"Уларнинг гуноҳи нима эди?": BBC Минобдаги мактабга борди

- Author, Навал Ал‑Мағaфий
- Role, BBCнинг халқаро суриштирувлар бўйича катта мухбири
- Reporting from, Minab, southern Iran
- Published
- Ўқилиш вақти: 8 дақ
Мақолада болалар ўлимига оид оғир тафсилотлар келтирилган.
Амина Надимий бир вақтлар ўзи дарс берган мактаб вайроналари оралаб эҳтиёткор қадам ташлайди.
Шикастланган юқори қаватдаги синган бетон бўлаклари ҳар лаҳза қулаб тушадигандек осилиб қолган. Бир нечта синфхона ҳали ҳам сақланган, уларнинг ёрқин рангли деворларини шарлар ва гуллар тасвири безаб туради.
33 ёшли ўқитувчи қаерда нима жойлашганини аниқ эслайди: юқори қаватда қизлар, пастки қаватда ўғил болалар синфхоналари, шунингдек, директор хонаси ва намозхона жойлашган эди.
Эрон жанубидаги кичик Миноб шаҳрида жойлашган "Шажараи Таййиба" бошланғич мактабида Амина биринчи синф қизларига дарс берган синфхонадан эса фақат вайроналар қолган.
28 феврал куни, АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши бошланган дастлабки соатларда мактабга берилган зарба оддий шанба тонгини бу можаронинг энг аянчли тимсолларидан бирига айлантирди. Бу уруш давомида тинч аҳоли энг кўп ҳалок бўлган алоҳида ҳодиса бўлди.
Миноб прокуратураси маълумотига кўра, жами 156 киши, жумладан, 120 нафар бола, ҳомиладор аёл ва унинг туғилмаган фарзанди ҳалок бўлгани тасдиқланган.
Мутахассисларнинг айтишича, далиллар мактабга АҚШ кучлари зарба берганини кўрсатади. Мактаб Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси мажмуаси ёнида жойлашган. Сунъий йўлдош тасвирларидан бу мажмуага бир неча марта зарба берилганини кўриш мумкин.
АҚШ ҳужум учун масъулиятни тан олмаган. Бироқ АҚШ оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, ҳарбий терговчилар зарба АҚШ кучлари томонидан бехосдан берилган бўлиши эҳтимол, деб ҳисобламоқда.

Бу ерда содир бўлган воқеа оғриғи ҳали ҳам босилмаган. Ўқитувчиларнинг айтишича, улар ҳар куни шу жойда дуо қилишади. Қутқарувчилар эса ҳалок бўлганларнинг жасадлари қолдиқларини ҳамон қидиришмоқда.
Юқори қаватнинг катта қисми пастки қават устига қулаб тушган. "Бу ерни энди мактаб деб бўлмайди, дейди Амина. Фақат ўлим, қайғу ва тўкилган қон ҳиди келиб турган деворлар қолган".
Эрон расмийлари бизнинг бу мактабга бориб, уни кўришимизни жуда исташди. Уларнинг айтишича, мактабдаги вайронагарчилик Вашингтон Эроннинг ҳарбий ва хавфсизлик тузилмаларига қаратилган ҳужум сифатида тақдим этаётган кампания аслида тинч аҳолига нақадар оғир талафот етказганининг далилидир.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Ҳаммамиз ҳар томонга учиб кетдик"
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Аминанинг айтишича, мактабдаги кун одатдагидек бошланган.
Муқаддас Рамазон ойи бўлгани учун болалар Қуръон тиловат қилиш учун намозхонага йиғилишган эди, деб эслайди у. Шундан сўнг Амина ўқувчиларига форс алифбосидаги янги бир ҳарфни ўргата бошлаган.
Аммо Эрон бўйлаб урушнинг дастлабки ҳужумлари бошланар экан, директор мактаб ёпилишини эълон қилган. Шундан сўнг ўқитувчилар ота-оналар билан боғланиб, улардан фарзандларини олиб кетишни сўрашган.
Аминанинг 15 нафар биринчи синф ўқувчисидан атиги беш нафари юқори қаватдаги синфхонада қолганди. Ўша пайтда у мактаб яқинида портлаш овозини илк бор эшитди. Амина йўлакда эди. Овозни эшитиши билан болаларни олиш учун шошилиб синфхонага қайтди.
"Чиқишга отланганимда, мактабга ракета келиб урилди, - дейди Амина. - Нимадир менинг ҳам, ўқувчиларимнинг ҳам бошимизга келиб тегди. Ҳаммамиз ҳар томонга учиб кетдик".
Унинг айтишича, кейин синфхонани қуюқ қора тутун қоплаган: "Қучоғимдаги ўқувчиларимни ҳатто кўра олмасдим. Нафас ололмасдик".
Амина яна бир портлаш овозини, фарёдлар ва болалар йиғисини, сўнг мактабнинг қулаб тушганини эшитганини эслайди. "Ҳаммаси бир зумда вайрон бўлди", - дейди у.
"Мендан ҳам, ўқувчиларимдан ҳам қон оқарди", дея қўшимча қилади Амина

