Путиннинг Қозоғисотнга сўнгги сафари нималарни кўрсатади ва нималарни яширади?

Путин ва Тоқаев, 2026 йил 28 май.

Сурат манбаси, Alexander Kazakov/TASS

Published
Ўқилиш вақти: 12 дақ

Россия президенти Владимир Путин Қозоғистонга хавфсизлик чоралари кучайтирилган шароитда, АЭС ва Амур йўлбарслари бўйича келишув билан Қозоғистонга 27-29 май кунлари келиб кетди.

Остонада уни президент Қасим-Жомарт Тўқаев катта дабдаба билан кутиб олди. Давлат раҳбарлари ўзаро муносабатлари биродарлик даражасида эканини ва баҳслашадиган нарса йўқлигини айтдилар.

Улар бундай мукаммал уйғунликка қандай эришди? Уни нима бузиши мумкин? Би-би-си Рус хизматининг "Бу нима эди" подкасти бошловчиси Сева Бойко ушбу саволларни Россия ва Евроосиёни ўрганиш бўйича Карнеги Берлин марказининг илмий ходими Темур Умаров билан муҳокама қилди.

Би-би-си: Келинг, ушбу ташрифнинг антуражи ҳақида гаплашайлик. Путин самолётига Қозоғистон Ҳарбий-ҳаво кучлари ҳамроҳлик қилди. Путин кортежида пулемёт ўрнатилган броневик ва радиоэлектрон кураш машинаси кўзга ташланди. У Қозоғистон пойтахти бўйлаб ҳаракатланаётганда тепадан вертолёт учиб турди. Буларнинг барчаси ҳурмат белгисими ёки кучайтирилган хавфсизлик чоралари?

Темур Умаров: Менимча, иккиси ҳам. Касим-Жомарт Кемелевичнинг ўзи таъкидлаганидек, айтганча, Путин унинг исмини тўғри талаффуз қила олмади, замон мураккаб, халқаро хавфсизлик савол остида, Россия ва Қозоғистонни, умуман бутун дунёни ўраб турган кўплаб инқирозлар бор. Москвада ҳам, Қозоғистонда ҳам вазият анча асабий, деб ўйлайман. Чунки дронлар Қозоғистонгача етиб келмоқда, дронлар Россия ҳудудидаги қозоғистонлик инфратузилмаларга ҳам ҳужум қилмоқда. Умуман олганда, мана шу омиллар Путиннинг Қозоғистонга ташрифи чоғида биз гувоҳи бўлган кучайтирилган хавфсизлик чораларини тақозо этмоқда.

Қўшимча равишда, бу албатта Владимир Путиннинг "алоҳидалигини" намойиш этишдир. Бу давлат ташрифи, аслида ўтказилмаслиги керак эди, чунки у 2024 йилда аллақачон бўлиб ўтган. Дипломатик протоколга кўра, бундай ташриф президентлик муддатида бир марта ўтказилади. Шунинг ўзиёқ Қозоғистоннинг Россия ва айниқса Путин билан алоҳида муносабатлари борлигини кўрсатади. Шу боис, ташриф давомида унга қанчалик муҳим ва қимматли лидер экани, хусусан қозоқ-рус муносабатлари учун аҳамиятли шахс экани намойиш этилди. Токаев бир неча бор таъкидлаганидек, у жаҳон сиёсатида ҳам муҳим шахс, унсиз халқаро сиёсатдаги муҳим масалалар бўйича қарор қабул қилиб бўлмайди.

Шу боис биз хавфсизлик соҳасида ҳам, умумий дабдабада ҳам бундай пафосни кўриб турибмиз: Путиннинг атрофида гирдикапалак бўлиб, унинг нақадар муҳим шахс эканлигини кўрсатаётган гоҳ байроқчалар, гоҳ мусиқа асбоблари ушлаган чексиз сондаги болалар бунга мисолдир.

