Янгиланди: АҚШ ва Эрон урушни тўхтатиш бўйича келиша олмади, Вэнс Покистонни тарк этди

Сурат манбаси, Reuters
АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Исломободда бўлиб ўтган музокараларда АҚШ ва Эрон келишувга эриша олмаганини айтди. Унга кўра, Эрон АҚШ шартларини қабул қилишдан бош тортган, жумладан Вашингтон Теҳрондан ядровий қурол ишлаб чиқмаслик бўйича "асосий мажбурият"ни кўрмаган. Эрон томони музокаралар ишончсизлик муҳитида ўтганини айтмоқда.
21 соатдан ортиқ давом этган кескин музокаралар тинчлик келишувига олиб келмаганидан сўнг, Вэнс Покистондан учиб кетган.
"Биз эронликлар билан мазмунли муҳокамалар ўтказдик — бу яхши хабар. Ёмон хабар шундаки, биз келишувга эриша олмадик ва менимча, бу АҚШдан кўра кўпроқ Эрон учун ёмон хабар", деди Вэнс.
"Биз шунчаки эронликлар бизнинг шартларимизни қабул қиладиган вазиятга ета олмадик", — дея қўшимча қилди у.
Унинг таъкидлашича, ядровий қурол масаласи АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокараларда асосий мавзудир. Президент Доналд Трампнинг бош мақсади — Теҳроннинг ҳозир ҳам, келажакда ҳам ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймаслик.
Вэнсга кўра, Исломободдаги музокараларда АҚШ Эронда ядровий қурол ишлаб чиқмаслик бўйича аниқ мажбуриятни кўрмаган.
Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Покистондаги музокаралар натижаси уни хавотирга солмаслигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон аллақачон бу урушда ғалаба қозонган.
"Биз келишувга эришамизми ёки йўқ — бу мен учун аҳамиятли эмас. Гап шундаки, биз ғалаба қилдик", деди Трамп Оқ уй яқинида журналистларга.
"Биз бу мамлакатни тўлиқ тор-мор қилдик", — дея қўшимча қилди у.
Трамп аввалги баёнотларини такрорлаб, АҚШ Эрон ҳарбий-ҳаво ва денгиз кучларини ҳамда раҳбариятини йўқ қилганини айтди. Шунингдек, у Ҳормуз бўғози орқали эркин ҳаракатни таъминлаш устида иш олиб борилаётганини билдирди.
Унинг айтишича, АҚШ бу ишни "қўрқоқ, заиф ёки хасис" давлатлар номидан амалга оширмоқда.
"НАТО бизга ёрдам бермади", — деди у.
Эрон ТИВ: "Музокаралар ишончсизлик муҳитида ўтди"

Сурат манбаси, Reuters
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бағаий АҚШ билан тинчлик музокаралари бўйича баёнот берди.
У ижтимоий тармоқдаги хабарда музокараларни "жадал" деб атаган, бироқ уларнинг муваффақияти "қарши томоннинг жиддийлиги ва холис ниятига" боғлиқ эканини таъкидлаган.
Бағаий Вашингтонни "ортиқча талаблар ва ноқонуний сўровлар"дан воз кечишга чақириб, Эроннинг "қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари"ни тан олишга даъват этган.
Унинг айтишича, музокараларда Ҳормуз бўғози, Эроннинг ядровий дастури ва "Эрондаги урушни тўлиқ тўхтатиш" каби масалалар муҳокама қилинган.
Бағаийнинг таъкидлашича, АҚШ ва Эрон дарҳол келишувга эришиши кутилмаган эди.
У музокаралар "ишончсизлик, шубҳа ва гумонларга тўла муҳитда" ўтганини айтди. Бу ҳолат 40 кундан ортиқ давом этган "мажбурий уруш" ва яқинда кучга кирган ўт очишни тўхтатиш келишувидан кейин юз берган.
Бағаий Эрон давлатига қарашли Student News Network нашрига берган интервюсида:
"Бошиданоқ бир учрашувда келишувга эришишни кутмаслигимиз керак эди. Менимча, ҳеч кимда бундай кутилмалар бўлмаган", деди.
Шу билан бирга, у "дипломатия ҳеч қачон" тўхтамаслигини таъкидлади.
12 апрел: Исломободда АҚШ-Эрон тинчлик музокаралари

