Ўзбекистон: Судялар судланмоқда – бу суд мустақиллиги учун таҳдидми ёки адолат қарор топиши?

Суд ишига алоқадор шахслар (чапдан ўнгга: Акмал Шукуров, адвокат Абдумалик Абдуллаев, судланаётган собиқ судя Муҳтарама Турғунбоева ва адвокат Мухсинжон Мадаминов)
Сурат тагсўзи, Тошкент шаҳар судининг 4 нафар собиқ судяси (улар орасида суд раисининг собиқ ўринбосари ҳам бор) устидан олиб борилаётган суд жараёни кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда
    • Author, Алибек Бейжанов
    • Role, BBC Ўзбек, Тошкент
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Ўзбекистонда 4 нафар собиқ судя устидан суд жараёни бошланди. Уларни ҳимоя қилиш учун 50 нафардан ортиқ адвокат бирлашди. Бундай ҳодиса Ўзбекистон тарихида олдин содир бўлмагани айтилмоқда. Адвокатлар мазкур судяларнинг жавобгарликка тортилиши мамлакатдаги суд мустақиллиги учун жиддий хавф бўлишини айтмоқда. Ижтимоий тармоқларда эса фойдаланувчиларнинг айримлари, аксинча, судланаётган судяларни қораламоқда.

Ҳаммаси нимадан бошланган эди?

2025 йилнинг март ойида Тошкентдаги тунги клуб эшиги олдида содир бўлган жанжал

Сурат манбаси, Ижтимоий тармоқ

Сурат тагсўзи, Мазкур иш 2025 йилнинг март ойида Тошкентдаги тунги клуб эшиги олдида содир бўлган жанжалга бориб тақалади

Мазкур иш ўтган йилнинг баҳорида Тошкент шаҳрида содир бўлган воқеага бориб тақалади.

Очиқ маълумотларга кўра, 2025 йил 16 март тунги соат 02:30 ларда 1995 йилда туғилган Акмал Шукуров пойтахтнинг Яккасарой туманидаги ресторанлардан бирига мижоз сифатида келади ва шу ерда ўзининг 1985 йилда туғилган таниши Х.А. билан ўртасида келиб чиққан низо сабабли ўзаро жанжаллашади. 1990 йилда туғилган Б.А. уларни ажратишга ҳаракат қилган вақтида Акмал Шукуров уни уриб, тан жароҳати етказади. Оқибатда Б.А. "бош мия жароҳати, ўнг юзидан лунжи йиртилган жароҳати ва спиртдан заҳарланиш" ташхиси билан шифохонага олиб борилади.

Акмал Шукуров эса мамлакатдан қочиб кетади ва қидирувга берилади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида у Қозоғистон Республикасида ушланиб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинади.

Акмал Шукуровнинг қўлга олиниши

Сурат манбаси, Тошкент шаҳар ИИББ

Сурат тагсўзи, Акмал Шукуровнинг қўлга олиниши

Акмал Шукуровга Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми "е" банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми "а", "г" бандлари, 4-қисми "а" банди, 277-моддаси (безорилик) 3-қисми "г" банди билан айблов қўйилди ва иш жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида кўриб чиқилди. 2025 йил 24 октябр куни жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланди. Суднинг ҳукми билан Акмал Шукуров Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми "е" банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми "а" банди ва 277-моддаси (безорилик) 3-қисми "г" бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Биринчи ҳукм чиққанидан 47 кун ўтиб, аниқроғи 2025 йилнинг 9 декабрида Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанция судининг ажрими билан биринчи ҳукм ўзгаради. Судланувчига узил-кесил 4 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланади. Акмал Шукуровнинг 2025 йил 21 мартдан 2025 йил 9 декабрга қадар қамоқда бўлган 263 кунини тайинланган жазодан чегириб, узил-кесил ўташ учун 3 йил 3 ой 11 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилади. Судланувчига танланган қамоқ эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у суд залидан қамоқдан озод қилинади.

