Россия: Ўзбек, Тожик мигрантлари ўрнини Ҳиндлар эгаллаяпти, ўзбекистонликлар пешқадам Мах мессенжери фойдаланувчилари, ер хорижикликларга берилмайди

Россиядаги картошка саралаш цехида ишлаётган ҳиндистонлик мигрантлар

Сурат манбаси, Reuters

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Россия статистик идораси маълумотларига кўра, Россияга қўшни ва визасиз мамлакатлардан борган меҳнат мигрантларига берилган ишлаш ҳуқуқи сони 2020 йилдаги пандемия давридан кейинги энг паст нуқтага тушган.

Бунинг сабаблари - Россиядаги анъанавий ишчи кучи манбалари бўлиб келган Ўзбекистон ва Тожикистондан бораётган мигрантлар сони камайгани, бунга эса Россияда аксилмуҳожир кайфияти ва сиёсати кучайтириб борилаётгани ҳамда Россия иқтисодининг хорижий иш берувчилар учун жозибасини йўқотиб бораётганидир.

Россиядаги машҳур газета "Известия"нинг давлат статистика идорасига таяниб хабар беришича, 2026 йилнинг биринчи чорагида Россия 475 000 мигрантга ишлаш ҳуқуқини берадиган "патент" берган.

Бу дегани 2025 йилнинг биринчи чорагига солиштирганда 22 фоиз кам ва 2021 йилдан буён энг паст кўрсаткич деганидир.

Охирги йилларда Россияда аксилмигрант кайфияти 2024 йил мартида Москва яқинидаги Crocus City Hall марказига ҳалокатли қуролли ҳужум ортидан кучайди, Россия расмийлари ушбу ҳужумларда тўрт Тожикистон фуқаросини айблаб қамадилар.

Шундан сўнг Россия ҳукумати миграция қонунларини кучайтирди, 2025 йили "назоратдаги шахс регистрацияси"га ўхшаш тартиб жорий этди.

Бу тартиб миграция қонунларини бузган шахсларни молиявий ва ижтимоий хизматлардан узиб қўйишни назарда тутади.

Айни пайтда нолегал мигрантлар яшайдиган жойларга рейдлар ҳамда ноқонуний мигрантларни мамлакатига депортация қилиш кўпайди.

Россиянинг айрим ҳудудлари мигрантларнинг ишлаши мумкин бўлмаган соҳаларни эълон қилди.

Мисол учун, Сибирдаги Новосибирск ўлкаси мигрантларнинг савдо, транспорт, умумий овқатланиш ва маориф соҳаларида ишлашларини тақиқлади.

Узоқ Шарқдаги Приморский ўлкаси муҳожирларнинг ишлаши тақиқланган 88 соҳани эълон қилди.

Улар орасида медицина, маориф ва ҳатто, аксар мигрантлар орасида машҳур такси ҳайдовчилик касби ҳам бор.

Мигрантлар учун молиявий талаблар ҳам кучайтирилди, иш рухсатини олишдан олдин солиқ тўлаш мажбурий қилиб қўйилди, рухсат пули ҳам оширилди.

Россия иқтисодиёти аҳволи ҳам оғирлашаяпти.

Украина уруши боис мамлакатда инфляция кўтарилиб кетаяпти, Россия рублининг қадри ҳам бир пасайиб, бир кўтарилиб турипти.

Бу эса оиласига пул жўнатмалари юборадиган мигрантлар даромади пасайишига олиб келди.

Ҳамон Россияда 2,3 миллион хорижий ишчи бор деб кўрилади ва уларнинг аксари ўзбекистонлик ва тожикистонлардир.

Аммо Россия расмийлари ишчи кучи тақчиллигига дуч келаётганларини айтадилар.

Бу тақчилликни тўлдириш мақсадида Ҳиндистондан мигрантларни Россияга ишга жалб этиш бошланган.

2021 йили Россияда 5000 ҳиндистонликка иш рухсати берилган бўлса, 2025 йил бу рақам 72000 га етгани хабар қилинди.

