Жосуслар, стратегиялар ва бой берилган имкониятлар: 9/11 сабоқлари нега ҳануз долзарб

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Frank Gardner
- Role, BBC xavfsizlik masalalari muxbiri
- Published
- Ўқилиш вақти: 8 дақ
Ҳукуматнинг биринчи вазифаси, ўнлаб йиллар давомида саноқсиз раҳбарлар таъкидлаганидек, ўз аҳолисини ҳимоя қилишдир. 2001 йил 11 сентябрда АҚШ бу вазифани бажара олмагани яққол намоён бўлди. Разведка маълумотлари мавжуд эди, аммо, афсуски, ҳеч ким уларни ўз вақтида бир-бири билан боғлай олмади.
АҚШга қилинган ҳужумлар кейинчалик 9/11 номи билан танилди ва уларга берилган жавоб билан биргаликда XXI асрнинг дастлабки икки ўн йиллигида ташқи сиёсат, хавфсизлик ва разведка сиёсатига бутун бир авлод учун ўз тамғасини қолдирди.
2001 йил 11 сентябрда «Ал-Қоида»нинг хами-сюицидчилари ўғирлаб олинган самолётларни Жаҳон савдо марказига уриштирган пайтда мен Яқин Шарқ бюросидаги хизмат сафариимни якунлаётган эдим. Фаластинлик такси ҳайдовчиси мени Қуддуснинг ғарбидаги қарағайзор тепаликлар орқали Тель-Авивдаги Бен-Гурион аэропортига олиб бораётган эди. Бирдан у машина радиосининг овозини баландлатди.
— Америкада катта бир воқеа содир бўлди, — деди у.
У муболаға қилмаган эди. Ўша куни 2 977 киши ҳалок бўлди.
Ҳужумлар ҳеч қаердан пайдо бўлмаган эди. Марказий разведка бошқармаси — МРБ 2001 йилдан анча олдин «Ал-Қоида» тармоғи ва унинг Саудия Арабистонидан сургунда бўлган раҳбари Усомо бин Лодин ҳақида маълумотга эга эди. Ҳатто уни қидиришга бағишланган махсус ишчи гуруҳ ҳам мавжуд эди.
11 сентябрдаги ҳужумлардан тўққиз кун ўтиб, ўша пайтдаги АҚШ президенти Жорж Буш «Терроризмга қарши уруш»ни эълон қилди.

Сурат манбаси, Getty Images
Шундан кейинги 25 йил давомида Атлантиканинг ҳар икки томонида разведка соҳасида кўплаб муваффақиятлар ҳам, хатолар ҳам кузатилди. Муваффақиятлар қаторига террорчилик режаларининг олди олингани, гумонланувчиларнинг қўлга олиниб, судга берилгани, айбдор деб топилиб, қамоққа юборилгани киради.
Аммо кенгроқ манзара қандай? 2001 йилдан кейинги 25 йил давомида разведка маълумотларини йиғиш, терроризмга қарши кураш ва стратегик режалаштириш қай даражада ўзгарди?
Катта разведка хатоси
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
9/11 улкан разведка хатоси бўлганига, аниқроғи, АҚШ разведка ҳамжамиятида тасаввур етишмаганига ҳеч ким шубҳа қила олмайди. Ўша пайтда МРБ ҳам, Федерал терговлар бюроси (ФТБ) ҳам тегишли тарзда ўзаро алмашилганида, содир бўлган воқеанинг олдини олиш мумкин бўлган маълумотларга эга эди.
Шундан кейин тузилган 9/11 комиссияси ҳисоботида АҚШ ҳукуматидаги муаммолар «тасаввур, сиёсат, имконият ва бошқарувдаги камчиликлар» билан изоҳланган. Ҳисоботга кўра, МРБ ва ФТБ разведка маълумотларини тўғри баҳолай олмаган, ўзаро маълумот алмашмаган ва ҳужум режасини барбод этиш учун етарли чора кўрмаган.
