Украина уруши музокараларида Марказий Осиё нега тилга олинди? Видео

Сурат манбаси, Getty Images/sb2010
- Author, Санжар Эралиев
- Role, bbc.com/uzbek
- Reporting from, Бишкек
- Published
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Россиянинг Украина уруши бўйича музокаралардаги бир талаби Марказий Осиёда баҳсларга сабаб бўлди. Москва НАТОнинг минтақадаги ҳарбий фаолиятини чеклашни таклиф қилгани хабар қилинмоқда.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
10-11 ноябр кунлари Абу-Дабида Украина, Россия ва АҚШ вакиллари иштирокида музокаралар бўлиб ўтган. Учрашув Вашингтон воситачилигида ташкил этилган.
The New York Times ва бошқа халқаро нашрлар ёзишича, журналистлар танишган ҳужжатда Москва НАТОнинг Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Шарқий Европадаги ҳарбий фаолиятини чеклаш масаласини кўтарган.
Нашрларга кўра, Россия НАТОнинг 1997 йилдан кейинги ҳарбий жойлашувини қайта кўриб чиқиш, алянснинг кенгайишини тўхтатиш ҳамда Украинага Ғарб давлатлари томонидан қурол етказиб беришни чеклашни ҳам таклиф қилган.
Бироқ Украина, НАТО ва АҚШ томонидан мазкур масала юзасидан алоҳида расмий муносабат билдирилгани ҳақида очиқ манбаларда маълумот йўқ. Музокаралардан кейин томонлар асосан Украина учун хавфсизлик кафолатлари ва Европа хавфсизлик тизими масалалари муҳокама қилинганини билдирган.
Марказий Осиёнинг беш давлати - Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон НАТОга аъзо эмас. Аммо улар алянс билан ҳарбий таълим, хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги турли дастурлар орқали ҳамкорлик қилиб келади.
Fergana Agency раҳбари Даниил Кислов эса Россиянинг эҳтимолий талаби минтақа давлатларининг мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқи ҳақида саволларни ўртага қўяётганини айтади:
"Яъни, Россия Украина билан урушяпти, аммо бу урушни тўхтатиш Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳам эвазига ўз мустақиллигини чеклашга мажбур бўлиши керакми? Қизиғи, бу давлатларнинг ўзидан бу ҳақда сўрашдими? Ёки мустақил давлатларнинг ҳарбий ҳамкорларини ўзлари танлаш ҳуқуқи фақат Москвага маъқул келгандагина тан олинадими?"
BBC Uzbek билан суҳбатда сиёсий таҳлилчи Аркадий Дубнов эса Россия томонидан илгари сурилгани айтилган бундай шартлар Марказий Осиё давлатларининг ташқи сиёсатига катта таъсир кўрсатишига ишонмаслигини билдирди.
"Бу Марказий Осиёга жиддий таъсир қилмайди. Минтақа давлатлари ўзларининг кўп векторли сиёсатини, хусусан, Ғарб давлатлари билан ҳарбий ҳамкорлигини ўзгартиришга мажбур бўлади, деб ўйламайман".
Унинг фикрича, хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон Ғарб билан ҳамкорликни сақлаб қолишга, шунингдек Хитой ва Туркия билан мудофаа соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришга интилади.
Qiziği, mintaqa davlatlaridan bu haqda söraşdimi? Yoki mustaqil mamlakatlarning harbiy hamkorlarini özlari tanlaş huquqi faqat Moskvaga ma’qul kelgandagina tan olinadimi?
"Империяча даъволар"
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Феликс Кулов эса масаланинг муҳокама қилинаётганининг ўзи муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлайди. Унинг фикрича, бу Марказий Осиё давлатларининг ташқи сиёсий қарорлар қабул қилишдаги мустақиллиги қай даражада экани ҳақидаги баҳсларни яна бир бор кун тартибига олиб чиққан.
"Халқаро ҳарбий ҳамкорлик геосиёсий блок қарама-қаршиликларида иштирок этишни англатмайди", - дея таъкидлайди сиёсатчи.
Таҳлилчи Аркадий Дубновнинг айтишича, Россияга нисбатан нисбатан хайрихоҳ сиёсатчилардан бири ҳисобланган Феликс Куловнинг ҳам мазкур масалада эҳтиёткор ва танқидийроқ муносабат билдириши эътиборга молик.
Таҳлилчига кўра, Москванинг бу талаблари музокараларда савдолашиш учун илгари сурилган юқори даражадаги талаблардан бири бўлиши мумкин. Шу билан бирга, Марказий Осиёда бундай ташаббуслар баъзан Россиянинг минтақадаги таъсирини сақлаб қолишга интилиши сифатида ҳам қабул қилиниши эҳтимолдан холи эмас.
"Бу, менимча, Марказий Осиё давлатларида қандайдир империяча даъволар, собиқ Совет Иттифоқининг бой берилган ҳудудига нисбатан Москванинг соғинчи сифатида қабул қилинади. Москва ҳеч бўлмаганда постсовет ҳудуди устидан назоратни тиклашни ёки ўрнатишни истайди. Бунда минтақа давлатлари билан Москва ўртасидаги муносабатларда маълум бир асабий таранглик мавжуд", — дея хулоса қилади эксперт.
Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида бу хабарларга муносабатлар турлича бўлди. Айрим фойдаланувчилар Москванинг эҳтимолий талабларини танқид қилган бўлса, бошқалар НАТО сиёсатини танқид остига олишяпти.

Сурат манбаси, Getty Images/Michele Ursi
Музокаралар аввал ҳам бўлган
Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли босқини бошланган 2022 йил февралдан буён урушни тугатиш мақсадида турли даражадаги музокаралар бир неча бор ўтказилган. Туркия воситачилигидаги учрашувлар, ғалла бўйича келишувлар ва бошқа дипломатик ташаббусларга қарамай, томонлар урушни тўхтатиш бўйича барқарор келишувга эриша олмаган.
Сўнгги ойларда ҳам эҳтимолий тинчлик музокаралари ҳақида хабарлар кўпайди. Шу билан бирга, Кремлнинг энг яқин иттифоқчиларидан бири саналган Беларус президенти Александр Лукашенко ҳам яқинда урушни тугатиш имкони пайдо бўлаётгани ҳақида гапирган. Халқаро агентликлар келтирган маълумотларга кўра, у Россия ва Ғарб ўртасида маълум мулоқот каналлари сақланиб қолаётганини таъкидлаган. Бироқ ҳозирча урушни якунлаш бўйича аниқ келишув мавжуд эмас.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Россия Украинага қарши урушига нисбатан "махсус ҳарбий операция" атамасини қўллайди. Москва бу қарорни Украина хавфсизлик сиёсати, шунингдек, НАТОнинг шарққа кенгайиши билан изоҳлаб келади.
Украина, Ғарб давлатлари ва халқаро ташкилотлар эса бу даъволарни рад этади ҳамда Россиянинг ҳаракатларини суверен давлатга қарши ҳарбий тажовуз сифатида баҳолайди.
Музокаралар давом этаётган бир пайтда уруш ҳаракатлари тўхтагани йўқ. Россия Украинага ҳужумларни, Украина эса жавоб зарбаларини давом эттирмоқда.






























