BRICS дедолларизацияни бошладими?

Моди, Си Цзинпин ва Путин Ҳиндистондаги саммитда

Сурат манбаси, Reuters

Published
Ўқилиш вақти: 8 дақ

БРИКС ташкилотига аъзо мамлакатлар АҚШ долларидан воз кечиб, ўзаро ҳисоб-китобларида миллий валюталарида олди-бердини тобора кўпайтираяпти, деган хабарлар кўпайди Россия оммавий ахборот воситаларида.

«Жиддий дедолларизация аллақачон юз берди. Россия биринчи бўлди: газ учун ҳисоб-китобларни рублга ўтказди, кейин эса ташқи савдонинг деярли барчасини рубл ва дўст мамлакатларнинг валюталарига, жумладан юанга ўтказди. Долларнинг улуши камайиб бормоқда ва бу жараённинг ортга қайтиши йўқ. АҚШ ва унинг иттифоқчилари жорий этган санкциялар бу жараённи фақат тезлаштирди. БРИКСнинг деярли барча иштирокчилари аллақачон рақамли валюталарга эга: бизда рақамли рубл бор, Хитойнинг эса ўз рақамли валютаси мавжуд. Келажак рақамли валюталардаги тўғридан-тўғри ҳисоб-китобларда», деди Россиялик сенатор Александр Шендерюк-Жидков.

Россия Федерация Кенгашининг бюджет ва молия бозорлари қўмитаси раҳбари Шендерюк-Жидков, БРИКС ташкилотининг нималарга қодирлигини кўрсатиш учун Ҳўрмуз бўғозидаги вазиятни мисол қилиб келтирди.

Шендерюк-Жидков айтишича, Ҳўрмуз ёпилиши оқибатида нефт етказиб беришнинг тўсиб қўйилгани аксар давлатларга таъсир кўрсатди, аммо айнан BRICS ечим топди: Россия шерик мамлакатларни нефт ва газ билан таъминлади.

"Худди шу ҳолат Россияга қарши санкциялар жорий этилганидан кейин ҳам кузатилди. БРИКС давлатлари ва Глобал Жануб мамлакатлари бизнинг ташқи савдомизни сақлаб қолдилар ва ҳатто уни кенгайтирдилар. Барқарор савдо ортидан сиёсий алоқалар ҳам ривожланади. Бугун БРИКС майдонида дунёга янгича қараш шаклланмоқда. Бир қутбли дунё даври тугади», деди россиялик сенатор.

Россия матбуоти ёзишича, "БРИКС давлатлари Ғарбнинг заҳарли тўлов тизимларини четлаб ўтишга ва ўз тизими — BRICS Pay'ни яратишга муваффақ бўлдилар".

"Молиявий ҳимоя механизми яратилди, дедолларизация жараёни бошланди, аммо бу тез кечадиган жараён эмас", дейишади иқтсодий таҳлилчилар.

Ҳиндистондаги саммитда нималар ҳақида гап кетди?

Охирги БРИКС саммити (18-саммит) 12–13 сентябр кунлари Ҳиндистоннинг Ню-Дели шаҳрида бўлиб ўтди.

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Саммит иштирокчилари Ғарб давлатлари бундан кейин устунлик қилмайдиган янги жаҳон тартибини шакллантиришга интилаётганини айтдилар.

Бироқ, Би-би-си мухбирларига кўра, блок аъзолари, жумладан Владимир Путин бошчилигидаги Россия, Си Цзинпин раҳбарлигидаги Хитой ва Нарендра Моди бошқарувидаги Ҳиндистоннинг манфаатлари ҳамда Ғарбнинг энг йирик давлати бўлган АҚШ билан муносабатлари турлича. Улар қандай жаҳон тартибини барпо этмоқчи эканлари борасида келишиб олиш имконига эгамилар?