Бу энг асосий сабоқ, гарчи тўлиқ эмас, асосан ўзлаштирилди ва Ғарб разведка идоралари ўртасидаги маълумот алмашинуви 2001 йилдагидан анча яхшиланди. Масалан, Британияда MИ5 билан терроризмга қарши полиция бўлинмалари ўртасидаги эски рақобатлар йўқолди. Аввалига мамлакат бўйлаб минтақавий «бирлаштирув марказлари» ташкил этилди, энг сўнгги қадам сифатида эса Лондонда юқори даражада қўриқланадиган Терроризмга қарши операциялар маркази ишга туширилди.
Бу ерда MИ5 разведка ходимлари террорчилик режасини тўхтатиш бўйича бевосита ҳаракат қилиш вазифаси юкланган полиция ходимлари билан том маънода ёнма-ён ўтириши мумкин. Шунингдек, улар АҚШ Федерал тергов бюросининг агенти ёки GCHQдан хизматга юборилган тил мутахассиси билан бирга ишлаши мумкин.
9/11дан кейин АҚШ разведка тизими ҳам тубдан қайта ташкил этилди. Вашингтон яқинида Миллий терроризмга қарши кураш маркази ташкил қилинди, шунингдек, АҚШнинг 18 та алоҳида разведка идораси ўртасида зарур маълумотлар алмашинувини таъминлаш учун Миллий разведка директори лавозими таъсис этилди.

Сурат манбаси, Getty Images
МРБ билан унинг Британиядаги ҳамкори — Яширин разведка хизмати, кўпроқ MИ6 номи билан танилган ташкилот ўртасидаги муносабатлар эҳтимол дунёдаги энг яқин разведка ҳамкорлиги ҳисобланади. Бу ҳамкорлик АҚШ, Британия, Канада, Австралия ва Янги Зеландия разведка маълумотларини бирлаштирувчи «Беш кўз» иттифоқи билан янада мустаҳкамланган.
Шунга қарамай, учоқлар Эгизак минораларга урилганидан кейин ҳам разведка, маълумотларни баҳолаш ва стратегик режалаштиришда ҳалокатли хатолар юз берди.
2003 йилда АҚШ бошчилигида Ироққа босқин арафасида MИ6 ўз разведка маълумотларининг сиёсийлаштирилишига йўл қўйиб, хато қилди. Бу ташкилот обрўсига 1950–1960-йилларда советларга ишлаган икки томонлама агент Ким Филби ва бошқа совет «крот»лари хиёнатидан бери энг катта зарбани берди.
Вашингтон томонидан Ироқ президенти Саддам Ҳусайн ҳали ҳам «оммавий қиргин қуроллари»га — ОҚҚ эга эканини исботловчи далилларни тақдим этиш учун кучли сиёсий босим бўлган бир шароитда MИ6 Тони Блэр ҳукуматига кейинчалик хато экани маълум бўлган разведка маълумотларини етказди. Ироқда ҳақиқатан ҳам илгари ОҚҚ бўлган, аммо уларнинг барчаси 1991 йилги Форс кўрфази уруши ортдан йўқ қилинган эди.
2003 йилдаги Ироқ босқинидан кейин MИ6 агентларидан жойларда келиб тушадиган хом разведка маълумотлари, яъни CXни баҳолаш тартибини тўлиқ қайта кўриб чиқди. Бугун маълумот тўплаш вазифасини бажарадиган агентлар ва уларни бошқарадиган ходимлар билан келиб тушган маълумотларни текшириш ва шубҳа остига қўйишга масъул ҳисоботлар гуруҳи ўртасида аниқ ажратиш мавжуд.
Агентлар Эрон, Шимолий Корея каби мамлакатларда ёки «Ал-Қоида» сингари тақиқланган террорчилик ташкилотлари ичидаги манбалардан маълумот тўплайди. Ҳисоботлар гуруҳи эса бу маълумотларни текширади ва шубҳа билан ёндашади, кўпинча уларни янада асослашни талаб қилиб, қайта юборади.
