Нега Қирғизистон ҳукумати Хитой бўйича ижобий риторикани кучайтирмоқда?

Президент Садир Жапаров

Сурат манбаси, PRESIDENT.KG

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)нинг 31 август ва 1 сентябрь кунлари Бишкекда ўтадиган саммити арафасида Қирғизистонда давлатга яқин ва ҳукуматни қўллаб-қувватловчи оммавий ахборот воситалари Хитой ҳақидаги ижобий материалларни кўпайтирди.

Уларда Хитой Қирғизистон учун сармоя, технология ва инфратузилма манбаи сифатида талқин қилинади.

Шу билан бирга, хитойлик инвесторлар, ер ижараси ва мамлакатдаги Хитой таъсирига оид хавотирлар асоссиз экани ҳақидаги фикрлар ҳам илгари сурилган.

ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари 2025 йилда Хитойнинг Тяньжин шаҳрида ўтган саммитда. Улар орасида Хитой раҳбари Си Жинпин ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам бор.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари 2025 йилда Хитойнинг Тянжин шаҳрида ўтган саммитда

Хитой таъсирига оид хавотирлар

Сўнгги ойларда ижтимоий тармоқларда хорижликларга ер сотилиши мумкинлиги, хитойлик ишчилар сони ортиши ва мамлакатнинг Пекинга ҳаддан ташқари боғланиб қолиши ҳақида турли даъволар тарқала бошлади.

Бу муҳокамалар, айниқса, Қирғизистон учун стратегик аҳамиятга эга Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси атрофида авж олди. Ҳукумат мазкур лойиҳани мамлакат иқтисодиёти учун тарихий имконият деб ҳисоблайди.

Президент Садир Жапаров ва бошқа юқори лавозимли амалдорлар мамлакат ерлари хорижликларга сотилмаслиги ва Хитой билан ҳамкорлик миллий манфаатларга зид эмаслигини бир неча бор таъкидлади.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Темир йўл лойиҳаси нима учун муҳим?

Расмийлар фикрича, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли мамлакатнинг иқтисодий харитасини ўзгартириши мумкин.

Қирғизистон денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган ва асосий савдо йўлларидан четда жойлашган давлат ҳисобланади. Янги темир йўл эса мамлакатни Хитой, Марказий Осиё, Каспийбўйи, Кавказ ва Европа бозорлари билан боғлайди.

Ҳукумат ва уни қўллаб-қувватловчи экспертларга кўра, бу лойиҳа Қирғизистонни транзит ва логистика марказига айлантириши, янги иш ўринлари яратиши ҳамда давлат даромадларини ошириши мумкин.

Шу боис айрим нашрлар темир йўлни нафақат иқтисодий, балки мамлакат келажагини белгилайдиган стратегик лойиҳа сифатида тақдим этган.

Хитой технологиялари тараққиёт намунаси сифатида

Хитойнинг Жянсу вилоятидаги заводда ишчилар автомобиллар учун ақлли бошқарув ва навигация қурилмаларини ишлаб чиқармоқда.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Муаллифларнинг фикрича, бу технологиялар логистика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва соғлиқни сақлаш соҳаларини модернизация қилишга ёрдам бериши мумкин.

Сўнгги ҳафталарда эълон қилинган бир қатор мақолаларда Хитойнинг технологик ва иқтисодий ютуқларига алоҳида урғу берилди.

Айрим нашрлар Хитойнинг сунъий интеллект, робототехника ва рақамли технологиялар соҳасидаги тараққиётини Қирғизистон учун намуна сифатида кўрсатди. Муаллифларнинг фикрича, бу технологиялар логистика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва соғлиқни сақлаш соҳаларини модернизация қилишга ёрдам бериши мумкин.

Хитой билан яшил энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, энергия сақлаш технологиялари ва қўшма илмий лойиҳалар ҳам ижобий мисол сифатида келтирилган.

"Ер сотилмайди"

Жамоатчиликни ташвишлантираётган асосий масалалардан бири хорижликлар, хусусан, Хитой фуқаролари Қирғизистон ерларига эгалик қилиши мумкинлиги ҳақидаги даъволардир.

Бироқ ҳукумат буни рад этмоқда. Президент Жапаровнинг таъкидлашича, Қирғизистон қонунчилиги ерларни хорижликларга сотишга йўл қўймайди. Инвесторлар ердан муайян муддат фойдаланиш ҳуқуқини олиши мумкин, аммо мулк ҳуқуқи давлатда қолади.

Парламент ва иқтисодий идоралар ҳам мазкур позицияни қўллаб-қувватлаб, узоқ муддатли ижара мулк ҳуқуқи берилганини англатмаслигини таъкидлади.

Шубҳалар ва шаффофлик масаласи

Танқидчиларнинг асосий эътирози Хитой билан амалга оширилаётган йирик лойиҳалар шартлари жамоатчиликка тўлиқ очиқланмагани дейилади.

Айрим сиёсий таҳлилчилар Хитой иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг умумий қиймати кескин ошганини қайд этиб, уларнинг молиявий ва ҳуқуқий шартлари бўйича батафсилроқ маълумот беришга чақирган.

Уларнинг фикрича, жамоатчилик хавотирларининг бир қисми Хитой билан эмас, балки қарор қабул қилиш жараёнларининг етарлича шаффоф эмаслиги билан боғлиқ.

Баҳслар замирида нима ётибди?

Кузатувчиларга кўра, баҳсларнинг марказида Хитой эмас, балки давлат институтларига ишонч масаласи турибди.

Айрим экспертлар аҳолининг ер ижараси ва хорижий сармояларга салбий муносабатини ҳукумат қарорларига ишонч пастлиги билан изоҳлайди. Уларнинг фикрича, бундай вазиятда расмий раддияларнинг ўзи етарли эмас, кўпроқ очиқлик, жамоатчилик муҳокамаси ва тушунтириш ишлари зарур.

ШҲТ саммити арафасида Қирғизистон раҳбарияти ва давлатга яқин ОАВ Хитой билан ҳамкорликни иқтисодий тараққиёт учун муҳим имконият сифатида кўрсатишга уринмоқда.

Бироқ мамлакатда Хитой сармоялари ва инфратузилма лойиҳалари атрофидаги баҳслар яқин келажакда ҳам давом этиши мумкин. Чунки бу муҳокамалар нафақат иқтисодий манфаатлар, балки шаффофлик, суверенитет ва давлатга ишонч каби кенгроқ масалаларни ҳам қамраб олади.