Таҳлил: Россия Ўзбекистон ва минтақада ўз номини яхшилашга интилмоқдами? Бу нималарда кўринади?

Сурат манбаси, KRISTINA KORMILITSYNA/GETTY IMAGES
Кремл аллақачон Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни бошқариш учун янги департамент ташкил этганди.
Россия иттифоқчилари учун сўнгги бир неча ой анча оғир келди.
Москва билан иттифоқчи бўлган Эрон ва Венесуэла раҳбарларининг кетма-кет ҳокимиятдан кетиши ортидан жиддий саволлар туғила бошлади: Россия бор ресурсларини Украинадаги урушга сарфлаётган бир пайтда, ўз шерикларини ҳимоя қилишга қодирми?
Москва назарида Теҳрон ва Каракас муҳим, аммо узоқдаги ҳамкорлар эди.
Уларнинг қиймати Россия азалдан ўзининг "стратегик томорқаси" ҳисоблаб келган собиқ иттифоқ республикалари - яқин хориж олдида хиралашиб қолади.
Кремл 2025-йилнинг охирида собиқ иттифоқдош қўшнилари, хусусан, минтақанинг энг тез ривожланаётган иқтисодиётларига эга бўлган Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларни бошқаришга ихтисослашган янги департамент очганди.
Марказий Осиё пойтахтлари янги ҳамкорлар, жумладан, Туркия, Кўрфаз давлатлари ва ўтган йили Россияни ортда қолдириб, минтақанинг энг йирик савдо шеригига айланган Хитой билан алоқаларни кучайтираётгани сабабли, Москванинг бу ердаги таъсирига путур етмоқда.
Кремлнинг бош мафкурачиси ва таъсир доирасига эга арбоби Сергей Кириенко раҳбарлигида янги департаментнинг ташкил этилиши Марказий Осиё билан янада "прагматик" муносабатлар ўрнатишни мақсад қилган. Бу эса, узоқроқдаги иттифоқчилар билан боғлиқ муаммолар ортиб бораётган бир пайтда, Москванинг ўз яқинидаги шериклари билан алоқаларни мустаҳкамлашга уринаётганидан далолат беради.
Ғойиб бўлган телебошловчи

Сурат манбаси, ROSSIYA 1
Январ ойида бир ҳафта давомида Россиянинг энг ашаддий ва шов-шувли тарғиботчиси Владимир Соловёв кўриниш бермай қолади.
Унинг "Владимир Соловёв билан оқшом" кўрсатуви ўрнига Россия давлат телеканалида совет зобитининг қайлиғи ҳақидаги ҳиссиётларга бой кинокомедия такрор берилди. Шунингдек, бошловчининг "Комсомолская правда" радиосидаги кундалик дастурлари ҳам эфирдан йўқолди.
Меҳнаткашлиги билан танилган Соловёвнинг тўсатдан ғойиб бўлиши кутилмаган ҳол эди. Россиялик блоггерлар ва онлайн шарҳловчилар дарҳол бунинг сабабини қидира бошлашди.
Баъзилар Соловёвнинг йўқолиб қолишини унинг 10-январда - ғойиб бўлишидан бир кун олдин айтган мунозарали гаплари билан боғлашди. Ўшанда телебошловчи Россияни собиқ иттифоқ ҳудудларида янги "махсус ҳарбий операциялар" ўтказиш имкониятини кўриб чиқишга чақирган эди.
"Биз эътиборимизни Сурия ва Венесуэлага қаратмаслигимиз керак... Биз учун энг муҳими - яқин хориж. Арманистонни бой бериш - бу улкан муаммо. Бизнинг Осиёмизда, Марказий Осиёда нималар бўлаётгани ҳам биз учун катта муаммога айланиши мумкин", - деган эди Соловёв.
"Агар миллий хавфсизлигимиз йўлида Украинада махсус ҳарбий операция бошлашимиз керак бўлган бўлса, унда нега худди шу мантиққа асосланиб, ўз "таъсир доирамиз"даги бошқа ҳудудларда ҳам бундай оператсияларни бошлай олмаймиз?"
Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги ОАВ вакиллари ҳамда экспертлар бошловчининг ўз мустақилликларига қилган таҳдидини кескин қоралашганди. Ўзбекистонлик сенаторлардан бири эса бундай "империяча" баёнотларни расман танқид қилиб чиққанди.
Вазият шу даражага етдики, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Мария Захарова Соловёвнинг сўзлари унинг "шахсий фикри" эканлигини ва Россия давлатининг расмий қарашларини акс эттирмаслигини айтиб, тушунтириш беришга мажбур бўлган.
Кремлга яқин аноним манбаларга таяниб, бир қатор Россия оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, президент администрацияси раҳбари ўринбосари Алексей Громовнинг аралашувигина Соловёвни ишдан ҳайдалишдан сақлаб қолган.
Россия тарғиботчиларининг Марказий Осиё устидан ўз хўжайинчилик мақомини кўрсатиб, мақтаниб туришлари янгилик эмас. Бироқ, Соловёвнинг бу кескин чиқишидан кейин давлат телеканалидан вақтинча четлатилиши илгари кузатилмаган ҳолат бўлди. Бу Москва ўзининг агрессив риторикасини жиловлашга ва узоқ вақт давомида менсимай келган минтақага кўпроқ ҳурмат кўрсатишга ҳаракат қилаётганидан далолат беради.
Марказий Осиё бўйича янги бошқарувчилар
Россиянинг Марказий Осиёга нисбатан ўзгараётган ёндашуви Россия президенти администрацияси таркибидаги сўнгги ойлар давомида кечган ўзгаришларда яққол кўринади.
2025 йил август ойида Кремл собиқ иттифоқ давлатлари, жумладан Марказий Осиё билан алоқаларни назорат қилиш учун янги тузилма - Стратегик шериклик ва ҳамкорлик бошқармасини ташкил этган.
Ушбу бошқармага Россия ички сиёсатининг таниқли координатори ва "Росатом" ядро энергияси корпорациясининг собиқ раҳбари, Владимир Путиннинг аппаратидаги биринчи ўринбосари Сергей Кириенко раҳбарлик қилади.
Бошқарманинг кундалик ишларини эса Кириенконинг яқин ҳамкори, "Росатом"нинг собиқ раҳбари Вадим Титов олиб борадиа.
Хорижда жойлашган Тhе Insider таҳлилий нашрининг ёзишича, Титов ўзининг йирик гавдаси туфайли Кремл доираларида "Блин" (Қуймоқ) лақабини олган.
Янги департамент 2025 йил сентябр ойида Путин билан Украина масаласидаги келишмовчиликлар туфайли истеъфога чиққани айтилган собиқ президент ёрдамчиси Дмитрий Козак раҳбарлик қилган иккита бошқарма ўрнини эгаллади.
"Ведомости" бизнес нашрининг ёзишича, ушбу янги бўлим Кремлпараст нуфузли таҳлилий марказ — Фуқаролик жамиятини ривожлантириш жамғармаси билан узвий боғлиқ. Жамғармага Кремл ички сиёсат департаментининг собиқ раҳбари Константин Костин раҳбарлик қилади ва у ўтмишда Кириенко билан бирга ишлаган.
2025 йил декабр ойида ушбу таҳлил маркази Россиянинг Марказий Осиёга нисбатан "янги" стратегиясини илгари сурувчи ҳисоботни эълон қилади.
"Россия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги янги стратегик шериклик асослари" деб номланган ушбу ҳисоботда Марказий Осиё Россия учун борган сари муҳим минтақага айланиб бораётгани, бироқ айни пайтда у Москванинг таъсир доирасидан чиқиб кетаётгани таъкидланган.
Украинадаги уруш туфайли Москва санкцияларни айланиб ўтишда Марказий Осиёга кўпроқ қарам бўлиб қолди. Бироқ, бу ҳолат минтақа пойтахтларининг Ғарб томонидан босимга учрашига олиб келмоқда, дейилади ҳисоботда.
