Ғарбий Соҳил: Британия санкция киритди, Исроил ғазабда

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Буюк Британия Исроил-Фаластин можаросига "янгича ёндашмоқчи".
Янги санкциялар
Isroilga qarshi kayfiyatda ayblanishdan cho‘chib, harakat qilishda uzoq vaqt ikkilandik. Bugun biz puxta o‘ylangan va aniq maqsadga yo‘naltirilgan choralarni e’lon qilmoqdamiz.
Буюк Британия Исроилнинг ишғол остидаги Ғарбий Соҳилдаги ноқонуний масканларига санкция киритди.
Исроил ҳукуматини келгиндилар томонидан фаластинликларга қарши амалга оширилаётган "этник тозалаш"га кўз юмишда айблади.
Британия Ташқи ишлар вазирининг билдиришича, мазкур қадам Исроил-Фаластин можаросига нисбатан "янгича ёндашувнинг ибтидосидир".
Эд Милибандга кўра, бу каби ёндашув "биргина адолатсизлик ва азоб-уқубатлар ҳақида очиқча гапириш"ни англатмайди.
У "амалий чоралар кўришни ҳам назарда тутади".
Исроил Буюк Британиянинг санкциялар қарорига ғазабнок муносабат билдирди.
Исроил Ташқи ишлар вазири уни "ақл бовар қилмас ёлғон" тарқатишда айблади.
Буюк Британиянинг Шарқий Қуддусдаги консуллигини ёпишни ўз ичига олган жавоб чораларини эълон қилди.
Унинг қўшимча қилишича, Буюк Британиянинг 11 нафар парламент аъзоси, жумладан, Жереми Корбин, Дайан Эбботт ва "Яшиллар" партиясининг амалдаги барча беш нафар депутати Исроилга кириш ҳуқуқидан маҳрум қилинади; улар "антисемитик ва Исроилга қарши фаолият"да айбланмоқда.
Британия Ташқи ишлар вазири Исроил ҳукуматининг муносабати "жуда афсусланарли" эканини айтди.
Уларни, "зарар етказувчи", деди.
Исроил 1967 йилги урушдан кейин Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусни эгаллаган.
Ўшандан буён ишғоли остидаги бу ҳудудда жами 700000 яҳудий истиқомат қилувчи 160 га яқин маскан барпо этган.
Уларга ёнма-ён тахминан 3,3 миллион фаластинлик яшайди.
Милибанд Буюк Британия санкцияларни жорий эта олишига ишонч билдирмоқда ва ушбу чоралар "ишғолнинг кенгайишига кўмаклашувчи хизматларга таъсир ўтказиш"ни мақсад қилишини таъкидлаётир.
Бу нима дегани?

Сурат манбаси, Paul Faith / AFP via Getty Images
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Британ томонининг санкциялари бу каби масканларнинг маҳсулотларини тақиқлайди.
Ушбу масканлар кенгайтирилишига хизмат қилаётган ширкатлар ва жисмоний шахсларга нисбатан ҳам чоралар кўради.
Санкцияларга Франция ва Канада билан биргаликда қўл урилган.
Учовлон бу хусусда қўшма баёнот билан ҳам чиқишган.
Британия томонига кўра, "ушбу қадам икки давлат тамойилига асосланган ечимни ҳимоя қилишга бўлган ёндашувларидаги навбатдаги бурилиш нуқтасидир".
Эд Милибандга кўра, "икки давлат" тамойилига асосланган ечимни сақлаб қолишга "жуда кеч" бўлмаслиги учун Буюк Британиянинг Исроил аҳоли масканларига қарши ўзининг муносабатини билдиришига тўғри келган.
Унинг ББCга айтишича, Исроил ёнида Фаластин давлатини барпо этиш истиқболи "жойлардаги воқелик туфайли барбод бўлмоқда".