Бу, албатта, бир жиҳатдан Совет амалиётини эслатади, Москва вакиллари Совет даврида Марказий Осиё республикаларида шундай тарзда кутиб олинган. Балки Путин ўзини ўша буюк даврлар меросхўри сифатида кўраётгандир, чегаралар чекланмаган, Москва вакили ўзининг Марказий Осиё ҳудудларига келиб, у ерда шон-шараф билан кутиб олинган даврлардек. Эҳтимол, Қозоғистон ҳам бу ўйинда иштирок этаётгандир.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Би-би-си: Лекин буни бошқа томондан ҳам кўрса бўлади. Масалан, Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков айтганидек, бу ташрифни қўшни давлатга ҳурмат белгиси ва унинг қанчалик муҳимлигини кўрсатиш сифатида қабул қилиш мумкин.

Темур Умаров: Албатта. Бу ерда Россия ва Қозоғистон муносабатларининг ўзига хос жиҳатларини ҳамиша англаш зарур. Агар Қозоғистонда қарор қабул қиладиган одамлар ўрнига ўзимизни қўйиб кўрсак, тушунамизки, Қозоғистон Москва билан жуда ноқулай ва нобоп муносабатлар ичида турибди. Россия бир вақтнинг ўзида ҳам Қозоғистоннинг асосий иттифоқчиси, ҳам энг катта таҳдиди ҳисобланади.

Мабодо Қозоғистоннинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигига ташқи таҳдид мавжуд бўлса, у албатта Россиядан келади. Хитойдан, Ўзбекистондан ёки Қозоғистон билан чегарадош бошқа бирор давлатдан эмас, айнан Россия ҳудудидан келади. Россия расмийлари эса Қозоғистонга бу таҳдид мавжудлигини мунтазам равишда эслатиб туришади.

Биз сўнгги йилларда Кремлга яқин бўлган турли депутатлар, пропагандачилар ва ҳатто Путиннинг ўзидан қозоқ давлатчилигини шубҳа остига қўювчи тезисларни бир неча бор эшитдик. Путин, масалан, "Нурсултон Назарбоев келгунига қадар Қозоғистонда ҳеч қачон давлатчилик бўлмаган, у қозоқ халқи давлатчилигининг асосчисидир" деган машҳур жумлани айтган эди. Никонов, Фёдоров каби турли депутатлар Қозоғистоннинг шимолий ҳудудлари ҳақида гапириб, уларни Россия бу мамлакатга берган "совғалар" деб атаб келишади. Баъзи депутатлар эса украин сценарийси такрорланиши мумкинлигига шама қилиб, "ўзингизни Украинадек тутманг, акс ҳолда кўрсатиб қўямиз" дейишгача боришмоқда.

Албатта, Қозоғистон буни ҳис қилади ва тушунади. Лекин Украинадан фарқли равишда, Қозоғистоннинг географияси унга Европа Иттифоқи ёки Ғарб билан яқинлашиш имконини бермайди. Беларус президенти Лукашенко узоқ вақт давомида Россия ва Ғарб ўртасида мувозанат сақлаб келгани каби имконият Қозоғистонда йўқ.

Албатта, Қозоғистон буни ҳис қилади ва тушунади. Аммо Украинадан фарқли ўлароқ, Қозоғистоннинг географияси унга Европа Иттифоқи ёки кенг маънодаги Ғарб билан яқинлашишга ва мана шу қарама-қаршиликлардан фойдаланиб сиёсий ўйин қилишга йўл қўймайди. Бу ишни узоқ вақт давомида Беларус президенти Александр Лукашенко уддалаб келган эди. У ҳозирги ўта оғир шароитларда ҳам, Оқ уйдаги амалдаги президент билан пайдо бўлган имкониятлар ойнасини ушлаб қолган ҳолда, Россия ва АҚШ ўртасида мувозанат сақлашга ҳаракат қилмоқда.

Шунинг учун Қозоғистон бошқа стратегияни танлади. У доимо Россия билан алоҳида муносабатларини таъкидлайди, Москвага ҳеч қачон орқа ўгирмаслигини айтади, уни асосий иттифоқчи ва абадий биродар сифатида кўрсатади. "Биз сизга хиёнат қилмаймиз" деган сигнални беради. Шу тариқа Қозоғистон доимо тепасида осилиб турган хавфни юмшатишга ҳаракат қилади. Менимча, Россия-Қозоғистон муносабатлари ҳақида гапирганда буни доим ёдда тутиш керак.