Россия билан алоқаларнинг "токсик" (заҳарли) бўлиб қолишидан хавотирланган Марказий Осиё ўз ташқи сиёсатини диверсификация қилди: Хитой, Туркия ва Ғарб каби бошқа ҳамкорлар билан алоқаларни кучайтирди.
2022 йилдан буён Хитой Россияни ортда қолдириб, Марказий Осиёнинг асосий савдо шеригига айланди.
Минтақа Россия иштирок этмайдиган блоклар, масалан, Туркий давлатлар ташкилоти ва "Марказий Осиё бешлиги" форматларида интеграцияни чуқурлаштирди.
Доналд Трамп Оқ уйга қайтганидан бери Марказий Осиё президентлари Вашингтонга ҳам тез-тез сафар қиладиган бўлишди.
Минтақа Россиядан бутунлай юз ўгирмаган бўлса-да, Соловёв ва бошқа россиялик тарғиботчиларнинг тажовузкорона, империяча баёнотлари муносабатларга путур етказгани аниқ.
Шунингдек, Марказий Осиёни Россия орбитасида ушлаб туриш учун қилинган уринишлар ҳам алоқаларни совитди.
Бунга мисол қилиб, уруш бошида Қозоғистон нефтини ташийдиган қувурнинг тўхтатиб қўйилиши (буни кўпчилик Қозоғистоннинг Украинага бостириб киришни очиқ қўллаб-қувватламагани билан боғлайди) ёки Қозоғистон президентининг ўғлини сохта порнографик видеолар билан обрўсизлантириш ва шу орқали отасини Москвага бўйсундиришга бўлган бемаъни махфий фитна режасини келтириш мумкин.

Сурат манбаси, MIKHAIL SVETLOV/GETTY IMAGES
"Юмшоқ куч"
Марказий Осиёдаги қўшнилари билан юзага келган тарангликни тушунган ҳолда, Кремлнинг янги бошқармаси Москванинг минтақа билан муносабатларини янада амалий ва ўзаро манфаатли қилиш орқали Россия таъсирини сақлаб қолишга уринмоқда.
Кремл таҳлил марказининг ҳисоботига кўра, Москва минтақа билан шериклик алоқаларини "қайта шакллантириши", яъни "мафкуравий ва рамзий қарашлар"дан воз кечиб, кўпроқ "амалий манфаатлар" таклиф қилишга ўтиши керак.
Ҳисоботда Россия атом энергияси бўйича "Росатом" давлат корпорациясининг Марказий Осиёдаги фаолиятини кенгайтираётгани, хусусан, Қозоғистон ва Ўзбекистонда атом электр станцияларини қураётгани Россия "юмшоқ кучи"нинг ижобий намунаси сифатида кўрсатилган.
Таҳлил маркази раҳбари Костин 2025 йил декабр ойида "РБК" бизнес нашрига берган интервюсида: "Москва совет даври ғояларини камайтириб, кўпроқ бизнес лойиҳаларини таклиф қилиши керак", деб таъкидлади.
Қозоғистонлик сиёсатшунос Марат Шибутовнинг айтишича, Россия йиллар давомида агрессив таҳдидлар ва яқин ҳамкорлик таклифлари ўртасида тебраниб турган Марказий Осиё билан муносабатларига мантиқий бир хиллик олиб киришга ҳаракат қилмоқда.
"Россиянинг Марказий Осиёга нисбатан ҳеч қачон ягона ёндашуви бўлмаган. Бир томондан, Россия Қозоғистондан кўп миллиард долларлик АЭС қуриш шартномасини сўрайди, иккинчи томондан эса, телевизорга чиқиб, барча қозоқларни русофоб деб бақиради", - деди Шибутов BBC Monitoring хизматига.
"Агар Кремл муносабатлардаги мана шу қарама-қаршиликларни оз бўлса-да бартараф эта олса, бу алоқалардаги улкан қадам бўлар эди", - дея қўшимча қилади у.

Сурат манбаси, ALEXANDER KAZAKOV/GETTY IMAGES
Кўпроқ ҳурмат
Ўтган ойлардаги бир нечта воқеалар Россиянинг минтақа билан муносабатларда янада нозикроқ ва эҳтиёткорона ёндашувни қўллашга уринаётганидан далолат беради.
