Испанияга интилган минглаб марокашлик мигрантлар Европада сиёсий бўлинишларга сабаб бўлди. Ўзи нима бўлганди?

Сеутадаги ҳарбийлар минглаб муҳожирлар олдида ожиз қолишди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Сеутадаги ҳарбийлар минглаб муҳожирлар олдида ожиз қолишди.
Published
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Пайшанба куни Испаниянинг Сеута эксклавига сузиб ўтган ўн минглаб мигрантларнинг аксарияти ҳозир Марокашга қайтарилди. Испания ҳарбийлари ва полицияси уларни чегарагача кузатиб борди.

Бироқ келганлар оқими мисли кўрилмаган даражада катта бўлди ва камида 67 киши ҳалок бўлди. Уларнинг жасадлари денгиздан олиб чиқилди. Жасадлар ташлаб кетилган резина ҳалқалар ва ласталар ёнида сув юзасида қалқиб юрарди.

Бу воқеалар Европада сиёсий силкинишга ҳам сабаб бўлди. Улар миграция каби ўта нозик масала бўйича Европа давлатлари ўртасидаги келишмовчиликларни яна бир бор юзага чиқарди.

Шу билан бирга, бу тўсатдан юз берган мигрантлар оқимига нима сабаб бўлгани ҳақида саволлар ҳам очиқ қолмоқда. Ижтимоий тармоқларда Европага осон йўл ҳақидаги хабарлар оммалашиб кетдими ёки бу атайлаб, ҳатто уюштирилган ҳаракат эдими?

Сиёсат

Сабаби қандай бўлишидан қатъи назар, Испаниянинг социалист бош вазири Педро Санчес Европа Иттифоқининг айрим давлатлари муносабатидан қаттиқ норози.

Map

Унинг айтишича, инқироз пайтида Испанияни қўллаб-қувватлаш ўрнига, баъзи давлатлар унга «ҳужум қилмоқда» ва сиёсий манфаатларини кўзламоқда.

Аввало, у Италияни назарда тутди.

Италия бош вазири Жоржиа Мелонининг ўнг қанот партияси Fratelli d'Italia Сеута кўчалари бўйлаб югураётган мигрантлар тасвирларини тезда ижтимоий тармоқларга жойлади.

Унга қуйидаги изоҳ қўшилди:

«Бу — Италия чап қанотига жуда ёқадиган Санчес модели.»

Шундан сўнг Мелони хавфсизликка таҳдидни асос қилиб, Испания билан одамларнинг эркин ҳаракатланишига имкон берадиган Шенген келишувини Италия томонидан вақтинча тўхтатишини эълон қилди.

Бу Мадридда қаттиқ норозилик уйғотди.

Италия Бош вазири Жоржиа Мелони тезда ўз испан ҳамкасби Педро Санчеснинг иммиграцион сиёсатини қоралаб чиқди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Италия Бош вазири Жоржиа Мелони тезда ўз испан ҳамкасби Педро Санчеснинг иммиграцион сиёсатини қоралаб чиқди.

Испания фикрича, инқироз назорат остига олинган ва Сеута Шенген ҳудудига кирмагани учун Марокаш мигрантлари назоратсиз ҳолда Европа қитъсига ўтиб кетиши мумкин эмас эди.

Мелони буни яхши билади.

Бироқ келаси йили Италияда сайловлар бўлиб ўтади. Унинг коалицияси оммабоплигини йўқотаётган бир пайтда, муҳожирларга кескин қарши чиққан янги партия кучаймоқда. Шу боис Мелони ўзини қатъий раҳбар сифатида кўрсатиш ва сайловчилар овозини қайтариш имкониятидан фойдаланди.

Испания жуда юмшоқми?

Бироқ Испанияни миграция масаласида ҳаддан ташқари юмшоқ деб ҳисоблайдиган давлат фақат Италия эмас.

Мелонининг Европа Иттифоқи ички ишлар вазирларининг фавқулодда йиғилишини чақириш ҳақидаги чақирувини қарийб 24 давлат раҳбари қўллаб-қувватлади.

Улар Европага мигрантларни жалб қилиши мумкин бўлган барча сиёсатларни бекор қилишга чақирди.

