Ўзбек-Қирғиз чегарасидаги ҳаёт: Каримов ва Мирзиёев даврида

Мирзиёев ва Каримов суратлари ва минтақа харитаси коллажи.
    • Author, Даврон Ҳотам
    • Role,
    • Reporting from, Ўш
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Марказий Осиё халқларини энг қийин даврларда ҳам бирлаштириб турган омиллардан бири чегаралар оша кечадиган савдо-сотиқ ва инсонлар ўртасидаги алоқалар эди.

Ўзбекистон ва бутун минтақа учун бу алоқаларнинг қайта тикланиши яна очиқлик ва эркин мулоқотга умид уйғотмоқда.

Марказий Осиёдаги узоқ йиллик чекловлар ва ўзаро ишончсизлик даври ортда қолмоқдами?

Бугун тарихий борди-келди муносабатлари яна жонланмоқда. Минтақа ҳам ички, ҳам ташқи ўзгаришлар босқичини бошдан кечирмоқда. Бу ўзгаришлар, аввало, чегара ҳудудларида яққол кўзга ташланади.

Бир неча йил аввал симтўрлар ва ёпиқ постлар билан ажратилган ҳудудлар бугун яна савдо-сотиқ, борди-келди ва қариндошлик алоқалари билан бирлашмоқда. Сарҳадлардан ўтишдаги тўсиқлар камайган.

Бу ўзгаришлар иқтисодиётни ва ҳар икки томонда яшовчи одамлар ҳаётини қандай ўзгартирмоқда?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"15 дақиқада қариндошларимникига етиб бораман"

Чегара очилишининг таъсири айниқса чегараолди ҳудудларида сезилмоқда.

Водийнинг машҳур Қорасув бозоридан чиқиб, минг қадам ташласангиз, Ўш вилояти ва Андижон вилоятини боғловчи "Қорасув" назорат-ўтказиш пунктига етасиз.

Қорасув чегараси
Сурат тагсўзи, Қорасув назорат ўтказиш пости.

2024 йилда қайта очилган ушбу чегара маскани ҳар икки томон аҳолиси учун йўлни анча яқинлаштирди.

Қорасувлик Солижон Хурбоев BBC билан суҳбатда шундай дейди:

"13 йил бу чегара ёпиқ бўлиб турди. Бу йиллар ичида Ўзбекистондаги қариндошларни кўрмай қолдик. Ўлим бўлса ҳам, тўй бўлса ҳам боролмадик. Ҳозир уйдан чиқсам, ўн беш дақиқада қариндошларимникига етиб бораман".

Қорасувлик Солижон Хурбоев
Сурат тагсўзи, Қорасувлик Солижон Хурбоев.

Чегаралар деярли сезилмайдиган йиллар

Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Ўш ва Андижонни боғловчи "Дўстлик" пости ҳам бу ўзгаришларнинг ўзига хос рамзига айланган.

Бугун у Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги энг серқатнов ўтиш нуқталаридан бири ҳисобланади. Бу ердан ҳар куни минглаб одамлар ўтади.

Бироқ ҳамиша ҳам шундай бўлмаган.

Фарғона водийсидаги ушбу чегара маскани Қирғизистонни нафақат Ўзбекистон, балки минтақанинг бошқа мамлакатлари билан ҳам боғлаб турган муҳим дарвозалардан бири саналади.

Совет даврида чегаралар амалда сезилмасди. Одамлар бир республикадан иккинчисига бемалол қатнар, ҳатто қаерда бир ҳудуд тугаб, бошқаси бошланганини ҳам кўпчилик пайқамасди.

Ўшлик Равшанбек Турсунов бу даврни яхши эслайди.

"Ҳар йигирма минутда Ўшдан Андижонга автобус қатнарди. Улар доим одамлар билан лиқ тўла бўларди. Хўжаободдан бу томонга кўпроқ мева-чевалар олиб келиниб сотиларди. Чунки Ўш бозорида Ўзбекистондан чиққан маҳсулотларга талаб юқори эди. Кейин улар биздан ўзларида кам бўлган маҳсулотларни олиб кетишарди. Шундай қилиб, товар алмашинуви ҳам, иқтисодий муносабатлар ҳам яхши ривожланган эди".

