Президент Мирзиёев сих ҳам, кабобни ҳам куйдирмаяптими?

Сурат манбаси, O'zbekiston prezidenti matbuot xizmati
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Санкт-Петербургга ташрифига муносабат борасида Ўзбекларнинг фикрлари иккига бўлинди, деб ёзди BBC Monitoring.
BBC Monitoring Ўзбекистон ичкариси ва хориждаги оммавий ахборот воситалари, ўзбекистонликларнинг ижтимоий тармоқлардаги постлари таҳлилига бағишланган мақола эълон қилди.
Ўзбек давлат матбуоти ва ҳукуматпараст шарҳловчилар Президент Шавкат Мирзиёевнинг Санкт-Петербургга сафарини янги бозорларни ва янги шерикларга қўлга киритишга имкон берган прагматик дипломатия деб олқишладилар, дейилади мақолада.
Собиқ дипломат Алишер Таксанов, Ўзбекистон "Кремл вассалларининг орасида энг вассали" эканини кўрсатди, деб ёзди.
Шунингдек, у Россия барпо этаётган атом электр станцияси лойиҳсига қарши етти эътирозни илгари сурди.
Бу эътирозлар орасида Москвага ўнлаб йил мобайнида қарам бўлиб қолиш эҳтимоли ва коррупция рисклари ҳам тилга олинади.
"Сих ҳам куймасин, кабоб ҳам"

Сурат манбаси, PRESIDENTIAL PRESS SERVICE/TELEGRAM
Ўзбекистон давлат телевидениеси Президент Мирзиёевни ҳимоя қилди.
Давлат назоратидаги O'zbekiston 24 телеканалидаги "Менимча" ҳафталик дастури бошловчиси Хайрулла Нуриддинов президентнинг хориждаги фаолияти осон эмаслигини айтди.
"Хорижга расмий ташрифларда ишларни шундай олиб бориш осонми — на сих куйсин, на кабоб? Дунёда Ўзбекистон шаъни ва ўзбек халқи манфаатларини ҳимоя қилиш осонми?", дея у ҳар икки томон манфаатини зарар етказмасдан таъминлаш лозимлиги ҳақида гапирди.
У Мирзиёевни дунё давлатлари манфаатлари ўртасида манёвр қилишига тўғри келадиган доно ва маҳоратли сиёсатчи сифатида таърифлади ва бу ташриф Ўзбекистоннинг прагматик сиёсатини акс эттиришини таъкидлади:
"Мамлакат ташқи иқтисодий алоқаларини энди бирор блокка боғлаб қўймаяпти, балки уларни барча йўналишларда диверсификация қилишга интилмоқда."
"Прагматик диалог"

Ёзма матбаа нашрлари ҳам худди шу руҳда мақолалар босдилар.
Ҳукуматга яқин "Халқ сўзи" газетасида 6 июн куни эълон қилинган мақоласида профессор Азамат Мухторов Санкт-Петербург форуми Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳиятини кенг халқаро аудиторияга намойиш этганини, экспорт географиясини кенгайтирганини ва янги савдо келишувларини юзага келтирганини айтди.
"Форум мамлакатнинг халқаро иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаш, янги ишончли шерикларни топиш ва иқтисодиётни диверсификация қилиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли фаровонлигини ошириш каби устувор миллий ривожланиш мақсадларини амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, бугунги дунёда прагматик мулоқот нафақат иқтисодий зарурат, балки барқарор келажакни барпо этишнинг асосий воситасидир," деб ёзди Мухторов.
"Форумнинг маркази Ғарбдан Осиё, Африка ва Лотин Америкасига силжиди, Россия билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди, шунингдек, платформа Россияда меҳнат қилаётган миллионлаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун ҳам хизмат қилди," деб ёзди Азамат Мухторов.
Очиқлик цивилизация коди
Давлат ахборот агентлиги - ЎзА Санкт-Петербургдаги Ўзбекистон президенти нутқини олқишлаб мақола берди.
Ўзбекистон минг йиллар давомида Буюк ипак йўлининг юраги бўлиб келган. Самарқанд, Бухоро ва Тошкент орқали нафақат маҳсулотлар ташилган, балки ғоя ва билимлар, маданий ва диний анъаналар бир-бирини ўзаро бойитиб келган. Шунинг учун ҳам очиқлик биз учун доимо танлов эмас, балки ҳаётий зарурат ва цивилизация коди ҳисобланган," дея Президент Мирзиёевнинг халқаро иқтсодий форумдаги нутқидан иқтибос келтирди агентлик.
Ўзбекистон президенти ягона рақамли платформага асосланган ишлаб чиқариш кластерларидан иборат "Евроосиё технологик индустриаллашув камари", Ўзбекистон–Россия қўшма рақамли экотизими, таълим ва меҳнат бозорини боғлайдиган қўшма онлайн "Инсон капитали" платформаси ҳамда "Самарқанддан Петербурггача ижодий-туристик коридор"ни таклиф қилди.
У форум иштирокчиларини Тошкент халқаро молия маркази томонидан тақдим этилаётган солиқ имтиёзларидан фойдаланишга ва 16–18 июн кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форумида қатнашишга даъват қилди.





























