Саудия АҚШ-Эрон урушига аралашмасликка уринар экан, икки танлов қаршисида қоляпти

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Саудия Арабистони қийин танлов қаршисида турибди. АҚШ ва Исроил 28 февралда Эронга қарши уруш бошлаганидан буён саудияликлар асосан можародан четда қолишга ҳаракат қилиб келишди.
Аммо энди, уч томондан ҳужумга учрагач, Саудия сабр косаси тўлган кўринади. Шу ҳафта у АҚШ билан биргаликда Ироқдаги Эронга алоқадор прокси қуролли гуруҳларга зарба берди. Ар-Риёднинг фикрича, айнан шу гуруҳлар қироллик ҳудудига дрон ҳужумларини уюштириб келган.
Энди Саудия Арабистони олдидаги асосий дилемма шундаки: тийиб туриш воситаси сифатида жавоб зарбаларини давом эттириш керакми ёки вазиятни юмшатишга, эҳтимол, айрим рақибларини молиявий йўл билан тинчлантиришга ҳаракат қилиш керакми?
Хўш, ким кимга ҳужум қиляпти ва нима учун?
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Аввало, бироз умумий манзара. Сўнгги беш ойдан бери Форс кўрфази ва Яқин Шарқнинг бошқа ҳудудларини қамраб олган можарода, умумий ҳисобда, икки асосий томон мавжуд.
Бир томонда Эрон ва унинг Ислом инқилоби қўриқчилари қўшини турибди. Уларга Ямандаги ҳусийлар иттифоқчи ҳисобланади. Ҳусийлар — 2014 йилда Яманнинг катта қисмини назоратга олган қабилавий гуруҳ.
Эрон шунингдек Ироқдаги «Халқ сафарбарлик кучлари»ни ҳам қўллаб-қувватлайди. Айнан шу ҳарбийлаштирилган тузилма Саудия Арабистонига қарши тахминан 30 та дрон ҳужумини амалга оширгани айтилади ва энди унга қарши жавоб зарбалари берилмоқда.
Яна бир Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган куч — Ливандаги Ҳизбуллоҳ. У ҳали ҳам сезиларли ҳарбий салоҳиятга эга, аммо ҳозирча можарода фаол иштирок этмаяпти.
Можаронинг қарши томонида эса АҚШ ва унинг улкан ҳарбий қудратга эга Марказий қўмондонлик (CENTCOM) кучлари турибди. Шунингдек, Форс кўрфазидаги араб давлатлари ва Иордания ҳам турли даражада АҚШни қўллаб-қувватламоқда. Исроил эса АҚШнинг яқин иттифоқчиси бўлиб қоляпти, аммо ҳозирча ушбу урушда фаол иштирок этмаяпти.

Сурат манбаси, Reuters
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Эрон сўнгги вақтларда дрон ва ракета ҳужумларини асосан Иордания, Қувайт ва Баҳрайнга қаратмоқда. Шунингдек, Эрон ўрнатган янги қоидалар ва йўналишларга амал қилмасдан Ҳўрмуз бўғози орқали ўтишга уринаётган ҳар қандай тижорат кемаларини ҳам нишонга олмоқда.
Ироқдаги қуролли гуруҳлар ва Ямандаги ҳусийларнинг бу можарога қўшилиши нисбатан янги ҳолатдир. Бу эса АҚШ ва Эрон ўртасида узоқ муддатли тинчлик келишуви тузилмаса, минтақа тобора кенгайиб бораётган можарога янада чуқурроқ тортилиш хавфи борлигини кўрсатади.
Саудия Арабистонининг кенг кўламли урушга тортилиб кетмасликка ҳаракат қилаётганига бир нечта сабаблар бор.
Мамлакатнинг амалдаги раҳбари, нисбатан ёш валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон мамлакатни «Vision 2030» («2030 йилгача ривожланиш стратегияси») деб номланган ислоҳотлар дастури йўлига бошлаб кирди.
Унинг мақсади қироллик иқтисодиётини нефт даромадларига қарамликдан халос қилиш, замонавий ва рақобатбардош ички саноат тармоқларини ривожлантириш ҳамда ҳар йили меҳнат бозорига кириб келаётган юз минглаб университет битирувчилари ва мактабни тугатган ёшлар учун муносиб иш ўринлари яратишдан иборат.

