Қашқадарёдаги газ қуйиш шохобчасида портлаш: олти киши ҳалок бўлди

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoqlar
8 июнь куни Қашқадарё вилояти Қарши туманида жойлашган суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида кучли портлаш содир бўлди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида олти киши ҳалок бўлган, яна беш киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
ФВВ хабарига кўра, ҳодиса 8 июнь куни соат 13:50 да Қарши тумани "Чаман" маҳалласида жойлашган маиший газ баллонларига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида юз берган. Воқеа жойига бешта қутқарув бўлинмаси юборилган. Ёнғин соат 14:05 да қуршаб олиниб, 14:55 да тўлиқ ўчирилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш оқибатида икки дона Cobalt автомобили, газ ташишга мўлжалланган икки транспорт воситаси ҳамда иккита ер ости ёқилғи резервуари зарар кўрган.
Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилган. Комиссияга жабрланганларга ёрдам кўрсатиш, портлаш сабабларини аниқлаш ва бундай ҳодисаларнинг олдини олиш чораларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ўзбекистонда "заправка"лардаги портлашлар
Қашқадарёдаги ҳодиса Ўзбекистонда газ ва ёқилғи қуйиш шохобчаларида юз бераётган йирик портлашларнинг навбатдагиси бўлди.
2024 йил декабрида Фарғона шаҳридаги кўп ёқилғили АЁҚШ ва АГҚШда ҳам кучли портлаш юз берганди. Расмий маълумотларга кўра, суюлтирилган газни цистернадан тушириш вақтида технологик жараёнлар ва техника хавфсизлиги қоидалари бузилгани оқибатида чақнаш содир бўлган. Ҳодисада камида тўрт киши ҳалок бўлган.
Ўша пайтда маҳаллий аҳоли вакиллари портлаш кучидан уйларнинг ойналари сингани, автомобиллар ёниб кетгани ва воқеа жойи яқинида уйлар ҳамда боғча жойлашгани ҳақида гапирганди. Айрим фуқаролар мазкур "заправка" шаҳарнинг аҳоли зич ҳудудида қурилганидан олдин ҳам норозилик бўлганини айтган.
2025 йил июлида Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманидаги газ "заправка"сида юз берган портлашда тўрт киши ҳалок бўлгани ҳақида маҳаллий нашрлар хабар қилган.
Сўнгги йилларда ҳукумат газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятини рақамлаштириш ва хавфсизлик назоратини кучайтиришга қаратилган қарорларни қабул қилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йилги қарорида АГТКШларда технологик жараёнларни назорат қилиш ва ноқонуний фойдаланиш ҳамда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш чораларини кучайтириш белгиланган.




























