Ажралиш, смартфонлар ва назорат: Толибон ҳокимияти остидаги Афғонистондан BBC репортажи

- Author, Ковун Хамуш
- Role, BBC Жаҳон хизмати
- Reporting from, Шибирғон, Кобул, Қандаҳор
- Published
- Ўқилиш вақти: 8 дақ
Ҳоким Абдуллоҳ Сарҳадий қўли синган боланинг даволаниши учун пул беради, маҳаллий масжид учун ҳам маблағ ажратади. Кейин эса Афғонистон шимолидаги ўз идорасида кутилмаган бир суҳбатга гувоҳ бўламиз.
Ёш аёл оқсоқол толиб қўмондонидан эри билан ажрашишга ёрдам беришни сўрайди. У эрини бир неча ой давомида зўравонлик қилишда ва доимий равишда калтаклашда айблайди.
Аёл қароридан қайтиш ниятида эмас.
Қизлар ўрта мактабда ўқиши тақиқланган мамлакатда 18 ёшли бу аёл юзини тўлиқ ёпиб турадиган парда ва қора кўзойнак ортида туриб, ўз даъвосини хотиржам ва ишонч билан баён қилади.
"Бирга яшашнинг оз бўлса-да имкони бўлганида, бу ерга келмаган бўлардим... Мен қароримни қабул қилиб бўлдим", дейди у.
Ҳоким дастлаб уни ажрашмасликка кўндиришга ҳаракат қилади. Кейинчалик эса атрофидаги амалдорлар, қўриқчилар ва маҳаллий оқсоқоллар кулгиси остида аёлларни "ақлсиз" ва "идрок жиҳатидан нуқсонли" деб атайди.
Бу воқеа Толибон ҳокимияти остидаги кундалик ҳаёт қандай кечаётганига ноёб назар ташлаш имконини беради. Ҳаракат мамлакатда ҳокимиятни қўлга олганига беш йил бўлган бўлса-да, мазкур ҳолат унинг бошқарув услуби ҳақида кўп нарсани англатади.

Бу вақт мобайнида аёллар иш жойларининг аксариятидан четлатилди, университетларда ўқиш тақиқланди, ёлғиз саёҳат қилиш ёки боғлар ҳамда дам олиш масканларига бориш ҳуқуқидан маҳрум этилди.
Икки йил мобайнида BBC экстремист исломий ҳаракатнинг нуфузли вакиллари билан мулоқот қилиш имконига эга бўлди. Журналистлар бир вақтлар худкушлик ҳужумларини режалаштирган ёки йиллар давомида яширинган, ҳозир эса амалдор ва ҳарбий хизматчига айланган шахслар билан суҳбатлашди.
Толибон ҳокимиятга қайтар экан, ўзгарганини айтганди. Аммо унинг кўплаб сиёсатлари 1990-йилларда жорий қилинган, шариатнинг қатъий талқинига асосланган ёндашувларини эслатади.
Биз учратган толиб амалдорлари ўзларини оқилона ва мулоҳазали қилиб кўрсатишга интиларди. Бироқ улар ўтмишдаги зўравонликлар ҳақида гапиришни унчалик истамасди. Шунингдек, бошқарувчилар ва улар бошқараётган аҳоли ўртасидаги таранглик ҳам айрим ҳолатларда кўзга ташланди.
Ҳоким Сарҳадий Туба (бу унинг ҳақиқий исми эмас) турмушини сақлаб қолиши керак деб ҳисоблайди.
"Ўзингиздан сўранг: "Ажрашганимдан кейин менга ким уйланади?", дейди Сарҳадий. "Кўп нарсага кўнишингизга тўғри келади, акс ҳолда қадр-қиммат ва ор-номусингизни йўқотасиз."
"Ҳоким жаноблари, менинг қадр-қимматим ва ор-номусим аллақачон топталган", дея жавоб қайтаради Туба.
Шу пайт унинг эри ҳам навбати келишини кутиб ўтиради.
Шариатга кўра, аёл ажрашиш учун эрининг розилигини сўраса, никоҳ вақтида олинган маҳрнинг бир қисми ёки ҳаммасини қайтаришига тўғри келиши мумкин. Одатда бу ҳолатларда молиявий келишувга эришилади. Аммо Тубанинг эри маҳр миқдоридан тўрт баравар кўп пул талаб қилмоқда. Аёлнинг оиласи эса бундай талабни қабул қилмайди.
Ҳоким аёлга алоҳида хона ажратилиши кераклигини айтади. Шунингдек, амалдорлар эрни хотинини калтакламаслик ҳақида огоҳлантиришини, "акс ҳолда қамалиши мумкинлигини" қўшимча қилади.
Бу қарордан қониқмаган Тубанинг отаси кейинчалик BBC'га оила ажрашиш масаласини суд орқали ҳал қилишга ҳаракат қилишини айтади. Бироқ Толибон суд тизимида эрнинг розилигисиз аёл учун ажрашишга эришиш жуда мушкул.

