Ўзбекистонда туғилишлар камаймоқда: Хавотирлар ўринлими?

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Сўнгги икки йил давомида Ўзбекистонда туғилишлар сони изчил пасаймоқда. Бир қарашда бу рақамлар демографик инқироз бошланаётгандек туюлиши мумкин. Аммо экспертлар ҳозирча бу каби кескин хулосалар чиқаришга шошилмаяпти.
Расмий статистикага кўра, 2025 йилда мамлакатда 879,6 минг нафар чақалоқ туғилган бўлса, бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 5,1 фоизга кам. 2026 йилнинг биринчи ярмида ҳам туғилишлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32 минг нафардан зиёдга қисқарган.
Бошқа томондан Ўзбекистон аҳолиси ўсишда давом этмоқда. Мамлакат аҳолиси 38 миллионлик маррани босиб ўтди.
Агар ўтган йилнинг шу даврида аҳолининг йиллик ўсиши 2 фоизни ташкил этган бўлса, бу йил мазкур кўрсаткич 1,7 фоизга тушган.
Ўзбекистонда ҳозирча демографик инқироз тахдид солмаётган бўлса-да, туғилишнинг йилдан йилга тушаётгани хавотир уйғотган.
Бу демографик инқирозми?
Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг фикрича, ҳозирги жараённи оилалар фарзанд кўришдан воз кечаётгани билан изоҳлашга эрта. Унинг фикрича, жараённинг асосий сабабларидан бири демографик таркибдаги ўзгаришлар бўлиши мумкин.
Яъни, 1990-йиллар охири ва 2000-йиллар бошида туғилишлар нисбатан кам бўлган даврда дунёга келган авлод ҳозир фарзанд кўриш ёшига кириб келмоқда.
Натижада репродуктив ёшдаги аҳоли сони аввалги авлодларга нисбатан кичикроқ бўлиб чиқяпти.
Демографияда бу ҳолат "демографик инерция" деб аталади.
Аслида бу жараён кўплаб мамлакатларда кузатилган. Агар маълум бир даврда туғилишлар камайса, 20-30 йил ўтиб ана шу кичик авлоднинг фарзанд кўриш даври келганида умумий туғилишлар сони яна қисқаради. Бу ҳатто ҳар бир оиладаги фарзандлар сони ўзгармаган тақдирда ҳам рўй бериши мумкин.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистондаги бугунги жараён маълум даражада табиий демографик циклнинг натижаси ҳисобланиши мумкин.
Лекин янги ижтимоий омиллар ҳам кучаймоқда
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Мутахассисларни ўйлантираётган жиҳат шундаки, туғилишлар қисқариши билан бир вақтда никоҳлар сони ҳам камаймоқда.
Статистикага кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида мамлакатда бор-йўғи 92,3 минг никоҳ рўйхатга олинган. Бу пандемия йилларидан бери кузатилмаган даражада паст кўрсаткич ҳисобланади.
Айни пайтда ажралишлар сони 24,8 мингтани ташкил этган.
Бу рақамлар Ўзбекистон оила институтида ҳам маълум ўзгаришлар кечаётганини кўрсатади.
Сўнгги йилларда ёшларнинг таълим олиш даври узаймоқда, меҳнат миграцияси кучаймоқда, шаҳарлашув суръатлари ортиб бормоқда. Буларнинг барчаси оила қуриш ва фарзандли бўлиш қарорларига таъсир кўрсатади.
Бугунги ёшлар учун аввалги авлодларга нисбатан таълим, касб, уй-жой ва молиявий барқарорлик масалалари муҳимроқ аҳамият касб этмоқда. Натижада биринчи никоҳ ёши ҳам, биринчи фарзанд туғилиши ёши ҳам аста-секин юқорилаб бормоқда.
Бу тенденция нафақат Ўзбекистонга, балки Марказий Осиёнинг деярли барча давлатларига хосдир.
Қозоғистон тажрибаси: Ўзбекистон учун муҳим мисол

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистон ҳолатига энг яқин мисоллардан бири Қозоғистон ҳисобланади.
Қозоғистонда 2021 йил пандемиядан кейин туғилишлар рекорд даражага чиққан эди. Бироқ кейинги йилларда туғилишлар сони сезиларли равишда пасайди. Мамлакат демографлари бу ҳолатни пандемиядан кейинги "бэби-бум"нинг тугаши, иқтисодий омиллар ва репродуктив ёшдаги аҳоли таркиби ўзгариши билан изоҳламоқда.
