Туркияни ларзага солган Ўзбек аёллари қотиллиги бўйича ҳукм эълон қилинди

Истанбулда ташкил этилган норозилик юриши

Сурат манбаси, X/Kadınlar Direniste

Сурат тагсўзи, Дурдона Ҳакимова қотиллигига қарши 25 январ куни Истанбулда протест ташкил қилинди
Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Туркия суди икки нафар Ўзбекистон фуқаросини Истанбулда икки ўзбекистонлик аёлни ўлдирганлик учун умрбод қамоқ жазоларига ҳукм қилди.

Истанбулдаги Анадолу 17-оғир жиноят ишлари бўйича суди 31 ёшли Дилшод Турдимуротов ва 29 ёшли Ғофуржон Камолхўжаевни 36 ёшли Дурдона Ҳакимова ҳамда 32 ёшли Сайёра Эргашалиевани ўлдиришда айбдор деб топди.

Ҳар икки маҳкумга Туркиядаги энг оғир жазо турларидан бири ҳисобланган икки мартадан оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазоси тайинланди.

Бу жазо оддий умрбод қамоқдан кўра қаттиқроқ сақлаш шартларини назарда тутади.

Шунингдек, жабрланувчилар вафотидан кейин турар жойдан ўғирлик қилиш айби билан ҳар бирига яна икки мартадан етти йиллик қамоқ жазоси берилди.

Мазкур жиноят иши 2026 йилнинг 24 январ куни Истанбулнинг Шишли туманидаги чиқинди контейнери ичида Ўзбекистон фуқароси Дурдона Ҳакимованинг жасад қолдиқлари топилганидан кейин кенг жамоатчилик эътиборига тушди.

Икки гумонланувчи Туркияни тарк этишга уринган пайтда Истанбул аэропортида қўлга олинган.

Кейинчалик ушбу ишга иккинчи қурбон ҳам боғланди.

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Сайёра Эргашалиеванинг оиласи 23 январдан кейин у билан алоқа йўқолганидан сўнг Туркиядаги Ўзбекистон аёллари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш уюшмасидан ёрдам сўраган.

Унинг яқинлари Туркияга бориб, 6 феврал куни прокуратурага мурожаат қилганлар.

Феврал ойида Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси Сайёра Эргашалиеванинг вафот этганини тасдиқлаган.

Туркиядаги DHA ахборот агентлиги хабар қилишича, терговчилар Сайёра Эргашалиева Истанбулнинг Умрания туманидаги бир уйда бўлганини аниқлаганлар.

Кузатув камералари тасвирларида Эргашалиеванинг 23 январ куни уйга киргани, ортидан эса Турдимуротов ва Камолхўжаев ҳам киргани акс этган.

Эртаси куни икки эркакнинг уйдан бир неча марта қора чиқинди қоплари билан чиққанлари, сўнгра оқ рангли чемоданни олиб кетганлари кўринган.

Прокуратура маълумотига кўра, ҳар икки аёл ҳам шу уйда ўлдирилган ва уларнинг жасадлари Истанбулнинг турли ҳудудларидаги чиқинди контейнерларига ташлаб юборилган.

Дурдона Ҳакимованинг жасад қолдиқлари топилган, аммо расмийлар Сайёра Эргашалиеванинг жасади топилгани ҳақида хабар берганлари йўқ.

Суд жараёнида Ғофуржон Камолхўжаев Сайёра Эргашалиева билан диний никоҳда бўлганини ва унинг хиёнати деб ҳисоблаган ҳолат туфайли ўлдирганини айтди.

У Дурдона Ҳакимованинг қотиллигига алоқадорлигини рад этган.

Судда Дилшод Турдимуротов Дурдона Ҳакимовани ўлдирганини тан олди.

Сўнгги сўзида у қилмишидан пушаймон эканини билдириб, энг оғир жазога лойиқлигини айтди.

25 январ куни аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Истанбулнинг Шишли туманида Дурдона Ҳакимованинг ўлдирилишига қарши норозилик юриши ташкил этдилар.

"Aёллар ўлдирилишини тўхтатамиз" платформаси ва аёллар ташкилотлари чақириғи билан Истанбул шаҳрининг Шишли Пангалти метро бекатида тўпланган аёллар норозилик юриши уюштирдилар.

Акцияга кўп сондаги полиция ходимлари ҳам жалб этилдилар.

Намойишчилар "Мигрант аёллар ёлғиз эмас", "Ҳимоя қил, оқлама — жиноятчиларни суд қил", "Эркак уради, давлат ҳимоя қилади", "Сукут сақламймиз, қўрқмаймиз, итоат қилмаймиз", "Эркак адолати эмас, ҳақиқий адолат" деган шиорларни айтдилар.

Туркия жамиятида хотин-қизлар дуч келаётган зўравонлик ҳақида масъул идораларга мурожаат қилинганда самарали суриштирув ўтказилмаётгани ва "аёллар ҳимоя қилинмаётгани"ни таъкидлаган "Аёллар ўлдирилишини тўхтатамиз" платформаси қотиллик юзасидан баёнот эълон қилди.

Баёнотда шундай дейилади:

"Ёнимиздан ўтган бир эркак бир аёлни ўлдириб, бўлаклаб, чиқиндиларга ташлади. Биз Дурдонанинг ҳаётини билмаймиз, аммо бу қотилликка сабаб бўлган эркак зўравонлигини яхши таниймиз. Мигрант аёллар депортация қилиниш хавфи туфайли кўп ҳолларда дуч келаётган зўравонлик ҳақида полицияга мурожаат қила олмайдилар. Самарали суриштирув ўтказилмайди, махфийлик таъминланмайди, узоқлаштириш қарорларига амал қилинмайди."

"Эркаклар зўравонлиги ҳукуматнинг аёлларга нисбатан душманона сиёсати натижасида юзага келаяпти" дейилади баёнотда.

"Дурдона балки ажрашмоқчи бўлган, балки ўз ҳаёти ҳақида қарор қабул қилмоқчи бўлган, балки 'йўқ' дегани учун ўлдирилгандир. Жиноятчилар жасоратни АКП депутати уйида ўлдирилган Нодира Қодирова жинояти осонгина ёпиб қўйилганидан олади."