Ўзбек тадбиркорларига Қирғизистон бозори нега қизиқ? (Видео)

Тадбиркорлар.
Published
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Бир пайтлар Қирғизистоннинг Қорасув бозори ўзбекистонликлар учун асосан Хитой маҳсулотлари олиб келинадиган жой сифатида танилган эди. Бугун эса вазият ўзгармоқда. Қорасув ва Ўш бозорларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўпайиб бормоқда, ўзбек тадбиркорлари эса Қирғизистонни нафақат қўшни бозор, балки ташқи савдога чиқиш учун қулай майдон сифатида кўра бошлади.

Яқинда Ўш шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон–Қирғизистон бизнес форуми бу ўзгаришнинг яна бир кўриниши бўлди. Форумда Ўзбекистондан 80 нафар, Қирғизистон томонидан эса 150 нафарга яқин тадбиркор иштирок этди.

Тадбиркор аёл.
Сурат тагсўзи, Ўшда ўтган форумга Ўзбекистондан 80 нафар тадбиркорлар келган.

Тадбир якунида тадбиркорлар ўрсатида қиймати 42 миллион доллардан ортиқ бўлган шартномалар имзолангани маълум қилинди.

Форумда қатнашган тадбиркорларнинг айримлари билан суҳбатлашиб, улар учун Қирғизистон бозори нимаси билан қизиқ эканини ва уларни қийнаётган муаммоларнинг бор ёки йўқлиги ҳақида сўрадим.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Чегарадаги савдодан бизнес форумларигача

Бугун икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар ҳақида сўз кетганда миллиард долларлик товар айирбошлаш, бизнес форумлар ва қўшма лойиҳалар тилга олинади.

Бироқ яқин ўтмишда манзара бошқача эди.

1990-йиллар охири ва 2000-йилларда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар кўпинча чегаралар, хавфсизлик масалалари ва турли чекловлар соясида қолиб кетарди. Икки давлат ўртасидаги савдо ҳам асосан чегараолди бозорлари орқали амалга ошарди.

Ўша пайтларда Қорасув бозори Марказий Осиёдаги энг машҳур савдо нуқталаридан бири эди. Кўплаб ўзбекистонликлар бу ерга Хитой маҳсулотларини сотиб олиш учун келар, чегараларда оғир халта ва тугунлар билан турган савдогар аёллар эса одатий манзара ҳисобланарди.

Ўзбек-Қирғиз чегарасида.
Сурат тагсўзи, Бугунги кунда икки давлат чегаралари орқали ўтиш анча осонлашган.

2016 йилдан кейин Ўзбекистон ташқи сиёсатида қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилаш устувор йўналишлардан бирига айланди. Тошкент ва Бишкек ўртасидаги мулоқотлар фаоллашди, чегараларни кесиб ўтиш тартиблари енгиллаштирилди, ёпиқ ўтиш пунктларининг бир қисми қайта ишлай бошлади.

Натижада иқтисодий муносабатлар ҳам ўзгарди. Агар аввал Қирғизистон кўпроқ товар келадиган бозор сифатида кўрилган бўлса, бугун у тобора кўпроқ Ўзбекистон товарлари сотиладиган бозорга айланиб бормоқда.

Андижон ва Ўш шаҳарлари ўртасидаги "Дўстлик" назорат ўтказиш пункти

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат тагсўзи, Андижон ва Ўш шаҳарлари ўртасидаги "Дўстлик" маскани икки қўшни ўртасидаги энг гавжум чегара ўтиш нуқтасидир.

Ўзбекистон маҳсулотлари учун янги харидорлар керак

Қирғизистонга қизиқишни фақат яхши қўшничилик билан тушунтириш қийин.

Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ҳажми ҳам ўсиб бормоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида мамлакатда 289 триллион сўмдан ортиқ саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 фоиз кўп.

Янги корхоналар ва ишлаб чиқариш қувватлари маҳсулот учун янги бозорларни талаб қилади.

Қўқонлик тадбиркор Улуғбек ҳам Қирғизистонга айнан шу мақсадда келган.

Унинг фикрича, Қирғизистон бозорида ўзбек маҳсулотлари учун имконият бор. У буни айрим соҳаларда маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажми чеклангани билан изоҳлайди.

Ўзбекистонлик тадбиркор йигит.
Сурат тагсўзи, Қўқонлик Улуғбек анча йилларден бери қўшни Қирғизистонга маҳсулотлар экспорт қилади.

"Қирғизистоннинг бозори қизиқ. Бу ерда менинг фикримча маҳаллий ишлаб чиқарувчилар камроқ. Ҳозир бизда Ўзбекистонда жуда ҳам ишлаб чиқарувчилар кўп. Бу ерга маҳсулотларимизни етказиб берсак жуда яхши бўлади".