Бош вазир Моди сўзларига кўра, у билан бир даврада ўтирган раҳбарлар энди бошқалар белгилаб берган қоидаларга бўйсунадиганлар сифатида эмас, балки айнан шу қоидаларни шакллантирадиган куч сифатида тобора кўпроқ майдонга чиқишлари керак.

Учрашув иштирокчилари орасида BRICS мамлакатлари етакчилари, жумладан Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзинпин, Россия Президенти Владимир Путин, Эрон Президенти Маъсуд Пезешкиён, Абу-Даби валиаҳди Шайх Холид бин Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён ва Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафоса бор эди.

Европада хавфсизликка асосий таҳдидлардан бири сифатида қараладиган Россия BRICS доирасида ўзини АҚШ бошчилигидаги Форс кўрфазидаги уруш туфайли етказиб беришдаги узилишлардан хавотирланаётган ривожланаётган мамлакатларга нефт, ўғитлар ва металлар етказиб беришга қодир шерик сифатида намоён этди.

Бу саммит Путин учун Россиянинг 2022 йилда Украинага кенг кўламли бостириб киришидан кейин Россия ҳудудидан ташқарида ўтган ва у шахсан иштирок этган илк BRICS йиғилиши бўлди.

Путин 2024 йил октябридаги Қозон БРИКС саммитига мезбонлик қилган эди.

Кремлда бу саммитни Россия Украинадаги уруш сабабли халқаро майдонда яккалаб қўйилмаганининг яна бир исботи сифатида баҳолашлари мумкин.

Шу билан бирга, Би-би-си мухбирларига кўра, BRICSнинг энг йирик давлатлари Россиянинг агрессиясига бевосита ёки билвосита кўмак бермоқда: Хитой Москвага икки хил мақсадда қўлланиши мумкин бўлган турли товарларни етказиб беришда давом этаяпти, Эрон дронлар технологияларини тақдим этмоқда, Ҳиндистон эса Россия нефтининг асосий харидорларидан бири бўлиб қолмоқда.

Бироқ бу давлатларнинг барчасини табиий иттифоқчилар деб аташ қийин. Уларнинг муносабатлари тарихида ҳудудий низолар ва ҳатто қуролли тўқнашувлар ҳам бўлган.

2020 йилда Ҳиндистон ва Хитой ўртасида баҳсли чегара ҳудудида юз берган можаро инсон қурбонларига олиб келган эди. Эрон ва БАА эса Яқин Шарқдаги ҳозирги урушда турли томонларда қолди: Теҳрон ўзининг БРИКСдаги ҳамкорига қарши ракета зарбалари берди ва дронлар билан ҳужум қилди, низонинг оқибатлари эса бутун жаҳон иқтисодиётида сезилди.

Трамп яккаланди: Ғарб баҳсларга кўмилган, Шарқ дўстлашаяпти

Британиянинг Financial Times нашри ёзишича, учрашув чоғида Россия Президенти Владимир Путин таъсир марказини Жануб ва Шарққа силжитиш орқали янги жаҳон тартибини шакллантириш чақириқларини қўллаб-қувватлади.

У, шунингдек, «ўзгариб бораётган воқелик билан муроса қилишни истамайдиган ва ўсиб келаётган рақобатчиларни жиловлаш учун барча мумкин бўлган усулларни қўллашга уринаётганлар»ни танқид қилди.

Россия Президенти Владимир Путин, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ва Хитой Президенти Си Цзинпин 2026 йил 12 сентябрь куни Ҳиндистоннинг Нью-Дели шаҳрида бўлиб ўтган БРИКС саммитида

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Украинага тўлақонли босқин бошлаган 2022 йилдан буён Россия Президент Владимир Путин БРИКСнинг хориждаги саммитида илк бор онлайн эмас, шахсан ўзи иштирок этди

Си Цзинпин сунъий интеллект соҳасида янги ташаббусларни илгари сурди. Хитойнинг давлат ахборот агентлиги «Синьхуа» хабар беришича, улар «умумий фаровонлик сари йўлни ёритиши» керак.