Шунингдек, ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг, судланувчи Акмал Шукуровдан жабрланувчи фойдасига 2 млрд 694 млн сўм ундириш қисми бекор қилинган. Судлар департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бўлими ҳисоб рақамига шу миқдордаги пулдан 2 млрд 301 млн сўм қисми жабрланувчига етказилган моддий зарар ҳисобига қаратилган. Қолган 392 млн сўм қайтарилган. Жабрланувчига етказилган зарар тўлиқ қопланган деб эътироф этилган. Жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлиги қайд этилган.

Мазкур ажрим оммавий ахборот воситаларида шов-шувларга сабаб бўлди. Масалан, "Kun.uz" сайтида эълон қилинган "Қаловини топса, қор ҳам ёнади" сарловҳали мақолада 2025 йил давомида Акмал Шукуров каби Жиноят кодексининг 104-моддаси билан кўрилган ишлар солиштирилади.

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

"Юқоридаги ҳар икки ҳолатда судланувчилар фақат битта, яъни безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказиш билан айбланиб, қамоқда қолган. Акмал Шукуров эса Жиноят кодексининг 3 та моддаси бўйича айбли деб топилса ҳам озодликка чиқарилган. Бу Ўзбекистонда суд тизимида қаловини топса қор ҳам ёниши мумкинлигини кўрсатади", дейилади мақолада.

Бу орада Тошкент шаҳар прокуратураси тафтиш тартибида протест киритди. 2025 йил 18 декабр куни мазкур жиноят иши Тошкент шаҳар судининг 3 нафар судядан иборат тафтиш ҳайъати томонидан қайта кўриб чиқилиб, прокуратура протести қаноатлантирилди. Акмал Шукуровга тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унинг қамоқда сақланган кунлари тайинланган жазодан чегирилиб, ўташ учун 5 йил 3 ой 12 кун муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилди.

Судялар иши

Мана энди судялар масаласига ҳам етиб келдик. Апелляция инстанциясида Акмал Шукуров ишини кўриб, унга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини озодликни чеклашга ўзгартирган Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судялари – Муҳтарама Турғунова, Одилбек Илҳомжонов ҳамда Мирзиёд Обидов 2025 йил охирида лавозимидан озод этилди, уларнинг судялик ваколатлари муддатидан илгари тугатилди. Шунингдек, Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Муроджон Мирзажонов ҳам "Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 25 декабрдаги фармойишига мувофиқ ёзма аризасига биноан ҳамда одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузганлиги учун Ўзбекистон Республикаси "Судлар тўғрисида"ги қонуни 79-моддаси 1-қисмининг 2,10-бандларига асосан судялик ваколатлари муддатидан илгари тугатилиб", лавозимидан озод этилди.

2026 йил бошида Бош прокуратура томонидан Муроджон Мирзажоновга нисбатан Жиноят кодексининг 231-моддаси (Адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариш) 2-қисми, 236-моддаси (Тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш) 2-қисми билан ҳамда жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг собиқ судялари Одилбек Илҳомжонов, Мирзиёд Обидов ва Муҳтарама Турғуновага нисбатан Жиноят кодексининг 231-моддаси (Адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Собиқ судяларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди. Уч нафар собиқ судя январдан апрелгача қамоқда қолди ва 11 апрелдан эҳтиёт чораси гаровга ўзгартирилиб, қамоқдан чиқарилди. Тошкент шаҳар суди раисининг собиқ ўринбосари Муроджон Мирзажонов эса ҳамон қамоқда қолмоқда.

Ҳимоя томони нима демоқда?

Собиқ судялар мазкур иш юзасидан БМТнинг Асоссиз (ўзбошимчалик билан) қамоққа олишлар бўйича ишчи гуруҳига мурожаат қилди. Mурожаатда улар ўзларининг ноқонуний равишда ҳибсга олингани, уларга нисбатан хизмат текшируви, дастлабки тергов даврида алдов ва босимлар орқали кўрсатмалар олингани, шунингдек, судялар қонунга мувофиқ, хизмат фаолияти даврида дахлсиз экани, суд қарорларини қабул қилишда мустақил экани тилга олинади.