Би-би-си: Келинг, сиз тилга олган таҳдидлар ҳақида гаплашайлик. Владимир Путин Қозоғистонда рус тили мақоми ҳақида ижобий фикр билдирди. Унинг айтишича, Конституциянинг янги таҳририда рус тили ҳануз расмий тил сифатида қолган. Аммо русийзабон озчилик истиқболда сиёсий ўйин воситасига айланиб қолиши мумкинми? Тўқаев катта қўшниси билан муаммолардан қочиш учун бу озчиликни асраш ва ҳимоя қилишга қанчалик тайёр?

Темур Умаров: Қозоғистон Совет Иттифоқи парчаланиб, мустақиллик йўлига қадам қўйган илк кунлардан бошлаб жуда эҳтиёткор миллатчилик стратегиясини танлаган. Бу Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ички сиёсатига ҳам мос келади. Уларнинг барчасида ўзликни англаш ва қуриш устида улкан ишлар олиб борилди. Бу тизим "титул миллат" мавжудлиги ва бошқа барча халқлар ушбу титул миллат билан тинчлик ва дўстликда яшаши принципига асосланган. Қозоғистон ҳам айнан шу йўлдан борди.

Бироқ унинг шароити оғирроқ эди. Чунки аҳолининг катта қисми қозоқ тилида сўзлашмасди. Шимолий ҳудудларда асосан этник руслар яшарди. Қозоғистон бу вазиятни ўзича ҳал қилишга уриниб келди. Биринчи навбатда, этник қозоқларни қайтариш дастурини йўлга қўйди. "Оралман" (қондош) дастури орқали 1 миллиондан ортиқ этник қозоқлар қайтиб келди, уларга ижтимоий ёрдам ва паспортлар берилди, жамиятга интеграция қилинди. Уйғурлар каби айрим гуруҳларда идентификация муаммолари бор, лекин бу алоҳида мавзу. Умуман олганда, Қозоғистон миллий идентификацияни этник қозоқлар билан чекламай, "биз барчамиз қозоғистонликмиз" деган умумий бренд остида бошқа миллатларни ҳам қамраб олишга ҳаракат қилди.

Аммо Қозоғистон учун биринчи хавотирли сигнал эса 2014 йилда, Қрим аннексиясидан кейин пайдо бўлди. Россия катта рус диаспорасидан фойдаланиб, референдум ўтказди ва Қримни аннексия қилди. Шундан бери Қозоғистон Жиноят кодексини ўзгартириб, турли референдумларга чақириқларни қаттиқ жазолашни йўлга қўйди. 2014 йилдан буён ўнлаб, ҳатто юзлаб одамлар турли ижтимоий тармоқлардаги постлари учун жиноий жавобгарликка тортилди. Ички ишлар вазирлиги ҳатто бир неча йил олдин шундай одамлар ҳақида ҳужжатли фильм чиқарган, улар камера олдида узр сўраб, ўз хатти-ҳаракатлари хавфли эканини тан олган.

Путин ва Тоқаев Астанадаги Абадий дўстлик хиёбонида эман экишди.

Сурат манбаси, Alexander Kazakov/TASS

Сурат тагсўзи, Путин ва Тоқаев Астанадаги Абадий дўстлик хиёбонида дуб экишди.

Ўшандан бери Қозоғистон бу масалага оид нарративларни жуда эҳтиёткорлик билан назорат қилишга ҳаракат қилмоқда. Шу билан бирга, миллий идентификацияни мустаҳкамлаш учун тил ислоҳоти орқали аста-секин қадам ташламоқда. Қозоғистон яқин йилларда кирил ёзувидан лотинга ўтади, аммо рус тилини ҳануз расмий тил сифатида сақлаб қолмоқда. Чунки бу масала "қизил чизиқ" сифатида кўрилади ва уни кесиб ўтиш мумкин эмас. Бу Владимир Путин учун жуда муҳим, чунки у доимо Қозоғистон рус тилида сўзлашувчи мамлакат эканини ва рус тилининг аҳамиятли бўлиб қолиши кераклигини таъкидлайди.

