АҚШ технологик гигантлари сунъий интеллект ривожини секинлаштиришга чақиряпти. Хитой нима дейди?

Сурат манбаси, Sopa via Getty Images
- Author, Жек Лау
- Author, Тони Хан
- Role, Би-би-сининг Global China Unit бўлими
- Published
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Сунъий интеллект (СИ) шиддатли суръатларда ривожланаётган бир пайтда, соҳанинг энг нуфузли етакчиларидан айримлари у келтириши мумкин бўлган эҳтимолий хатарлар ҳақида жиддий огоҳлантирмоқда.
Anthropic компанияси бош ижрочи директори Дарио Амодеи ривожланиш суръатларини секинлаштириш кераклигини таъкидлаган. У билан рақобатчи икки СИ компанияси раҳбарлари, OpenAI раҳбари Сэм Олтман ва Илон Маск ҳам бу фикрга қўшилишини билдирган. Силикон водийсидаги бошқа айрим мутахассислар эса бу технология бир кун келиб инсониятнинг ўзига ҳам таҳдид солиши мумкинлигини айтмоқда.
Бироқ бу хатарларни бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар дунёнинг сунъий интеллект соҳасидаги икки етакчи давлати, Хитой ва АҚШ ўртасидаги кескин рақобат сабаб мураккаблашмоқда.
Стратегик рақиблар сифатида икки давлат кўпинча СИ соҳасидаги ютуқларга миллий хавфсизлик ва иқтисодий устунлик нуқтаи назаридан қарайди. Бу эса томонлар ўртасида мазмунли ҳамкорлик мумкинми ёки йўқми, деган саволларни туғдирмоқда.
Ослодаги Тинчликни тадқиқ қилиш институти (PRIO) катта тадқиқотчиси Доктор Илариа Карроззанинг айтишича, "Агар халқаро ҳамжамият АҚШ ва Хитой ўртасидаги мулоқот натижасида мажбурий кучга эга келишув юзага келишини кутаётган бўлса, у ҳолда уларнинг умиди оқланмайди".
СИ "инсон назорати остида"
Хитой СИ бўйича катта режаларга эга. Мамлакат бу технология қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлашдан тортиб ҳарбий соҳагача бўлган жамият ва иқтисодиётнинг барча тармоқларига жорий этиладиган келажакни тасаввур қилмоқда.
Бироқ ҳукумат узоқ вақтдан буён унинг хавфлари ҳақида ҳам огоҳлантириб келади. Ҳали 2017 йилнинг ўзидаёқ СИ шахсий ҳаёт дахлсизлиги, ижтимоий барқарорлик ва халқаро муносабатларга таҳдид солиши мумкинлигини айтган эди.
Шундан бери Хитой ижтимоий тармоқларда СИ ёрдамида яратилган контентни белгилашни мажбурий қилди, вояга етмаганлар учун СИ виртуал ҳамроҳларини тақиқлади ҳамда дезинформация тарқатиш мақсадида дипфейклардан фойдаланишни ман этди.
Biz SI sohasida Xitoydan oldindamiz... va ochig‘ini aytsam, shu holat saqlanib qolishini istayman, chunki SI bo‘yicha kurashda g‘olib chiqqan tomon yutuqqa ega bo‘ladi.
Гонконг шаҳри университети профессори Зенг Цзинханнинг айтишича, Хитой давлат идоралари ва сиёсат бўйича маслаҳатчилари АҚШдаги ҳамкасбларига қараганда "мақбул ривожланиш шартларини белгилаш бўйича анча катта ваколатга эга".
СИ назоратдан чиқиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларга жавобан Хитой президенти Си Цзинпин июл ойида бу технология "доимо инсон назорати остида қолиши шарт" эканини таъкидлади. У бу ҳақда Хитой томонидан СИ бошқаруви бўйича халқаро мулоқотни рағбатлантириш учун ташкил этилган Жаҳон сунъий интеллект ҳамкорлиги ташкилотидаги чиқишида маълум қилди.
Сентябр ойида эълон қилинган СИ хавфсизлиги бўйича сўнгги ҳужжатда Хитойнинг Кибермакон маъмурияти СИнинг "инсониятнинг яшаб қолиши ва ривожланиши"га таҳдид солишининг олдини олиш учун фаол сиёсат зарурлигини билдирди.
Бошқариб бўладиган технологиями?
Хитой расмийлари СИ инсон назоратидан чиқиб кетиши хавфини тан олса-да, унинг инсоният мавжудлиги учун таҳдид солиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар АҚШдаги каби кенг муҳокама қилинмайди.
Пекин бу хавфни давлат сиёсати орқали ҳал қилиниши лозим бўлган кўплаб масалалардан бири сифатида кўради.
Профессор Зенгнинг тушунтиришича, "Хитойда СИни бошқариш бир вақтнинг ўзида бир нечта мақсадга хизмат қилади: иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш, технологик ва ижтимоий хавфларни бошқариш ҳамда сиёсий ҳокимиятни сақлаб қолиш".
Шэнчжэн Сунъий интеллект ва робототехника институти директори Доктор Шаошан Лю ҳам бу фикрга қўшилади:
"Хитойдаги муҳокамалар кўпроқ СИни назорат қилиш, ундан нотўғри фойдаланиш ва унинг ижтимоий оқибатларига қаратилган. АҚШдаги муҳокамаларда эса инсон назоратининг йўқолиши ёки инсониятнинг йўқ бўлиб кетиши каби назарий сценарийлар устунлик қилмоқда".

