Ўзбекистонда газ қазиб олиш камаймоқда: Россия импортига қарамлик кучаядими?

Газ қазиб олиш жараёни
Published
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Ўзбекистоннинг энг йирик давлат газ компанияси — "Ўзбекнефтгаз" мамлакатда газ қазиб олиш ҳажмини сақлаб қолишда қийналмоқда. Йирик конлардаги захиралар 80 фоиздан ортиқ тугаган, янги қудуқлар эса ишлаб чиқаришдаги пасайишни қоплай олмаяпти. Бу орада мамлакат ички эҳтиёжни таъминлаш учун Россиядан газ импорт қилишни кўпайтирмоқда.

Мақола BBC Monitoring таҳлили асосида тайёрланди.

Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш ҳажми қисқаришда давом этмоқда. Мамлакатнинг энг йирик давлат газ ишлаб чиқарувчиси "Ўзбекнефтгаз" янги конлар ва қудуқларни ишга тушириш орқали эски конлардаги захиралар тугаб бораётгани туфайли юзага келган камомадни қоплай олмаяпти.

"Gazeta.uz" нашрининг 29 октябрда хабар беришича, компаниянинг асосий газ конларидаги захиралар 80 фоиздан ортиқ тугаган.

"Бунинг асосий сабабларидан бири — йирик конлардаги захиралар анча камайиб, 80 фоиздан ортиқ тугаганидир. Янги геологик қидирув ишлари ва янги конларда ишга туширилаётган қудуқлардан олинаётган газ ҳажми ҳозирча бу пасайишни тўлиқ қоплашга етмаяпти", — деган компания бош геологи Нодир Муҳиддинов 27 октябрдаги матбуот анжуманида.

Нашр келтирган маълумотларга кўра, "Ўзбекнефтгаз" ва унинг таркибидаги корхоналар 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида қарийб 17 миллиард куб метр газ қазиб олган.

Компания йил якунигача бу кўрсаткични 22,8 миллиард куб метрга етказишни режалаштирмоқда. Бу 2025 йилдаги 25,2 миллиард куб метрлик натижадан 2,4 миллиард куб метр ёки 9,5 фоиз камдир.

Муҳиддиновнинг айтишича, йил бошидан буён амалдаги конларда кунлик газ қазиб олиш ҳажми 12,6 миллион куб метрга камайган. Қудуқларни таъмирлаш ва янги қудуқларни ишга тушириш орқали бу йўқотишнинг бир қисми қопланган. Аммо кунига қарийб 5 миллион куб метр газ камомади ҳануз сақланиб қолмоқда.

"Йил охиригача бу кўрсаткични барқарорлаштиришни режалаштиряпмиз. Йил бошида кунига 65 миллион куб метр газ қазиб олинган бўлса, ҳисоб-китобларимизга кўра, йил якунигача шу даражага қайтишимиз керак", — деган бош геолог.

Бироқ кунлик қазиб олишни йил бошидаги даражага қайтариш йиллик ишлаб чиқариш ҳажмидаги пасайишни тўхтатишини англатмайди. Компания режаси бажарилган тақдирда ҳам 2026 йилдаги умумий газ қазиб олиш ҳажми ўтган йилги кўрсаткичдан паст бўлиши кутилмоқда.

Газ қазиб олиш нега камаймоқда?

Газ қазиб олиш
Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Ўзбекистонда газ ишлаб чиқаришнинг қисқариши сўнгги йилларда кузатилаётган умумий тенденциянинг давомидир.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатда барча корхоналар томонидан қазиб олинган газ ҳажми 2021 йилдаги 53,8 миллиард куб метрдан 2023 йилда 46,7 миллиардга, 2024 йилда эса 41,3 миллиард куб метрга тушган.

2025 йилда бироз ўсиш кузатилиб, умумий ҳажм 42,3 миллиард куб метрни ташкил этган.

Бироқ бу йилги натижалар яна пасайишдан дарак бермоқда. 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда жами 27 миллиард куб метр табиий газ қазиб олинган. Бу ўтган йилнинг шу давридаги 32,3 миллиард куб метрга нисбатан 5,3 миллиард куб метр ёки 16,4 фоиз камдир.

Бу рақамлар фақат "Ўзбекнефтгаз" эмас, мамлакатдаги барча газ ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини қамраб олади.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил январь ойида "Ўзбекнефтгаз"га 2026 йилда камида 25,4 миллиард куб метр газ қазиб олиш вазифасини қўйган эди. Шунингдек, кунлик ишлаб чиқаришни 66 миллион куб метрдан 70 миллион куб метрга етказиш белгиланганди.

Компаниянинг ҳозирги режаси эса йиллик вазифадан 2,6 миллиард куб метр ёки 10,2 фоизга кам.