«2003 йилдаги Ироқ уруши жиддий хато бўлган разведка маълумотларига асосланган эди», — дейди Ироқда дивизия қўмондони сифатида хизмат қилган генерал сэр Ричард Ширрефф.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
«Биз бундан сабоқ олдикми? Йўқ, менимча, биз сабоқ чиқаришда ёмонмиз... Қўмондон сифатида биз стратегик мағлубият сари кетаётганимиз шу қадар аниқ эдики», — дейди у.
Ироқ босқинидан кейин яна бир тергов ўтказилди ва у Батлер шарҳи билан якунланди. Унда Британиянинг Ироқнинг гўёки ОҚҚ дастури бўйича разведка маълумотлари «жиддий даражада хато бўлгани ва асосан текширилмаган манбаларга таянгани» хулоса қилинди.

Сурат манбаси, Getty Images
Хавфсизлик хизмати — MИ5 ҳам террорчилик режаларининг олдини олишда кўплаб муваффақиятларга эришган бўлса-да, ўз хатоларига эга.
«9/11дан кейинги даврда баҳолаш шу эдики, Британия учун энг долзарб хавфсизлик таҳдиди «Ал-Қоида» ва унга алоқадор шахслар ҳамда гуруҳлар томонидан келаётган террорчилик таҳдиди эди», — дейди 2007–2013 йилларда MI5 раҳбари бўлган лорд Жонатан Эванс.
Аммо ўша пайтда 20 мингдан ортиқ «Қизиқиш уйғотувчи шахс»дан иборат база ва бир вақтнинг ўзида олиб борилаётган кўп сонли терговлар мавжуд эди. Шунинг учун MИ5 қайси йўналишларни устувор деб билиш масаласида — ҳозир ҳам сақланиб қолаётган — кундалик муаммога дуч келган. У ҳар доим ҳам тўғри қарор қабул қила олмаган.
2005 йилда Лондондаги 7/7 террорчилик ҳужумларининг олдини олишда муваффақиятсизликка учради. Бу ҳужумларда 52 киши ҳалок бўлди. Хавфсизлик хизмати кейинчалик ҳужумлар раҳбари бўлиб чиққан Муҳаммад Сидиқ Хон ҳақида маълумотга эга эди, аммо унинг яқин орада ҳужум уюштиришга тайёрланаётганини билмаган.
2017 йилдаги Манчестер Аренадаги портлаш ҳам яқинроқ даврдаги шундай камчиликлардан бири бўлди.
Бугун терроризм таҳдиди йўқолгани йўқ. Аммо лорд Эванснинг айтишича, «манзара ўзгарди. Нодавлат терроризми жиддий хавф бўлиб қолмоқда, аммо давлат томонидан келаётган таҳдидлар тобора жиддийлашди ва миллий хавфсизлик учун камида нодавлат терроризми каби катта хавфга айланди. Бу таҳдидлар турли шаклларда Россия, Эрон, уларнинг вакиллари ҳамда Хитойдан келмоқда».
Шунингдек, АҚШ президенти Дональд Трампнинг бу йил Исроилнинг Эронга қарши ҳужумларига қўшилиш қарорини разведка соҳасидаги стратегик тасаввур етишмаслигининг яна бир мисоли деб баҳолаш мумкин. Форс кўрфазидаги АҚШнинг барча иттифоқчилари Эрон жавоб тариқасида Ҳурмуз бўғозини ёпиб қўйиши жиддий хавф эканини билар эди. Барча огоҳлантиришлар мавжуд эди. Шунга қарамай, Эрон айнан таҳдид қилган ишни амалга оширганида, Трампнинг унга қарши тайёрланган муқобил стратегияси йўқдек кўринди. Бу жаҳон энергетика бозорларида катта издан чиқишларга сабаб бўлди.
Ахлоқий ҳисоб-китоблар
9/11 ҳужумларидан кейинги дастлабки кунларда иккинчи тўлқин ҳужумлари содир бўлишидан кенг миқёсда хавотир бор эди. «Ал-Қоида»нинг ўзи янада кўп биноларга ҳужум қиладиган «учоқлар тўдаси»ни ваъда қилган эди.