Мустақилликнинг дастлабки йилларида ҳам қатнов нисбатан эркин бўлиб қолди.

Аммо 1990-йиллар охиридан бошлаб чегара назорати кучайтирилди. Айрим ўтиш масканлари ёпилди. Борди-келди қийинлашди.

Ўзбекистон чегараларни мустаҳкамлаб, айрим ҳудудларда симтўсиқлар ва миналаштирилган зоналарни барпо қилди. Чегарадан ўтиш тартиби ҳам анча қатъийлашди.

Бунинг таъсири эса, биринчи навбатда, чегара бўйида яшовчи оддий одамлар ҳаётида сезилди.

"Жанозаларга ҳам боролмаганлар бўлди"

Суҳбатдошимиз Равшанбек Турсунов давлатлар ўртасидаги эркин алоқалар аҳамияти ҳақида гапириб, шундай дейди:

"Ён қўшни, жон қўшни деган гап бор. Битта кичик маҳаллада ҳам қўшнисиз ҳаёт бўлмайди. Бу ерда эса иккита катта давлат ҳақида гап кетяпти. Қўшни билан алоқанинг йўқолиши кўпчиликка салбий таъсир қилди. Яқинларимизнинг тўйларига бориш қийин бўлди, азаларига бориш қийин бўлди. Ҳатто жанозаларга ҳам боролмаганлар бўлди. Рухсатнома ва турли ҳужжатлар талаб қилинарди. Қоғозбозлик кўпайиб кетганидан кўп одамлар боролмай қолди".

Бу муаммони ўз бошидан кечирганлардан бири Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист Дилором Соипова бўлган.

Dilorom Soipova
bbc.com/uzbek
Chegara sabab otamning dafn marosimiga ham bora olmaganmiz. Biz shu hujjatlar bilan ovora bo‘lib yurganda, otamning dafn marosimi o‘tib bo‘lgan ekan.
Dilorom Soipova
Qirg‘izistonda xizmatda ko‘rsatgan artist

Ўзбекистонда туғилган хонанда Ўшга келин бўлган. Қўшиқлари чегара билмаган санъаткорнинг ўзи эса узоқ вақт туғилган юртига бора олмай қолган.

"Олдин чегара деган муаммо йўқ эди. Бу аҳвол бир куни ўзгариб кетишини ҳеч ким ўйламаган. Чегаралар ёпилиб қолган пайтда отам вафот этди. Дафн маросимига ҳам етиб бора олмадик. Ҳужжат тайёрлаб бўлгунимизча маросим ўтиб кетган эди. Биз эртаси куни етиб бордик. Жуда оғир бўлган".

Ёпиқ чегаралар иқтисодиётга қандай таъсир қилди?

Ёпиқ чегаралар нафақат инсонлар муносабатларига, балки иқтисодиётга ҳам таъсир кўрсатди.

Ёзувчи ва журналист Каримберди Тўрамурод бунга қуйидагича баҳо беради:

"Ўзбек қирғизни кўрмасдан, қозоқ ўзбекни кўрмасдан, тожик ўзбекни кўрмасдан яшаган даврлар бўлди. Иқтисод ҳам шунга яраша ривожланмади. Даромад оз, харажатлар кўп эди. Одамлар Россияга ва бошқа давлатларга кетишга мажбур бўлди. Халқ меҳнат муҳожирлари юборган пуллар ҳисобига яшаб турди".

Ўзбекистонлик ёзувчи ва журналист Каримберди Тўрамурод
Сурат тагсўзи, Ўзбекистонлик ёзувчи ва журналист Каримберди Тўрамурод.

Унинг фикрича, ёпиқ чегаралар минтақа иқтисодиётини сунъий равишда бўлиб ташлаган.

Бироқ кейинги йилларда вазият ўзгара бошлади. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар совуқчиликдан ҳамкорликка айланди. Қатор чегара масканлари қайта очилди.

Қорасув бозори: водий иқтисодиётининг юраги

Қорасув бозори дарвозаси
Сурат тагсўзи, Қорасув бозорининг кириш қисми.