Сурат манбаси, EPA/REX/Shutterstock
Сарҳадий 1990-йилларда Толибоннинг биринчи ҳокимият даврида ҳарбий қўмондон бўлган.
2001 йил охирида АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари Толибонни ҳокимиятдан четлатганида, таслим бўлган минглаб исёнчилар қаторида у ҳам бор эди.
У бир неча йил АҚШнинг Гуантанамо қамоқхонасида сақланган, кейинчалик озод қилинган.
Толибон ҳокимиятга қайтгач, у дастлаб Бомиён вилоятига, кейин эса BBC журналистлари у билан июн ойи охирида учрашганида Жавзжон вилоятининг маркази Шибирғон шаҳрига ҳоким этиб тайинланган эди. Яқинда эса у Қундуз вилоятидаги ҳарбий корпус қўмондони ўринбосари лавозимига ўтказилган.
Қўлида кичик экранли эски русумдаги телефонни айлантирар экан, у амалдорлар учун смартфонлар тақиқланганидан кейин ишлар секинлашиб қолганини айтади.
"Олдин тезда хабар юбориш мумкин эди... ҳужжатларни жўнатиш ва жавобни тез олиш осон бўларди", дейди у.
Тақиқ ҳақида яна бирор нарса деса, "муаммо чиқиши мумкинлиги"ни ҳам қўшимча қилади.
Бироқ бошқа масалаларда унинг дунёқараши 25 йил аввалги Толибон қарашларидан деярли ўзгармаган кўринади.
Ўша пайтда у Бомиёнда ҳарбий қўмондон бўлган. Айнан шу ерда Толибон қадимий улкан Будда ҳайкалларини портлатиб йўқ қилган ва бу халқаро миқёсда қаттиқ норозилик ҳамда қораловларга сабаб бўлган эди.
Дастлаб у археологик ёдгорлик ҳақидаги саволларимизга жавоб беришдан қочади. Бироқ кейинроқ шундай дейди: "Уни ўз қўлларим билан вайрон қилганман. Қилган ишларимиз ҳам, қилаётган ишларимиз ҳам Худонинг амри ва қонунига мувофиқ. Биз бутларни сотмаймиз, уларни йўқ қиламиз. Нега мен бундан афсусланишим керак? Бу Худонинг иродаси эди."
Пойтахт Кобулда биз Толибоннинг яна бир юқори лавозимли вакили билан учрашдик. Унинг зўравонликларга бой ўтмиши бугун ҳукмрон маъмуриятдаги лавозим билан алмашган.
Ҳабибуллоҳ Бадр бизни зирҳли машинада шаҳар кўчалари бўйлаб олиб юради.
Унинг айтишича, у аввал Кобулда "худкуш ҳужумчилар амалиётлари учун масъул" бўлган.
"Кобулнинг барча йўллари ва кўчаларини жуда яхши биламан. Бизда шаҳар ва унинг маҳаллалари ҳақида зарур барча маълумотлар бор эди", дейди у. "Айрим амалиётларни режалаштириш учун эса узоқ вақт талаб қилинган."
Толибоннинг худкушлик ҳужумлари Афғонистонда минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган. Улар орасида кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳам бор.
Бироқ Бадр ўз ўтмиши ҳақида гапиришда эҳтиёткорлик қилади. Унинг айтишича, бу мавзулар "одамларни хафа қилиши" ва "эски яраларни янгилаши" мумкин.
Тинч аҳоли қурбонлари ҳақидаги саволга жавобан у Толибон АҚШ ҳарбий колонналарини нишонга олганини, фуқаролар эса хорижий ҳарбий базалардан узоқроқ туриш ҳақида огоҳлантирилганини айтади.
Аммо мен ундан аҳоли яшайдиган ҳудудларда содир этилган муайян ҳужумлар ҳақида сўраганимда, у саволга аниқ жавоб беришдан қочади.