Тўқаев эса буни ҳатто сиёсий восита сифатида қўллайди. Агар эсласак, 2023 йилда Москвага МДҲнинг норасмий саммитига ташрифи чоғида у рус тилини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилот тузиш ташаббуси билан чиққан эди. Бу нарса Тўқаевнинг Қозоғистон ичида юритаётган ички сиёсатига зиддек туюлади. Ҳатто Путиннинг аввалги ташрифларидан бирига эътибор қаратсак, унда Тўқаев қозоқ тилида гапирган эди, бу аслида мисли кўрилмаган воқеа бўлиб, бу постсовет давлатлари раҳбарлари орасида ҳеч қачон кузатилмаган.

Лекин Тўқаев икки йўналишни бир вақтда олиб боришга ҳаракат қилмоқда: бир томондан қозоқ миллий идентификациясини кучайтириш, иккинчи томондан рус тилининг аҳамияти ва этник руслар Қозоғистонда хавфсиз эканини таъкидлаш. Шу тариқа Путинга "бу масалада хавотирланиш шарт эмас" деган сигнал берилади. Бу Россиядан келиши мумкин бўлган эҳтимолий таҳдидни юмшатиш сиёсатига киради.

Би-би-си: Энди иқтисодий масалалар ҳақида гаплашайлик. Бу ташрифдан кейин сарлавҳаларга чиққан ягона иқтисодий ютуқ, эҳтимол, Балхаш АЭСи қурилиши бўйича келишув бўлди. Бу ҳозирча шунчаки қоғоздаги гапларми ёки жиддий ниятларми? Бундай атом станцияси Қозоғистонга босим ўтказиш воситаси бўлиб қолмайдими?

Темур Умаров: Бу шунчаки қоғоз эмас, ҳақиқатан ҳам 2035 йилгача қурилиши режалаштирилган АЭС. Орқага қайтариб бўлмайдиган келишув, бюджет ажратилган, расмий очилиш ҳам яқин. Бу оддий меморандум эмас, балки амалга ошадиган лойиҳа. Шунинг учун Қозоғистон референдум ўтказиб, жамиятдан қонуний розилик олди ва қурилишга рухсат берди.

Қозоғистонда икки мини-АЭС блоки қурилади, ва менинг тушунишимча, бундай қурилишни фақат Россия амалга ошира олади. Росатом бу ерда фақат сиёсий куч эмас, балки дунёда такрорланмас технологияга эга компания сифатида намоён бўлмоқда. Агар Россиянинг кенг кўламли босқини ва санкциялар бўлмаганида, Росатом бутун дунёда АЭС қуриш имконига эга бўлар эди.

Ҳозир Росатом кўплаб бозорларга кириш имконидан маҳрум. У фақат унга ҳали очиқ бўлган мамлакатларда фаолият юритмоқда. Масалан, Ўзбекистонда ҳам АЭС қурилиши режалаштирилган, 10 йил ичида у ерда ҳам станция ишга тушади. Қирғизистонда ҳам шундай режалар муҳокама қилинмоқда. Бу Марказий Осиёдаги умумий тенденция, чунки иқтисодиётлар ўсмоқда. Масалан, Ўзбекистон 7% ЯИМ ўсишини кўрсатмоқда.

Иқтисодий ўсиш индустриализация ва аҳоли кўпайишига олиб келмоқда. Мамлакатлар кўпроқ энергия истеъмол қилмоқда ва дефицитни янги лойиҳалар билан қоплашга ҳаракат қилмоқда. Қозоғистон Россиядан кўпроқ газ сотиб олиб, шимолий ва шарқий ҳудудларни газлаштирмоқда. Шу билан бирга, Хитой ва Форс кўрфази давлатлари сармояси билан шамол ва қуёш электр станцияларини қурмоқда.

Шунинг учун мен буни сиёсий эмас, энергетик нуқтаи назардан кўрган бўлардим. Лекин Россия иқтисодий таъсирини сиёсий майдонда қўллашини кўп марта намойиш этган. Масалан, АЭС қурилгандан кейин уни хизмат кўрсатиш зарур бўлади. Агар Қозоғистон "ёзилган қоидаларга" амал қилмаса, Россия техник хизматни тўхтатиши мумкин. Бу эса катта хавф. Шунинг учун бундай йирик лойиҳаларда сиёсий таваккалчилик ҳамиша мавжуд.

