Тоқаев нега Путинни Украинадаги урушни тўхтатишга чақирмоқда?

Сурат манбаси, Sputnik/Vyacheslav Prokofyev/Pool via Reuters
- Author, Подкастлар бўлими
- Role, Би-би-сининг Рус хизмати
- Published
- Ўқилиш вақти: 12 дақ
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Владимир Путинни Украинадаги урушни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда у Россия раҳбари билан учрашувда гапирди. Тоқаевнинг айтишича, Қозоғистонда ушбу можаронинг сабабларини тушунишмайди ва уни музлатиш тарафдори.
Тоқаев нега айнан ҳозир сулҳ масаласини кўтармоқда? Путин унинг чақириқларига қулоқ тутадими? Ва Тоқаев Россия ҳамда Украинага келишувга эришишда ёрдам бера оладими?
Би-би-сининг Рус хизмати тайёрлаган "Бу нима эди?" подкасти бошловчиси Всеволод Бойко ушбу саволларни Берлиндаги Карнеги Россия ва Евроосиёни ўрганиш маркази илмий ходими Темур Умаров билан муҳокама қилди. (Россияда Карнеги жамғармаси "хорижий агент" деб тан олинган.)
Би-би-си: Тоқаев Россиянинг Украинага бостириб кириши сабабларини тушунмаслигини айтди. Аслида у нимани назарда тутган? Буни дипломатик тилдан оддий тилга қандай таржима қилиш мумкин?
Темур Умаров: Биз Қосим-Жомарт Тоқаев аниқ нимани назарда тутганини билмаймиз. Аммо унинг сўзларини бир неча хил талқин қилиш мумкин.
Аввало, менимча, гап Тоқаевнинг иттифоқчи давлат раҳбари сифатидаги ҳолати ҳақида кетмоқда. У Россияга ёрдам бермоқчи, аммо қандай ёрдам беришни билмаяпти. Чунки Россиянинг "махсус ҳарбий операция" деб аталаётган ҳаракатининг мақсадлари етарлича аниқ ифодаланмаган. Шу сабабли можарога бевосита жалб этилмаган давлатлар Россияга қандай кўмак бериши мумкинлигини тушунмаяпти. Шартли равишда айтганда, агар Қозоғистон Россия ва Украина ўртасидаги можарони якунланишга яқинлаштиришни истаса, бунинг учун можаронинг асл сабаблари ва Владимир Путин нимага эришмоқчи эканини яхшироқ тушуниши керак бўларди.
Менимча, Тоқаевнинг ушбу баёнотидаги асосий мақсад ҳам айнан шу бўлган. Тоқаев Путинни "махсус ҳарбий операция"нинг мақсадларини янада аниқроқ ва оқилона тарзда тушунтиришга чақирди. Чунки бу мақсадлар ҳеч кимга тушунарли эмас, эҳтимол ҳатто Владимир Путиннинг ўзига ҳам.
Тоқаев Қозоғистон бостириб кириш сабабларини тушунмаслигини айтар экан, бунинг акси сифатида Қозоғистонга тушунарли бўлган бошқа бир можарони - Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги можарони мисол келтирди. У ерда Озарбайжон нимага эришмоқчи экани ва Арманистон Озарбайжоннинг нимага эришишини истамаётгани аниқ ифодаланган эди.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Қорабоғ аннексия қилинган ёки қўшиб олинган (бу можарога қайси томон нуқтаи назаридан қарашга боғлиқ), ва Тоқаев буни Путинга мисол қилиб келтирар экан, эҳтимол сиз ҳам шу йўналишда ўйлаб кўрарсиз ва Озарбайжон ҳамда Арманистон ўнлаб йиллик қарама-қаршилик давомида кўп бор фойдаланган воситадан - можарони музлатиш усулидан фойдаланарсиз, демоқда. Ва можаро музлатилган даврда сиз аслида нимани истаётганингизни янада аниқроқ ифодалай оласиз.
