Хитойда рекорд кўламдаги сиёсий тозалашлар: Си Цзинпин "партия интизоми"га урғу бермоқда

Си Цзинпин
Сурат тагсўзи, Си Цзинпиннинг 14 йиллик раҳбарлиги даврида илк бор пленумда қатнашганлар сони 300 нафардан кам бўлди.
    • Author, Келли Нг
    • Author, Иэн Танг
    • Role, BBC Янгиликлар бўлими
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Хитой Коммунистик партиясининг йиллик муҳим сиёсий йиғини якунида рекорд сондаги - 33 нафар аъзо партия сафидан чиқарилди. Йиғинда бўш қолган ўринлар сони ҳам ҳар қачонгидан кўп бўлди.

Марказий қўмитанинг бешинчи пленумида 279 нафар аъзо иштирок этди. 2025 йил октябрдаги тўртинчи пленумда 315 нафар, 2024 йил июлдаги учинчи пленумда эса 364 нафар аъзо қатнашганди.

Сўнгги пленумларда асосий эътибор иқтисодий ислоҳотлар ёки ижтимоий соҳа ва ривожланиш масалаларига қаратилган бўлса, бу ҳафтаги йиғинда партия интизоми асосий мавзу бўлди.

Си Цзинпин 2012 йилда ҳокимиятга келганидан бери коррупцияга қарши курашни ўз бошқарувининг асосий йўналишларидан бирига айлантирди. У коррупцияни партия учун "энг катта таҳдид" деб атаган.

Партиянинг интизом комиссияси вакили Чжан Фухай жума куни матбуот брифингида айтишича, ўшандан бери икки миллиондан ортиқ киши "беҳуда расмиятчилик, бюрократиябозлик, маишатпарастлик ва исрофгарчилик" билан боғлиқ ҳолатлар учун интизомий жазога тортилган.

У, шунингдек, амалдорлар "коррупцияга қўл уришга журъат этмаслиги, бунга имкони бўлмаслиги ва ўзлари ҳам буни истамаслиги" учун партия саъй-ҳаракатларини кучайтиришини айтди.

Коррупцияга қарши кураш доирасидаги тозалашлар давом этмоқда

Пекиндаги меҳмонхонада тўрт кун давомида ёпиқ эшиклар ортида ўтган йиғин пайшанба куни якунланди. Шу куни эълон қилинган якуний баёнотга кўра, партиядан чиқарилган 33 нафар аъзонинг 16 нафари ҳарбийлардир.

Уларга "интизом ва қонунни жиддий бузиш"дан ташқари қандай аниқ айбловлар қўйилгани номаълум. Си Цзинпиннинг коррупцияга қарши кампаниясида бундай умумий айбловлар одатий ҳолга айланган.

Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Carnegie China таҳлил маркази билан ҳамкорлик қилувчи тадқиқотчи Чонг Жа Ианнинг айтишича, бу кампания энди "ҳокимиятни мустаҳкамлаш ва сақлаб қолишга қаратилган ҳаракат"га айланган.

"Бундай шароитда кампания коррупция билан боғлиқ реал муаммоларга эмас, Си ўз ҳокимиятини қанчалик мустаҳкам деб билишига қараб давом этади ва кенгаяди".

Партия ўз баёнотида айрим ҳолларда унинг раҳбарлик роли заифлашгани ёки фақат номига сақланиб қолганини очиқ тан олганини билдирди.

Шунингдек, тартибсизликни жиловлаш учун ўз сафларидаги муаммоларга қарши кескин чоралар кўриб, ички интизом ва назоратни кучайтиришда давом этишини айтди.

Сўнгги қарорлар билан Си Цзинпиннинг учинчи раҳбарлик муддатида партиядан чиқарилган Марказий қўмита аъзоларининг умумий сони рекорд даражага - 51 нафарга етди. Унинг биринчи муддатида 35 нафар, иккинчи муддатида эса беш нафар аъзо партиядан чиқарилганди.

Бутун партия тизимида эса жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида 680 минг киши интизомий жазога тортилган. Бу ҳақда Хитойнинг коррупцияга қарши кураш бўйича бош назорат идораси маълум қилди.

Си Цзинпиннинг 14 йиллик раҳбарлиги даврида илк бор пленумда қатнашганлар сони 300 нафардан кам бўлди. Марказий қўмитанинг ҳозирги таркиби 2022 йилда иш бошлаганида 370 нафардан ортиқ аъзога эга эди.

Кузатувчиларнинг фикрича, Си коррупция деганда фақат порахўрликни эмас, партия мафкурасидан оғишни ва, энг муҳими, садоқатсизликни ҳам тушунади.

Январ ойида у сиёсий садоқатини тилда билдириб, амалда буйруқларга бўйсунмайдиган ва шахсий манфаатини кўзлаб иш тутадиган "иккиюзламачи кадрлар"дан огоҳлантирганди.

Зинапоясимон қаторлар ва сайқалланган ёғоч столлар ўрнатилган катта парламент залида амалдорлар ўринларидан туриб, қарсак чалмоқда. Олдинги планда президент Си Цзинпин биринчи қатор ёнидан ўтиб бормоқда, унинг ортидаги иштирокчилар эса тик турган ҳолда қарсак чалишда давом этмоқда.
Сурат тагсўзи, Партия "бюрократиябозлик, маишатпарастлик ва исрофгарчилик"ни ҳам ўз ичига олган "беҳуда расмиятчилик"ка қарши курашаётганини айтмоқда.

