Ўлганимиздан кейин бизни эслашларини нега истаймиз?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Молли Горман
- Role, BBC Future
- Published
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Элизабет Ҳантернинг отасига Алцгеймер касаллиги ташхиси қўйилгач, у отасидан келгуси йилларда қайта тинглай олиши учун суҳбатларини ёзиб олишга рухсат сўради.
Отаси рози бўлмади. Ҳантернинг айтишича, у муносабатлар ҳақида самимий, дил-дилдан суҳбатлашадиган одам эмас эди – на ўзига қўйилган ташхисни тан олган ва на ўлим ҳақида гапирган. Бунинг ўрнига у уруш хотираларини ёзишни ўйлади. Буни кимнидир ёллаб, машинкада ёздиришдан олдин ўз қўли билан бажарди.
Вақти оз қолаётганини ҳис этаётган кексалар учун ўзидан нима қолдираётгани ҳақида ўйлаш долзарброқ туюлса-да, баъзи олимлар фикрича, ўзидан бирор из қолдиришга интилиш ҳаётнинг илк босқичларидаёқ бошланиши мумкин, балки шундай бўлиши ҳам керак.
Тадқиқотлар тобора кўпроқ кўрсатишича, ўлимимиздан сўнг келажак авлодларга нимадир қолдириш истагимиз моҳиятини чуқурроқ англаш руҳий саломатликни яхшилашнинг янги усулларини очиб бериши мумкин.
"Аксарият одамлар бу ҳақда ўйламайди ҳам", дейди АҚШнинг Оҳайо штатидаги Боулинг-Грин университети доценти ва саратон касаллигидан омон қолганлар ҳаётида мерос масаласи бўйича мутахассис Ҳантер.
Аммо мерос турли йўллар билан намоён бўлиши ва ҳатто англанмаган ҳаракат бўлиши ҳам мумкин. "Ҳар ким ўзидан мерос қолдиради, буни билса-билмаса", дейди Ҳантер.
Бу шунчаки бойлик ёки мулкни васият қилиш ёхуд мусиқа ёки адабиёт каби боқий санъат асарларини яратиш эмас. Аксинча, баъзи тадқиқотчилар меросни бир-бирига боғлиқ учта асосий тоифага ажратишган: танамиз ва генларимиз орқали қолдирадиган биологик мерос; бойлигимиз ва мол-мулкимиз билан ифодаланадиган моддий мерос; эътиқод, маданият ва урф-одатлар каби қадриятларимиз.
Биологик мерос
Кўпчилик учун биологик мероснинг яққол кўриниши биологик фарзандлар орқали ген узатишдир. Аммо генлар орқали боғланган аждодлар шажараси бўлмиш генетик насл ва ўлимдан кейинги узоқ муддатли таъсиримиз икки хил мерос бўлиши мумкин.
Биологик мерос биз яшаётган "қобиқ"ни, яъни ўз танамизни қолдириш ҳам бўлиши мумкин. Тахминан 170 миллион америкалик орган донори сифатида рўйхатга олинган, бироқ ҳар 1000 кишидан атиги учтаси органларини муваффақиятли топшириш имконини берадиган шароитларда вафот этади.
Баъзилар ҳатто бутун танасини илм-фанга бағишлашни истайди. Бу уларнинг танаси тиббиёт талабаларини ўқитиш ёки янги клиник муолажалар устидаги тадқиқотлар учун фойдаланилишини англатади. 2021 йилда АҚШда 26 мингдан ортиқ тана донорлик учун қабул қилинган.

Сурат манбаси, Getty Images
Яқинда Белгияда тана донорлиги учун рўйхатдан ўтган 100 дан ортиқ одам ўртасида ўтказилган тадқиқотда 57 фоиз ҳолатда илм-фанга ҳисса қўшиш истаги асосий рағбатлантирувчи омил бўлиб чиқди. Бошқа сабаблар орасида алтруизм ва тиббий ёрдам учун миннатдорлик бор эди. Қизиғи шундаки, 16 фоизи ўз ниятини ўлимига маъно бериш истаги билан изоҳлаган.