Лекин менимча, бу берк кўчага кириб қолган мулоқот. Чунки Владимир Путин аниқ мақсадларни шунчаки ифода этмаётгани йўқ, балки Украина ҳақиқий давлат эмас ва аслида Россия Федерациясининг бир қисми, деган максималистик позицияга амал қилмоқда. Киев режими ўзини ўзи ҳокимият деб эълон қилган ва шунга мувофиқ, у билан нафақат музокара олиб бориб бўлмайди, балки уни умуман легитим томон сифатида кўриб бўлмайди. Шунинг учун ҳамма нарса Россияга қўшиб олиниши керак, деган қараш мавжуд.
Владимир Путин айнан шундай позицияга урушнинг илк кунлариданоқ амал қилиб келмоқда. Албатта, фронтдаги вазиятни ҳисобга олганда бу позиция айрим жиҳатдан ўзгарган, аммо барибир бу Путин амал қилиб келаётган ўзгармас позициядир. У билан бу ҳақда гаплашиш етарлича берк кўчага кириб қолган ҳолатдир.
Бу бизга шуни кўрсатадики, Тоқаев Путинга мурожаат қилар экан, буни Владимир Путин унга ҳозироқ сабаб нимада ва ўзи нимани мақсад қилганини тўғридан-тўғри тушунтириб бериши учун қилмаяпти. Тоқаевнинг бу мурожаати ортида бошқа сабаблар бор. Бу ҳақда биз суҳбатимиз давомида гаплашишимиз мумкин.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Нега Тоқаев бу баёнотни омма олдида айтди?
Қозоғистон умуман 2022 йилдан бери Евроосиё ҳудудида кўплаб давлатлар, биринчи навбатда Ғарб давлатлари мулоқот қиладиган асосий давлатга айланди. Чунки Москва билан мулоқот қилиш имконсиз бўлиб қолди, Хитой билан эса бунинг фойдаси кам (гарчи Хитой орқали Владимир Путинга босим ўтказишга уринишлар бўлган бўлса ҳам. Эсласангиз, Bloomberg нашрида Си Цзинпин Россияга ядровий қуролдан фойдаланишга ҳеч қачон йўл қўймаслигини айтгани ҳақида турли хабарлар чиққан ва Пекиннинг шу каби "қизил чизиқлари" ҳақида гапирилган эди).
Евроосиё қитъасида Қозоғистон, биринчи навбатда, Ғарб нефт корпорацияларининг мамлакатда фаол иштирок этиши орқали жаҳон иқтисодиётига яхшигина интеграциялашган давлат сифатида ажралиб туради.
Бундан ташқари, бу анча дўстона давлат бўлиб, умуман олганда, ҳеч ким унга қарши эмас. Менимча, ҳозирги пайтда Астана билан очиқчасига ёмон муносабатда бўлган бирор давлатни ўқувчиларимиз осонлик билан номлай олмайди. Агар шундай давлатлар умуман мавжуд бўлса ҳам, улар жуда кам.
Шунинг учун ҳам Қозоғистон бошиданоқ қулай шерикка айланди. У нафақат Евроосиё қитъасидаги ишончли ҳамкор, балки Европа давлатларига Владимир Путин билан у орқали "гаплашиш" имконини берадиган ҳамкор сифатида ҳам аҳамият касб этди. Яъни ўзига хос воситачи давлат.
Бироқ сўнгги вақтларда Қозоғистондан воситачи сифатида фойдаланиш эҳтиёжи янада ортди. Чунки Украина Қуролли кучларининг Қозоғистон ўз нефтини экспорт қилишда асосий йўналиш сифатида фойдаланадиган Транскаспий консорциуми инфратузилмасига ҳужумлари кўпайиб бормоқда.
