Нега олимлар ярим сичқон, ярим инсон миясини яратишди?

Лабораторияда оқ рангли сичқонча қўлига кўк ҳимоя қўлқопи кийган инсон қўлида ўтирибди.
Сурат тагсўзи, Тадқиқот лаборатория ҳайвонларининг фикрлаши ва ҳис қилиш тарзини ўзгартириш нимани англатиши ҳақидаги саволларни ўртага ташлади.
    • Author, Виктория Гилл
    • Role, Илм-фан бўйича мухбири
    • Author, Кейт Стивенс
    • Role, Илм-фан бўйича катта журналист
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

АҚШдаги нейробиологлар сичқонлар мияси ичида инсоннинг фаол ҳужайралари ишлашига муваффақ бўлишди.

Тадқиқотчилар энди фақат инсонларда учрайдиган руҳий ва нейроривожланиш касалликларига қарши эҳтимолий даволаш усулларини лаборатория сичқонларида синаб кўриш мумкин, деб умид қилмоқда.

Миясининг бир қисми инсонники бўлган сичқонлар Кафка асарларидаги тажрибани эслатиши мумкин. Аммо олимларнинг таъкидлашича, булар "инсонлардек ўйлайдиган сичқонлар" эмас.

Ҳайвонлар генетик жиҳатдан ўзгартирилган ва жарроҳлик амалиёти орқали уларнинг мия тўқималарининг бир қисми инсонники бўлиши таъминланган.

Олимлар "Nature" журналида чоп этилган тадқиқот мустақил ахлоқий экспертизадан ўтказилганини билдиришди.

Расмда инсон мия ҳужайралари имплантация қилинган сичқон миясининг сканер тасвири кўрсатилган. Турли рангдаги чизиқларнинг тартибсиз харитасига ўхшаган тасвир асаб толаларининг йўлларини кўрсатади.
Сурат тагсўзи, Имплантация қилинган сичқонларнинг мияси сканер қилинганда, тадқиқотчилар инсон мия ҳужайралари ва сичқон миясининг қолган қисми ўртасидаги боғланишларни кўришга муваффақ бўлди.

Ушбу ахлоқий жиҳатдан мураккаб тадқиқотнинг мақсади ҳозирча самарали даволаш усуллари мавжуд бўлмаган мия касалликлари биологиясини яхшироқ тушунишдан иборат эди.

Айрим касалликларни сичқонларда ўрганиб бўлмайди, чунки кемирувчиларда одамларда учрайдиган баъзи мия касалликлари ривожланмайди.

Тадқиқот раҳбари, Стэнфорд университети профессори Сергиу Пашка матбуот анжуманида психиатрия соҳасида "клиник синовларнинг муваффақият даражаси энг паст соҳалардан бири" эканини айтди.

"Ҳатто клиник синовларга етиб борган, ҳайвонлардаги тажрибаларда жуда яхши ишлаётгандек кўринган дорилар ҳам клиник синовларда кескин муваффақиятсизликка учрайди", деди у. "Бу инсон биологияси ҳақида жуда кўп маълумотларни етишмаётганини кўрсатади. Бу маълумотларни олиш жуда муҳим".

Стэнфорд тадқиқотчилари айтишича, айрим мураккаб касалликлар, жумладан, эпилепсия, аутизм ва церебрал фалажни ўрганишда бу усул "тубдан ўзгартирувчи" аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

"Бизда инсон мияси фаолиятининг илгари имкон бўлмаган айрим жиҳатларини ўрганиш имконини берадиган янги модел пайдо бўлди", деди Пашка.

Қисқа енгли кўк кийимдаги ҳамшира компьютерда мия сканерини кўриб турибди. Орқа фонда шиша ойна ортида МРТ сканерининг силуэти кўринади.
Сурат тагсўзи, Бу усул инсонларда учрайдиган айрим мия касалликларининг биологиясини ўрганишнинг янги имконини беришига умид қилишмоқда.

"Кулранг модда"сиз сичқонлар

Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Инсон мияси миллиардлаб ҳужайралардан ташкил топган бўлиб, улар миллионлаб нейрон занжирлари орқали ўзаро боғланган. Шу сабабли миянинг қандай ривожланишини ва бирор нарса нотўғри кетганда ҳужайралар даражасида аслида нима содир бўлаётганини тушуниш қийин.

Инсон нейронларини лаборатория кемирувчиларига имплантация қилиш биринчи марта амалга оширилаётгани йўқ. Аммо бу олимлар ушбу усулни янги босқичга олиб чиқишди.