Амина Надимийнинг айтишича, тутун бироз тарқалгач, жароҳатланган болаларни пастдаги одамларга бирма-бир узатган. Сўнг олов ва вайроналар орасидан зўрға ўтиб, мактаб дарвозаси томон йўл олган. У ерда тўпланган ота-оналарни кўрган. Унинг эслашича, уларнинг кўпи оёқ кийимини кийишга ҳам улгурмай, мактабга шошиб келганди.
Саросимага тушган Амина қолганлар барчаси бинодан чиқиб улгурган, деб ўйлаган. Шу боис ота-оналар нега мактаб томон югураётганини тушунмаган: "Уларнинг ҳаммаси вайроналар остида қолганини билмасдим".
Амина бу мактабда олти йил давомида биринчи синфга дарс берган. У ўша кунги қурбонларни номма-ном тилга олади: зинапояда онаси билан бирга ҳалок бўлган биринчи синф ўқувчиси Адрина, иккинчи синф ўқувчиси Фотима ва яна кўплаб болалар. Улар орасида Амина биринчи синфда ўқиган кезларида алифбо ўргатган, ўша пайтда эса олтинчи синфда ўқиётган ўқувчилар ҳам бор эди. Қурбонлар орасида мактаб директори ва унинг ўринбосари, жисмоний тарбия ҳамда Қуръон ўқитувчилари ҳам бўлган.
"Ўғлимни топинглар"
Орадан бир неча дақиқа ўтиб, фавқулодда хизмат ходимлари кела бошлаган.
Эрон Қизил Ярим Ой жамияти ходими Ризо Бешарати воқеа жойига биринчилардан бўлиб борган қутқарувчилардан эди. Унинг айтишича, фарзандларини қидиришга шошилган оилалар туфайли мактаб атрофидаги йўлларда машиналар тиқилиб қолганди.
Миноб кичик шаҳар. Ризо оломон орасидан ўтиб, вайроналар ичига кирганида, танишларини, жумладан, баъзи қариндошларини ҳам кўрган.
"Одамларни қидира бошладик. Балки кимдир тирик қолгандир, деб ўйладик, - дейди у. - Аммо, афсуски, ҳеч ким тирик эмасди".

Унинг айтишича, ҳалок бўлганларнинг жасадлари аянчли аҳволда топилган: "Гоҳ фақат қўл, гоҳ фақат оёқ топиларди... Ҳеч бир жасад бутун эмасди".
Кўп оилалар фарзандларини оёқ кийими ёки уст-бошидан таниб олишди, дея қўшимча қилади у.
Ризонинг қариндошларидан бири ҳам боласини излар, "Фақат боламни топиб беринглар, ўғлимни топинглар", деб ёлворарди. "Унга ўғли тирик эмаслигини айта олмадим. Ҳаммамиз йиғлардик", дейди Ризо.
Унинг айтишича, қулаб тушган бино харобалари орасида қидирув олиб борган пайтида кўрганлари ҳануз кўз ўнгидан кетмайди: "Бир неча кун ухлай олмадим. Кўзимни юмсам... шу ерда кўрганларим ёдимга тушаверди".
Ҳужум юзасидан суриштирув бошланган