Тушуниш муҳимки, Каспий қувур консорциуми (КТК) қувурига фақат Қозоғистон эмас, балки Қозоғистонда асосий нефт қазиб олувчилар сифатида фаолият юритаётган йирик Ғарб, биринчи навбатда Америка корпорациялари ҳам боғлиқ. Қозоғистонда қазиб олинаётган нефтнинг тахминан учдан бир қисми улар ҳиссасига тўғри келади. Бу, биринчи навбатда, Chevron компаниясидир.
Албатта, улар ҳозирги вазият имкон қадар барқарорлашишидан манфаатдор. Улар Украина ўз инфратузилмасига ёки Қозоғистоннинг Тенгиз конидан нефт экспорт қилиш учун фойдаланилаётган инфратузилмага ҳужум қилишни тўхтатишини истайди. Шунинг учун улар ўз ихтиёридаги барча воситалардан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.
Албатта, шундай воситалардан бири - жаҳон етакчиларидир. Chevron раҳбари яқинда президент Трамп билан суҳбатлашган ва Вашингтон Киев билан мулоқот қилиб, уни бошқа тактикадан фойдаланишга ёки Chevron ҳамда умуман Қозоғистон боғлиқ бўлган муайян инфратузилма объектларини нишонга олишни тўхтатишга ундашини истаган.
Бироқ Chevron ҳам, нефт экспорти жараёнининг бошқа иштирокчилари ҳам Тоқаев орқали муайян натижаларга эришишга ҳаракат қилмоқда. Эҳтимол, Тоқаевнинг Брюсселга сўнгги ташрифи чоғида у билан Европа Иттифоқи ва айниқса Германия вакиллари ҳам мулоқот қилган бўлиши мумкин. Чунки Германия Россия нефтидан воз кечиб, муқобил манбаларга ўтаётган бир пайтда Қозоғистондан барқарор нефт етказиб беришга анча даражада боғлиқ. Эҳтимол, ўша пайтда Тоқаев билан Европа Иттифоқи вакиллари ҳам мулоқот қилган бўлиши мумкин.

Сурат манбаси, OLIVIER HOSLET/EPA/Shutterstock
Ғарбда Қозоғистон билан мунтазам мулоқот қилиб турадиган муайян ҳамкорлар доираси бор. Агар уларнинг ҳеч бири Тоқаевдан шу йўналишда қандайдир фаоллик кўрсатишни сўрамаган бўлса, мен ҳайрон қолган бўлардим. Ва шу ерда биз Тоқаевнинг нима учун айнан шундай дегани ва нима учун бу сўзларини Путинга шахсан эмас, балки омма олдида айтгани сабабига яқинлашамиз. Аслида, буни Путинни ноқулай аҳволга солмасдан, ёпиқ эшиклар ортида ҳам айтиш мумкин эди.
Тоқаев буни омма олдида айнан шунинг учун айтдики, уни биринчи навбатда Владимир Путин ёки Россия томони эмас, балки эҳтимол ундан шу ишни қилишни сўраган Ғарбдаги ўша одамлар ва сиёсий доиралар эшитиши керак эди.
Умумий манфаатлар
Би-би-си: Мен тўғри тушуняпманми? Каспий қувур консорциуми бор, унга Қозоғистон, Россия, АҚШ корхоналари ва яна бир қатор инвесторлар киради. Улар, жумладан, Қозоғистон нефтини Ғарбга қувур орқали ўзатиш ва танкерларда ташиш билан шуғулланади. Аммо энди Украина Россиянинг нефт инфратузилмасига, жумладан денгиздаги объектларга фаол ҳужум қилаётгани сабабли, бу қўшма лойиҳа хавф остида қолди. Ва аслида, америкалик нефт ишлаб чиқарувчилар Тоқаевни Путинга қандайдир тинчлик ташаббусини етказишга чақирган томон бўлган бўлиши мумкин.
Т.У.: Ҳа. Бу ерда бир вақтнинг ўзида кўплаб иштирокчиларнинг манфаатлари туташмоқда.
