Ҳамас қуролсизланишга рози, Исроил ҳали жим

Одамлар вайрон қилинган уй харобалари орасида қолган ашёларини изламоқда.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Фаластинликлар 2026 йил 30 июл куни Ғазо шаҳрида Исроил зарбасига учраган уйни кўздан кечирмоқда.
Published
Ўқилиш вақти: 5 дақ

АҚШ президенти Доналд Трамп Ғазодаги Ҳамас ва бошқа қуролли гуруҳларни тўлиқ қуролсизлантириш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди.

Ҳамаснинг юқори мартабали вакилларидан бири Би-би-сига ҳаракат Тинчлик кенгаши томонидан таклиф этилган қуролсизланиш режасига розилик билдирганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳақда расмий баёнот тез орада эълон қилинади. Исроил эса ҳозирча мазкур хабарга муносабат билдирмади.

Трамп ташаббуси билан тузилган Тинчлик кенгаши тарқатган баёнотда қайд этилишича, келишув бир неча ой давом этган музокаралар натижасида қўлга киритилган. Энди асосий эътибор унинг амалда бажарилишига қаратилмоқда.

Мазкур келишув АҚШ воситачилигида ишлаб чиқилган Ғазода ўт очишни тўхтатиш режасининг иккинчи босқичи ҳисобланади. Режада Ҳамасни қуролсизлантириш, Исроил қўшинларини Ғазодан олиб чиқиш ҳамда ҳудудни қайта тиклаш назарда тутилган.

АҚШ президентининг айтишича, Исроил "қуролсизланиш жараёни якунланиши билан" Ғазодан ўз қўшинларини олиб чиқади. У мазкур келишувни "Ғазо ҳудуди ниҳоят янги Фаластин ҳукумати томонидан бошқарилиши сари қўйилган муҳим қадам" деб атади.

Трамп "Truth Social" ижтимоий тармоғидаги саҳифасида: "Халқаро барқарорлаштириш кучлари янги Фаластин полицияси билан ҳамкорликда Ғазонинг аҳолиси ва қўшнилари учун хавфсиз ҳудуд бўлишига масъул бўлади," деб ёзди.

Трампнинг таъкидлашича, мазкур келишув "Трампнинг 20 банддан иборат режасини амалга оширишдаги муҳим босқич" ҳисобланади. Шунингдек, у музокараларда воситачилик қилган Миср, Қатар ва Туркияга миннатдорлик билдирди.

Ўтган йил сентябр ойида тақдим этилган режада келишув ижросини назорат қилиш ва "Ғазони қайта қуришни молиялаштириш масалаларини бошқариш" учун Тинчлик кенгашини ташкил этиш кўзда тутилган эди.

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Кенгашнинг таъсисчи аъзолари қаторига АҚШдан ташқари Покистон, Саудия Арабистони, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликлари киради.

Буюк Британия, Франция ва Хитой эса мазкур тузилма ташкил этилганидан бери унга қўшилиш масаласини ортга суриб келмоқда. Айрим давлатлар бунга халқаро ҳуқуқ ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан боғлиқ хавотирларни сабаб қилиб кўрсатган.

Трампнинг Ғазо бўйича тинчлик режаси доирасида тузилган бўлса-да, кузатувчилар фикрича, кейинчалик кенгаш фаолияти доираси кенгайган. Ташкилотнинг расмий веб-сайтида у умумийроқ вазифаларни бажарувчи "халқаро тинчликпарвар ташкилот" сифатида тавсифланган.

Журналистлар билан бўлиб ўтган мулоқотда АҚШ расмийсидан, Ҳамас қуролсизлантирилганидан кейин Исроилнинг Ғазодан чиқиб кетишига АҚШ қай даражада ишонаётгани сўралганда, у шундай жавоб берди:

"Биз Исроилдан дастлаб ўзи розилик билдирган 20 бандли режага амал қилишдан бошқа ҳеч нарсани талаб қилаётганимиз йўқ. Шунинг учун улар ушбу режага амал қилишларига ишончимиз комил."

Расмийнинг айтишича, агар Исроил Ғазодан чиқиб кетмасликка қарор қилса, Трамп "жуда қаттиқ хафа бўлади". Шу билан бирга, АҚШ Исроил яхши ҳамкор бўлиб қолишига ишонишини билдирди.

Режага дастлаб розилик билдирганига қарамай, Исроил ҳанузгача Ҳамаснинг ҳақиқатдан ҳам қуролсизланишга тайёр эканига катта шубҳа билан қарамоқда.

Reuters
Biz Isroildan dastlab o‘zi rozilik bildirgan 20 bandli rejaga amal qilishdan boshqa hech narsani talab qilayotganimiz yo‘q.
Donald Tramp
BBC.COM/UZBEK

BBC танишиб чиққан келишув ҳужжатида Ҳамас тасарруфида қолган оғир қуролларни Фаластин томони назорати остида рўйхатга олиш ва сақлаш тартиби кўзда тутилган. Бу эса Трамп қўллаб-қувватлаётган Ғазо тинчлик ташаббусини олға силжитишдаги энг катта тўсиқни бартараф этиши мумкин.

АҚШ расмийларининг маълум қилишича, аввал Ғазодаги кичикроқ қуролли гуруҳлар қуролсизлантирилади. Шундан кейин Ҳамас ўзининг давлат тузилмасига ўхшаш ҳарбий инфратузилмасини, жумладан туннеллар, қурол омборлари ва қурол ишлаб чиқариш объектларини тугатишни бошлайди. Расмийлар бу жараён анча узоқ вақт талаб қилишини тан олди.