Ҳужум тафсилотлари маълум бўла бошлагач, президент Доналд Трамп энг аввало ҳеч қандай далил келтирмасдан Эронни айблади.
АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет ҳарбийлар воқеани текшираётганини ва Америка кучлари "тинч аҳоли объектларини ҳеч қачон нишонга олмаслигини" айтди. Кейинроқ у АҚШ Марказий қўмондонлиги (Centcom) таркибига кирмайдиган ҳарбий раҳбар бошчилигида янада юқори даражадаги тергов ўтказилишини эълон қилди. Трамп маъмурияти тергов натижаларини ҳануз жамоатчиликка ошкор қилгани йўқ.
АҚШнинг бир нечта оммавий ахборот воситаси ҳарбий терговдан хабардор манбаларга таяниб хабар беришича, дастлабки хулосаларга кўра, АҚШ Мудофаа разведка бошқармаси тақдим этган эски маълумотлар мактабнинг ҳарбий ҳудуд бир қисми сифатида баҳоланишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Мутахассислар видеоларни таҳлил қилиб, мактаб ёнидаги Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси мажмуасига ракета келиб тушганини аниқлаган. Бу юқори аниқликда бошқариладиган "Томаҳок" қанотли ракетаси бўлган. Исроил ёки Эронда бундай ракета борлиги ҳақида маълумот йўқ.
Сунъий йўлдош тасвирлари мактаб ва мажмуадаги яна бир нечта бино ҳам ҳужумга учраганини кўрсатган. Ҳақиқийлиги текширилган видеоларда эса бу ҳудудга бирин-кетин бир неча марта ҳужум қилингани кўринади. АҚШ ҳарбий хариталари ўша пайтда Америка Эрон жанубида, жумладан, Миноб ҳудудида ҳарбий амалиётлар олиб борганини ҳам тасдиқлайди.
Аввалги йилларга оид сунъий йўлдош тасвирларидан мактаб ҳудуди илгари Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси мажмуаси таркибида бўлганини кўриш мумкин. Бироқ 2016 йилдан буён мактаб мажмуадан девор билан ажратиб қўйилган. Унинг ўз кириш йўллари ва ҳовлилари бор.
Бундан ташқари, бу ерда мактаб жойлашганини кўрсатувчи маълумотлар интернетда очиқ бўлган. Ҳужумдан бир неча ой олдин архивга олинган мактабнинг қизлар ва ўғил болалар бўлимларига тегишли веб-сайтларда унинг манзили ҳам кўрсатилган.
АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари май ойида АҚШ Конгресси қўмитасига тергов "мураккаб" эканини айтди, аммо қўшимча тафсилот бермади. Унинг айтишича, мактаб "Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг фаол қанотли ракеталар базаси ҳудудида" жойлашган. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги эса бу даъвони "асоссиз уйдирма" деб рад этди.
Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси кенг кўламли ҳарбий, хавфсизлик ва иқтисодий фаолиятдан ташқари, аҳолига хизмат кўрсатувчи айрим жамоат ва тиббиёт муассасаларини ҳам бошқаради
Маҳаллий аҳолининг BBC Форс хизматига айтишича, бу ҳудуд илгари Корпус ҳарбий-денгиз бригадасининг базаси бўлган. Аммо уларнинг фикрича, ҳудуддан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш бир неча йил олдин тўхтатилган. Суратларда мажмуада клиника ва автомобил ювиш шохобчаси ҳам бўлгани кўринади.
BBC изоҳ олиш учун АҚШ Мудофаа вазирлиги ва ҳарбийларига мурожаат қилди. Расмийларга кўра, тергов ҳали давом этмоқда ва ҳозирча қўшимча маълумот йўқ.
"Уни пайпоғидан танишди"
Bu bolalarning gunohi nima edi? Ularda qurol yo‘q edi. Ular o‘qishga ketishgan edi...
Вайрон бўлган мактабдан узоқ бўлмаган масофада кўплаб ўқувчилар ва ўқитувчилар дафн этилган қабристон бор.
Ҳар оқшом оилалар қабрлар ёнига йиғилади. Оналар фарзандларининг суратларига қўнган чангни артади. Ота-оналар қоронғи тушганидан кейин ҳам узоқ ўтириб, дуо қилишади.
Уларнинг атрофида эса болалар умри бевақт хазон бўлган ака-укалари ва опа-сингилларининг қабртошлари орасида ўйнашади.