Аввало, албатта, Украина Қозоғистон боғлиқ бўлган айнан ўша инфратузилма объектларини нишонга олишни тўхтатишидан Қозоғистоннинг ўзи манфаатдор. Қозоғистон Владимир Путинга: «Келинглар, музокара олиб боринглар, можарони музлатинглар», деган фикрни етказишга ҳаракат қилмоқда. Шунда Украина ҳам буни қилишни тўхтатади.
Иккинчидан, бу Қозоғистонда фаолият юритаётган Америка нефт корпорацияларидир. Уларнинг даромадининг катта қисми айнан у ердаги фаолиятидан келади. Бу Chevron, Exxon Mobil, Eni ва бошқа машҳур Ғарб корпорацияларидир.
Учинчидан эса, албатта, Америка ва Европадаги маъмуриятлар. Америкада уларга ўз корпорациялари босим ўтказмоқда. Европада эса гап Қозоғистондан нефть импортига боғлиқ бўлган давлатлар вакиллари ҳақида кетмоқда.
Шунга мувофиқ, кўплаб иштирокчилардан шаклланган мана шу «клуб» умумий манфаатлар атрофида бирлашди. Уларнинг тасаввурича, Украина билан эмас, балки Москва билан мулоқот қилиш керак. Чунки Украина Россия унга юклаётган шароитларда ҳаракат қилмоқда. Москва эса ҳозир музокаралар жараёнини тўхтатиб турибди ва максималистик позицияга амал қилишда давом этмоқда — вақт Россия томонида, Россияга фақат сабр қилиш керак, Украина ўз-ўзидан парчаланиб кетади, Дональд Трамп можародан шу даражада чарчайдики, Украина Қуролли кучларига қурол етказиб беришни тўхтатади, кейин эса фронтда вазият тубдан ўзгаради ва Москва ҳеч қандай музокараларсиз ўзи истаган натижанинг барчасига эришади, деган қарашга амал қилмоқда.
Лекин бу анча хавфли йўл. Чунки биз аллақачон Украина Қуролли кучлари Россия ичидаги, мамлакат ичкарисидаги объектларга тобора фаолроқ ҳужум қилаётганини кўряпмиз. Бу ҳужумлар остида Қозоғистон учун муҳим бўлган инфратузилма объектлари ҳам қолмоқда.
Ko‘rinishidan, Toqayev Ukrainadagi urushdan tashqi va ichki siyosatdagi o‘z maqsadlariga erishish uchun foydalanayotgandek.
Би-би-си: Тоқаев унга можарода воситачи бўлиш ҳақида чақириқлар келаётганини, аммо бу ролни қатъий рад этаётганини айтди. Агар Қозоғистон учун ушбу минтақадаги тинчлик шунчалик муҳим бўлса, нега у бундан бош тортмоқда ва у бунга рози бўлиши мумкинми?
Т.У.: Айтганча, биз Тоқаевдан бундай ифодани биринчи марта эшитяпмиз. Бунгача Қозоғистон воситачи эмас, балки турли қарама-қарши томонлар вакиллари хавфсиз учрашиб, муҳим масалаларни муҳокама қилиши мумкин бўлган учинчи ҳудуд ролини ўйнаши мумкинлиги ҳақида тахминлар бўлган.
Бошқача айтганда, у музокаралар майдонига айланиши мумкин, аммо воситачи ролини ўз зиммасига олмайди. Тоқаев айнан шу баёнотида биринчи марта воситачи ролидан бош тортаётганини айтди.
Менимча, бунинг бир нечта сабаби бор. Аввало, албатта, Тоқаев воситачи ролини зиммасига олган ҳар қандай давлат геосиёсий муваффақиятсизликка маҳкум бўлишини тушунади. Ва Қозоғистон ана шундай давлат бўлишни истамайди.