Уларнинг таъкидлашича, режа атайлаб "нол ишонч" тамойили асосида ишлаб чиқилган бўлиб, барча босқичлар текширув механизми билан таъминланган. Ҳамас ҳам, Исроил ҳам қарши томон ўз мажбуриятларини бажармас экан, кейинги босқичга ўтмайди.

Ғазода эса бу баёнот катта қизиқиш ёки кўтаринки кайфият билан қарши олинмади.

Кўплаб фаластинликлар сиёсий келишувларга нисбатан чуқур ишончсизликка тушиб қолган. Сабаби, аввалги келишувлар бир неча бор амалий натижалар беришидан олдин барбод бўлган.

Ғазодаги Ҳамас назоратидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган йил октябр ойида Исроил ва Ҳамас ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирганидан буён Исроил ҳужумлари оқибатида камида 1 168 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.

Шу давр мобайнида Ғазодаги фаластинликлар ҳужумлари натижасида тўрт нафар исроиллик ҳарбий ҳалок бўлган.

Миср пойтахти Қоҳирада Ғазодаги сулҳ бўйича воситачиларнинг навбатдаги учрашуви яқин кунларда ўтказилиши кутилмоқда. Давлатга яқин бўлган Al-Qahera News нашрининг жума куни хабар беришича, учрашувда АҚШ, Қатар ва Туркия ҳам қатнашади.

Куннинг аввалги қисмида Reuters агентлигига гапирган номаълум манбалар Қоҳирада воситачилар ва Ҳамас раҳбарлари ўртасида АҚШ воситачилигидаги Ғазо тинчлик режасини амалга ошириш бўйича музокараларда камдан-кам учрайдиган даражада илгарилаш бўлганини айтган. Бироқ Исроил расмийларидан бири таклиф этилган шартларни қониқарли деб ҳисобламаётганини билдирган.

Трампнинг мазкур баёнотидан сўнг The Times of Israel нашри номаълум манбага таяниб, келишув Ҳамас вакиллари, Тинчлик кенгаши ҳамда воситачи давлатлар музокарачилари ўртасида имзоланганини хабар қилди.

Бироқ нашрнинг ёзишича, Исроил расмий доираларидан бири қуролсизланиш бўйича таклиф мамлакат талабларига тўлиқ жавоб бермаслигини маълум қилган.

Бундан аввал ҳам Исроил оммавий ахборот воситалари ҳукумат Ҳамас билан муҳокама қилинаётган келишувни қўллаб-қувватламаётганини хабар қилган эди.

Музокаралар жараёнидан хабардор юқори лавозимли фаластинлик манбанинг BBC га айтишича, жорий йил апрел ойида Ҳамас Трампнинг Ғазо бўйича тинчлик ташаббуси доирасида таклиф этилган қуролсизланиш режасини рад этган.

Шу ой бошида Ҳамас раҳбарлигига Халил ал-Ҳайя сайланди. У 2024 йил октябр ойида Ғазода Исроил ҳарбий операцияси чоғида ҳалок бўлган Яҳё Синварнинг ўрнини эгаллади. Ал-Ҳайя Ҳамаснинг бош музокарачиси сифатида ҳаракат делегацияларига раҳбарлик қилиб, Миср ва Қатардаги воситачилар билан музокаралар олиб бориб келган.

BBC нинг йил бошидаги хабарига кўра, Тинчлик кенгаши дастлаб Ғазодаги урушни тугатиш ва уни қайта тиклаш ишларини мувофиқлаштириш мақсадида ташкил этилган. Аммо ташкилот низомининг лойиҳасида Фаластин ҳудуди тилга олинмаган бўлиб, ҳужжат айрим кузатувчиларда кенгаш БМТнинг баъзи вазифаларини ўз зиммасига олиши мумкин, деган тасаввур уйғотган.

Ҳамас 2023 йил 7 октябрда Исроилга ҳужум уюштирган эди. Ҳужум оқибатида 1 200 киши ҳалок бўлган, яна 251 киши гаровга олинган.

Бунга жавобан Исроил Ғазода кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлаган эди. Ҳамас назоратидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, шундан бери ҳудудда 73 минг 290 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлган, уларнинг 21 минг 280 нафари болалардир. БМТ мазкур статистикани ишончли деб баҳолайди.

2024 йилда Халқаро жиноят суди эҳтимолий ҳарбий жиноятлар билан боғлиқ иш доирасида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху, собиқ мудофаа вазири Йоав Галлант ва Ҳамаснинг ҳарбий қўмондони Муҳаммад Дайфни ҳибсга олиш ордерини чиқарган. Исроил томонининг билдиришича, Муҳаммад Дайф ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлган.

Нетаняху суд қарорини "антисемитик" деб атаган бўлса, Ҳамас мазкур ордерлар халқаро ҳуқуқ амалиётида "муҳим тарихий прецедент" яратганини таъкидлаган.

2025 йил сентябрда БМТнинг махсус тергов комиссияси Исроилни Ғазодаги фаластинликларга қарши геноцид содир этган, деган хулосага келган. Исроил Ташқи ишлар вазирлиги эса бу ҳисоботни қатъий рад этиб, уни "нотўғри ва ҳақиқатга мос келмайдиган ҳужжат" деб баҳолаган.