юзага келган ички бўлинишлар сабаб бўлган.
У барпо этган кучли марказлашган давлат унинг ворислари даврида заифлашган.
Бироқ бу фожиа учун масъулият масаласи ҳанузгача жуда нозик ва баҳсли мавзу бўлиб қолмоқда.
Энди баҳслар собиқ ҳукуматнинг ахборот сиёсатида муҳим ўрин тутган Rubicon институти томонидан суратга олинган "Моҳач: Оламлар тўқнашуви" ҳужжатли филмига ҳам кўчган.
Ушбу филм юбилей йилининг асосий лойиҳаларидан бири сифатида тақдим этилган эди.
Танқидчилар филмни сиёсий мақсадларга хизмат қиладиган, жуда қимматга тушган (тахминан 870 минг евро сарфланган) ва тарихни бир томонлама ёритган асар сифатида қораладилар.

Печ университети профессори ва Моҳач жанги 500 йиллигиини хотирлаш тадбирлари дастури маслаҳатчиси Норберт Папнинг айтишича, филм венгрлар сўнгги беш аср давомида ўз назоратидан ташқаридаги кучларнинг қурбони бўлиб келгани ҳақидаги анъанавий миллий қарашни янада мустаҳкамлайди.
Профессор Пап фикрича, бу Моҳач жангининг асосий сабоғини назардан четда қолдиради. Унинг таъкидлашича, орадан беш юз йил ўтгач, бу жанг қарорлар, хатолар ва масъулият ҳақида мушоҳада юритишга ундаши керак. Аммо бугун у тарих эмас, балки ҳозирги Венгрия ҳақидаги баҳсга айланган.
Истанбулдан қараганда эса муносабат анча хотиржам.
«Моҳач жангининг 500 йиллиги Туркияда унчалик катта янгилик эмас», дейди туркиялик тарихчи Ўзгур Колчак.
«Албатта, бу Султон Сулаймон учун буюк ғалаба бўлган, аммо у кўплаб ғалабалардан бири холос».
Шу билан бирга, доктор Колчакнинг айтишича, бу жанг Венгрия учун мутлақо бошқача тарихий мерос касб этишини тушуниш мумкин.

"Тиса" партиясининг сайловдаги ғалабасидан кейин маданият вазири этиб тайинланган Золтан Тарр ҳам ўтмиш ҳақида мулоҳаза юритиш олға интилишга ёрдам беради, деган фикрда.
Унинг айтишича, Венгрия жамиятининг «улкан кучли жиҳатлари» бор, жумладан, ҳамкорлик қилиш қобилияти шулардан биридир.
«Мен бу хотира тадбирлари узоқ муддатли таъсирга эга воқеа бўлишига қатъий ишонаман», дейди у Би-би-сига берган интервюсида.
«Айниқса, улар бизга қайғули ва оғир ўтмишдан ҳақиқатан ҳам узоқлашиш имконини беради.
Ва умидларга бой келажагимиз сари қадам ташлашимизга ёрдам беради».






