Бу генетик касалликлар ёки соғлиқ билан боғлиқ муаммолари бўлган одамларга ҳам тегишли. Саратон, қандли диабет ва артрит каби турли касалликлар ва сурункали соғлиқ муаммоларидан азият чеккан фаол Сюзан Поттер ёшларга яхшироқ шифокор бўлишда ёрдам бериш учун ўз танасини АҚШнинг Колорадо штатидаги "Visible Human Project" лойиҳасига васият қилди.
Унинг ҳолати ўзига хос, чунки у танасини 27 000 бўлакка бўлишдан олдин -9,4°C ҳароратда музлатишга рози бўлган. Ҳар бир бўлак суратга олиниб, қатламларга ажратилган ва талабаларга танани виртуал тарзда ёриб кўриш имконини берадиган 3D қурилма – "виртуал майит"га айлантирилган.
Ҳантернинг саратондан омон қолган аёллар ҳақида ўтказган тадқиқотларидан бирида иштирокчилар ўзларидан қоладиган мерос оила аъзоларини соғлом турмуш тарзига ва саратон скринингидан ўтишга ундашига умид билдирган. "Ўзидан қандайдир из қолдириш, – дейди Ҳантер, – саратон ташхисидан сўнг ўлим эҳтимолига дуч келган аёллар учун муҳим эди."
Ҳантернинг фикрича, мероснинг аҳамияти клиник тадқиқотларга ҳам кенгроқ таъсир кўрсатиши мумкин, чунки бу кўпроқ беморларни клиник синовларда қатнашишга илҳомлантириши эҳтимоли бор.
Мерос ҳақида ўйлаш ўлими яқин одамларга таскин бериши мумкин. Паллиатив парваришда бўлганлар учун баъзи шифохона ва хоспислар беморларга ўз ҳаётларини ўзлари ва оилалари учун мазмунли якунлашга ёрдам бериш мақсадида "мерос қолдириш машғулотлари"ни ташкил этади.
Бу кундалик ёки альбом, яқин кишига аталган табрикнома, санъат лойиҳаси ёки одамларга ўз фикрлари, қадриятлари ва маслаҳатларини ёзиб қолдириш имконини берувчи, юридик кучга эга бўлмаган ҳужжат – "маънавий васиятнома" бўлиши мумкин.
Тузалмас касалликка чалинган катталар ва болалар ўртасида ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бу каби мерос қолдириш машғулотлари тушкунлик ва безовталикни камайтиришга ёрдам бериши, ҳаётнинг сўнгги ойларида ғам-андуҳни енгиллаштириши мумкин.
Қадриятлар мероси
Хайрия қилиш, меросни васият қилиш ёки қимматбаҳо буюмларни авлодларга қолдириш – буларнинг барчаси моддий мерос қолдиришдир. Фотосуратлар ва кундаликлар каби ёдгорликлар ҳам қимматли оилавий тарихни кейинги авлодларга етказиш воситаси сифатида қадрланиши мумкин. Масалан, ўз номингиз билан аталадиган бинони хайрия қилиш ҳам жамиятда из қолдиради.
Бироқ тадқиқотлар кўрсатишича, одамлар ўзидан қолдиришни энг кўп истайдиган нарсалар – эзгулик, бошқаларга қилинган яхшилик каби қадриятлар ва эътиқодлардир.
Турли ёш ва саломатликдаги 38 нафар аёлнинг ҳаёт йўлини ўрганган бир тадқиқотда иштирокчилар ўз тажрибалари ва қадриятларини келажак авлодга етказишни жуда исташлари аниқланган.