Унинг сўзларига кўра, форум давомида янги мижозлар топилган ва қўшимча шартномалар ҳам имзоланган.

"Ҳозир яна янги мижозлар топдим. Шартномалар имзоладик. Кейинги ойдан Қирғизистон бозорига бизнинг маҳсулотлар кўпроқ келиб, сотила бошлайди".

Қирғизистон нима учун қулай?

Тадбиркорлар айтишича, Қирғизистоннинг жозибаси фақат қўшни давлат экани билан изоҳланмайди.

Аввало, бу бозор географик жиҳатдан яқин. Масофанинг қисқалиги маҳсулотни тез етказиб бериш ва транспорт харажатларини камайтириш имконини беради.

Шунингдек, тил ва маданиятдаги яқинлик ҳам ишбилармонлик муносабатларини енгиллаштиради. Кўп ҳолларда тадбиркорлар таржимонсиз мулоқот қила олади, истеъмолчиларнинг эҳтиёж ва дидини тушуниш ҳам нисбатан осон кечади.

Форум қатнашчилари фикрича, айнан шу омиллар Қирғизистонни кўплаб ўзбек компаниялари учун ташқи бозорга чиқишдаги биринчи манзиллардан бирига айлантирмоқда.

"Россияга дарвоза"

Форумда энг кўп такрорланган фикрлардан бири Қирғизистоннинг каттароқ бозорларга чиқишдаги аҳамияти ҳақида бўлди.

Ўзбекистон Савдо палатаси қошидаги Кичик бизнес уюшмаси вакили Музаффархон Мусаевнинг айтишича, Қирғизистон кўплаб тадбиркорлар учун биринчи ташқи бозор вазифасини бажармоқда.

O‘zbekistonlik tadbirkorlar uchun ilk eksportni amalga oshirish uchun Qirg‘iziston qulay va oson davlat.
bbc.com/uzbek
O‘zbekistonlik tadbirkorlar uchun ilk eksportni amalga oshirish uchun Qirg‘iziston qulay va oson davlat.
Muzaffarxon Musayev
Kichik biznes uyushmasi yetakchisi

"Ўзбекистонлик тадбиркорлар учун илк экспортни амалга ошириш учун Қирғизистон қулай ва осон давлат. Тўғри, бозорни катта деб айтиб бўлмайди. Лекин биз бу бозор орқали Россия бозорига чиқсак бўлади. Белоруссия, Молдова бозорларига ҳам чиқсак бўлади".

Қирғизистон аҳолиси Ўзбекистонникидан анча кам. Шу сабабли унинг ўзи катта истеъмол бозори ҳисобланмайди.

Бироқ айрим тадбиркорлар уни ташқи савдода тажриба орттириш, янги шериклар топиш ва кейинчалик бошқа мамлакатларга чиқиш учун қулай нуқта сифатида кўрмоқда.

Савдо бир томонлама эмас

Қирғизистон бозорига қизиқиш ҳақида гап кетганда асосан ўзбек маҳсулотлари экспорти тилга олинади. Аммо савдо оқими фақат бир томонга қараб ҳаракатланаётгани йўқ.

Сўнгги йилларда Қирғизистон маҳсулотларининг Ўзбекистондаги улуши ҳам ортиб бормоқда.

Масалан, Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки беш ойида мамлакатдан экспорт қилинган табиий асалнинг энг йирик харидори Ўзбекистон бўлган. Бу даврда Ўзбекистонга 103 тоннадан зиёд асал етказиб берилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб етти баравар ошган.

Қирғизистон учун муҳим экспорт маҳсулотларидан яна бири кўмир ҳисобланади. Қирғизистон статистикасига кўра, 2026 йилнинг дастлабки беш ойида мамлакатдан экспорт қилинган 500 минг тоннадан ортиқ кўмир Ўзбекистонга жўнатилган.

Бу рақамлар икки давлат иқтисодиёти маълум даражада бир-бирини тўлдириб бораётганини кўрсатади. Ўзбекистон кўпроқ саноат ва тайёр маҳсулотлар экспорт қилаётган бўлса, Қирғизистондан кўмир, минерал хомашё ва айрим озиқ-овқат маҳсулотлари келмоқда.

Айни вақтда, Қирғизистон компаниялари ҳам Ўзбекистон бозорига фаолроқ чиқишга ҳаракат қилмоқда. Яқинда 50 нафардан ортиқ қирғиз тўқимачилик ва тикувчилик соҳаси вакиллари Тошкентга бизнес ташрифи билан келди. Қирғизистон Иқтисодиёт вазирлиги маълумотига кўра, айрим компаниялар маҳсулотларини тўғридан-тўғри Ўзбекистонда сотиш учун маҳаллий юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиш жараёнини бошлаган.

Қорасувдаги ўзгариш

Бу ўзгаришларни рақамлардан ташқари бозорларда ҳам кўриш мумкин.