Ҳозирда у даволаниш билан банд бўлгани учун расмий вазифаларидан вақтинча четлашган. Бироқ бундан аввал бутун мамлакат қамоқхоналари тизими раҳбарининг ўринбосари бўлиб ишлаган. Қизиғи шундаки, у аввалги ҳукумат даврида ўлим жазосига ҳукм қилинган ҳолда сақланган айнан ўша қамоқхонани кейинчалик бошқарган.
Бадр бизни қабила йиғилишига ҳам таклиф қилади. У ерда хайрия жамғармаси раҳбари унга медал топшириб, хизматларини эътироф этиши керак эди. Аммо тадбир кутилмаган тус олади.
"Жаноб Бадр Афғонистоннинг фахри ва буюк жангчисидир", дейди Султон Муҳаммад Талоий. "Аммо менинг бир эътирозим ҳам бор. Агар мактаблар ва таълим барча учун очиқ бўлганида, бу Афғонистон учун катта хизмат бўларди. Умид қиламанки, бу гапларим сизни хафа қилмайди."
Унинг сўзларидан кейин залда ноқулай сукут чўкади. Тингловчилар қандай муносабат билдиришни билмай қолади. Кўп ўтмай Талоийнинг микрофони олиб қўйилади.
Кейинроқ у BBC'га шундай дейди: "Мен қизлар мактаблари қайта очилишини сўрадим. Илм олиш Исломда эркаклар ҳам, аёллар ҳам учун фарздир."
У яна қўшимча қилади: "Айтмоқчи бўлган бошқа гапларим ҳам бор эди, аммо гапимни давом эттиришга қўйишмади."
Бундай фикрларни ошкора айтганлар кўпинча анча оғир оқибатларга дуч келади.
BBC билан суҳбатлашган аёллар таълим соҳасидаги чекловлар туфайли орзулари барбод бўлганидан қаттиқ тушкунликка тушганини айтди. Улар норозилик намойишларида қатнашган танишлари қамоққа олингани ҳақида ҳам сўзлаб беришди.
Биз суҳбатлашган журналистларнинг аксарияти Толибоннинг "Эстихбараат" деб аталадиган разведка хизмати томонидан чақиртирилгани ёки сўроқ қилинганини маълум қилди.
BBC бу хавотирларнинг бир қисми юзасидан Толибон ҳукумати матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳидга мурожаат қилди.

У 2021 йилдан буён Толибон ҳукуматининг асосий расмий вакилларидан бири ҳисобланади. У исёнчилик йилларида фойдаланган тахаллусидан ҳануз фойдаланиб келади. Бироқ у BBC'га ўзининг ҳақиқий исми Тоҳир Шоҳ Сиддиқий эканини айтди ва бу номни илк бор оммага ошкор қилди.
Биз ундан аввалги ҳукумат даврида америкаликлар маблағлари ҳисобидан қурилган муҳташам матбуот марказида суҳбат олдик. Шу ерда унга Толибон мамлакат ҳокимиятини қўлга олганидан икки кун ўтиб ўтказган илк матбуот анжумани ҳақида савол бердик.
Ўшанда у бутун дунёга Толибон ҳукумати аёлларга "ўз доирамиз ва қоидаларимиз доирасида" ишлаш ва таълим олиш имконини беришини, улар жамиятда "жуда фаол" бўлишини айтган эди. Нега бу ваъдалар бажарилмади?
"Биз шариат доирасида аёллар ҳуқуқлари, сўз эркинлиги ва бошқа масалаларга содиқмиз", дея жавоб беради у. "Барча масалаларга шариат нуқтаи назаридан қарашимиз керак."
Унинг айтишича, ўз идораси каби муассасаларда аёлларнинг ишлаши "ахлоқий бузилишларга олиб келиши" ва "уларнинг қадр-қимматига путур етказиши" мумкин.
Шунингдек, у аёллар таълими масаласи "ҳали муҳокама қилинаётганини" айтиб, бу борада "шариатга асосланган ечим" топилиши кераклигини таъкидлайди.
Толибоннинг оммавий ахборот воситалари эркинлигига нисбатан босими ҳақидаги саволга жавобан эса шундай дейди:"Афғонистон каби жамиятда ўз чекловларимиз бор. Биз оммавий ахборот воситаларига истаган тарғиботини қилишга рухсат бера олмаймиз. Улар исломий қонунлар ва қадриятларга зид мазмундаги материалларни эфирга узатмаслиги керак."