Сурат манбаси, Harold CUNNINGHAM / AFP via Getty Images
Қозоғистон Россиянинг максималистик позицияга амал қилаётганини ва музокаралар муаммоси воситачининг йўқлигида эмаслигини тушунади. Воситачи топилади. Агар икки томон ҳақиқатан ҳам музокара қилишни ва можарони дипломатик йўл билан ҳал этишни истаса, бундай музокарачи тезда топилган бўлар эди. Муаммо бунда эмас.
Муаммо шундаки, икки томон ҳам ён беришни истамаяпти. Бу эса бутун музокаралар жараёнини бошиданоқ муваффақиятсизликка маҳкум қилади ва Қозоғистон олдиндан натижаси маълум бўлган бундай жараёнда воситачи ролини ўз зиммасига олишни истамайди.
Иккинчидан, агар Тоқаев ўша чиқишида воситачи бўлишга тайёрлигини айтганида, бу гўёки у ўзини катта дипломатик тажрибага эга сиёсатчи сифатида кўрсатаётгандек ва энди вазиятни ўз қўлига олиб, Путинга қандай музокара олиб бориш кераклигини кўрсатмоқчидек туюлар эди.
Кўринишидан, Тоқаев Путин унинг сўзларини айнан шундай қабул қилишини истамаган. Воситачи ролидан бош тортишини айтгач, Тоқаев дарҳол буюк рус халқи ҳамма нарсани воситачиларсиз ҳам ўзи ҳал қила олишини таъкидлади.
У Владимир Путинга бу жараёнга аралашишни истамаётганини аниқ тушунтирди. У шунчаки ундан Владимир Путинга етказишни сўраган фикрларни етказаётганини билдирди.
Москва ва Остона муносабатлари ўзгардими?
Би-би-си: Еще месяц назад мы с вами это обсуждали: как Путин приезжал в Казахстан, его там принимали с распростертыми объятиями, восточное гостеприимство, и никаких разговоров о войне не было. Что поменялось?
Т.У.: Мне кажется, важно понимать, что вот это публичное высказывание Токаева не стоит воспринимать как критику России и не стоит воспринимать как сигнал того, что отношения между Казахстаном и Россией меняются.
Қозоғистон-Россия муносабатлари олдинги сафар сиз билан Владимир Путиннинг ушбу мамлакатга давлат ташрифи ҳақида гаплашганимизда қандай юқори даражада бўлган бўлса, ҳозир ҳам худди шу даражада қолмоқда, бу борада ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Қозоғистон ҳамон Россиянинг иттифоқчиси бўлиб қолмоқда, Қозоғистон ҳамон Россияни унинг барча интеграцион ташаббусларида, иқтисодий жиҳатдан, инвестициялар, технологик ривожланиш, маданий яқинлашув ва бошқа соҳаларда қўллаб-қувватлашга тайёр.
Бироқ бу ерда Қозоғистон ўз манфаатларини кўзламоқда. Қозоғистон ўз иқтисодиёти Россия Федерацияси иқтисодиёти барқарорлигига ва умуман ўз қувурлари ўтадиган Россия Федерацияси ҳудудининг барқарорлигига анча боғлиқ эканини тушунади. Шунинг учун Қозоғистон аввал ҳам кўп бор айтилган фикрларни такрорламоқда, фақат бу фикрлар аввал президентнинг ўзи томонидан ёки Владимир Путин иштирокида эмас, бошқа иштирокчилар томонидан билдирилган эди. Қозоғистон буни, юқорида айтганимдек, ўзининг ғарблик ҳамкорларини улар фақат ваъдалар бериб қўймаётганига, балки уларни бажараётганига ишонтириш учун қилмоқда.
Агар бошқа сценарий юз берганида, яъни Тоқаев омма олдида ҳаммаси яхши эканини айтиб, биз ундан одатда эшитадиган баёнотларни бериб турганида, ортидан эса Reuters ёки Bloomberg каби нашрларда, одатдагидек, "Тоқаев Путинни ёпиқ эшиклар ортида можарони музлатишга чақирди" деган хабарлар чиққан бўларди. Ана шунда биз учун муносабатларда нимадир ўзгарганининг белгиси бўларди.
