Путин Киевга зарбани тўхтатди: Трамп вакиллари Москвада нимани муҳокама қилади?

 Путин, Уиткофф ва Кушнер Москвада, 22 январ, 2026 йил

Сурат манбаси, Sputnik/Alexander Kazakov/Pool via REUTERS

Сурат тагсўзи, Путин, Уиткофф ва Кушнер Москвада - 22 январ, 2026 йил
Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

АҚШ президенти Доналд Трампнинг икки нафар махсус вакили Украина-Россия урушини тугатиш бўйича музокараларни жадаллаштириш мақсадида Москвага келди.

Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер Россия пойтахтида музокаралар ўтказади. Улар якшанба куни Киевга йўл олиб, Украина томони билан ҳам учрашувлар ўтказади.

Россия президенти Владимир Путин АҚШ вакилларининг ташрифи муносабати билан Киевга ҳужумларни уч кунга тўхтатишга буйруқ берган. Бу ҳақда давлат ОАВлари Кремл манбаларига таяниб хабар тарқатди.

Трамп жума куни журналистларга Уиткофф ва Кушнер урушни тугатиш бўйича таклиф билан келаётганини айтди. Бироқ ҳозиргача АҚШ ва унинг иттифоқчилари тинчлик келишувига эришиш борасида сезиларли натижага эриша олмади.

АҚШнинг Axios нашри хабар беришича, Уиткофф ва Кушнер Россия президенти Владимир Путин ҳамда Украина президенти Володимир Зеленский билан алоҳида учрашади.

Кушнер ва Уиткофф Россияга бир неча марта борган. Аммо уларнинг якшанба куни Украинада ўтказадиган музокаралари бу мамлакатдаги илк учрашувлари бўлади.

Уиткофф ва Кушнерни Москва аэропортида Россия президентининг махсус вакили Кирилл Дмитриев кутиб олди

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Уиткофф ва Кушнерни Москва аэропортида Россия президентининг махсус вакили Кирилл Дмитриев кутиб олди

Зеленский шанба куни АҚШ вакиллари билан гаплашганини ва улар "бугуннинг ўзида Россия томони билан иш бошлаганини" айтди.

"Эртага Киевда АҚШ делегацияси иштирокида ўтадиган дипломатик учрашувлар режаси тасдиқланди. Биз Стив Уиткофф ва Жаред Кушнерни кутиб оламиз ва мазмунли музокараларга тайёрмиз", — деди Зеленский.

Уиткофф ва Кушнер Москвадаги Внуково аэропортига етиб келганида уларни Россия дипломати Кирилл Дмитриев кутиб олган. Бу ҳолат акс этган суратлар ҳам тарқалди.

Парвозларни кузатиш маълумотларига кўра, АҚШ ҳукуматига тегишли самолёт аввал Хельсинкига, кейин эса Москвага учган. Самолёт шу куни эртароқ АҚШдан Финляндияга келган эди.

Сўнгги 18 ой давомида Украина делегациялари АҚШда ўтказилган турли музокараларда иштирок этиб келмоқда.

Путин ва Трамп Аляскадаги учрашувда

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Путин ва Трамп Аляскадаги учрашувда
Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Шанба куни Зеленский АҚШ вакиллари билан режалаштирилган учрашуви олдидан Россия тун давомида Киев ва Борисполь аэропортларига «намойишкорона» зарбалар берганини айтди.

Украина президентининг таъкидлашича, Россиянинг аэропортларга ҳужуми АҚШ томонининг Украинага самолётда келиши ва Киев ёки Бориспол аэропортига қўниши эҳтимоли муҳокама қилинаётгани билан боғлиқ.

Украина ҳаво ҳудуди Россия 2022 йил февралида кенг кўламли босқинни бошлаганидан бери ёпиқ.

Зеленский жума куни АҚШ вакиллари ташрифи давомида Украина Россия ҳаво ҳудудида хавфсизликни таъминлашга кафолат беришини айтди. У Россиядан ҳам Украина ҳаво ҳудудига нисбатан худди шундай ёндашувни талаб қилди.

Зеленский, шунингдек, Россиянинг Днепр вилоятидаги фуқаролик объектига берган тунги зарбаси оқибатида тўрт киши ҳалок бўлгани ва беш киши яраланганини маълум қилди.

Шанба куни у зарбаларни вақтинча тўхтатишга тайёр эканини яна бир бор билдирди:

"Бугун, шанба куни охиригача, шунингдек якшанба ва душанба кунлари Украина Москвага зарба беришдан тийилишга тайёр. Биз Россиядан ҳам Киевга нисбатан худди шундай йўл тутишини кутяпмиз".

Уиткофф ва Кушнернинг Москвага ташрифи Россия пойтахтига CIA директори Жон Рэтклиффнинг камёб ташрифидан бир ҳафтадан кўпроқ вақт ўтиб амалга ошмоқда.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Вашингтон ҳам, Кремль ҳам Рэтклиффнинг Москвадаги учрашувида нималар муҳокама қилингани ҳақида расмий маълумот бермади. Трамп ўтган ҳафта бу учрашувни "одатий тусдаги учрашув" деб атаган эди.

Ўтган йили АҚШ, Украина ва Россия америкаликлар воситачилигида ўтказилган бир қатор музокаралардан сўнг урушни тугатиш бўйича келишувга эришиш имконияти пайдо бўлганини алоҳида билдирган эди.

Европалик иттифоқчилар ҳам Парижда музокаралар ўтказди, аммо улар ҳам аниқ натижасиз якунланди. Урушда иштирок этаётган томонлар ўртасида ҳудудлар ва Украинага бериладиган хавфсизлик кафолатлари каби муҳим масалалар бўйича ҳамон жиддий келишмовчиликлар мавжуд.

Сўнгги ойларда уруш давом этар экан, Россия ва Украина ҳаводан ҳужумларни янада кучайтирди.

Украина ракета тутиб қолиш воситалари етишмаётгани сабабли Россия ҳужумларини қайтариш қийинлашаётганини айтди. Киев эса ўз навбатида Россиянинг иқтисодий инфратузилмасига тегишли объектларни асосий нишон сифатида танламоқда.