Сурат манбаси, Pokiston Bosh vaziri matbuot xizmati
Покистон пойтахти Исломободга ҳам АҚШ, ҳам Эрон ҳайъати етиб борди.
11 апрел куни АҚШ ва Эрон ўртасидаги урушни тўхтатиш мақсадидаги музокараларни ўтказишга келишилган эди.
Музокара куни белгиланганига қарамасдан, Покистонга Эрон ҳайъати бориш-бормаслиги охирги дақиқаларгача номаълум бўлиб қолди.
Исломободга етиб борган Эрон ҳайъати таркибига Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф, Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи, Мудофаа кенгаши котиби Али Акбар Аҳмадиён, Эрон Марказий Банки раиси Абдулносир Ҳимматий ва Эрон парламентининг бир неча аъзоси кирган.
АҚШ ҳайъатига Вице-президент Жей Ди Венс раҳбарлик қилмоқда, унга АҚШ президентининг махсус элчиси Стиф Уиткофф, Президент Трампнинг куёви Жавед Кушнер ҳамроҳ бўлишган.
Эрон расмийлари, жумладан Ғолибофнинг ўзи ҳам, агар ўзлари қўйган икки шарт - Ливанда ўт очишни тўхтатиш ва музлатилган Эрон активлари очилмагунча Америка билан музокара бошламасликларини эълон қилган эдилар.
АҚШ билан Исроил, Ливан АҚШ-Эрон оташкесими таркибига кирмайди, дедилар.
АҚШ Вице-президенти Жей Ди Венс "АҚШ билан ўйнамасликка чақирди".
Reuters агентлиги хабар қилишича, АҚШ Эроннинг Қатар ва бошқа мамлакатлар банкларида музлатиб қўйилган маблағларини блокдан чиқаришга рози бўлган.
Аммо Америка оммавий ахборот воситаларига гапирган АҚШ расмийлари Эрон активлари блокдан чиқарилганини рад этдилар.

Сурат манбаси, Eron Tashqi ishlar vazirligi
Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф Исломободда Эрон ҳайъати вакиллари билан учрашгани хабар қилинди.
Сўнг Бош вазир Шаҳбоз Шариф АҚШ Вице-президенти Жей Ди Венс билан учрашди.
Эрон матбуотининг мамлакат расмийларига таяниб хабар тарқатишича, Эрон ва Америка ҳайъати музокараси бир кундан ортиқ давом этмайди.
Яъни, 11 апрел тунида ҳайъатлар ўз ватанига қайтиши мумкин.
Би-би-сининг Исломободдаги мухбири хабар беришича, Покистон глобал можарони ҳал этишда муҳим ўйинчига айланганидан кўпчилик фахрланмоқда.
Аммо Исломобод музокараси уруш якунига етаклайдиган муҳим воқеа бўладими ёки йўқлиги ҳамон мавҳум бўлиб турипти.
Эрон Америка олдига қўйган 10 банддан иборат сулҳ режаси, Трамп, "устида ишлаш мумкин", деб таърифлаганига қарамасдан, ҳаётга татбиқ этилиши мумкин вазифа бўлиши мумкин.
Чунки 10 банд ичига Эрон АҚШ ўзига етказган зарарларини қоплаш талабини ҳам қўйган, бунга Трамп маъмурияти рози бўлиш-бўлмаслиги номаълум.
Эрон тарафи музокарани ҳар лаҳзада бекор қилиши мумкинлигини айтган.

Айни пайтда Ҳўрмуз бўғозидан нефт олиб ўтиш ҳамон чекланганича қолмоқда.
Би-би-си 10 апрел куни 19 нефт ортилган кема бўғоздан ўтганини тасдиқлади.
Исроил Ливанда "Ҳизбуллоҳ"ни нишонга олган зарбаларини давом эттираяпти, Ливан расмийлари 11 апрел куни мамлакат жануби Набатиядаги Зефта шаҳрига ҳужумда уч инсон ҳалок бўлганини хабар қилди.
Шу кунларда Ливан ҳукумати расмийлари Вашингтонда Исроил билан ўт очишни тўхтатиш борасида музокара қилмоқчи эканликлари хабар қилинмоқда.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг






