Британия Ташқи ишлар вазири ҳукумат "Исроилнинг муносабатидан чўчиб, шунчаки четда қараб тура олмасди", дея таъкидлаган.
Халқаро ҳуқуққа мувофиқ бу каби масканлар ноқонуний ҳисобланади.
Сўнгги ойларда Ғарбий Соҳилда келгиндилар томонидан фаластинликларга қарши зўравонлик ҳоллари ортган.
Эд Милибанд парламент аъзолари қаршисида чиқиш қилган.
Унинг баён қилишича, "Британия ҳукумати Ғарбий Соҳилдаги ҳудудларда келгинди террорчилар томонидан фаластинликларга нисбатан этник тозалаш амалга оширилаётганини тан олади".
"Кўп ҳолларда Исроил ҳукумати бунга кўз юмиб келган;"
"Бундан ташқари, унинг аъзолари баёнотлар беришган ва фаластинликларнинг мажбуран кўчирилишини қўллаб-қувватловчи чораларга ҳам қўл урганлар".
Британия Ташқи ишлар вазирининг айтишича, БМТ этник тозалашни "бирор этник ёки диний гуруҳ томонидан бошқа бир этник ёки диний гуруҳни муайян ҳудудлардан зўравонлик йўли билан сиқиб чиқаришга қаратилган мақсадли сиёсат" сифатида таърифлаган.
Унинг сўзларига кўра, ҳукуматининг расмий мавқеига мувофиқ, Исроилнинг Ғарбий Соҳилдаги ишғоли ноқонунийдир;
Бунга "ўз назоратини мустаҳкамлаш, доимий суверенитетни кенгайтириш нияти ҳамда ноқонуний аҳоли масканлари орқали амалга оширилаётган экспансионистик сиёсат" сабаб.
Шунингдек, Британия Ташқи ишлар вазири Бош раввиннинг жорий этиладиган санкциялар Британиядаги яҳудийларга нисбатан антисемитизмнинг кучайишига олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги даъвосини ҳам рад этган.
Sanksiyalar rejimi Isroilga emas, balki noqonuniy aholi maskanlari va ularning kengaytirilishiga qaratiladi.
Эд Милибанд Халқаро Адолат Маҳкамасининг 2024 йилдаги маслаҳат хулосасига мос келувчи ушбу мавқеъ Буюк Британиянинг ишғол остидаги Ғарбий Соҳил билан бўлган "иқтисодий муносабатлари"да ўз аксини топиши кераклигини ҳам таъкидлаган.
Унинг маълум қилишича, шу боис Буюк Британия келаси олти-тўққиз ой ичида "янги кенг қамровли санкциялар режими"ни жорий этади.
Шунингдек, Буюк Британияда Ғарбий Соҳилдаги ноқонуний аҳоли масканларини реклама қилиш ҳам тақиқланади.
"Санкциялар режими Исроилга эмас, балки ноқонуний аҳоли масканлари ва уларнинг кенгайтирилишига қаратилади", — дея қўшимча қилган Милибанд.
Сешанба куни кейинроқ Британия Бош вазири ҳам ушбу мақсадли чоралар "Исроил халқига қарши эмас, балки икки давлат тамойилига асосланган ечимни қўллаб-қувватлашга қаратилган"ини айтиб чиққан.
"Биз йиллар давомида Яқин Шарқда икки давлат тамойилига асосланган ечимга чақириб келдик, лекин шуни ҳам тан олишимиз керакки, агар бу сўзлар амалий ҳаракатлар билан мустаҳкамланмаса, уларнинг ҳеч қандай қиймати қолмайди. Исроилга қарши кайфиятда айбланишдан чўчиб, ҳаракат қилишда узоқ вақт давомида иккиланиб келдик. Бугун биз пухта ўйланган ва аниқ мақсадга йўналтирилган чораларни эълон қилмоқдамиз; мазкур чоралар Исроил халқига эмас, балки Исроилнинг амалдаги ҳукуматининг қабул қилиб бўлмайдиган сиёсатига қаратилган", - деб ёзган Энди Бёрнҳем ўзининг Facebook акаунтида.