Қизиғи шундаки, Қозоғистонда ҳам мутахассислар туғилишлар қисқаришини дарҳол демографик инқироз сифатида баҳоламади. Аксинча, улар умумий туғилиш коэффициенти ҳали ҳам аҳолининг табиий кўпайишини таъминлаётганини таъкидлашади.
Бу жиҳатдан Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ўхшашликлар кўп. Икки мамлакатда ҳам аҳоли ўсиши давом этмоқда, аммо ўсиш суръати аста-секин секинлашмоқда. Шунинг учун асосий вазифа туғилишлар сони эмас, балки демографик сифат, яъни таълим, соғлиқни сақлаш ва меҳнат бозорининг келажакдаги юкини таҳлил қилишдан иборат.
Ўлимлар сони рекорд даражага чиқди
2026 йилнинг биринчи ярмида қайд этилган ўлимлар сони 86,9 минг нафарни ташкил қилди. Бу сўнгги йиллардаги энг юқори кўрсаткич сифатида қайд этилмоқда.
Албатта, бу аҳоли қаришининг кескин босқичи бошланганини англатмайди. Чунки Ўзбекистон ҳали ҳам ёш аҳолига эга давлатлар қаторида қолмоқда.
Бироқ туғилишлар камайиши ва ўлимлар сонининг ўсиши аҳоли табиий кўпайиш суръатини қисқартирувчи икки муҳим омил ҳисобланади.
Дунёда қандай тенденция кузатилмоқда?
Ўзбекистондаги жараён глобал демографик манзарадан ажралган ҳолат эмас.
БМТ маълумотларига кўра, сўнгги ярим аср ичида дунё аҳолисининг кўп қисми яшайдиган мамлакатларда туғилиш коэффициенти кескин пасайган. Агар 1950-йилларда жаҳонда бир аёл ҳисобига ўртача бештага яқин фарзанд тўғри келган бўлса, бугун бу кўрсаткич икки ярим нафар атрофида.
Айниқса Шарқий Осиё, Европа ва Лотин Америкасида фарзандлар сони тез қисқармоқда. Жанубий Корея, Япония, Италия ва Испания каби давлатларда туғилиш коэффициенти аҳоли ўзини қайта тиклаши учун зарур бўлган 2,1 даражадан анча пастга тушиб кетган.
Бунга бир нечта омил таъсир қилмоқда:
- шаҳарлашувнинг кучайиши;
- аёллар таълим даражасининг ўсиши;
- уй-жой нархларининг қимматлашиши;
- бола тарбияси харажатларининг ортиши;
- никоҳ ва фарзандли бўлиш ёшининг кечикиши;
- индивидуал ҳаёт тарзининг кенгайиши.
Марказий Осиё мамлакатлари ҳозирча мазкур жараённинг илк босқичида турибди. Бироқ кўплаб демографлар келгуси ўн йилликларда минтақада ҳам туғилиш суръатлари секинлашиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Демографик инқироз эмас, демографик ўтиш даври
Ўзбекистонда демографик инқироз бошланган, деган хулоса қилиш ҳали эрта эканлиги айтилади.
Чунки мамлакатда умумий туғилиш коэффициенти ҳануз юқори даражада сақланмоқда. Аҳоли сони ўсишда давом этяпти. Табиий кўпайиш ҳам мусбат кўрсаткични намоён қилмоқда.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Шу билан бирга, сўнгги рақамлар муҳим сигнал бўлиб хизмат қилади. Агар демографик инерция таъсирига қўшимча равишда никоҳ ёшининг ортиши, миграция, иқтисодий босим ва фарзандлар сони бўйича қарашларнинг ўзгариши каби омиллар кучайса, туғилишлар пасайиши узоқ муддатли тенденцияга айланиши мумкин.
Шу боис мутахассислар энди фақат қанча чақалоқ туғилганини эмас, балки ёш оилаларнинг қарорларига таъсир қилувчи иқтисодий ва ижтимоий омилларни чуқур ўрганиш зарурлигини таъкидламоқда.






























