Путин Қозоғистонда, ЕОИИ, геосиёсат ва миграция - дайжест

Путин ва Тоқаев

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Бу яқинлик иқтисодий имкониятми ёки қарамлик хавфи?
Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Россия президенти Владимир Путиннинг Қозоғистонга ташрифи арафасида мамлакатда Москва билан муносабатлар яна муҳокама марказига чиқди.

Қозоғистондаги таҳлиллар прагматизм, эҳтиёткорлик ва стратегик ҳисоб-китоб аралашмасини акс эттирмоқда.

Айрим қозоқ таҳлилчилари Россиянинг Украинадаги уруши ва халқаро изоляцияси ортидан Москвага ортиқча иқтисодий боғланиш хавфларига эътибор қаратмоқда.

Иқтисодчи Меруерт Махмутова Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) амалда Россиянинг санкциялар остидаги иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш механизмларидан бирига айланганини таъкидлади. Унинг фикрича, Қозоғистоннинг бу иттифоқда иштироки мамлакатни "рус инфляцияси, валюта хатарлари ва эҳтимолий иккиламчи санкциялар"га яқинлаштирмоқда.

Махмутова, шунингдек, Украина уруши ортидан Россия энди минтақада аввалгидек хавфсизлик кафолатчиси сифатида кўрилмаётганини айтди.

"Украинадаги воқеалар Россиянинг ўзи ҳам таҳдид манбаига айланиши мумкинлигини кўрсатди", деган у.

Шу билан бирга, ҳукуматга яқин экспертлар Россияни Қозоғистоннинг асосий савдо, инвестиция ва инфратузилма шериги сифатида баҳоламоқда.

Улар икки давлат муносабатлари энергетика, логистика, рақамлаштириш ва технологик кооперация соҳаларида янги босқичга чиқаётганини таъкидламоқда.

Айрим таҳлилчилар фикрича эса, Остона Россиянинг халқаро изоляцияси ортидан пайдо бўлган транзит, логистика ва озиқ-овқат бозори имкониятларидан иқтисодий фойда олишга уринмоқда. Улар Қозоғистон ташқи сиёсатда прагматик ва кўп векторли ёндашувни сақлаб қолиши кераклигини айтмоқда.

Қосим-Жомарт Тоқаев ва Путин Остонада музокара ўтказган. Музокаралардан сўнг давлат раҳбарлари Россия ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик асослари ҳақида қўшма баёнотни имзолашган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Евроосиё иқтисодий форуми

Россия президенти Владимир Путин ва ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Остонада Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев иштирокидаги кенгайтирилган учрашувда қатнашмоқда. Путин 28–29 май кунлари давлат ташрифи билан Қозоғистонда бўлиб турибди.

Сурат манбаси, ALEXANDER KAZAKOV/SPUTNIK/KREMLIN POOL/EPA/Shutterstock

Сурат тагсўзи, Остонадаги музокаралар: иқтисодми, геосиёсатми ёки иккаласи ҳамми?

Бу йилги форумнинг асосий мавзуси - "ЕОИИнинг глобал рақамли рақобатдаги стратегияси: сунъий интеллект". Саммитда давлат раҳбарлари халқаро савдо, божхона қоидалари, технологик кооперация ва сунъий интеллектни иқтисодиётга жорий этиш масалаларини муҳокама қилмоқда.

Кузатувчилар фикрича, Ғарб санкциялари шароитида Москва ЕОИИни нафақат иқтисодий, балки технологик ва логистик интеграция платформаси сифатида ҳам кучайтиришга уринмоқда.

Беларус президенти Александр Лукашенко ҳам Остонага етиб келган. Минск маълумотига кўра, Лукашенко форумда ЕОИИ доирасида технологик ҳамкорлик ва сунъий интеллект бўйича Беларус позициясини тақдим этади.

Саммитда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этиши хабар қилинганди. Тошкент ЕОИИга тўлиқ аъзо эмас, аммо 2020 йилдан буён кузатувчи мақомида қатнашиб келади.

Ўша йили Ўзбекистон парламенти қабул қилган махсус қарорда ЕОИИ билан ҳамкорлик иқтисодий ўсиш ва экспорт имкониятларини кенгайтириши мумкинлиги айтилган. Бироқ ҳужжатда эҳтимолий хавфлар ҳам очиқ қайд этилган. Хусусан, "Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш сегментлари ЕОИИнинг бошқа аъзо давлатлари корхоналари томонидан эгаллаб олиниши хавфи юқори" экани таъкидланган.

Шу сабабли расмий Тошкент ҳозирча эҳтиёткор ва кўп векторли ташқи сиёсатни сақлаб келмоқда. Ўзбекистон бир томондан Россия ва ЕОИИ давлатлари билан иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга қизиқиш билдирса, иккинчи томондан Хитой, Европа, Туркия ва Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни ҳам мувозанатли равишда ривожлантиришга уринмоқда.

ЕОИИ масаласи Ўзбекистонда йиллардан бери баҳсли мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Айримлар бу интеграцияни катта бозор ва меҳнат миграцияси учун имконият деб баҳоласа, бошқалар Россия таъсирининг кучайиши ва иқтисодий қарамлик хавфидан хавотир билдириб келади.

Биринчи президент Ислом Каримов ҳам Россия бошчилигидаги айрим интеграция лойиҳалари мамлакат сиёсий мустақиллигига таъсир қилиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Кузатувчилар фикрича, Украина уруши ва Ғарб санкциялари шароитида Москва учун Марказий Осиё орқали транзит, логистика ва янги иқтисодий йўналишлар тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Россияда яна меҳнат муҳожирлари мавзуси

Меҳнат муҳожири милиция қўлида

Сурат манбаси, Getty Images

Россияда мигрантлар устидан назорат янада кучайтирилмоқда. Давлат думасига кўра, мамлакатга кирган хорижликлар энди тиббий кўрикдан 90 кун ичида эмас, 30 кун ичида ўтиши шарт бўлади.

Янги қонунга асосан, Россияга уч ойдан ортиқ муддатга келган барча мигрантлар наркотик ва психотроп моддалар истеъмоли ҳамда юқумли касалликлар бўйича текширувдан ўтади.

Давлат думаси раиси Вячеслав Володин айтишича, тиббиёт муассасалари текширув натижаларини 24 соат ичида ИИВ ва Роспотребнадзорга юбориши шарт бўлади. Агар мигрантда хавфли юқумли касаллик аниқланса, у тезкор тарзда депортация қилиниши мумкин.

Қонун мигрантларнинг тиббий кўрикдан бўйин товлаши учун ҳам жавобгарлик жорий қилмоқда. Бундай ҳолатда 50 минг рублгача жарима ва суд қарори билан мамлакатдан чиқариб юбориш жазоси қўлланиши мумкин.

Шунингдек, хавфли касалликлар йўқлиги ҳақида сохта ҳужжат тайёрлаш ёки тарқатиш учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди. Энди бу каби қоидабузарлик учун 8 йилгача қамоқ ва 3 миллион рублгача жарима белгиланган.

Бу орада Россияда миграция соҳасидаги давлат божларини ошириш бўйича яна бир қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда қабул қилинди.

Россиядаги янги чекловлар Марказий Осиё давлатлари учун муҳим масала ҳисобланади. Чунки минтақада миллионлаб меҳнат муҳожирлари Россия иқтисодиётига боғланган.