2026 йил 24 июл куни Тошкент вилоят судида мазкур ишни кўриш бошланди. Дастлабки суд мажлисида суд таркиби кўриб чиқилди. Ҳимоя томони ишнинг Тошкент вилоят судида кўрилишидан норози эканини билдирди. Улар судланувчилар дахлсизликка эга бўлган судялар бўлгани сабабли ишни Олий суд кўриб чиқиши кераклигини айтмоқда. Суд мажлисида адвокат Бобур Ўтамуродов шуни талаб қилиб, илтимоснома киритди, аммо раислик қилувчи судя бу илтимосномани рад этди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Тошкент шаҳар суди судялари томонидан қабул қилинган бу ҳукм ва ажримларнинг қонунийлигини фақат Олий суд текшириши мумкин. Бу вилоят суди текширишга ваколатли эмас. "Судлар тўғрисида"ги қонундаги структура, Жиноят-процессуал кодексида белгилаб қўйилган инстанцияларнинг ваколатлари шундан иборат. Мана шу сабабли судяга раддия эълон қилдик. Бу биринчи раддиямиз эмас, бу иккинчи раддиямиз. Дастлабки эшитув жараёнида ҳам шунга яқин асос бўйича раддия берган эдик. Ҳозирча рад қилинди.

Мирзажонов Мурод ака Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари сифатида ишлаган. Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари эса Тошкент шаҳар судяси ёки вилоят судининг оддий судясига қараганда юқорироқ мақомга эга. Ўзидан юқорироқ мақомга, ваколати кенгроқ бўлган одамга нисбатан унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш субординация жиҳатидан унга бўйсунадиган мақомда ўтирган судянинг ваколатида эмас. Шу сабабли ҳам Тошкент вилоят судининг судяси томонидан судяларимизга доир ишни кўришга ваколати етарли эмас", деди суд мажлисидан кейин BBC Ўзбек билан гаплашган адвокат Мухсинжон Мадаминов.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Унинг айтишича, Ўзбекистонда судяларнинг судланиши охирги пайтда тез-тез учраяпти. У 2021 йилда уч нафар судя қарорлари қонуний кучга кирган ва бекор қилинмаган бўлишига қарамасдан, Тошкент вилояти Зангиота туман судида Жиноят кодексининг 231-моддаси (Адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариш) билан судлангани, 2022 ёки 2023 йиллари Тошкент шаҳар ёки Тошкент туманлараро иқтисодий судининг бир нечта судяси жиноий жавобгарликка тортилганини мисол сифатида келтирди.

Мадаминов мазкур ишда судланаётган тўрт нафар собиқ судяни ҳимоясига 50 дан ортиқ адвокат бирлашганининг сабабини ҳам тушунтирди. Унинг сўзларига кўра, охирги олти ой ичида жиноят ишларида судланувчи шахсларга суд томонидан енгиллик берилиши қийинлашган. Ўзи осон бўлмаган оқлов ҳукмларига эришиш янада мураккаблашган. Оқлов ҳукмлари сони камайган.

BBC O'zbek
Toshkent shahar sudi sudyalari tomonidan qabul qilingan bu hukm va ajrimlarning qonuniyligini faqat Oliy sud tekshirishi mumkin. Viloyat sudi buni tekshirishga vakolatli emas.
Muxsinjon Madaminov
Advokat (Batafsil: BBC.COM/UZBEK)

Яна бир адвокат Абдумалик Абдуллаев эса ҳимояси остидаги собиқ судя Муҳтарама Турғунованинг фаолияти давомида қатиятли судя сифатида ўзини номоён қилганини айтди.