Энг асосий баҳсли қарорлардан бири — Испания ҳукуматининг мамлакатда ноқонуний яшаб келган юз минглаб ҳужжатсиз мигрантларга яшаш ва ишлаш рухсатномаси олиш, ҳамда уларнинг мақомини қонунийлаштириш имкониятини бериш сиёсати бўлди.

Социалист Бош вазир Педро Санчеснинг Испанияда ноқонуний яшаб келган муҳожирларнинг мамлакатда қолишларига рухсат бериши кўп ўнг-қанот сиёсатчиларнинг ғазабини қўзиган.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Социалист Бош вазир Педро Санчеснинг Испанияда ноқонуний яшаб келган муҳожирларнинг мамлакатда қолишларига рухсат бериши кўп ўнг-қанот сиёсатчиларнинг ғазабини қўзиган.
Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Ҳукумат буни амалий ечим деб ҳисоблайди. Чунки Испания аҳолиси қаримоқда ва мамлакатга меҳнат кучи керак.

Бироқ бу ҳафта Сеута соҳилларига етиб келган одамлар аллақачон якунланган ушбу дастурда иштирок этиш учун келмаган эди.

Санчеснинг ўзи эса яқинда Испания Олий суди қабул қилган қарорни асосий сабаб сифатида кўрсатмоқда.

Унга кўра, денгиз орқали мамлакатга кирганлар дарҳол орқага қайтарилиши мумкин эмас.

Бош вазирнинг таъкидлашича, одам савдоси билан шуғулланувчилар бу қарорни нотўғри талқин қилиб, Европага осон йўл очилгани ҳақидаги ёлғон тасаввурни тарқатган.

Бироқ Сеутага йўл олган одамларнинг аксарияти марокашлик бўлгани учун уларга воситачиларнинг ҳожати йўқ эди. Бу йўналиш ҳаммага яхши маълум.

Асосий хабар ижтимоий тармоқлар орқали тарқалди.

Мухбирларга кўрсатилган видеоларда одамлар «Испания очилди», деб бақириб, денгизга сакраётгани акс этган.

Биз текширган бир нечта аккаунтларда гидрокостюм ва ласталардаги ёшлар, сузиб кетаётганлар ёки Сеутанинг ўзида олинган видеолар жойланган.

Уларнинг айримлари бор-йўғи бир неча ҳафта аввал очилган бўлса-да, ўн минглаб лайклар тўплаган.

Сеутага сузиб ўтган кўплаб марокашликлар эндиликда Марокашга қайтарилди. Уларнинг аксари ёш ва ўсмирлар бўлиб, Марокашдаги ишсизлик ва қашшоқликдан қочиб келганларини айтишган.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Сеутага сузиб ўтган кўплаб марокашликлар эндиликда Марокашга қайтарилди. Уларнинг аксари ёш ва ўсмирлар бўлиб, Марокашдаги ишсизлик ва қашшоқликдан қочиб келганларини айтишган.

Аммо уларнинг барча ваъдалари ёлғон бўлиб чиқди.

Сеутага етиб келиб, соҳилни ўпган ҳолда қувонган одамларни ҳеч ким кутиб олмади.

Озиқ-овқатсиз, бошпанасиз ва Европа қитъсига ўтиш имкониятисиз қолган мигрантларнинг аксарияти тез орада Марокашга қайтиб кетди.

Бунинг ортида нима турибди?

Хўш, мигрантлар аввал Беларусда бўлгани каби «сиёсий қурол» сифатида ишлатилдими?

Агар шундай бўлса, буни ким ташкил қилди?

Ҳозирча фақат юз берган воқеалардан манфаат кўраётганларни кўриш мумкин.

Испаниянинг El País газетаси журналисти Андреа Рицци таъбири билан айтганда, дунёдаги ўнг қанот кучлари бу воқеадан «ҳаддан ташқари мамнун».

АҚШ президенти Доналд Трамп Испаниянинг Эронга қарши урушни қўллаб-қувватламаганидан норози экани маълум. У бу воқеани «фалокат» ва «босқин» деб атади.

Мелони каби, унинг ҳам олдида сайловлар турибди.

Россия ҳам бу вазиятдан мамнунлигини яширмаяпти. Европа ичидаги бўлиниш ва беқарорлик Москва манфаатига хизмат қилади, чунки бу Украина иттифоқчиларини заифлаштириши мумкин.

Марокаш эса барча айбни «жиноий гуруҳлар» зиммасига юкламоқда.