Сурат манбаси, Getty Images
Бундай ҳужумнинг олдини олишга шошилиш жараёнида АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан инсон ҳуқуқлари кўп марта бузилди. Афғонистон ёки Покистонда гумонланувчилар кўпинча жуда заиф ва ишончсиз хабарлар асосида оммавий равишда қўлга олинди. Юзлаб одамлар қўллари боғланган, кўзлари боғланган ва памперс ўралган ҳолда дунёнинг нариги томонига — Кубадаги АҚШ ҳарбий-денгиз базасининг Гуантанамо кўрфазида ташкил этилган вақтинчалик қамоқхонага олиб кетилди. У ерда улар судсиз қамоқда сақланди.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари буни Америка ахлоқий виждонига тушган доғ деб атади.
АҚШнинг Ироқ ва Афғонистондаги қамоқхоналарида маҳбусларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари билан боғлиқ можаролар аста-секин ошкор бўлди ва уларда иштирок этган айрим шахслар жавобгарликка тортилди. Аммо танқидчилар юқори лавозимдаги айрим амалдорлар жазодан қутулиб қолганини таъкидлайди.
Шунга қарамай, АҚШ ҳали ҳам Гуантанамо кўрфазида судсиз қамоқда сақлаш амалиётини қўллайди. 2025 йилда эса АҚШдан 200 дан ортиқ эркакни Сальвадордаги баҳсли Терроризмни сақлаш марказига депортация қилди.
9/11дан кейинги дастлабки даврда Британияда ҳам инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ жиддий муаммолар юзага келди. 2004 йилда MИ6 ливиялик исломчи Абдулҳаким Белҳож ва унинг рафиқасини Таиланддан Ливияга ўғирлаб олиб кетиш ва топшириш жараёнига шерик бўлган. У ерда Белҳож Муаммар Қаддафий режими томонидан йиллар давомида қамоқда сақланди ва қийноққа солинди.
Бу иш охир-оқибат ошкор бўлди ва 2018 йилда Бош прокурор парламентда оммавий тарзда тўлиқ узр сўради. Бугун эса махсус хизматлар таркибида ички ҳуқуқшунослар бўлими энг тез ўсиб бораётган бўлим ҳисобланади, дейилади.
Россия ва Хитойнинг юксалиши
«Биз XXI асрнинг дастлабки 20 йилини деярли тўлиқ терроризмга қарши кураш ва исёнларга қарши операцияларга эътибор қаратиш билан ўтказдик», — деди 2014–2020 йилларда MI6 раҳбари бўлган сэр Алекс Юнгер.
MI6нинг собиқ раҳбари бу гапларни лавозимни тарк этганидан кўп ўтмай адабиёт фестивалида менга айтган ва қўшимча қилган эди:
«Биз Хитойнинг ҳарбий қудрат сифатида юксалиши ва стратегик таҳдидга айланишини назардан қочирдик».
Шу каби генерал Ширрефф ҳам 2016 йилда «Россия билан уруш» сиёсий триллерини ёзган. Унда Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсда босқин қилишини олдиндан тасаввур қилган эди.

Сурат манбаси, Getty Images
9/11 ва ундан кейин бошланган «Терроризмга қарши уруш»дан сўнг Ғарб давлатлари «Толибон», «ИШИД»га қарши кураш ёки Ироқдаги мураккаб босқин ва ишғол жараёни билан банд бўлган бир пайтда Россия ва Хитой улкан қайта қуролланиш дастурларини бошлади. Масалан, гипертовушли ракеталар каби технологияларнинг ривожланиши НАТОнинг илгари эга бўлган ҳарбий устунлигини жиддий даражада заифлаштирди.
«Ғарбнинг хатоси фақат 9/11дан кейин терроризмга қарши кураш билан чалғиб қолишида эмас эди», — дейди хавфсизлик ва разведка соҳасидаги Sibylline компаниясининг бош таҳлилчиси Сэм Олсен.