Чегараларнинг очилиши иқтисодиётга кўрсатаётган таъсир айниқса чегараолди савдо ҳудудларида яққол кўринмоқда.

Қирғизистоннинг Қорасув шаҳридаги машҳур бозор шундай жойлардан бири.

Бу ер фақат савдо-сотиқ маркази эмас. У чегара ҳудудларининг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётида ҳам муҳим ўрин тутади.

Қорасув бозорининг минтақа ҳаётидаги ўрни ҳақида журналист Элмурод Юсуф фикр билдирди.

Унинг айтишича, Қорасув бозори 1990-йилларда нафақат Қирғизистон, балки бутун Фарғона водийси учун муҳим иқтисодий таянч вазифасини бажарган.

Совет Иттифоқи парчаланиб, кўплаб корхоналар ёпилган ва ишсизлик кучайган бир пайтда бозор минглаб одамларни иш билан таъминлади. Бозор атрофида логистика, юк ташиш ва чегараолди савдоси ривожланди.

Элмурод Юсуфнинг таъкидлашича, Қорасув бозори одамларни бозор иқтисодиётига мослаштирган, хусусий тадбиркорлик ва савдо кўникмаларининг шаклланишига туртки берган.

Шу билан бирга, у Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистондан келган савдогарлар ҳамда харидорларни бирлаштирган йирик трансчегаравий савдо майдони вазифасини ҳам бажарган.

"Нархлар кескин ошиб кетган ўша йилларда Қорасув энг арзон товарлар сотиладиган жойлардан бири эди. Кун сайин минглаб одамлар Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистондан келиб, бу ердан маҳсулот олиб кетарди", дейди у.

Журналистнинг фикрича, Қорасув бозорининг Ўзбекистон учун аҳамияти ҳозир аввалгидек эмас. Чунки мамлакатнинг ўзида ҳам йирик савдо марказлари шаклланган.

Бироқ бозор ҳамон Фарғона водийси аҳолиси учун қулай ва нисбатан арзон савдо нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистондан кунига 25 мингдан ортиқ харидор келган

Қорасув бозори.
Сурат тагсўзи, Қорасув бозори минглаб одамларнинг савдо-сотиқ ва тадбиркорлик тажрибасини шакллантирган муҳим иқтисодий марказ бўлган.

Қорасув бозори маъмурияти маълумотига кўра, чегаралар очиқ бўлган йилларда бу ерга Ўзбекистондан ҳар куни ўн минглаб харидор келган.

Бозор маъмурияти раҳбари Нурбек Қурбоналиев BBC'га шундай деган:

"Мен 2022 йилнинг 20 январида ишга келдим. Ростини айтсам, оғир аҳволда экан. Эски ходимлар ва чегарачилардан сўрасам, аввал бир суткада 25-26 минг одам Ўзбекистондан ўтиб келиб, савдо қилиб қайта кетган экан. Кейин чегаралар ёпилганидан бозорнинг ҳаракати ҳам анча пасайган".

Нурбек Қурбоналиев Қорасув бозори маъмури.
Сурат тагсўзи, Нурбек Қурбоналиев - Қорасув бозори маъмури.

Унинг айтишича, кейинги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар яхшиланиши Қорасув учун ҳам янги имкониятлар очган.

"Ўзбекистон билан Қирғизистоннинг алоқалари ҳозир жуда яхши. Илгари Қорасувдан кунига юзлаб юк автобуслари чиққан. Туркманистондан ҳам, Тожикистондан ҳам, Қозоғистондан ҳам савдогарлар келган. Бу йўлларни яна фаоллаштириш мумкин".

Қурбоналиевнинг билдиришича, ҳозир Қорасув бозорида сотилаётган маҳсулотларнинг тахминан 40 фоизи Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган.

Бу эса бозор ўзбекистонлик тадбиркорлар учун нафақат импорт, балки экспорт нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятли бўлиб бораётганини кўрсатади.

Янги имкониятлар ва янги бозорлар

2026 йил июлида Ўш шаҳрида ўтган Ўзбекистон ва Қирғизистон тадбиркорлари форумида суҳбатлашилган бизнес вакиллари ҳам қирғиз бозори улар учун қизиқ эканини айтган.