Би-би-си: Арманистон ҳам шунга ўхшаш муаммоларга дуч келган эди. Совет даврида у ерда атом станцияси қурилган ва ҳозирги ҳукуматнинг бу қарорга алоқаси йўқ. Шунга қарамай, ҳозир икки мустақил давлат ўртасидаги муносабатлар совуган бир пайтда, Арманистондаги АЭС ҳам Москва ва Ереван ўртасидаги сиёсий баҳсларда ўйин воситасига айланмоқда. Арманистонда яқинда сайловлар бўлади, Москва уларни диққат билан кузатмоқда. Ереванни танқид қилмоқда, талаблар қўймоқда, савдо урушлари ҳам бор. Қозоғистоннинг бу масаладаги позицияси қандай? Зеро, ЕОИИнинг (Евроосиё иқтисодий иттифоқи) айрим тадбирлари айнан Путиннинг ушбу ташрифи доирасида бўлиб ўтмоқда.

Темур Умаров: Ҳа, аслида айни пайтда бу ташриф олий даражадаги ЕОИИ саммитига айланиб кетди. Унда Никол Пашинян иштирок этмаяпти, у ўз ўринбосарини юборди. Аммо бунинг эвазига Беларус ва Қирғизистон президентлари Александр Лукашенко ва Садир Жапаров келишди.

Бу ерда Қозоғистоннинг позициясини кўпроқ нейтрал деб атаган маъқул. Қозоғистон ЕОИИ доирасида доимо "бу иқтисодий бирлашма, бу ерда сиёсат йўқ" деган нарратива билан чиқади. Тушунарлики, бу бир оз айёрликдир, аммо шу тариқа Қозоғистон ЕОИИ доирасидаги қандайдир воқеаларга таъсир ўтказиш учун унда воситалар жуда кам эканлигини намойиш этади, агар бу турли мамлакатларнинг сиёсий манфаатларига дахл қилмайдиган фақатгина иқтисодий ўзгаришлар бўлмаса.

Қозоғистон бошиданоқ ЕОИИга аъзо бўлаётганда, бу Москва асосий ролни ўйнайдиган сиёсий бирлашмага айланишини тушунган эди. Тўғрироғи, ундай ҳам эмас: Россия ўзини ЕОИИга қўшиб қўйди, ваҳоланки, эслатиб ўтаман, бу иттифоқ дастлаб Нурсултон Назарбоев томонидан фақатгина Марказий Осиё иқтисодий бирлашмаси сифатида ўйлаб топилган эди.

Назарбаев Путин билан, 2021 йил.

Сурат манбаси, Yevgeny Biyatov/TASS

Сурат тагсўзи, Назарбаев Путин билан, 2021 йил.

Аммо ўша пайтда Марказий Осиё индентификацияси Назарбоев учун жуда торлик қилди ва у мана шу евроосиёчиликка, Қозоғистон Евроосиё қитъасининг марказида жойлашган ва ҳаммани ҳамма билан боғлайдиган давлатга айланиши керак деган ғояларга ишонди. Шу билан бирга, бу Хитойнинг баъзи соҳаларга иқтисодий бостириб киришидан ҳимояланиш воситаси сифатида ҳам кўрилди. Шу тариқа, Россия ЕОИИга аъзо бўлиш орқали бу ҳудудни ўз соябони билан ёпди ва Хитойнинг Марказий Осиёга ҳаддан ташқари кучли кириб келишига йўл қўймади. Аммо вақт ўтиши билан буларнинг барчаси Россия баъзан соф сиёсий мақсадларда фойдаланадиган улкан бюрократик машинага айланиб кетди.

Бироқ ЕОИИ доирасидаги энг йирик иқтисодиёт (Россия) ушбу ташкилотдан, биринчи навбатда, ўзининг буюк давлат эканлигини намойиш этиш, иккинчидан эса ўз сиёсий манфаатларига эришиш учунгина фойдаланаётган бир пайтда, унга қандайдир жон бағишлашга бўлган барча уринишлар мана шу девор қаршисида чил-чил бўлиши аниқ.