«У Хитойнинг юксалиш табиатини ҳам нотўғри тушунди ва иқтисодий интеграция сиёсий яқинлашувга олиб келади, деб ҳисоблади».
Хитой, Эрон, Россия ва Шимолий Корея сингари, разведка маълумотларини йиғиш учун «ёпиқ нишон» ҳисобланади. 2001 йилда биометрик маълумотлар ҳали нисбатан янги соҳада эди. Кейинчалик юз, кўз пардаси ва юриш услубини таниб олиш технологияларининг қўлланиши агентлар ва улар билан ишловчи разведка ходимларининг чегараларни сезилмай кесиб ўтишини анча мураккаб вазифага айлантирди.
Хўш, Ғарб разведка хизматлари Хитойни қай даражада яхши тушунади?
Бугун Хитой Россия билан бир қаторда MI6 учун асосий разведка нишонларидан бири ҳисобланади.
«Ғарб разведка хизматлари Хитой ҳақида жуда кўп нарсани тушунади», — дейди Sibylline таҳлилчиси Сэм Олсен.
«Катта хавф шундаки, улар алоҳида қисмларни кўради, аммо бу қисмлар биргаликда нимани англатишини ҳар доим ҳам тушунавермайди. Хитой қудрати энди фақат кемалар, ракеталар ва қўшинлар билан ўлчанмайди. У тобора кўпроқ яримўтказгичлар, муҳим минераллар, аккумуляторлар, портлар, телекоммуникациялар ва саноат салоҳиятида намоён бўлмоқда... Шунинг учун муаммо кўпинча разведка маълумотларини йиғишдаги камчилик эмас, балки уларни стратегик жиҳатдан тўғри талқин қила олмасликдир».
Бундан 25 йил олдин, 9/11 ҳужумлари содир бўлган куни АҚШ разведка ходимларида жумла пазлининг айрим бўлаклари бор эди — жосуслар бу қиёсни яхши кўради. Аммо улар жамоавий тарзда барча бўлакларни бирлаштира олмади ва олдинда нима келаётганини аниқ кўра олмади.
Агар ундан стратегик устунлик учун фойдалана олмасангиз, сифатли разведка маълумотларини йиғишнинг ўзи етарли эмас.
Таниб бўлмас даражада ўзгарган дунё
Шубҳасиз, 9/11дан кейинги чорак аср давомида разведка ва терроризмга қарши кураш дунёси деярли таниб бўлмас даражада ўзгарди. Сунъий интеллект ва квант ҳисоблаш технологиялари пайдо бўлиши билан бу ўзгаришлар давом этади ва айрим соҳаларда улар экспоненциал тезликда кечиши мумкин.
Бироқ қарама-қарши қарашлар ва манфаатларга тўла дунёда разведка хатолари, эътибордан четда қолган жиҳатлар ёки стратегик нотўғри ҳисоб-китобларга келганда Ғарб давлатлари монополияга эга эмас.
Бунга бошқа эътиборга молик мисоллар қаторига Россиянинг 2022 йилда Украинага амалга оширган ҳалокатли тўлиқ миқёсдаги босқини ҳамда айримлар Исроилнинг «ўз 9/11и» деб атаган — 2023 йил 7 октябрда «Ҳамас» бошчилигида Ғазодан амалга оширилган ҳужумни киритиш мумкин.
Охир-оқибат, ҳануз саволлар асосан катта, стратегик ва миллий қарорлар юзасидан берилаётгани муҳим.
Британиянинг президент Буш бошчилигидаги Ироқ босқинига қўшилиши тўғри қарормиди?
Афғонистонда АҚШ бошчилигидаги «Узоқ давом этувчи озодлик» операциясига қўшилиш ва кейин икки ўн йилликдан сўнг шошилинч равишда чиқиб кетиб, мамлакатни «Толибон» ихтиёрига ташлаб қўйиш тўғри қарормиди?
Бу ва бошқа кўплаб саволлар ҳануз ўз акс-садосини бермоқда.