Одатда, улар бунга ўз хулқ-атвори, дини ёки руҳонияти орқали ахлоқий намуна бўлиш, шунингдек, ўз ҳаётий ҳикоялари, оилавий кечмиши ёки муҳим воқеаларни мемуар шаклида ёзиб ёки овозини ёздириб қолдириш каби йўллар орқали эришишга интилган.
Қадриятларни мерос қолдиришнинг кўплаб афзалликлари борга ўхшайди. Америкалик бир гуруҳ тадқиқотчилар қадриятлар мероси ҳужжатини яратган 65 ва ундан катта ёшдаги кишилар билан суҳбатлашганда, иштирокчилар руҳий хотиржамлик топгани, ўтмишини қабул қила олгани, ўзлари учун энг муҳим нарсаларни ифодалай олгани ва бу уларни яшашда давом этишга илҳомлантирганини аниқладилар.
Бир иштирокчи айтишича, бу жараён "нималарни бошдан кечирганингиз, қандай тўсиқларга дуч келганингиз, уларни қандай енгганингиз ва бунда сизга қайси фалсафалар ёрдам берганини ёдингизга солади".
Odamlar o‘zlaridan nima qolishi haqida o‘ylaganda, kelajak avlodlar uchun foydali bo‘ladigan ishlarni qilishga ko‘proq moyil bo‘lishini muntazam kuzatib kelamiz.
Ўлим қўрқуви билан кураш
Инсонлар ўзидан нимадир қолдириш ҳақида минг йиллардан бери ўйлаб келаётган бўлса-да, олимлар бу тушунчани атиги 75 йилдан буён тадқиқ қилмоқда. 1950 йилда немис психоаналитиги Эрик Эриксон "генеративлик" атамасини қўллаб, уни инсоннинг бошқалар фаровонлигига, хусусан, келажак авлодларга фойда келтиришга қанчалик қизиқиши даражаси деб изоҳлаган.
У генеративликни ўзининг саккиз босқичли психосоциал ривожланиш назариясининг еттинчиси сифатида киритган ва бу ўрта ёшдаги одамлар учун асосий вазифа эканлигини таъкидлаган.
Эриксоннинг фикрича, агар инсон генеративликка эриша олмаса, бу унинг кейинги ҳаёт йўлига таъсир қилиши ва ҳатто соғлиғини ёмонлаштириши мумкин. Ўшандан бери бошқа олимлар бу назарияни кенгайтирди. Баъзилари генеративликка эришиш нафақат ўрта ёшдаги катталар учун синов, балки бир умрлик жараён сифатида қаралиши кераклигини ҳам айтишган.
Албатта, инсонларни мерос қолдиришга ундайдиган яна бир туртки бор – бу ўлим қўрқувидир.
"Бу одамларни "агар охир-оқибат ҳаммамиз ўлсак, яшашдан нима маъно?" деган савол устида ўйлашга мажбур қилади", дейди Шимолий Каролинадаги Дюк университети қошидаги Фуқуа бизнес мактаби бошқарув ва ташкилотлар бўйича профессори Кимберли Уэйд-Бензони.
"Ўлим, аслида, ўзидан нимадир қолдиришга бўлган майл марказида туради. Ўлим ҳақида эслаганимизда, биз ўлишни эмас, яшашни хоҳлаётганимизни англаймиз".
Мерос ҳақида ўйлаш одамларга "ўлим ташвиши" ҳолатидан "ўлим тафаккури" ҳолатига ўтишга ёрдам бериши мумкин, деб таъкидлайди у.

Сурат манбаси, Getty Images
Бошқа назариётчилар қайд этишича, бундай қўрқув билан бир вақтда инсонда ўз ҳаётини маъноли бир ҳикоя сифатида ҳис этиш истаги пайдо бўлади.
"Мерос қолдиришга интилишни изчил ҳикоя яратишга бўлган эҳтиёжимизнинг бир қисми сифатида кўриш мумкин", дейди Янги Зеландиядаги Отаго университети психология профессори Жесси Беринг.