Қайси юқори мартабали амалдорлар четлатилди?

Партиядан чиқарилган юқори мартабали амалдорлар орасида Шинжондаги партия ташкилотининг собиқ раҳбари Ма Синжуй ҳамда армиянинг собиқ юқори мартабали қўмондонлари Чжан Юся ва Лю Чжэнли бор. Уларнинг четлатилгани ҳақида бу йил эълон қилинган расмий баёнотларда улар "партия интизоми ва қоидаларини жиддий бузгани" айтилган. Бу ибора кенг талқинга кўра коррупцияни пардалаб ифодалаш учун ишлатилади.

Айниқса, армиянинг олий қўмондонлик таркибидаги тозалашлар кўлами билан ажралиб туради. Asia Society Policy Institute таҳлил маркази тадқиқотчилари Нил Томас, Лобсанг Церинг ва Шэнюй Ванг бу тозалашларни "бошқалари билан қиёслаб бўлмайдиган" даражада деб таърифлаган.

"Хитой янги ва қудратли ҳарбий техникасини намойиш этишда давом этаётган бўлса-да, бу ҳолат армия бошқаруви ва жанговар тайёргарлиги борасида жиддий саволлар туғдирмоқда", деб ёзган улар.

Чжан Юся қуролли кучларни бошқарувчи Марказий ҳарбий кенгаш раисининг ўринбосари ҳам бўлган. Бир вақтлар етти аъзодан иборат бўлган бу кенгашда энди фақат икки киши - раис Си Цзинпин ва унинг ўринбосари Чжан Шэнмин қолган.

Ма Синжуй ва Чжан Юся Сиёсий бюро аъзолари ҳам бўлган. Уларнинг четлатилиши, шунингдек, генерал Хэ Вэйдуннинг 2025 йилда бу органдан чиқарилиши натижасида катта ваколатларга эга 24 кишилик Сиёсий бюрода бир пайт 21 нафар аъзо қолганди.

Бешинчи пленумда Чжан Шэнмин Сиёсий бюро аъзолигига кўтарилгач, унинг аъзолари сони 22 нафарга етди.

Ўтган йил июлида омма олдида кўринмай қўйган таниқли собиқ дипломат Лю Цзянчао ҳам четлатилганлар рўйхатига киритилган.

"Си ўзи юқори лавозимларга кўтарган одамларни четлатишдан ҳам деярли тортинмайди", дейди Чонг. "Унинг бу ишни ўз хоҳишига кўра, деярли қаршиликка учрамай амалга ошириши ҳозир ҳокимияти қанчалик мустаҳкам эканини кўрсатади".

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Си Цзинпиннинг келгуси режалари

Таҳлилчиларнинг фикрича, интизомга урғу кучайганининг сабабларидан бири - келаси йили ўтадиган партия съезди. Кўпчилик бу ерда интизом деганда садоқат назарда тутилаётганини айтмоқда. Съездда Коммунистик партия раҳбарини сайлаш учун яна овоз берилади.

2027 йилда раҳбарият таркиби янгиланиши кутилмоқда. Кўплаб таҳлилчилар Си тўртинчи муддатга ҳам олий раҳбарлик лавозимида қолишини ва ундан кейин ҳам ҳокимиятни сақлаб туришини тахмин қилмоқда. Коммунистик Хитой асосчиси Мао Цзэдундан бошқа ҳеч бир раҳбар ҳокимиятда бунчалик узоқ қолмаган.

Нил Томаснинг айтишича, ҳозирги Марказий қўмитанинг кўплаб аъзолари четлатилгани Сини "кейинги таркибга кирувчиларни синчиклаб текширишга" ундайди.

"Бугун юқори лавозимларга кўтарилаётганлар одатда нисбатан ёш, техник ёки иқтисодий соҳаларда мутахассислик ва бошқарув тажрибасига эга ҳамда Сининг сиёсий доиралари билан боғланган кишилардир", дейди у. Томаснинг қўшимча қилишича, келажакда юқори раҳбарликка кўтарилиши мумкин бўлган бундай амалдорларни вилоят раҳбарлари орасидан излаш мумкин.

Кузатувчиларнинг фикрича, партиянинг 21-съездида кимлар раҳбарликка келиши асосан Сига боғлиқ бўлади. Бу унинг партия ва мамлакат устидан назоратини янада мустаҳкамлайди.

"Си ҳокимиятни ўз қўлида янада кўпроқ жамлашга эътибор қаратмоқда... Пленумнинг якуний баёноти унинг яқин келажакда ҳам Хитой ва Коммунистик партияда асосий ўринни эгаллаб туриш ниятида эканини кўрсатади", дейди Чонг.

"Бироқ келгусида, Си кексайиб, фаоллиги сусайганида, ҳокимиятнинг бир қўлда бунчалик жамланиши раҳбарликда янада жиддий бўшлиқ пайдо бўлишига замин яратиши мумкин".