Аввало, олимлар сичқонларнинг ўз бош мия пўстлоғи деярли ривожланмайдиган қилиб генетик жиҳатдан ўзгартиришди. Бош мия пўстлоғи – миянинг ташқи қатлами бўлиб, баъзан "кулранг модда" деб аталади. У юқори даражадаги тафаккур, хотира ва сезги жараёнларини бошқаради.

Шундан сўнг тадқиқотчилар инсонлардан олинган тери ҳужайраларини қайта дастурлашди. Натижада улар мия тўқимасига ўхшаш тузилмаларга айланди.

Бу тузилмалар органоидлар деб аталади. Улар лаборатория идишларида ўстирилган бутун мия эмас, балки ўзаро боғланган тирик ҳужайралар тўпламидир.

Органоидлар сичқон миясига имплантация қилинганида, улардаги ҳужайралар бўлиниб, сичқоннинг мавжуд мия нейрон занжирларига мослашди. Улар сичқон миясининг қолган қисми ва орқа мияси билан боғланди.

Имплантация қилинган сичқонларнинг мия пўстлоғи мукаммал эмас эди – одатда мия пўстлоғи тартибли ва тузилган қатламлардан иборат бўлади. Нейробиолог доктор Илари Аллоди таъкидлаганидек, инсон ва сичқон ҳужайралари бирлашган мияларнинг скан тасвирлари "бироз тартибсиз" кўринади.

Бироқ бир неча ойдан сўнг инсон ҳужайралари сичқон миясининг ташқи қатламига ўхшаш тарзда шакллана бошлади ва шу каби ишлай бошлади.

Жарроҳлик амалиётидан тахминан олти ой ўтиб, олимлар сичқонларни оддий хулқ-атвор синовларидан ўтказишди – уларни кичик стол устидаги майдонда ҳаракатланишини кузатишди.

Пашканинг айтишича, улар "асосан оддий сичқонлар каби ҳаракат қилишган".

"Уларда ҳеч қандай қўшимча қобилият пайдо бўлмаган", дея қўшимча қилди у.

Тадқиқотда иштирок этмаган Эдинбург университети биоэтика бўйича мутахассиси доктор Сара Чан BBC News'га бу тажриба натижасида "инсонлар каби ўйлай оладиган сичқонлар ёки сичқон танасидаги инсон мияси яратилганига ҳеч қандай ишора йўқ"лигини айтди.

Бироқ, унинг таъкидлашича, тадқиқот "ҳайвонларнинг когнитив қобилиятларини ўзгартира бошлаганимизда бу нимани англатиши мумкинлиги ҳақида ўйлашга ундайди".

"Бундай сичқонлардан бири бўлиш қандай эканини қаердан била оламиз? Ва лаборатория ҳайвонларига қандай муносабатда бўлишимизда буни қандай ҳисобга оламиз?" дея қўшимча қилди у.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

"Сичқон муҳитидаги инсон дастури"

Тадқиқотда иштирок этмаган Сент-Эндрюс университети нейробиологи доктор Илари Аллоди олимлар амалга оширган ишни "жуда таъсирли" деб атади.

Аллоди, айниқса, фақат инсонлар ва бошқа приматлар миясида учрайдиган, аммо сичқон миясида мавжуд бўлмаган ҳужайра турлари имплантация қилинган сичқонларда ўз-ўзидан шаклланганига эътибор қаратди.

"Сиз инсонга хос дастурни сичқон муҳитида сақлаб қоляпсиз – гўё сичқон инкубатордек", деди у BBC News'га.

Тадқиқотчиларнинг айтишича, қатъий ахлоқий ва ҳайвонлар фаровонлиги талаблари асосида генетик ўзгартирилиб, парваришланаётган бу сичқонлар, эҳтимол, бир нечта лабораторияда айрим, жуда аниқ мия касалликларини ўрганиш учун қўлланади.

Сент-Эндрюс университетида ишлайдиган нейробиолог профессор Жеймс Эйнж таъкидлашича, бу иш техник жиҳатдан жуда таъсирли бўлса-да, бундай сичқонларнинг "қўлланиш имкониятлари чекланган" бўлиши мумкин.

Унинг айтишича, бунинг сабабларидан бири "тирик инсон мия тўқимасини сичқонда ўстириш ва бу ҳайвоннинг бошидан кечирадиган ҳолати учун нимани англатиши билан боғлиқ ахлоқий масалалар"дир.

Инсон миясини ўрганувчи нейробиологлар бир хил чекловларга дуч келаётганини Аллоди таъкидлади.

"Биз инсонлардаги касалликларни тушунишга ҳаракат қиламиз. Аммо қўлимизда сичқонлар, лаборатория идишида яшайдиган ҳужайралар ва компьютердаги нейрон тармоқлар бор.

Шунинг учун бу – янги йўналиш".