Ўзининг мамлакатига солиштирганда юқори маош олаётганини айтадиган ҳиндлар кўп оғир ишларга жалб этилаяптилар.

"Ўзбекистонликлар Мах мессенжерини ўрнатишда пешқадам"

VK ширкати пресс релизи

Сурат манбаси, VK.company

Сурат тагсўзи, 2,3 миллион ўзбекистонлик Мах иловасини ўрнатди, дейди VK ўзининг матбуот хабарида

Россиянинг Мах мессенжери асосчиларига кўра, аудио, видео мулоқот қилиш имконини берадиган бу иловани ўз мобил телефонига ўрнатган хорижликлар орасида Ўзбекистон биринчи ўринда.

Мах иловасини ҳозиргача 7 миллион чет эллик ўз телефонига ўрнатиб олгани хабар қилинади.

Уларнинг 90 фоизини МДҲ республикалари яшовчилари ташкил қилади.

Асосчиларга кўра, биринчи ўринда ўзбекистонликлар.

Шу вақтгача 2,3 миллион ўзбекистонлик Махни ўрнатган.

Иккинчи ўринда Беларус, сўнг Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон.

Апрел ойи бошида Махнинг жами фойдаланувчилари сони 110 миллионга етгани хабар қилинган.

Мах иловасини 2025 йили VK ширкати ишлаб чиққан.

Охирги пайтда Россияда фойдаланувчиларни мажбуран Махга ўтказиш кузатилаяпти.

Россияликлар ўз телефонларида Телеграм ёки WhatsApp ишламай қолаётганларидан шикоят қилдилар, ҳукумат хорижнинг муқобил мессенжерларига блок қўйилаётганини хавфсизлик эҳтиёжи билан тушунтирди.

Мах мессенжерини ҳали пухта ишлаб чиқилмагани, ҳаддан зиёд тажовузкор реклама жойлаштирилиши ҳамда давлатгаа яқин бўлгани учун танқид қилишади.

Ўзбекистон хорижликларнинг ерга ҳуқуқини чекламоқчи

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 21 апрел куни ўтказган мажлис

Сурат манбаси, O'zbekiston prezidenti matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Президент Мирзиёевга деҳқончилик ерларидан фойдаланиш янги ёндашуви тақдим этилди

Ўзбекистонда ер ислоҳотини янада илгари суришга қарор қилинди.

Мамлакатга ер ислоҳоти зарурлиги, "ер ўзининг ҳақиқий эгасини топса, бундан ҳам аҳолига, ҳам мамлакатга фойда", деган гап ҳали 1988 йиллардан бери айтиб келинади.

Бироқ Президент Ислом Каримов, "ер давлат назорати остида қолиши керак, Ўзбекистон шароитида ерни хусусий мулк қилиб бериш оқибати яхши бўлмайди", деган мавқеъда бўлди.

Президент Мирзиёев қудратга келганидан кейин ҳам ер ислоҳотига жуда эҳтиёткорлик билан ёндашилаяпти.

Синов тариқасида экспериментлар ўтказилаяпти.

Шу кеча-кундузда Президент Шавкат Мирзиёевга ер ислоҳоти бўйича олиб борилаётган экспериментлар илк хулосалари тақдим қилинди.

Иқтибос

Президент матбуот хизматига кўра, ердан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш ҳуқуқини хорижий инвесторларга аукцион орқали таклиф этишни тўхтатиш режалаштирилмоқда.

Расмийларга кўра, охирги беш йилда Ўзбекистон ерларни тақсимлашда аукцион тизимига ўтди ва маҳаллий ҳокимларнинг ер участкаларини тўғридан-тўғри тақсимлаш ваколати бекор қилинди.

Шу давр мобайнида 616 минг гектардан ортиқ ер аукцион орқали берилди ва давлат бюджетига 1,4 триллион сўм (115 940 доллар) тушум тушди.