Бу ташаббус Пекиннинг ривожланаётган мамлакатларда ўзининг сунъий идрок моделларини янада фаол тарғиб қилишга қаратилган кенгроқ стратегиясига мос келади.

Би-би-сининг минтақавий мухбири ёзишича, Ҳиндистон шунчалик турли давлатлар раҳбарларини бир стол атрофига жамлай олганининг ўзиёқ катта дипломатик ютуқ ва унинг халқаро таъсири ортиб бораётганининг далили сифатида баҳоланиши мумкин.

FT нашри фикрича, саммит иштирокчилари Си Цзинпин, Нарендра Моди ва Владимир Путиннинг кенг табассум билан қўл ушлашиб турган умумий сурати алоҳида рамзий аҳамиятга эга.

Бу манзара Ғарбдаги вазият билан кескин фарқ қиларди. У ерда Трамп яккаланиб қолган, Европа эса давлат қарзининг ўсиши ва миграция атрофидаги баҳслар каби ички муаммолар билан банд.

Бироқ раҳбарларни бир жойга йиғиш янги жаҳон тартиби қандай кўринишга эга бўлиши кераклиги борасида келишиб олишдан, айниқса аниқ амалий натижаларга эришишдан анча осон бўлиб чиқди.

Айнан шу қарама-қаршилик Деҳлидаги саммитнинг асосий мавзуларидан бирига айланди.

Ғарб таъсирига қарши муқобил куч

Iqtibos

Хитой, Россия ва Эрон каби давлатлар учун BRICS АҚШ ҳамда Ғарбий Европанинг жаҳон сиёсатига таъсирини сусайтириш имконини берадиган восита ҳисобланишини кўплаб таҳлилчилар айтадилар.

Бироқ Ҳиндистон БРИКСни очиқдан-очиқ Ғарбга қарши блокка айлантиришга интилмаяпти. Саммитда Нарендра Моди алоҳида таъкидлаганидек, мазкур бирлашма «кимгадир қарши қаратилган эмас».

Бу Деҳли учун принципиал аҳамиятга эга. Ҳиндистон ўзаро қарама-қаршиликда бўлган давлатлар билан ҳам муносабатларни сақлаб қолишга ҳаракат қилади.

«Бирлашма таркибида уни Ғарбга қарши блокка айлантиришни истайдиган мамлакатлар бор, аммо BRICS бундай бирлашма эмас», деди Би-би-сига тажрибали ҳинд дипломати ва собиқ элчи Анил Тригунаят.

Унинг фикрича, Ҳиндистон бошқа бир мақсадга эришди: урушлар даврида «стратегик мустақиллик» ғоясини илгари суриш билан бирга, БРИКС иштирокчилари ўртасида янада яқин ҳамкорлик қилиш механизмларини яратишга кўмаклашди.

Қўшма декларацияда Эрон уруши бор, Украина уруши эса йўқ

Саммит қўшма декларация қабул қилиниши билан якунланди. БРИКС иштирокчилари ўртасидаги келишмовчиликлар айниқса яққол намоён бўлиб турган бир пайтда бунинг ўзиёқ сезиларли ютуқ ҳисобланади.

Жорий йил бошидан бери бирлашмага аъзо давлатлар вазирларининг икки марта ўтган учрашуви қўшма баёнотсиз якунланган эди. Бу сафар муроса топишга муваффақ бўлинди, бироқ бунга кўп жиҳатдан иштирокчилар энг баҳсли масалаларни четлаб ўтиш ва аниқ ечимлар таклиф қилмасликни маъқул кўргани сабаб бўлди.

«Деҳли декларацияси» саммитнинг биринчи куниёқ қабул қилинди. Бироқ диққатга сазовор жиҳат нафақат унга нималар киритилганида, балки ҳужжатда қайси масалалар ҳақида лом-мим дейилмаганида ҳам намоён бўлди.

Яқин Шарқдаги уруш ҳақида сўз борар экан, БРИКС иштирокчилари томонларни «имкон қадар вазминлик» кўрсатишга чақирдилар.

