Эронни ҳозир аслида кимлар бошқармоқда?

Mujtabo Xomanaiy surati

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Олий диний раҳбар сифатида отаси ўрнига келган Мужтабо Хоманаий нега омма олдида кўриниш бермаган, деган савол ўртага чиққан.
    • Author, Амир Азимий
    • Role, BBC Persian
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Эроннинг АҚШ ва Исроил билан ҳозирги уруши бошланганидан бери Теҳрон тепасида бир оддий савол муаллақ турибди: ҳокимият кимнинг қўлида?

Расман олганда, жавоб аниқ. Урушнинг биринчи куни, яъни 28 февралда отаси Али Хоманаий ўлдирилгач, ўғли Мужтабо Хоманаий олий раҳбарлик лавозимини эгаллади.

Ислом Республикаси тизимида бу лавозим ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Раҳбар деярли барча муҳим масалаларда – хоҳ уруш, хоҳ тинчлик, хоҳ давлатнинг стратегик йўналиши бўлсин – сўнгги сўзни айтади.

Бироқ амалда манзара анча мавҳум.

Доналд Трамп Эрон раҳбариятини "тарқоқ" деб атаган ва АҚШ Теҳроннинг "ягона таклиф" билан чиқишини кутаётганига ишора қилганди.

Ўтган апрел ойи охирида Эрон раҳбарлари мобил телефонлари орқали ўз фуқароларига "Эронда муросасиз ёки мўътадил деган нарса йўқ – фақат бир миллат, бир йўл бор" деган мазмунда хабар юборганида, уларнинг хаёлида, шубҳасиз, айнан бирлик бўлган.

Кўринмас раҳбар

Мужтабо Хоманаий ҳокимият тепасига келганидан буён омма олдида кўриниш бергани йўқ.

Бир нечта ёзма баёнотларни, жумладан, Ҳўрмуз бўғози ёпиқ қолиши ҳақидаги баёнотни ҳисобга олмаганда, унинг бошқарувига оид тўғридан-тўғри далиллар деярли йўқ.

Эрон расмийлари унинг дастлабки зарбалар чоғида жароҳатланганини тан олди, бироқ тафсилотларни ошкор этмади.

The New York Times нашри шу ҳафта Эрон манбаларига таяниб, унинг бир неча жойидан, жумладан, юзидан жароҳат олгани ва шу сабабли гапириши қийинлашгани ҳақида хабар берди.

Бу ҳолатнинг аҳамияти катта. Эрон сиёсий тизимида ҳокимият нафақат институционал, балки намойишкорона ҳамдир.

Хоманаийнинг марҳум отаси ўз ниятларини нутқлар, ўз вақтидаги чиқишлар ва гуруҳлар ўртасида кўзга кўринарли ҳакамлик орқали билдириб турарди.

Ҳозирда бу ишора бериш функцияси деярли йўқолган.

Натижада бир талқин бўшлиғи юзага келди. Айримлар фикрича, Мужтабо Хоманаийнинг уруш даврида лавозимга кўтарилиши унга ўз шартлари асосида ҳокимиятни мустаҳкамлашга имкон бермади.

Бошқалар эса унинг жароҳатлари ҳақидаги хабарларга эътибор қаратиб, унинг умуман тизимни фаол бошқаришга қодирлигини шубҳа остига олмоқда.

Қандай бўлмасин, қарор қабул қилиш жараёни урушдан аввалгига қараганда камроқ марказлашган кўринади.

Дипломатик каналлар фақат номига очиқ

Қоғозда дипломатия ҳукумат зиммасида.

Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Эрон президенти Масуд Пезешкиён даврида АҚШ билан музокараларда Теҳрон вакили сифатида иштирок этмоқда.

Бироқ уларнинг ҳеч бири стратегияни белгилаётганга ўхшамайди, Эрон делегациясига парламент спикери Муҳаммад Боқир Қолибоф бошчилик қилаётгани эса уларнинг ваколатини янада шубҳа остига қўяди.

Ароқчининг роли йўналтирувчиликдан кўра кўпроқ ижрочиликка ўхшайди. Унинг Ҳўрмуз бўғози очиқми ёки ёпиқми, деган масаладаги қисқа иккиланиши – аввалига қатнов тикланганини айтиб, сўнг бу фикридан тезда қайтиши – дипломатларнинг ҳарбий қарорлар устидан нақадар оз назоратга эга эканлигини яққол кўрсатиб берди.

Пезешкиён эса режимнинг умумий йўналишини яққол шакллантирмаган ҳолда, унга эргашмоқда. Нисбатан мўътадил арбоб саналган сиёсатчи ҳозирча мустақил йўлдан боришдан тийилиб турибди.

Исломободда АҚШ билан музокаралар иккинчи босқичда тўхтаб қолгани ҳам шу фикрни қувватлайди.

Ҳатто дипломатик каналлар очиқ бўлганда ҳам, тизим мажбурият олишга қодир эмасдек ёки буни истамаётгандек туюлмоқда.