Толибон ҳукумати Кобулда жойлашган бўлса-да, Мужоҳид вақтининг катта қисмини ҳаракатнинг асосий таянч ҳудуди ҳисобланган жанубий Қандаҳор шаҳрида ўтказади. Айримлар бу шаҳарни бугун Афғонистоннинг амалдаги пойтахти деб ҳисоблайди.
Биз Қандаҳорда яшайдиган Толибоннинг олий раҳбари Ҳибатуллоҳ Охунзода билан учрашиш имкони бор-йўқлигини сўраймиз. У жамоатчилик олдида жуда кам кўриниш беради ва ҳозиргача бирор оммавий ахборот воситасига интервью бермаган. Бизга бундай учрашув ҳозирча имконсиз экани айтилади.
Икки йил аввалги ташрифимдан буён Қандаҳорда чекловлар янада кучайтирилган.
Энди эркаклар соқол қўйиши шарт.
Радиостанцияларга мусиқа қўйиш ёки аёллар овозини эфирга узатиш тақиқланган.
Бизга эса шаҳар ичида тасвирга олишга рухсат берилмайди.
Қандаҳордан икки соатлик масофада, чанг-тўзонли йўллар орқали бориладиган ҳудудда ҳаракатнинг энг содиқ собиқ жангчиларидан айримлари BBC'га исёнчилар бир вақтлар фойдаланган махфий ғорлар тармоғини кўрсатади.
Собиқ жангчи Обид Лалай ҳозир Ички ишлар вазирлигига қарашли хавфсизлик кучлари таркибида назорат-ўтказиш пунктида хизмат қилади. У бизга ўқ узган позицияларини, Қуръонини сақлайдиган жойни ва автоматларини осиб қўядиган нуқталарни кўрсатиб беради.

Унинг каттаси Абдул Самад бизга ҳеч қандай белги қўйилмаган қабристонни кўрсатади. Унинг айтишича, Толибон сафида жанг қилиб ҳалок бўлган отаси шу ерга дафн этилган.
Бу ҳудуд Афғонистоннинг энг қашшоқ минтақаларидан бири ҳисобланади. БМТ маълумотларига кўра, мамлакат аҳолисининг ҳар тўрт нафаридан уч нафари асосий эҳтиёжларини ўз кучи билан таъминлай олмайди. Самаднинг айтишича, маҳаллий аҳоли сув, йўллар ва тиббиёт муассасаларига қаттиқ эҳтиёж сезмоқда.
"Амирлик амалдорлари бизни унутгани йўқ", дейди Самад.
Унинг фикрича, раҳбарлар ҳозир бошқа устувор масалалар билан банд бўлиши мумкин.
"Умид қиламизки, бир куни бизга ҳам эътибор қаратишади", дейди у.
Толибоннинг иккинчи марта ҳокимиятга келганига беш йил бўлган бўлса-да, қашшоқлик, ишсизлик ва иқтисодий беқарорлик ҳамон мамлакатнинг энг долзарб муаммолари бўлиб қолмоқда.
BBC суҳбатлашган Толибон вакиллари бу муаммоларни ҳал қилиш устида ишлаётганини айтди. Аммо биз ҳаракатнинг ўзи мамлакатнинг энг катта муаммоси деб ҳисоблайдиган бошқа одамлар билан ҳам учрашдик.
"Ҳаёт ҳақида ҳеч қандай тушунчаси бўлмаган бир гуруҳнинг тўсатдан ҳокимиятга келиб қолганини қандай изоҳлашни билмайман", дейди Ҳудо (бу унинг ҳақиқий исми эмас). У Толибон ҳокимиятга қайтган пайтда кўчаларда норозилик акцияларида қатнашган аёллардан бири.
"Аёллар бу вазиятни қабул қила олмайди", дейди у BBC'га. "Улар чекловларни янада кучайтириши мумкин, аммо бу абадий давом этмайди."
У яна шундай дейди: "Менимча, Толибон билимли аёллардан қўрқади. Шунинг учун ҳам аёлларга чекловлар қўймоқда. Улар саводсиз аёлларни хоҳлайди, чунки бундай аёллар ақлли ва мустақил фикрлайдиган авлодни тарбиялай олмайди. Чунки бу Толибон ҳукмронлигига барҳам бериши мумкин."
Материални тайёрлашда Ҳофизуллоҳ Маруф ҳам иштирок этди.




