Декларацияда, шунингдек, «фуқаролик инфратузилмаси ва тинч мақсадлардаги ядровий объектларга ҳужумлар» қораланди, аммо бу ҳужумлар учун масъулият ҳеч бир томон зиммасига юклатилмайди.

BRICS Фаластин-Исроил можаросини икки давлат тамойили асосида ҳал қилишни қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади ҳамда фаластинликларни мажбурий кўчиришга ва «оккупацияни қонунийлаштириши ёки узайтириши мумкин бўлган» ҳаракатларга қарши чиқди. Бироқ бу баёнотлардаги ифодалар БМТнинг мавжуд резолюцияларига эҳтиёткорлик билан боғланган.

Декларацияда Россиянинг Украинага қарши уруши умуман тилга олинмади. Бу аввалги БРИКС якуний ҳужжатларидан фарқ қилади, чунки ўшанда саммит иштирокчилари можарони тинч йўл билан ҳал қилишга чақирган эдилар.

Савдо масалаларида ҳам худди шундай эҳтиёткор ифодалар танланди. Ҳужжатда «тарифларни танлаб эмас, оммавий тарзда ошириш»дан хавотир билдирилди. Шунингдек, бир томонлама санкциялар қораланди, аммо АҚШ тўғридан-тўғри тилга олинмади. Балки бу Вашингтоннинг қўшимча норозилигига сабаб бўлмаслик учун қилингандир.

BRICSнинг кўплаб иштирокчилари АҚШ Президенти Доналд Трамп ғазабини қўзғашни истамагани яққол кўринди. У аввалроқ блокнинг баъзи ташаббусларини, жумладан трансчегаравий ҳисоб-китоблар учун марказий банкларнинг рақамли валюталарини эҳтимолий бирлаштириш ғоясини «Америкага қарши» деб атаган эди.

«Яқин Шарқдаги можаро қораланган бўлса-да, бирор давлатнинг номи тўғридан-тўғри тилга олинмагани Ҳиндистон ёндашувининг яққол изини кўрсатади», деб ҳисоблайди International Crisis Group ташкилотининг катта таҳлилчиси Правин Донти.

Шу билан бирга, уни савдо божлари ҳақидаги нисбатан қатъий ифода ҳайратга солган.

«Тарифлар ҳақида бу қадар аниқ ва икки маъноли бўлмаган тарзда сўз юритилганидан мамнун бўлдим, чунки Ҳиндистон эҳтимол янада эҳтиёткор ёндашувни танлаши мумкин эди. Аммо эҳтимол, бу унинг ўз норозилигини ифода этиш имконияти бўлгандир», деди эксперт.

Саммит доираида кутилмаган музокаралар

Президент Трампнинг янги савдо чекловларини жорий этиш ҳақидаги таҳдидлари ва Яқин Шарқдаги уруш келтириб чиқарган ларзалардан сўнг, амалдаги жаҳон тартибини ўзгартириш BRICSнинг кўплаб иқтисодиётлари учун сиёсий ғоядан долзарб заруратга айланиб бормоқда.

Эрон Президенти Маъсуд Пезешкиён (ўнгда) ва Абу-Даби валиаҳди шайх Холид бин Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён. 2026 йил 12 сентябр

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Эрон Президенти Маъсуд Пезешкиён (ўнгда) ва Абу-Даби валиаҳди шайх Холид бин Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён БРИКС саммити доирасида музокаралар ўтказди.

Айни пайтда саммитнинг энг эътиборли натижаларидан бири сифатида бир неча ой аввал тасаввур қилиш қийин бўлган учрашувларни кўрсатиш мумкин.

Эрон Президенти Маъсуд Пезешкиён ва Абу-Даби валиаҳди ўзаро музокаралар ўтказдилар. Бу уруш бошланганидан буён Эрон ва БАА вакиллари ўртасидаги энг юқори даражадаги учрашув бўлди.