Аммо бу фикрлар омма олдида айтилгани учун, менимча, Тоқаев Путинни ноқулай аҳволга солишни ёки уни барча олдида танқид қилишни истамаган. У кўпроқ ўз манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракат қилди.

Сурат манбаси, Contributor/Getty Images
Би-би-си: Биз бу давлат ташрифини муҳокама қилганимизда, ҳар қандай йирик иқтисодиётга эга қўшни давлатлар ўртасида бўлгани каби муносабатларда муайян муаммолар борлиги ҳақида гаплашган эдик. Бироқ шу билан бирга, ҳар икки етакчи бу муаммолар кўринмайдиган даражада гўёки жуда чиройли бир витрина яратишган эди. Аммо энди Тоқаев Россия билан иттифоқчилик Қозоғистон учун осон кечмаётганини айтмоқда. У айнан нефт транзити билан боғлиқ хатарларни назарда тутяптими?
Т.У.: Аввало, бу каби фикрларни икки етакчидан биринчи марта эшитаётганимиз йўқ. Бундан олдин Владимир Путин ҳам Тоқаев анча қаттиқ музокарачи эканини, ҳар бир саммит ёки шунга ўхшаш учрашувларда иқтисодий масалалар бўйича мураккаб музокаралар бўлиб туришини бир неча бор таъкидлаган.
Умуман олганда, менимча, бу икки етакчидан эшитаётганимиз муайян даражадаги самимийлик кўринишидир. Бу одатий ҳолатдан оғиш эмас. Бу биринчиси.
Иккинчидан, муносабатлар ҳақиқатан ҳам анча мураккаб. Чунки икки давлат бир-бирига турли жиҳатдан боғланган ва биринчи навбатда иқтисодий жараёнлар ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиб, уларни доимий тарзда мувофиқлаштириб туриш керак. Айниқса, сўнгги йилларда Россия иқтисодиёти ва Қозоғистон билан боғлиқ вазиятнинг ўта ўзгарувчанлигини ҳисобга олсак. Россияда рубл кескин кўтарилиши ёки тушиб кетиши, инфляциянинг ўзгариб туриши, энергетика бозоридаги глобал ўзгаришлар туфайли юзага келадиган янги воқеликка ҳар сафар мослашиш анча қийин. Айниқса, Қозоғистон нефт ишлаб чиқарувчи мамлакат эканини ҳисобга олганда.
Албатта, Россия билан бир занжирда бўлиш анча қийин, чунки у ерда вазият доим ўзгариб туради. Менимча, Тоқаев айнан шу ҳақда гапирган.
Бироқ бунинг ортида стратегик хавфсизлик масалалари ҳам бор. Чунки Қозоғистон учун Россия нафақат асосий иттифоқчи, балки ташқи сиёсат нуқтаи назаридан ягона асосий таҳдид ҳам ҳисобланади. Қозоғистоннинг бошқа қўшнилари мамлакат ҳудудий яхлитлигига таҳдид қилиш одатига эга эмас.
Россия Федерациясида эса ҳокимият вакили ҳисобланган айрим шахслар мунтазам равишда Қозоғистонга унинг шимолий ҳудудлари тарихан Россияга тегишли бўлиши кераклиги ёки Қозоғистоннинг тил сиёсатидаги айрим амалиётлар Россия билан иттифоқчилик муносабатларига мос келмаслиги ҳақида эслатиб туради ва ҳоказо.
Бу эса, албатта, Қозоғистонни ўзининг асосий иттифоқчиси билан муносабатларда доимо ҳушёр ҳолатда ушлаб туради.