Eron ko‘chalari
Getty Images
Hozirgi jarayonlar Eronda tizimning ishlayotganini, biroq izchil boshqarilmayotganini ko‘rsatadi
Amir Azimiy
BBC Persian

Ваколати кенгаяётган ҳарбийлар

Ҳўрмуз бўғози устидан назорат Эроннинг энг муҳим таъсир кучидир. Аммо уни ёпиш ҳақидаги қарорларни дипломатик жамоа эмас, балки Аҳмад Воҳидий бошчилигидаги Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) қабул қилади.

Бу эса реал ҳокимиятни ёпиқ эшиклар ортидаги шахслар қўлига топширади. Аввалги инқирозлардан фарқли ўлароқ, стратегияга яққол эгалик қилаётган ягона, аниқ бир шахс кўринмайди.

Бунинг ўрнига бир хил манзара кузатилмоқда: аввал ҳаракат, кейин баёнот ва уларнинг доим ҳам бир-бирига мос келавермаслиги.

Хоҳ Ҳўрмузни ёпиш бўлсин, хоҳ Кўрфаз бўйлаб нишонларга зарба бериш – амалда инқироз суръатини айнан ИИҚК белгилаётганга ўхшайди. Сиёсий ва дипломатик муносабатлар эса етакчилик қилиш ўрнига, шунчаки вазиятга эргашмоқда.

Бу маъмурий тузилмаларнинг издан чиққанини англатмайди. Бироқ бу аниқ сиёсий ҳакамлик йўқлиги шароитида ИИҚКнинг оператив мустақиллиги, ҳеч бўлмаганда, вақтинчалик кенгайганини кўрсатади.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг:

Қолибоф саҳнага чиқмоқда

Бу мавҳумликдан фойдаланиб, Муҳаммад Боқир Қолибоф саҳнага чиқмоқда.

Собиқ инқилоб қўриқчилари қўмондони, ҳозирда парламент спикери бўлган Қолибоф айни дамда энг кўзга кўринган шахслардан бирига айланди.

У музокараларга аралашди, халққа мурожаат қилди ва баъзи ҳолларда урушни мафкуравий эмас, балки прагматик нуқтаи назардан таърифлади.

Парламент ичида ва консерватив доираларда музокараларга қаршилик ҳамон кучли.

Муросасиз сигналлар кучайиб, давлат ОАВлари ва оммавий кампаниялар музокараларни мамлакат душманлари олдидаги заифлик сифатида талқин қилмоқда.

Шу боис Қолибофнинг мавқеи анча қалтис – у фаол, лекин тайинли ваколатга эга эмас. Гарчи ўз ҳаракатлари Мужтабо Хоманаийнинг истакларига мос эканини таъкидласа-да, бевосита мувофиқлик аломатлари деярли йўқ.

Тепадан келадиган ишораларга таянадиган тизимда бу ноаниқлик кўп нарсани англатади.

Pokiston va Eron vakillari qo'l siqishmoqda

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Бу суратда Покистон армияси раҳбари билан учрашаётган Қолибоф муҳим музокарачи сифатида ўртага чиқмоқда.

Амалда бирлик борми?

Умуман олганда, ҳозирги жараёнлар Эронда тизимнинг ишлаётганини, бироқ изчил бошқарилмаётганини кўрсатади.

Олий раҳбар ҳокимияти мавжуд, лекин у яққол намоён этилмаяпти. Президентлик институти (раҳбарият билан) ҳамоҳанг, лекин етакчилик қилмаяпти. Дипломатия фаол, аммо ҳал қилувчи эмас. Ҳарбийлар асосий дастакларни қўлда ушлаб турибди, бироқ аниқ бир жамоатчилик меъмори йўқ. Сиёсий арбоблар олдинга чиқмоқда, лекин сўзсиз қонунийликка (легитимликка) эга эмас.

Бу ҳали қулаш дегани эмас. Ислом Республикаси ўз яхлитлигини сақлаб қолган. Аммо бу вазият анча нозикроқ бир ҳолатдан – яъни, ўткир босимлар чоғида ўзида мавжуд дастакларни (масалан, Ҳўрмуз бўғозини ёпиш қобилиятини) аниқ стратегияга айлантиришга қийналаётган тизимдан дарак беради. У ҳамон бир нечта йўналишда ҳаракат қила олади, бироқ ўзининг куч марказларига аниқ йўналиш кўрсатишда қийналмоқда.

Эроннинг сиёсий моделида эса айнан ишора бериш орқали изчиллик сақланади.

Ҳозирча тизим ўз мавқеини сақлаб, ортиб бораётган босимларга қарамай, назоратни қўлдан бермаяпти ва ҳар қандай кўзга кўринарли парчаланиш олдини оляпти. Бироқ, бирлик амалда борми ёки шунчаки даъво қилиняптими, деган савол тобора кўпроқ кун тартибига чиқмоқда.