2012 йилни эслайлик: Россия ЕОИИни Хитойнинг "Бир камар - бир йўл" ташаббуси билан уйғунлаштиришини эълон қилди. Бу қарор Қозоғистон раҳбарининг фикрини ҳисобга олмасдан, ЕОИИ ҳудудида мавжуд бўлган бошқа ташаббуслар ҳисобга олинмасдан қабул қилинди. Москва кўп ҳолларда бошқа аъзо давлатларнинг фикрига қизиқмай, улар учун қарор қабул қилиб келди. Қозоғистон буни англади ва вазиятга кўникишга мажбур бўлди. Шу билан бирга, Остона ЕОИИни модернизация қилишни истайдиган ягона аъзо давлат бўлиб қолди. Шу мақсадда интеграция масалалари билан шуғулланадиган махсус вазирлик ташкил этди. Бироқ ЕОИИ доирасидаги энг йирик иқтисодиёт ушбу ташкилотдан, биринчи навбатда, ўзининг буюк давлат эканлигини намойиш этиш, иккинчидан эса ўз сиёсий манфаатларига эришиш учунгина фойдаланаётган бир пайтда, унга қандайдир жон бағишлашга бўлган барча уринишлар мана шу девор қаршисида чил-чил бўлиши аниқ.

Қозоғистон Арманистон масаласида ўз фикрига эга бўлса ҳам, ЕОИИ доирасида сиёсий ўйинларга аралашмасликка ҳаракат қилади. Айниқса, охирги пайтларда Қозоғистоннинг Озарбайжон билан яқинлашиши ва Қорабоғ можаросида Тўқаевнинг Алиевни очиқ қўллаб-қувватлаши Арманистон учун муҳим масалада позицияни кўрсатиб қўйди. Бу нуқтаи назардан уни бетараф иттифоқчи деб атаб бўлмайди. Лекин ЕОИИда Қозоғистон сиёсий тортишувларга киришмасликка интилади.

Би-би-си: Хўш, Қозоғистонда бошқа урушга, яъни Россиянинг Украинага бостириб киришига қандай муносабатда? 2022 йилда Тўқаев ўзини мустақил деб эълон қилган ДНР ва ЛНРни "квазидавлат ҳудудлар" деб атаганида ва Қозоғистон уларни тан олмаслигини айтганида ижтимоий тармоқлар портлаган эди.

Темур Умаров: Қозоғистоннинг ўша ЛНР/ДНР бўйича позицияси умуман ўзгаргани йўқ, чунки бу Қозоғистон учун принципиал масаладир. Қозоғистон умуман Россиянинг ҳеч қандай "янги ҳудудлари"ни тан олмайди. Чунки бу йўналишда бир қадам ташлаш билан Қозоғистон билвосита келажакда ўз ҳудудида ҳам шу каби тузилмалар пайдо бўлиши мумкинлигини тан олган бўлади.

Бироқ ҳозирги вазият, ҳақиқатан ҳам, 2022 йилдагидан бутунлай бошқача кўринишга эга. Энди Путин мутлақо яккаланиб қолгандек туюлмаяпти. Энди Россия енгиб бўлмайдиган даражадаги жуда кўп сонли санкциялар остида қолгандек кўринмаяпти. Бу тўрт йил ичида кўп нарса юз берди, бу Россиянинг позициясини ҳам, АҚШнинг Россияни жиловлаш бўйича позициясини ҳам ўзгартирди. Шу сабабли, Қозоғистон энди Жо Байден маъмурияти унга тўғридан-тўғри: "Россия билан яқинлашманг, акс ҳолда сизни жазолаймиз", деб турган ўша пайтдаги вазиятда эмас.

Ўшанда Қозоғистон ўз иқтисодиёти омон қолиши ва санкциялар босими остида қолмаслик учун Москвадан узоқлашганини намойиш этиши керак эди. Москва ҳам, умуман олганда, бу шунчаки риторика эканлигини тушунарди. Бу риторика ортида эса ҳатто 2022 йилдан бошлаб пайдо бўлган санкцияларни айланиб ўтиш схемаларини қўллаб-қувватлаш ҳам яширинган бўлиши мумкин эди. Фақатгина мана шу йилнинг ўзида Россия Федерацияси фуқаролари томонидан Қозоғистон ҳудудида очилган компаниялар сони 11 баробарга кўпайди. Россия ҳудудидан баъзи компаниялар Қозоғистонга шунчаки келиб қолмагани аниқ, улар россиялик истеъмолчига санкциялар туфайли маҳрум бўлган ўша неъматларни етказиб бериш бўйича муайян фаолият билан шуғулланишган. Бу ҳақда кўплаб суриштирув мақолаларида ўқиш мумкин.