Оммавий ва шахсий ёндашувлар
Би-би-си: Мен Тоқаевнинг тўрт дақиқалик монологидан иборат видеони кўрдим. Путин бутун вақт давомида жим ўтирди, кейин эса: «Хўш, бу ҳақда сизга кейин шахсан ҳаммасини тушунтириб бераман», деди. Нега Путин очиқ баҳсга киришмади ва унинг бу гапини Тоқаев кейинроқ Путиндан Россия ва Украина тарихи ҳақидаги икки соатлик маърузани эшитган, деб тушуниш мумкинми?
Т.У.: Менимча, ҳа, бу муқаррар эди ва менимча, Тоқаев бунга тайёр эди. Бундан ташқари, менимча, Тоқаевнинг оммавий баёноти камераларсиз ва учинчи шахсларсиз - ёки уларнинг кўпчилигисиз - қилинган шахсий суҳбатда ҳам такрорланган. Бу Тоқаев омма олдида нима дейишини Владимир Путинга олдиндан тушунтириш учун қилинган бўлиши мумкин.
Менимча, Тоқаев Путинни ноқулай аҳволга солишни истамаган ва унга буни дарҳол, юзма-юз шундай тарзда айтишга журъат қилмаган бўларди. Албатта, бунинг барчаси маълум маънода масофадан туриб қилинган психоанализ. Аммо бу муносабатлар қандай қурилганини ҳисобга олсак, оммавий баёнот олдиндан норасмий тарзда ҳам айтилган бўлиши мумкин, деб тахмин қилиш мумкин. Шунингдек, Тоқаев Владимир Путинга кимлар унга мурожаат қилаётгани ва Путинга нима етказишни сўраётганини батафсилроқ тушунтирган бўлиши мумкин. Шу йўл билан у Путинни: «Мен буни уларни ҳаммаси жойида эканига ишонтириш учун айтишим керак», деган фикрга тайёрлаган бўлиши мумкин.
Менимча, Путин бундай дипломатияга одатда тўғри қарайди. Тоқаев ўзининг ғарблик ҳамкорлари уни Владимир Путиннинг кўзига қараб ҳақиқатни айтишдан қўрқмайдиган етакчи сифатида кўриши учун бундай оммавий баёнотлардан биринчи марта фойдаланаётгани йўқ. Айримлар кейинчалик ҳатто буни Қозоғистон аслида кўринганидек эмаслиги, у Россиянинг иттифоқчиси эмас, балки деярли Россияни танқид қиладиган давлат эканининг намойиши сифатида ҳам қўллайди. Шунга кўра, Қозоғистон билан яқин алоқаларни сақлаш ва инвестиция имкониятларини кўриб чиқиш лозим, деган фикрлар пайдо бўлади.
Бу Тоқаевнинг оммавий сиёсатининг бир қисми. Бир қарашда фақат Россия ва Қозоғистон аудиторияси учун муҳимдек кўринадиган воқеаларни Тоқаев қайта-қайта Ғарб билан ҳам мулоқот қилиш воситаси сифатида ишлатади. Менимча, сиз айтган ўша тўрт дақиқада асосий аудитория Тоқаевнинг қаршисида креслода ўтирган эмасди. Ушбу баёнотларни Twitter ёки ҳозир айтилганидек X орқали, ёки бошқа ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб турган аудитория эди. Шу орқали Қозоғистон учун муайян нуфуз шакллантирилмоқда.
Владимир Путинга яна нима қилиш қолган эди? У камералар олдида, вақт чекланган шароитда, ўша машҳур маърузасини бошлаб ўтирмасди. Ахир у бундай маърузани журналист Такер Карлсонга аллақачон намойиш қилган эди.

Сурат манбаси, Sputnik/Gavriil Grigorov/Kremlin via Reuters
Бу ҳақда кўп бор айтилган, шунинг учун бу энди бироз кулгили кўринади. Владимир Путин бу конструктив мулоқот эмаслигини қай даражада англайди, билмайман. Чунки ҳар сафар «Рюрик даврида ҳам...» деб бошлаб, ҳеч нарсани исботламайдиган чексиз архив хариталарини кўрсатишдан мулоқот унумли бўлиб қолмайди.