Маъсума Меҳрон Шайхободий ҳар куни тўққиз ёшли қизи Сатойишнинг қабрини зиёрат қилади. Кўпинча тунга қадар шу ерда қолади.
У ҳужумдан кейин мактаб томон югурган ота-оналар орасида эди. "Мактабнинг ўзи йўқ эди, - дейди у овози бўғилиб. Фақат тутун, болаларнинг сочлари, бир томонда қўл, бошқа томонда оёқ... Улар парча-парча бўлиб кетганди".
Маъсума яна шундай дейди: "Мен фақат Сатойишни эмас, барча болаларни тинмай чақирардим: Болалар, қаердасизлар?"
Маъсуманинг айтишича, Сатойишнинг нобуд бўлгани оиласига фақат эртаси куни тонгга яқин тасдиқланган. У қизининг пайпоғи қандай рангда бўлганини қайта-қайта сўрашганини эслайди. Маъсума пайпоқ қаймоқ тусида бўлганини айтган. Шундан сўнг Сатойишни пайпоғидан танишган.
Онасига кўра, тўққиз ёшли қиз ўқитувчи бўлишни истаган. "У қўғирчоқларини диванга қатор қилиб қўярди ва: 'Мен сизларнинг ўқитувчингизман. Ҳозир бошланғич мактабда ўқийман, демак, мен ўқитувчиман', дерди".
Бу ердаги кўплаб ота-оналар каби, Маъсуманинг қайғуси ҳам ғазаб билан қоришиб кетган. "Трамп йўқ бўлсин, бу болаларнинг қони зое кетмасин", дейди у.

"Улар ўқишга кетишганди"
Эрон ҳукумати ўз чиқишларида, халқаро минбарларда ва давлат оммавий ахборот воситаларида Миноб фожиасини қайта-қайта тилга олган. Ҳатто музокарачиларни олиб борган самолётга расмийлар аввал эълон қилган қурбонлар сонига ишора қилиб, "Миноб-168" деб ном берилган.
Бу ҳужум Ислом Республикасининг Вашингтон талқинига қарши қарашларини янада кучайтиради.

Уруш эронликларни иккига бўлиб қўйди. Ҳукумат йиллар давомида мухолиф фикрдагиларни ҳибсга олгани ва такрор-такрор кўтарилган намойишлар пайтида куч ишлатиб, одамлар ўлимига сабаб бўлганидан ғазабланган айрим эронликлар ҳаво ҳужумлари бошланишини хурсандчилик билан қарши олишди. Улар ташқаридан бўладиган ҳарбий босим охир-оқибат тузумни заифлаштириши ёки ҳатто қулатиши мумкин, деб умид қилишганди.
Ҳукуматнинг айрим мухолифлари BBCга Минобдаги ҳужум улар учун оғир зарба бўлганини айтган. Бу воқеа тинч аҳолига зарар етказмайдиган "аниқ уруш" ҳақидаги қарашни йўққа чиқарди. Айни пайтда, расмийларга ўзларини Эрон халқини ташқи ҳужумдан ҳимоя қилувчи куч сифатида кўрсатиш имконини берди.
Минобда эса, Амина қабристонга бориб, бир вақтлар ўзи дарс берган ўқувчиларининг қабрлари оралаб юради.
Яқиндаги хотира деворига ўша шанба тонги уйидан чиқиб, қайтиб келмаган болалар, мактаб ходимлари ва ота-оналарнинг суратлари жойланган.
Сатойишнинг онаси эса ҳамон қизининг қабри ёнида ўтирибди.
"Бу болаларнинг гуноҳи нима эди? Уларда қурол бормиди? Қалам, китоб, дафтар ва мактаб сумкаси... Уларда қурол йўқ эди. Улар ўқишга кетишган эди", дейди у.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Қўшимча маълумотларни Жасмин Дайер тақдим этди.
Навал Ал‑Мағaфий Эрондан унинг ҳеч бир материали BBC Форс хизматида ишлатилмаслиги шарти билан хабар бермоқда. Бу чеклов Эронда фаолият юритаётган барча халқаро оммавий ахборот воситаларига тааллуқли.