Агар биз Тўқаевнинг сўнгги икки йил ичида Украинадаги уруш ҳақидаги барча чиқишларини кузатсак, у умуман олганда бир хил гапни айтмоқда. У низони БМТ Низоми асосида дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақирмоқда ва ҳудудий яхлитликни тан олиш муҳимлиги ва ҳоказолар ҳақида гапирмоқда. Тўқаев Марказий Осиё президентлари ичида Украина президенти Владимир Зеленский билан шахсан учрашган ва у билан бир неча бор телефон орқали гаплашган ягона президентдир. Шунингдек, Қозоғистон расмий даражада Украинага инсонпарварлик ёрдами юборган.

Шу тариқа, Қозоғистон бетараф ҳудудда туришга ҳаракат қилмоқда, аммо йилдан-йилга бу қийинлашиб бормоқда. Биринчидан, бунга энди аввалгидек эҳтиёж йўқлиги сабабли: масалан, Оқ уйдан ҳеч ким Қозоғистонга босим ўтказмаяпти, Европа Иттифоқи эса унга қаттиқ босим ўтказиш имкониятига эга эмас. Иккинчидан, Украина билан бу яқинлашиш, айниқса, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан солиштирганда, гўёки қадрланмаётгандек туюлмоқда. Қозоғистон учун Украина дронлари Россия ҳудудидан ўтадиган Транскаспий қувури орқали асосан қозоқ нефтини ҳайдаб берадиган бир нечта муҳим инфратузилмавий логистика объектларига ҳужум қилгани жуда аламли бўлди. Қозоғистон фойдаланадиган инфратузилмага бўлган бу ҳужумлар Қозоғистоннинг иқтисодий манфаатларига бўлган ҳужум сифатида қабул қилинди, бу эса Қозоғистоннинг Украинага нисбатан ўзини тутишига зиддек туюлади. Шу сабабли, кейинги пайтларда бу муносабатларда совуқчилик пайдо бўлди.

Бироқ, аввал ҳам Қозоғистон Украинага жуда илиқ муносабатда бўлган деб айтиб бўлмайди, барибир у расмий равишда ўша бетарафликка амал қилиб келган эди. Агар сиз бетараф бўлсангиз, демак, сизда таваккалчиликлар борлигини назарда тутасиз. Бунинг устига, ушбу бетарафлик билан бирга, Қозоғистон Россия учун санкциялар бўлмаган дунёга очилган ўзига хос "дарча" бўлиб хизмат қилган мамлакат эди. Шу билан бирга, Тўқаев 9 май куни ҳарбий парадга келиб, ўша СВО (махсус ҳарбий операция) иштирокчилари билан бир саҳнада туриб ва бу Россия агрессиясини қўллаб-қувватлашдек кўринишидан умуман хавотир олмай, Путин ва Кремл билан яқинлигини дипломатик тарзда намойиш этди.

Би-би-си: Тўқаев Путиннинг ташрифи чоғида икки давлат ўртасида баҳсли масалалар мавжуд эмаслигини айтди. Қозоғистон президентининг ушбу ишончли фикрига қўшиласизми?

Темур Умаров: Расмий даражада, албатта, Қозоғистон ва Россия ўртасида ҳеч қандай баҳслар йўқлиги ҳамиша айтилади. Умуман олганда, бу ташрифлар, юқори даражадаги саммитлар мамлакатлар муаммоли масалаларни муҳокама қилишлари учун эмас, балки ҳамма нарса қанчалик яхши эканлигини намойиш этиш учун мавжуд. Бу аниқ вазиятда эса, ҳамма нарса айниқса қанчалик яхши эканини кўрсатиш керак эди. Бунинг учун, муносабатларда қандайдир муаммоли масалалар бўлган тақдирда ҳам, уларда бирор-бир муаммо бўлиши мумкинлигига заррача бўлсин шама қилмаслик лозим эди.