Бу ерда суд мустақиллиги масаласи турибди, судяларнинг дахлсизлиги масаласи турибди. Мисол учун, чунки мен шу

"Ҳимоям остидаги Турғуновани ҳимоя қилар эканман, унинг журъатлилиги, қатъиятлилиги эътиборга лойиқ. Масалан, унинг кўрган ишларидан хабаримиз бор: у олтмишдан ортиқ ишларда олтмишдан ортиқ шахсларга нисбатан оқлов ҳукмларини журъатли, қатъиятли тарзда эълон қила олган судя. Уни элликдан ортиқ ортиқча қўйилган айбловлар бўйича айбловни баралла, журъатли, қатъиятли тарзда олиб ташлай олган судя деб биламиз.

Шунинг учун, "Бу ерда адвокатларни нима жиҳатдан, нима бирлаштира олди?" деган саволга судяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги масаласи бирлаштира олди, деб жавоб бериш мумкин. Бу иш барибир шу нарсага таъсир қиляпти. Бу иш бутун республика судялари томонидан кузатиб турилибди: қандай натижа билан тугайди бу иш? Қандай натижа билан тугаши, барибир, табиийки, уларнинг иш фаолиятига таъсир қилади. Хоҳлайсизми-хоҳламайсизми, уларда ҳозир қандайдир маънода мустақиллиги ва дахлсизлиги масаласида жуда кўп саволларни ўртага чиқаряпти", дейди адвокат Абдуллаев.

Бироқ ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кўпчилиги адвокатларнинг фикрига қўшилмайди

Мазкур суд мажлиси ўтгани ҳақидаги хабарлар эълон қилирганидан сўнг, кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари судяларни қораловчи изоҳлар ёза бошлади. Айримлар судяларнинг фаолиятидан жабр кўрганини ёзса, айримлар "адвокатлар оддий одамларни ҳимоя қилишга кўнгилли тарзда киришмаслиги"ни ёзмоқда. Яна баъзилар эса судлар мустақил эмаслиги, прокурор қандай қоралов эълон қилса, ўша позицияда иш кўришларини иддао қилган.

"Айби борки, суд қилиняпти. Сабабсиз суд қилишмайди-ку", дея ёзган тармоқ фойдаланувчиси ўз тажрибаси билан бўлишиб, суд сабабли 7 йил сарсон бўлганини эслаган.

Бошқа бир фойдаланувчи эса "шу тўрт судя ноҳақ қамоққа олинди деб ҳисоблайман, Улар кимларнингдир ўйинлари қурбони бўлишмоқда", дея ёзган

Бири "Судялар ҳам бир судланиб кўрсин", деса,

"Судяларни айби исботланса, жазосинин олсин. Бироқ 50 дан ортиқ адвокатларни иштирок этаётгани ва эътирозлари, судяни БМТга мурожаатидан судянинг айби йўққа ўхшайди, чунки улар ҳуқуқшунос, ўз-ўзидан бундай фикрга келаса керак", дея ёзади яна бир фойдаланувчи

Журналист Шуҳрат Шокиржонов ҳам Facebook'даги саҳифасида "Таниш ўртоғим ёзяпти", дея катта постни эълон қилди ва у ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Журналист Шуҳрат Шокиржоновнинг Facebook'даги саҳифасидан экран тасвири

Сурат манбаси, Журналист Шуҳрат Шокиржоновнинг Facebook'даги саҳифасидан экран тасвири

Сурат тагсўзи, Журналист Шуҳрат Шокиржоновнинг Facebook'даги саҳифасидан экран тасвири

Биринчи суд мажлиси куни давлат қораловчисидан изоҳ олиш имкони бўлмади. BBC Ўзбек мазкур иш юзасидан Бош прокуратурага ҳам сўров юборган.

Мазкур суд иши энди бошланмоқда ва ҳали узоқ давом этиши кутилмоқда. Жараён атрофидаги фикрлар ҳам турли-туман. Ўзбекистон тарихидаги илк претсидент экани айтилаётган иш бўйича кейинги суд мажлиси 31 июл куни Тошкент вилоят судида бўлиб ўтади.