Май ойи охирида биринчи чоракда газ қазиб олиш 15 фоизга камайгани ҳақидаги хабарлар ортидан компанияда ишлаб чиқаришни ошириш чоралари муҳокама қилинган. Самарадорликни яхшилаш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилган.

Маълумотларга кўра, фақат март ойининг ўзида газ қазиб олиш ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 1,2 миллиард куб метрга ёки 30,8 фоизга камайган.

Россия гази импорти кўпаймоқда

Маҳаллий ишлаб чиқариш қисқараётган бир пайтда Ўзбекистон Россиядан газ харид қилишни кўпайтирмоқда.

Халқаро энергетика агентлиги (IEA) маълумотларига таянган ҳолда "Gazeta.uz" июль ойида Россия 2026 йилда Қозоғистон орқали Ўзбекистонга газ етказиб беришни 40 фоиздан ортиқ ошириши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.

Бу ҳажм 2025 йилдаги қарийб 7 миллиард куб метрдан 10 миллиард куб метрдан ошиши мумкин.

Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Россиядан газ импортининг йиллик ҳажми ҳам ўсган. У 5,64 миллиард куб метрдан 6,48 миллиард куб метрга кўтарилган — ўсиш 14,9 фоиз.

"Импортнинг кўпайиши мамлакатда ўз газини қазиб олиш ҳажми қисқариб бораётган бир пайтга тўғри келмоқда", — дейди нашр.

Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистонда газ қазиб олиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоизга ёки 2,6 миллиард куб метрга камайган.

Агентлик буни амалдаги конларнинг аввалги ишлаб чиқариш даражасини сақлаб қолиш имконияти ёмонлашаётгани билан изоҳлаган.

Россиянинг давлат ахборот агентлиги ТАСС 8 июнда хабар беришича, Россиянинг Ўзбекистонга газ экспорти 2025 йилда 6,48 миллиард куб метрга етган. Бу бир йил аввалгига нисбатан 15 фоиз кўп.

Ўзбекистон ички талабни ўз кучи билан қондиришда қийналаётгани сабабли 2023 йилда Россиянинг "Газпром" компанияси билан икки йиллик шартнома имзолаган. Унга кўра, Россия Ўзбекистонга 2,8 миллиард куб метр газ етказиб бериши керак эди. Ўша йилнинг декабрида етказиб бериш ҳажми икки баравар оширилган.

2024 йил июнь ойида эса "Газпром" ва Қозоғистоннинг миллий газ компанияси QazaqGaz Россия газини Ўзбекистон ва Қирғизистонга транзит қилиш бўйича 2040 йилгача мўлжалланган келишувга эришган.

Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг газ таъминотида Россия импортининг аҳамияти ортиб бормоқда.

Янги умид — Устюрт

Газ қазиб олиш

Газ қазиб олишни кўпайтириш учун "Ўзбекнефтгаз" энг катта имкониятни Устюрт ҳудудида кўрмоқда.

Бироқ янги конларни излаш ва ўзлаштириш тобора мураккаблашиб, қимматлашмоқда. Агар аввал қидирув ишлари 3–3,5 минг метр чуқурликда олиб борилган бўлса, ҳозир 5 минг метрдан чуқур қатламларда ишлашга тўғри келмоқда.

"Бу харажатларни сезиларли даражада оширади ва технологик қийинчиликларни келтириб чиқаради. Аммо келгусида газ қазиб олишни кўпайтириш имконияти айнан шу ҳудудда деб ҳисоблаймиз", — деган компания бош геологи Нодир Муҳиддинов.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

2026 йил 13 май куни "Ўзбекнефтгаз" Британиянинг BP энергетика компанияси Ўзбекистондаги Устюрт платосида йирик қидирув лойиҳасига қўшилганини маълум қилган эди.

Лойиҳада Озарбайжоннинг SOCAR миллий энергетика компанияси ҳам иштирок этмоқда. Қидирув натижаларига қараб, кейинчалик углеводородларни саноат миқёсида қазиб олиш бошланиши мумкин.

Маълумотларга кўра, Устюрт ҳудудида 100 миллион тонна нефть ва 35 миллиард куб метр табиий газ захиралари бўлиши мумкин.

Ўзбекистон учун асосий муаммо шундаки, янги конларни ўзлаштириш ва қазиб олишни кўпайтириш вақт, катта сармоя ҳамда мураккаб технологияларни талаб қилади. Айни пайтда эса мамлакатда газга бўлган ички талабни қондириш зарурати сақланиб қолмоқда. Шу сабаб Россиядан импортни кўпайтириш маҳаллий ишлаб чиқаришдаги камайишни қоплашнинг муҳим воситасига айланмоқда.