Россия ва Марказий Осиё давлатлари одатда бундай масалаларни ёпиқ эшиклар ортида ҳал қилишади ва уларни оммавий майдонга жуда кам ҳолларда олиб чиқишади. Айнан шунинг учун ҳам Путин ва Арманистон бош вазирининг охирги учрашувларида бир-бирлари билан қандай гаплашгани постсовет ҳудудидаги анъанавий дипломатик амалиётлар доирасидан чиқиб кетгандек кўринди. Бизнинг дипломатик амалиётимизда бундай нарсаларни кўриш одат тусига кирмаган. Шу сабабли, расмий даражада ҳамма вазият қанчалик ажойиб ва гўзал эканини гапиради. Аслида Путин Қозоғистонга айнан шунинг учун келган эди. Шунингдек бу Қозоғистоннинг асосий мақсади эди, Путинни ҳамма нарса шунчаки яхши эмас, балки жуда зўр, аъло, ажойиб эканлигига ва у Россиянинг Қозоғистондаги мавқеи учун хавотир олмаслиги кераклигига ишонтириш эди.

Аммо бунинг ортида, албатта, муаммолар яширинган, муаммолар тиқилиб ётибди. Масалан, Россия ЕОИИда бошқа аъзолар билан маслаҳатлашмасдан экспортга чекловлар қўйган. Бу урушнинг энг бошида кўп марта содир бўлди, ўшанда Россия шакар, ун ёки бошқа зарур маҳсулотлар экспортини чеклаб қўйди ва шу сабабли Қозоғистонда инфляция юзлаб фоизга ошиб кетди, одамлар навбатларда туришди ва ҳоказо.

Бу энергетика инфратузилмаси билан ҳам мунтазам равишда содир бўлиб туради. Қозоғистон ўз нефтини ташқи бозорга чиқаришда 80 фоиз Россияга боғлиқ. Шу сабабли, ҳар гал Россия Қозоғистоннинг сиёсий позициясидан норози бўлиши мумкин бўлган вазиятда, у нефт қандайдир экологик стандартларга мос келмайдиган тарзда экспорт қилинаётганини эслатиб қўйиши мумкин, шундан сўнг суд экспортни маълум муддатга тўхтатиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилади. Ҳа, шундай мисоллар бўлган. Bloomberg маълумотларига кўра, Қозоғистон сўнгги йилларда нефть экспортининг йигирмадан ортиқ тўхтатилишига дуч келди, бу ҳам муаммоли масала.

Бошида сиз билан баъзи россиялик юқори мартабали мулозимларнинг ҳудудий масалалар ва Қозоғистоннинг шимоли бўйича даъволарини муҳокама қилган эдик. Бу ҳам жуда ғалати ҳолат: президентлар бир-бирлари билан учрашиб, ўрталарида ажойиб, гўзал дўстлик муносабатлари борлигини айтишади, лекин айни пайтда ўша одамларнинг барчаси ҳануз ўз лавозимларини эгаллаб туришибди ва ушбу иттифоқчига таҳдид солишмоқда. Аммо Қозоғистонда мавжуд бўлган мана шу стратегик иккиёқламаликнинг ўзига хослиги ҳам шунда: Россия бир вақтнинг ўзида ҳам иттифоқчи, ҳам таҳдиддир.

Бу ерда энг муҳими, Кремл ўзини қандай тутишидадир. Кремл одатда ўзи эшитишни хоҳламайдиган гапларни гапирадиган одамлар билан андиша қилиб ўтирмайди. Кремл манфаатларига зид келадиган бирор нарсани баён қилгани учун жабр кўрган одамларнинг кўплаб мисолларини биламиз. Аммо Қозоғистонга қарши тўғридан-тўғри уруш бошлаш билан таҳдид қилаётган аниқ мулозимларга нисбатан Кремл ҳеч нарса қилмаяпти. Шу тариқа, у бу таҳдид ҳақиқатан ҳам мавжудлиги ва Қозоғистон буни ҳамиша ёдда тутиши кераклиги ҳақида сигнал юбормоқда.