Испанияда илгари сурилаётган баъзи фаразларга кўра, буни Испанияга қарши кучлар атайин уюштирган бўлиши мумкин.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Испанияда илгари сурилаётган баъзи фаразларга кўра, буни Испанияга қарши кучлар атайин уюштирган бўлиши мумкин.

Бироқ чегара қўриқчилари тўпланаётган оломонни кўрмаган бўлиши мумкин эмас.

Бунга ўхшаш ҳолат охирги марта, кичикроқ кўламда бўлса-да, Испания ва Марокаш Ғарбий Саҳро масаласида келишмовчиликка борган пайтда юз берган эди.

Ҳозир ҳам икки давлат ўртасида янги тарангликлар мавжуд.

Санчес эса Марокашни айблашдан қатъий бош тортмоқда ва Работни «яхши иттифоқчи» деб атаяпти.

Бироқ унинг танқидчилари буни муроса деб баҳолаб, бош вазир «қатъий позиция кўрсатиши керак»лигини айтмоқда.

Ҳозирги вазият

Ҳозирча Испания Сеутада шунга ўхшаш ҳодисалар такрорланмаслиги учун хавфсизлик чораларини кучайтирмоқда.

Чегара тўсиғи денгиз томонгача узайтирилмоқда ва узун тўқ сариқ қалқувчи тўсиқлар ўрнатилмоқда, кейинчалик бу ерда кемалар патрул хизмати олиб боради ва денгиз орқали сузиб ўтишга уринаётганларни тўхтатади.

Келаси ҳафта Европа Иттифоқи ички ишлар вазирлари ташқи чегараларни янада мустаҳкамлаш масаласини муҳокама қилади. Бу жараёнда популист ўнг қанот кучлари янада фаоллашиши кутилмоқда.

Испаниядан Италияга сафар қилаётган йўловчилар эса бир неча ҳафта давомида полиция томонидан тасодифий ҳужжат текширувларидан ўтади.

Демак, ҳозирча катта ўзгаришлар кузатилмаяпти.

Марокашдан сузиб ўтганлар орасида Қора Африка давлатларидан узоқ йўл босиб келган муҳожирлар ҳам бор.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Марокашдан сузиб ўтганлар орасида Қора Африка давлатларидан узоқ йўл босиб келган муҳожирлар ҳам бор.

Аммо ижтимоий тармоқлардаги ёлғон орзуларга ишониб денгизга чиққан ва энди тобутларда Марокашга қайтарилаётган ўнлаб ёшлар учун бу воқеа ҳаёт-мамот масаласига айланди.

Африка қитъасида жойлашган Сеута нега Испанияники?

Сеута — Испанияга қарашли, лекин Африка қитъасида, Марокашнинг шимолий соҳилида жойлашган кичик шаҳар, яъни эксклав. У Гибралтар бўғозининг Африка томонида бўлиб, Испаниянинг ўзидан денгиз билан ажралиб туради.

Сеута аслида кўп асрлар давомида Португалияга қарашли бўлган - 1415 йилдан бошлаб, португаллар уни босиб олишган. 1580-1640 йилларда Испания билан Португалия бир қиролликка бирлашган пайтда, Сеута ҳам Испания таркибига ўтган. 1640 йилда Португалия мустақилликни қайта тиклаганида, кўпчилик мустамлакалар Португалияга қайтган, лекин Сеута аҳолиси Испания тарафида қолишни танлаган ва 1668 йилги Лиссабон шартномаси билан бу расмийлаштирилган. Шундан бери у Испания таркибида қолмоқда.

Марокаш 1956 йилда мустақил бўлганидан бери Сеута ва яна бир эксклав — Мелильяни ўз ҳудуди деб ҳисоблайди, чунки улар географик жиҳатдан Африкада жойлашган. Испания эса буни рад этади — уларнинг фикрича, Сеута Марокаш давлати мавжуд бўлишидан анча олдин, асрлар давомида Испания ва Португалия назоратида бўлган.

Ҳозирда Сеута Испаниянинг автоном шаҳри ҳисобланади. Унинг ўз парламенти бор ва Гибралтар бўғозини назорат қилишдек стратегик жойлашуви, ҳамда Европа Иттифоқи билан алоқаси туфайли муҳим аҳамиятга эга.