Сурат манбаси, Reuters
«Vision 2030» дастурининг муҳим қисмларидан бири — хорижий инвестицияларни жалб қилиш. Шунингдек, дастур доирасида ҳужумлар учун осон нишонга айланиши мумкин бўлган маълумотлар марказлари (data centre) каби иншоотларни барпо этиш ҳам кўзда тутилган.
Бу эса Саудия Арабистони жанубий чегараси орқали Ямандаги ҳусийлар учираётган дронлар ёки Эрон томонидан бевосита учирилаётган баллистик ракеталардан келиб чиқадиган узоқ муддатли хавф остида қолса, амалга ошмайди.
2019 йил сентябрида саудияликлар оғир сабоқ олди.
Ўша пайтда Эрон билан муносабатлар кескинлашган бир вақтда, саудияликлар тонгда уйғонар экан, Ироқдаги Эронга қарашли прокси қуролли гуруҳ мамлакатнинг энг муҳим нефт иншоотларидан иккитаси — Абқайқ нефтни қайта ишлаш мажмуаси ва Хурайс нефт конига дронлар гуруҳини йўллаганини билишди.
Ўша вақтда ҳужумни Ямандаги ҳусийлар амалга оширгани ҳақида тахминлар бўлган эди. Бироқ BBC мухбири воқеа жойига ортидан борганида, иншоотларнинг устки қисмларидаги тешикларнинг барчаси шимол томонга қараганини аниқ кўрди.
Бу ҳужум бир неча кун давомида Саудия нефт экспортининг ярмини тўхтатиб қўйди ва Ар-Риёд учун мамлакатнинг муҳим миллий инфратузилмаси ҳужумларга нақадар заиф эканини англатган жиддий огоҳлантириш бўлди.
Душанба куни олинган сунъий йўлдош тасвирлари Абқайқ нефт мажмуасига яна Ироқдаги Эронга қарашли прокси қуролли гуруҳлар томонидан учирилган дронлар зарба берганини кўрсатди.
Яна бир муҳим омил — нефт. У ҳали ҳам Саудия иқтисодиётининг асосий таянчи ҳисобланади.
Эрон феврал ойидаги АҚШ ва Исроил ҳужумларига жавоб тариқасида амалда Ҳўрмуз бўғозини ёпди. Бу Эрон ва Форс кўрфази ўртасидаги стратегик денгиз йўли бўлиб, у орқали жаҳон нефти ва суюлтирилган табиий газининг тахминан 20 фоизи ташиб ўтилар эди.
Бунга жавобан Саудия Арабистони имкони борича кўпроқ нефт — кунига тахминан 5 миллион баррелни — мамлакатнинг шарқий соҳилини ғарбий соҳил билан боғлайдиган қувур орқали Қизил денгиз бўйидаги Янбу нефт экспорт терминалига етказди.
У ердан нефт танкерларга юкланиб, жанубга, Араб денгизига чиқиб, Осиё бозорларига йўл олди.

Сурат манбаси, EPA
Ҳаммаси режа бўйича кетаётгандек эди.
Аммо 13 июлда Саудия Арабистони Яман пойтахти яқинидаги Сано аэропортини бомбардимон қилди. Ҳужум учун масъулиятни Саудия қўллаб-қувватлайдиган Яман ҳукумати ўз зиммасига олди ва бу Эрон учоғининг қўнишига йўл қўймаслик мақсадида амалга оширилганини билдирди. Бунга жавобан ҳусийлар Саудиянинг Абҳа ва Жизон шаҳарларидаги минтақавий аэропортларга ҳужум қилди.
Ар-Риёд учун янада хавотирлиси шундаки, ҳусийлар Қизил денгиздаги Саудия кемаларига ҳам ҳужум қила бошлади. Бу эса Қизил денгизнинг жанубий қисмида жойлашган Боб ал-Мандаб бўғози орқали кемалар ҳаракатини ниҳоятда хавфли қилиб қўймоқда. Натижада Саудиянинг Осиёга нефт экспорти ҳам жиддий тўсиқларга дуч келмоқда.
Саудия Арабистони етти йил давомида ҳусийларни ҳаво зарбалари билан таслим этишга уринди, аммо бу мақсадига эриша олмади.
Яманда авж олган уруш замонамизнинг энг оғир гуманитар фожиаларидан бирига айланди ва унинг оқибатлари ҳанузгача сезилмоқда.
2022 йилда Саудия Арабистони ҳусийлар билан мураккаб ва беқарор сулҳга рози бўлди. Айрим маълумотларга кўра, бу жараёнда молиявий келишувлар ҳам бўлган. Аммо ҳозир минтақадаги энг бой давлат бўлган Саудия яна бир бор жанубдаги қўшниси Ямандан дрон ва ракета ҳужумлари, шу билан бирга шимолдаги Ироқ ҳудудидан уюштирилаётган ҳужумлар таҳдидига дуч келмоқда.
Буларнинг ҳеч бири Саудиянинг «Vision 2030» дастурини ишлаб чиққанлар режаларида назарда тутилмаган эди.






