Сурат манбаси, Reuters
Хитой расмийларининг СИ туфайли юзага келиши мумкин бўлган хавфлар ҳақидаги хавотирлари бу технология иқтисодий ўсишнинг муҳим ҳаракатлантирувчи кучи бўлишига ишонч билан мувозанатлаштирилган. Айни пайтда Хитой иқтисодиётининг ўсиш суръатлари секинлашмоқда.
Tencent, Alibaba, Baidu ва ByteDance каби Хитой технологик гигантларининг СИ моделлари жаҳон бозорида рақобат қилмоқда. Энг илғор моделларнинг айримлари эса 01.AI, DeepSeek, MiniMax, Moonshot AI ва Z.ai каби стартаплар томонидан яратилмоқда.
Бу компаниялар изоҳ бериш ҳақидаги сўровларга жавоб қайтармади.
Доктор Люнинг айтишича, Пекин Хитойнинг СИ саноатини ривожлантириш ва пайдо бўлаётган хавфларни бошқариш ўртасида мувозанат сақлашга ҳаракат қилмоқда.
"Бу технология ривожланишдан тўхташи керак, дегани эмас", дейди у.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
"СИ бўйича курашда ғолиб чиққан томон ютуққа эга бўлади"
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Хитойнинг ички устувор йўналишларидан ташқари, яна геосиёсий омиллар ҳам мавжуд.
АҚШ президенти Доналд Трамп СИ ривожини Хитойга қарши юқори ставкали мусобақа сифатида таърифлаган.
"Биз СИ соҳасида Хитойдан олдиндамиз... ва очиғини айтсам, шу ҳолат сақланиб қолишини истайман, чунки СИ бўйича курашда ғолиб чиққан томон ютуққа эга бўлади", деган у.
Сентябр ойида давлатга қарашли журналда чоп этилган мақоласида Хитойнинг бош разведка расмийси Чэн Исин ҳам СИ ривожини геосиёсий нуқтаи назардан баҳолаб, уни "йирик давлатлар ўртасидаги стратегик рақобатнинг янги майдони" деб атаган.
СИ ривожини секинлаштириш чақириқлари асосан АҚШ ҳукуматидан эмас, балки технология саноати вакилларидан келаётган бўлса-да, геосиёсий рақобат Пекинни бундай мурожаатларга эҳтиёткорона ёндашишга мажбур қилмоқда.
Август ойида, Амодеининг СИ хавфлари ҳақидаги огоҳлантиришидан сал олдин, Хитой давлат нашрлари Anthropic асосчиларидан бирига тегишли танқидий материаллар чиқариб, унинг компанияси АҚШнинг геосиёсий манфаатлари билан уйғун ҳаракат қилаётганини иддао қилди.
Давлат телеканали CCTVга қарашли Yuyuan Tantian ижтимоий тармоқ саҳифасида шундай дейилди:
"Амодеининг қарашлари 'Менинг мамлакатим ҳақ' деган нуқтаи назардан 'Ҳамкорлик қилмаган ҳар қандай томон бостирилиши керак' деган қарашгача ўзгарди".

Сурат манбаси, Reuters
Амодеининг яқинда СИ ривожини секинлаштириш ҳақидаги чақириғи давлат оммавий ахборот воситалари томонидан яна бир бор танқид қилинишига сабаб бўлди. Уларда Anthropic бош ижрочи директори Хитойнинг СИ соҳасидаги тараққиётига тўсқинлик қилиш ҳақидаги таклифлари алоҳида таъкидланди.
Шунга қарамай, ўзаро ишончсизлик ҳукм сураётган бўлса-да, ой охирида Вашингтонда бўлиб ўтиши режалаштирилган Си Цзинпин ва Доналд Трамп учрашуви муайян келишувларга эришиш имконини бериши мумкинлиги ҳақида умидлар бор. Reuters маълумотига кўра, Хитой расмийлари СИни музокаралар кун тартибидаги асосий масалалардан бири деб ҳисобламоқда.
PRIO тадқиқотчиси доктор Карроззанинг айтишича, давлатга тегишли бўлмаган субъектлар томонидан СИдан нотўғри фойдаланиш ёки СИ ёрдамида инфратузилмага қарши киберҳужумлар амалга оширилиши каби масалалар икки томонлама келишув учун маълум имконият яратиши мумкин. Бироқ СИ ривожланиши суръатлари бўйича очиқ келишувга эришиш эҳтимоли жуда паст.
"Эҳтимол, икки томон учун мақбул бўлган келишувлар тижорат сирларини ошкор қилиш ёки махсус назоратни талаб қилмайдиган соҳаларда бўлиши мумкин", дейди у.
"Томонлардан қай бири СИ моделларини қанчалик тез ишлаб чиқиши мумкинлигини чеклайдиган ҳар қандай масала бўйича келишувга эришиши эҳтимолдан йироқ".






