Буюк Британия шунингдек, бошқа 11 давлат - Франция, Канада, Дания, Испания, Финляндия, Ирландия, Исландия, Норвегия, Полша, Португалия ва Швеция билан биргаликда қўшма баёнот эълон қилган.
Баёнотда айтилишича, гуруҳ "икки давлат" тамойилига асосланган ечимга қатъий содиқ бўлиб, Ғарбий Соҳилдаги аҳоли масканлари билан маҳсулотлар олди-сотдисига нисбатан миллий чоралар жорий этади ёки Европа чекловларини қўллаб-қувватлайди.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио журналистларга Оқ уй ушбу қўшма амал юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермаслигини айтиб, "шубҳасиз, биз Буюк Британия қилган ишни қилмаймиз", дея қўшимча қилган.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Тарихча ўрнида
Буюк Британиянинг ушбу баёноти Исроил томонидан Қуддуснинг шарқида жойлашган ва стратегик аҳамиятга эга бўлган E1 ҳудудида тахминан 1200 та турар-жой қуриш бўйича тендерлар эълон қилинганидан сўнг янгради.
Ушбу режалар халқаро миқёсда кенг қораловларга сабаб бўлди. Исроил халқаро босим остида ўнлаб йиллар давомида мазкур ҳудудда қурилиш ишларини амалга ошириш режаларини тўхтатиб турган эди.
Фаластин раҳбарияти Буюк Британиянинг қарорини олқишлади.
Уни "Исроилнинг мустамлакачилик тизимига ҳамда Фаластин халқига қарши содир этаётган зўравонликларга қарши туриш йўлидаги муҳим қадам", деб атади.
Исроил икки давлат тамойилига асосланган ечимни рад этади.
Унинг таъкидлашича, ҳар қандай якуний келишув фаластинликлар билан олиб бориладиган музокаралар натижаси бўлиши керак, давлат мақомига эга бўлиш эса дастлабки шарт бўлмаслиги лозим.
Фаластин маъмурияти икки давлат тамойилига асосланган ечимни қўллаб-қувватлайди.
Бироқ Фаластиннинг қуролли гуруҳи — Ҳамас бунга қарши, чунки у Исроилнинг давлат сифатида мавжуд бўлиш ҳуқуқини тан олмайди.
Сўнгги Ғазо урушидан бери Ғарбий Соҳилда келгиндилар томонидан фаластинликлар ва уларнинг мол-мулкига қилинган ҳужумлар кескин ортган.
Урушга 2023 йилнинг 7 октябрида Ҳамас бошчилигида Исроилга қарши уюштирилган ҳужумлар сабаб бўлган.
Британия Бош вазири ўзининг Facebook' даги постида яна "Фаластин халқининг азоб-уқубатлари — дунё виждонидаги битмас жароҳатдир", - деб ёзган.
Унга кўра, "Ғазода бегуноҳ фаластинликлар, жумладан, болалар ҳамон қурбон бўлаётир. Шу билан бирга, ҳудудда гуманитар инқироз ҳам давом этяпти ва етказиб берилаётган ёрдам миқдори ўта кам".
Энди Бёрнҳем, "вайронагарчилик кўламини тасаввур қилишнинг ўзи қийин"лигини ҳам тилга олган.
"70 000 дан ортиқ одам ҳаётдан кўз юмди; уларнинг камида 20 000 нафари болалардир", - деган рақамларни ҳам келтирган.
"Оилалар ва жамоалар пароканда бўлди, миллионлаб инсонлар ўз уй-жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Ҳозирда Ғазо аҳолиси ҳудуднинг атиги учдан бир қисмига сиқиб чиқарилган", - дея, ўз постига якун ясаган.






