Теҳрон учун саммит АҚШ ва Исроилнинг ҳарбий зарбалари ҳамда иқтисодий босим кучайиб бораётган шароитда Эрон халқаро майдонда яккаланиб қолмаганини намойиш этиш имконияти бўлди.

АҚШ санкцияларига, Вашингтон олиб бораётган «Иқтисодий яккалаб қўйиш» (Operation Economic Outcast) операциясига ва Эрон портларининг денгиз қамалига қарши туришга интилаётган Пезешкиён БРИКС давлатлари, жумладан Малайзия, Ҳиндистон ва Эфиопия билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга чақирди.

Хитой учун ҳам саммит алоҳида аҳамиятга эга бўлди: Си Цзинпин Деҳлига етти йил ичида биринчи марта ташриф буюрди.

2020 йилги чегара тўқнашувидан кейин Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар чуқур ўзаро ишончсизлик билан оғирлашган эди, гарчи кейинги вақтларда кескинлик бир қадар пасайган бўлса ҳам. Савдодаги жиддий номутаносиблик ҳам сақланиб қолаяпти: Ҳиндистон Хитой билан савдода катта манфий сальдога эга.

Си ва Моди учрашувда дўстона қўл сиқишиб кўришдилар, аммо Ҳиндистон бош вазирининг ўзига хос қучоқлашиши кузатилмади. Хитой раҳбари мамлакатда бир суткадан ҳам кам вақт бўлди ва Моди шанба оқшомида уюштирган тантанали зиёфатда иштирок этмади.

Шунга қарамай, бу саммит муносабатлари мураккаб тарихга эга бўлган икки давлат учун муҳим воқеа бўлди. Расмий хабарларга кўра, раҳбарлар ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш, транспорт боғлиқлигини ривожлантириш ва ўзаро савдодаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича келишиб олганлар.

Эксперт Анил Тригунаят бу ҳолатни кейинги йилларда кўзга ташлана бошлаган Ҳиндистон ва Хитой муносабатларининг аста-секин илиқлашаётганининг нишонаси деб баҳолайди. Унинг сўзларига кўра, ҳамкорлик қилиш истаги ҳар икки томонда ҳам мавжуд. Аммо бу амалий жиҳатдан қанчалик салмоқли натижаларга олиб келиши ҳозирча номаълум.

«Мен ҳар доим шундай дейман: ишон, аммо аввал текшир», дейди дипломат хулоса қилиб.

Бундан кейин нима бўлади?

Саммит BRICS рақобатлашувчи давлатлар Ғарб анъанавий равишда устунлик қилиб келган институтлар доирасидан ташқарида мулоқот олиб бориши ва манёвр қилиш имкониятларини излаши мумкин бўлган майдонни ярата олишини кўрсатди.

Бироқ шундан кейин нима бўлиши ҳақидаги саволга жавоб бериш анча мушкул.

Аниқки, БРИКС давлатлари бугун амалдаги жаҳон тартибини ўзгартириш зарурати борасида ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муштарак фикрга келмоқдалар.

Бироқ унинг ўрнига айнан қандай тизим келиши кераклиги ва бунга қандай йўл билан эришиш мумкинлиги ҳақида келишиб олиш анча қийин вазифа бўлиб қолаяпти.

БРИКС 2006 йилда Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Бразилия томонидан ташкил этилган бирлашма.

Ташкилотга асосчи мамлакатлар бош ҳарфларидан ном қўйилган.

2011 йил BRICSга Жанубий Африка Республикаси қўшилди.

2024 йилда ташкилотга Миср, Эфиопия, Эрон ва БАА кирган бўлса, 2025 йилда Индонезия аъзо бўлди.

Шунингдек, шерик мамлакатлар рўйхатига Беларус, Боливия, Ветнам, Қозоғистон, Куба, Малайзия, Нигерия, Таиланд, Уганда ва Ўзбекистон ҳам киради.