"Биз ўзимизни қаҳрамонлик саёҳатидаги бош қаҳрамон сифатида тасаввур қиламиз... ва ҳикоядан олинадиган сабоқ ёки хулоса, яъни якуний моҳият "тингловчи"га – кейинги авлодга узатилади".
Энг муҳими, мерос қолдиришга бўлган иштиёқимиз инсонларнинг бошқалар фикрига эътибор беришга мойиллигини кўрсатади, дейди Беринг. "Ҳатто ўлимда ҳам бу ташвишдан қутула олмаймиз".
Инсонлар умр давомида бошқалар билан алоқага муҳтож – бу саломатлигимизни яхшилайди ва бахтнинг муҳим манбаидир. Шу сабабли, мерос қолдириш инсоннинг севимли бўлишга эҳтиёжининг "сунъий давоми" ҳам бўлиши мумкин.
"Меросий мақсадларингизни" ёзинг
Тадқиқотлар кўпайиб бораётганига қарамай, нима учун вафотимиздан кейин яхши ном билан эслашларини хоҳлашимиз ҳамон жумбоқлигича қолмоқда. "Ахир... агар сиз онгнинг давом этиши учун мия зарур деб ҳисобласангиз, биз психологик жиҳатдан ўлимдан кейин ўз обрўйимизни била олмаймиз ёки билиб ундан завқлана олмаймиз", дейди Беринг.
Бутун умримиз давомида ўлимимиздан кейин бизни қандай қабул қилишлари ҳақида ўйлаш "шу ерда ва ҳозирнинг асл моҳиятини қадрлаш ва ундан завқланишдан маҳрум қилиши мумкин", деб таъкидлайди Беринг. "Менимча, агар бизни "қандай эслашаркан" деган яширин қўрқув туфайли муайян ахлоқий позицияни эгаллашда иккилансак, бу бизни муҳим қарорларни қайта кўриб чиқишга мажбур қилиши ҳам мумкин", дейди у.
Бу ҳақиқат, сизни қандай эслашларини назорат қила олмайсиз, дейди Уэйд-Бензони. "Уни қолганлар бошқаради ва талқин қилади". Аммо бу ҳолат мерос ҳақида ўйлашнинг инсон ҳаёти давомида ўзи ва атрофидагилар учун келтирадиган фойдали таъсирини йўққа чиқармайди.
Уэйд-Бензони ва унинг ҳамкасблари биз ортимиздан қолдирмоқчи бўлган мерос ҳақида иложи борича эртароқ ўйлашимиз ва ҳатто ҳаётимиз давомида "меросга оид мақсадларимизни" ёзиб боришимиз кераклигини таъкидлайди.
"Одамлар ўзларидан нима қолиши ҳақида ўйлаганда, келажак авлодлар учун фойдали бўладиган ишларни қилишга кўпроқ мойил бўлишини мунтазам кузатиб келамиз", дейди Уэйд-Бензони.
Ўзидан нима қолдириш ҳақида ўйлаш инсонни ортидан қолдирмоқчи бўлган маънога мос қарорлар қабул қилишга ундайди. Бу эса, ўз навбатида, одамларни экологик фаоллик ёки хайрия ва тиббий тадқиқотларга кўпроқ маблағ ажратиш каби ижтимоий-фойдали ҳаракатларга ундайди.
Тадбиркорлар эса фойда олишдан ташқари, жамиятга ижобий ҳисса қўшадиган бизнесларни қуриш ҳақида ўйлашлари мумкин, дейди Уэйд-Бензони.
Тадқиқотчилар фикрича, бунинг фойдаси икки карра: у бизга ҳаётлигимизда рағбат ва мазмун туйғусини берса, вафот этганимизда "рамзий ўлмаслик" имконини беради, яъни жисмонан бўлмаса-да, борлиғимизни келажак сари узайтиради.





