Расмийларга кўра, ислоҳотлар хусусий ер фойдаланувчилари пайдо бўлишига ва ишлаб чиқариш ҳажми ошишига олиб келди. Бир гектардан олинадиган даромад уч баробарга ошиб, 50–60 миллион сўмни (4 140–4 970 доллар) ташкил этди. Аукцион орқали ажратилган ерларда ҳозир йиллик қиймати тахминан 539 триллион сўм (44 635 398 500 доллар) лик маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда ҳамда 2,1 миллиард долларлик экспорт амалга оширилаяпти.

Шу билан бирга, муаммолар мавжудлигига ҳам эътибор қаратилди. Қарийб 117 600 гектар ер ҳали ҳам ажратилмаган, бунга ижарачиларнинг ердан қандай фойдаланиш бўйича ваколатлари чеклангани сабаб бўлаётгани айтилди.

Буни ҳал этиш мақсадида ҳукумат янгиланган ижара тизимини жорий этиш ва жорий йилда қўшимча 100 000 гектар ерни янги шартлар асосида аукционга чиқаришни режалаштирмоқда. Янги шартларда ердан самарали фойдаланиш учун кучлироқ иқтисодий рағбатлар назарда тутилади.

Асосий ўзгаришлардан бири хорижий инвесторларга тааллуқли бўлади. Таклиф этилаётган қоидаларга кўра, хорижликлар энди Ўзбекистонда ерни аукцион орқали олиш имкониятига эга бўлмайдилар.

Қишлоқ хўжалиги ерларига кириш фақат ҳудудий ҳокимиятлар орқали расмийлаштириладиган иккилламчи ижара шартномалари асосида ва камида 10 миллион доллар инвестиция киритиладиган лойиҳалар учун рухсат этилади. Бу лойиҳалар ҳам паст самарадорликка эга бўлган ерларни, жумладан, яйловлар ва лалмикор майдонларни ўзлаштиришга қаратилган бўлиши шарт.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги ерлари бўйича аукционларда иштирок этиш ҳуқуқи фақат маҳаллий фермерлар ва тадбиркорлар билан чекланади. Мудофаа, чегара ҳудудлари, ўрмон фонди ва маданий мерос объектлари учун ажратилган ерлар фақат Ўзбекистон фуқароларига берилади. Барча тоифадаги ерлар учун ягона ижара муддати сифатида 49 йилгача бўлган давр таклиф этилмоқда.

Тақдимотда Фарғона водийсида, шунингдек Жиззах ва Тошкент вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистонда ўтказилган муваффақиятли пилот лойиҳалар қайд этилди. У ерларда тадбиркорларга экин турларини мустақил танлашга рухсат берилган. 16 минг гектар майдонга юқори ҳосилли ва экспортга йўналтирилган экинлар экилиб, 2025 йилда тахминан 150 миллион долларлик экспортга ҳисса қўшилган.

Янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳукумат бир қатор молиявий имтиёзларни таклиф этишни режалаштирмоқда. Булар жумласига етти йилгача муддатга имтиёзли кредитлар, имтиёзли даврлар, инфратузилма харажатлари учун субсидиялар ҳамда қадоқлаш харажатларининг 50 фоизигача бўлган қисмини қоплаб бериш киради. Шунингдек, ер унумдорлигини ошириш учун замонавий қишлоқ хўжалиги технологияларини кенг жорий этиш режалаштирилган.

Расмийлар соҳада рақамлаштиришни жадаллаштириш зарурлигини ҳам таъкидламоқдалар. Айтилишича, ер тоифасини ўзгартириш ва компенсация ҳисоб-китоблари каби кўплаб жараёнлар ҳали ҳам қоғоз шаклида амалга оширилаяпти, бу эса кечикишларга ва инвесторлар норозилигига сабаб бўлмоқда. Режаларга кадастр, қишлоқ хўжалиги ва ҳуқуқий маълумотлар базаларини интеграция қилиш, шунингдек ижара шартномаларини узайтириш бўйича ошкора тартибларни жорий этиш киритилгани хабар қилинди.