Фазлиддин Парпиев депортацияси Ўзбекистон имиджига фойдами?

Сурат манбаси, Youtube/Karimberdi To'ramurod
Бундан роппа-роса бир йил олдин ўзбекистонлик таниқли уламо Мубашшир Аҳмад Туркияда ғойиб бўлган, сўнг у Тошкентдаги "Гвардейский" қамоқхонасида сақланаётгани маълум бўлган эди. Шу кунларда эса яна бир ўзбекистонлик таниқли имом Фазлиддин Парпиевга Ўзбекистонга депортация мақсадида босимлар кучайгани ҳақида айтмоқдалар унинг қариндошлари.
Аммо Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини кўтариш мақсадида фармон ва қарорлар чиқараётган, Сенат раиси Танзила Норбоева раҳбарлигида парламент кенгаши тузилиб, мамлакат имиджини яхшилашга ҳаракат қилинаётган вақтда Мубашшир Аҳмад ўғирлаб кетилиши ёки Фазлиддин Парпиев депортациясидек ҳодисалар Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини кўтарадими, деган савол ҳам ўртага чиққан.
Қариндошларининг Би-би-сига айтишларича, бугунги кунда Туркиядаги Акюрт депортация марказида сақланаётган Фазлиддин Парпиевни Ўзбекистонга имкони борича тез депортация қилишга келишилган.
Акюрт депортация маркази масъулларига кўра, бу келишув Ўзбекистон ва Туркия махсус хизматлари ўртасида бўлган.
Собиқ имом яқинларининг сўзларига кўра, Ўзбекистон расмий органлари Фазлиддин Парпиевни фақат танқидий чиқишлари учун "жиноятчига айлантириш ва Ўзбекистонга олиб бориб қамаш"ни мақсад қилганлар.
Фазлиддин Парпиевга "Ўзбекистонга кет!", "Ўзбекистонга депортацияга рози бўл!", дея босим қилинаяпти.
Танқид учун таъқиб?

Сурат манбаси, mazlumder.org
Тошкентдаги "Омина" масжидининг имоми лавозимида ишлаган Фазлиддин Парпиев 2018 йили сентябр ойида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларини мусулмонларнинг ҳуқуқларини поймол этишда айблаб Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилди.
Сўнг имомликдан четлатилди, декабр ойида Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлганини хабар қилди.
Фазлиддин Парпиев Туркияда бошпана топди.
У блогер сифатида ҳам фаолият юритди, Ўзбекистонда ёки Ғазодаги воқеаларга муносабат билдирди.
Ўзбекистон ҳукуматининг айрим қадамларини танқид қилди.
2025 йил апрелида тунда Фазлиддин Парпиевнинг уйига Туркия ҳуқуқ-тартибот органларининг ниқобли қуролланган ходимлари бостириб кирдилар, собиқ имомга куч ишлатиб ҳибс қилдилар.
Уйи тинтув қилинди.

Фазлиддин Парпиевга кўра, ўзининг ҳибсга олинишига Ўзбекистон ҳукуматининг Туркия махсус хизматларига "радикал", "хавфли одам" деб мурожаат қилгани сабаб бўлган.
Фазлиддин Парпиев ўзига нисбатан Ўзбекистонда жиноят иши очилгани, қидирув эълон қилингани, Ўзбекистон суди 2025 йил март ойида қарор чиқарганидан яқин-яқингача ҳам бехабар бўлган.
Бу ҳужжатда унинг "терговдан қочиб юргани" ҳам таъкидланган.
2025 йил 15 апрели тонгида унинг уйига ниқоблилар рейди уюштирилади.
Бир неча кундан кейин озод этилди, аммо май ойида Туркия фуқаролиги бекор қилинади.
Фазлиддин Парпиевнинг қонуний адвокати Гулден Сўнмез айтишича, Туркия махсус хизматлари Парпиев жиноят ишини "сирли" мақоми остида сақламоқдалар ва жиноят ишида қандай айбловлар илгари сурилаётгани ҳатто адвокатдан ҳам сир сақланмоқда.
Туркияга сармоя киритган инвестор сифатида Туркия ватандошлигини олган Парпиев фуқаролиги бекор қилингани орадан бир неча ойлар ўтиб ўзи ва адвокатига аён бўлди.

Сурат манбаси, Sud ajrimi nusxasi
2025 йили ноябр ойидаги Туркия судида Парпиевга қарши террорчиликка оид айбловлар асоссиз топилди, у оқланди ва жиноят ишини қайта қўзғатмаслик ҳақида суд қарори чиқарилди.
Аммо декабр ойининг охирги кунлари - янги йил арафасида Фазлиддин Парпиев яна ҳибсга олинди, шу вақтгача Акюрт депортация марказида сақланаяпти.
Унинг ҳибсга олинишини Туркиядаги "Мазлумдер" инсон ҳуқуқлари ташкилоти қоралади, озод этилишини талаб қилиб келаяпти.
Парпиев ноҳақ ҳибсга олингани масаласи Туркия парламентида ҳам кўтарилди.






