Бир вақтлар Қорасув бозорига асосан Ўзбекистонга олиб кириш учун маҳсулот излаб келинган бўлса, бугун у ерда ўзбек маҳсулотлари кўпайиб бормоқда.

Озиқ-овқат маҳсулотлари, ширинликлар, қурилиш материаллари ва тўқимачилик маҳсулотлари қирғиз бозорларида тез-тез учрайди.

Бу, албатта, Қирғизистон фақат Ўзбекистон маҳсулотлари бозорига айланди дегани эмас. Аммо икки давлат ўртасидаги савдо йўналиши аввалгига нисбатан анча ўзгарганини кўрсатади.

Савдогина эмас, саёҳат ҳам кўпайди

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги яқинлашув фақат бозорларда эмас, одамлар ҳаракатида ҳам намоён бўлмоқда.

Қирғизистоннинг "Кабар" агентлиги келтирган маълумотларга кўра, 2025 йилда мамлакатда дам олган сайёҳлар сони 5,3 миллион кишига етган. Бу кўрсаткич бир йил аввалгига нисбатан қарийб 45 фоиз кўп.

Қирғизистонлик туризм мутахассиси Азамат Жаманқуловнинг фикрича, кейинги йилларда чегараларнинг очилиши ва икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши туристлар оқимининг сезиларли ўсишига олиб келган.

Унинг айтишича, Ўзбекистондан Қирғизистонга қизиқиш аввал ҳам юқори бўлган, аммо ёпиқ чегаралар сафарларни чеклаб келган.

Ўзбекистоннинг Ўш шаҳридаги бош консули Зафарбек Аҳмедов ҳам икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва гуманитар алоқалар кенгайиб бораётганини таъкидлайди.

Унинг маълум қилишича, 2025 йилда Ўзбекистонга келган 12 миллион хорижий сайёҳнинг 3 миллиондан ортиғи Қирғизистон ҳиссасига тўғри келган. 2026 йилнинг биринчи ярмида эса Қирғизистондан Ўзбекистонга 1 миллион 800 минг киши ташриф буюрган.

Ўзбекистоннинг Ўшдаги бош консули Зафар Аҳмедов.
Сурат тагсўзи, Ўзбекистоннинг Ўшдаги бош консули Зафарбек Аҳмедов.

"Ўтган йили Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард 200 миллион долларни ташкил қилди. Бу йил январь-июнь ойларида эса кўрсаткич 500 миллион долларга яқинлашди. Бу икки мамлакатнинг иқтисодий, инвестиция ва туризм соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратаётганидан далолат беради", — дейди Зафарбек Аҳмедов.

Унинг фикрича, бу жараён ортида икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мулоқот ва ўзаро ишонч ҳам муҳим ўрин тутади.

Ҳаммаси ҳам силлиқ кетмаяпти

Шу билан бирга, тадбиркорлар ҳали ҳам айрим муаммоларга дуч келади.

Баъзан маҳсулотлар чегарада қайтарилиши ёки ҳужжатлар билан боғлиқ масалалар юзага келиши мумкин.

Ўш савдо палатаси вакили Қантўрў Турдубоев бундай ҳолатларни кўпроқ қонунчилик талабларини яхши билмаслик билан изоҳлайди.

"Агар бизнесмен қонунни нотўғри қўллаган вақтда албатта тўхтатилади. Шунинг учун икки томоннинг ҳам инвестиция ва экспорт бўйича қонунларини яхши ўрганишса, тадбиркорларнинг ўзларига яхши бўлади".

Бу савдо ҳажми ортиб бораётган бўлса ҳам, техник талаблар, сертификатлаштириш ва қонунчилик масалалари ўз аҳамиятини сақлаб қолаётганини кўрсатади.

2 миллиард долларлик мақсад

Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийлари 2030 йилгача ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш мақсадини билдириб келмоқда.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 2016 йилга нисбатан етти баравардан кўпроқ ўсган. Қирғиз капитали иштирокида Ўзбекистонда фаолият юритаётган корхоналар сони ҳам сўнгги ўн йил ичида бир неча баравар кўпайган.

Мутахассислар фикрича, кейинги босқич оддий олди-сотдидан қўшма ишлаб чиқариш, саноат ҳамкорлиги ва логистика лойиҳаларига ўтиш бўлиши мумкин.

Агар бир пайтлар Қирғизистон ўзбекистонликлар учун асосан товар олиб келинадиган жой бўлган бўлса, бугун у кўплаб ўзбек тадбиркорлари учун товар сотиладиган, янги харидорлар топиладиган ва ташқи бозорга чиқиш синаб кўриладиган майдонга айланиб бормоқда. Ўшдаги форум эса бу ўзгаришнинг навбатдаги кўринишларидан бири бўлди.