Владимир Путиннинг анча конструктив позицияси шу бўлдики, бу жуда узоқ суҳбат ва ҳозир бунга вақт сарфламайлик, кейинроқ ҳаммасини батафсил тушунтириб бераман, деди. Ва менинг ишончим комилки, шундан кейин Владимир Путин Тоқаевни топиб, унга тарихий экскурсия қилиш бўйича ўзининг ажойиб маҳоратини намойиш қилган.
Тинчлик яқинлашдими?
Би-би-си: Сизнингча, Тоқаевнинг ушбу баёнотидан кейин тинчлик яқинлашдими ёки йўқми?
Т.У.: Менимча, бу баёнотдан кейин Украинадаги тинчликка қандайдир тарзда яқинлашганимиз йўқ. Аммо Тоқаев муайян натижаларга эришди.
Аввало, у ғарблик ҳамкорларига ўз сўзида тура олишини ва хавфли деб ҳисобланадиган қадамларни ташлашга тайёрлигини намойиш қилди. Марказий Осиёдаги бошқа президентлар, ҳатто жаҳон сиёсатида анча катта таъсирга эга давлатлар раҳбарлари, масалан Хитой, Тоқаев қилган ишни қилган эмас. Улар танқид билан Россия ҳаракатларидан норозиликка ишора қилиш ўртасидаги чизиқ бўйлаб юрган, аммо Владимир Путинга ўз можароси бўйича нима қилиш кераклигини тавсия қилиш даражасига бормаган.
Иккинчидан, менимча, Тоқаев бу баёнот орқали ички сиёсатда ҳам муайян дивидендларга эга бўлди. Чунки ички аудитория одатда президентни кучли, иродали сиёсатчи сифатида кўрсатадиган бундай чиқишларни ёқтиради. Улар учун президент хавфли қадамлардан қўрқмайдиган, Владимир Путин каби етакчиларнинг кўзига тик қараб, Қозоғистон бу вазият ҳақида аслида нима деб ўйлашини айта оладиган раҳбар сифатида намоён бўлади.
Албатта, ҳозирнинг ўзидаёқ нафақат ҳукуматга мойил қозоғистонлик экспертларнинг ўз президентини айтган гаплари учун мақтаётгани ва унинг турли фазилатларини мисоллар билан санаб ўтаётганига кўплаб мисоллар топиш мумкин. Умуман, Қозоғистон ижтимоий тармоқлари сегментига назар ташланса, бу баёнот Instagram'даги рилслар ва TikTok видеолари орқали кенг тарқалганини кўриш мумкин. Уларда ҳам Тоқаев бошқалар журъат этолмайдиган ишни қилишдан қўрқмайдиган, катта тажрибага эга дипломат сифатида ижобий қиёфада намоён этилмоқда.
Бироқ менимча, шу йўл билан Украинада тинчликка эришиб бўлмайди. Агар бунинг иложи бўлганида, бу аллақачон содир бўлган бўларди. Аммо Украинадаги можарони якунлашга ёки камида тўхтатишга яқинлаштириш, эҳтимол, айнан Тоқаевнинг масъулияти эмас.
Кўринишидан, Тоқаев Украинадаги урушдан ташқи ва ички сиёсатдаги ўз мақсадларига эришиш учун фойдаланаётгандек.
Холисона айтганда, бу баёнот бизни Украинадаги тинчликка қандай яқинлаштирганини тасаввур қилиш қийин. Чунки томонларнинг тинчликка яқинлашишига тўсқинлик қилаётган асосий омил Қозоғистонда эмас, балки кўпроқ Кремлда ўтирибди ва бунинг содир бўлишига фаол равишда тўсқинлик қилмоқда.
