Ўшда ўтган бизнес форумда ўзбек ишбилармонлар.
Сурат тагсўзи, Ўшда ўтган бир кунлик бизнес форумда ўзбек ишбилармонлари 40 миллион долларлик шартномалар имзолаган.

Форум ташкилотчиларидан бўлган ўзбекистонлик тадбиркор Музаффархон Мусаевнинг фикрича, Қирғизистон маданий ва географик яқинлиги билан экспортни бошлаётган тадбиркорлар учун қулай бозор ҳисобланади.

"Қирғизистон бозорини жуда катта деб бўлмайди. Лекин бу мамлакатнинг Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзолигини ҳисобга олсак, у бошқа бозорларга чиқиш имконини ҳам беради".

Савдо билан бирга туризм ҳам ўсмоқда

Чегараларнинг очилиши нафақат савдо, балки туризм ва инсонлар ўртасидаги алоқаларга ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Ўзбекистоннинг Ўш шаҳридаги бош консули Зафарбек Ахмедовнинг айтишича, икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.

Консулнинг фикрича, бу натижалар ортида фақат очилган йўллар эмас, балки мулоқот ва ўзаро ишончнинг мустаҳкамланиши ҳам турибди.

Марказий Осиё янада бирлашиши мумкинми?

Минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатлар яхшиланишини Ўзбекистонда ҳам қизиқиш билан кузатишмоқда. Айниқса, аҳоли зич жойлашган Фарғона водийсида.

Риштонлик суҳбатдошимиз шундай дейди:

"Шукрки, катта ўзгаришлар бўлди. Риштон-Водил чегара пункти халқаро мақом олди. Савдо-сотиқ ривожланади. Оддий халқ учун қулайлик яратилади. Бу ўзгаришлар одамларнинг турмушини яхшилайди".

Унинг орзуси эса бундан ҳам каттароқ.

Риштонлик блогер Дима Қаюм.
Сурат тагсўзи, Риштонлик блогер Дима Қаюм.

"Мен орзу қилардимки, Марказий Осиё янада бирлашса. Битта виза бўлса. Сайёҳлар бутун минтақани эркин айланиб чиқса. Келажакда ҳатто евро каби умумий пул бирлиги ҳам яратилса. Шунда Марказий Осиё дунёдаги кучли минтақалардан бирига айланиши мумкин".

Бироқ бундай ғояларни амалга ошириш осон эмаслигини айтганлар ҳам бор.

Қирғизистонлик таҳлилчи Русланбек Ақматбек фикрича, минтақа аҳолиси ўртасида яқинлик туйғуси кучли бўлса-да, чуқур интеграция учун сиёсий ирода, ҳуқуқий асос ва ўзаро ишонч зарур.

"Европа Иттифоқи тажрибасини кўп эслаймиз. Аммо бундай даражадаги очиқ чегараларга бирданига эришиб бўлмайди".

Унинг айтишича, хавфсизлик, транзит ва ҳуқуқий масалалар бўйича ечимлар топилгандагина ҳамкорлик янада чуқурлашиши мумкин.

Чегарадан ҳам қадимий алоқалар

Шунга қарамай, Фарғона водийси аҳолиси учун энг муҳим ҳақиқат ўзгармай қолмоқда.

Бу ерда ўзбеклар, қирғизлар ва тожиклар асрлар давомида ёнма-ён яшаган, савдо қилган, қуда-анда бўлган ва доимий мулоқотда бўлиб келган.

Қорасув бозорида ҳам, Дўстлик постида ҳам, Риштон ёки Ўш кўчаларида ҳам одамлар бир хил нарсани айтади: чегаранинг нариги томонида қариндоши, дўсти ёки ҳамкори бор.

Шунинг учун ҳам бу ерларда чегаралар давлатларни ажратиши мумкин. Аммо асрлар давомида шаклланган инсонлар ўртасидаги алоқаларни бутунлай узиб қўйиши қийин.

Сиёсат ва қонун-қоидалар қандай бўлишидан қатъи назар, одамлар оддий нарсаларни истайди: чегаранинг нариги томонидаги яқинларини кўришни, савдо-сотиқ қилишни, меҳнат қилишни ва қўшнилари билан тинч-тотув яшашни.