Вадим Титовнинг стратегик шериклик бошқармаси раҳбари сифатидаги илк сафари Қирғизистонга бўлганди. У ерда Титов Россия кўмагида ташкил этилган янги "Номад ТВ" телеканалининг очилишида иштирок этди.
Ушбу канал қирғиз тилида эфирга узатилади ва минтақадаги бошқа Россияпараст оммавий ахборот воситаларидан фарқли ўлароқ, томошабинларни Кремлпараст ёки урушни тарғиб қилувчи контент билан чарчатмайди. Аксинча, у кўпроқ маҳаллий муаммоларга эътибор қаратади, шу билан бирга, Москвани ишончли "катта ака" сифатида кўрсатишни ҳам унутмайди.
Ноябр ойида Қирғизистонга сафари чоғида ва Москвада қозоғистонлик санъаткорлар билан учрашувда Владимир Путин ҳатто қирғиз ва қозоқ тилларида бир неча оғиз гапирганди. У шу тариқа маҳаллий маданиятга ҳурмат кўрсатиб, марказий осиёликларнинг кўнглини овлашга уринган.
Шунингдек, Россия расмий доиралари Қозоғистоннинг янги конституциясида рус тилининг мақомига ўзгартириш киритиш режаларига нисбатан кутилмаганда жуда вазминлик билан муносабат билдиришганди..
Янги конституция лойиҳасида рус тили қозоқ тили билан "тенг ҳуқуқли" эмас, балки қозоқ тили "ёнида" қўлланилишига рухсат берилиши белгиланган. Кўплаб шарҳловчилар ушбу нозик сўз ўйинини мамлакатда қозоқ тилининг оммалашиб бораётгани фонида рус тилининг мақоми пасайтирилиши деб талқин қилишади.
Украина мисолида кўринганидек, Москва одатда ўз чегараларидан ташқаридаги рус тилли аҳолининг ҳуқуқлари масаласига жуда сезгир ва агрессив муносабатда бўлар эди. Бироқ, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистондаги ушбу конституциявий ўзгаришларга муносабат билдирмади.
Ҳатто баъзи Кремлпараст нашрлар буни олқишлади. Давлат томонидан молиялаштириладиган "Спутник" халқаро ахборот агентлиги бу ўзгаришни "рус тилининг махсус мақомини сақлаб қолган ҳолда, қозоқ тилининг давлат тили сифатидаги ролига дахл қилмайдиган оқилона келишув" деб айтди.
Кремл, шунингдек, сўнгги йилларда Россияда кучайиб бораётган ксенофобия ва тазйиқларга дуч келаётган Марказий Осиё мамлакатларидан келган мигрантларга нисбатан қўпол муносабатни бироз юмшатишга уринаётган бўлиши мумкин.
Россияда мигрантларга нисбатан ёмон муносабат, жумладан, калтаклаш, таъқиб қилиш ва мажбурлаб ҳайдаб чиқариш ҳолатлари Марказий Осиё ҳукуматларининг кескин норозилигига сабаб бўлган эди.
Россия сиёсий доираларига яқин деб кўриладиган баъзи нуфузли Телеграм каналларининг таъкидлашича, Кремл Марказий Осиё президентларини ҳафсаласини пир қилмаслик учун аксилмигрант кайфиятини жиловламоқчи.
Гарчи амалда мигрантларга бўлган босим камайганига далиллар жуда кам бўлса-да, баъзи ўзгаришлар кўзга ташланмоқда.
Айрим ҳолатларда Россия давлат ОАВлари Марказий Осиёлик ишчиларни ижобий қаҳрамон сифатида кўрсата бошлади. Масалан, Санкт-Петербургда деразадан тушиб кетган болани қутқариб қолган ўзбекистонлик ишчи 22-феврал куни жасорати учун Россия давлат мукофоти ва бир миллион рубл пул мукофоти билан тақдирланди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Кремлнинг "кўплаб устунлари"
Кремлнинг Марказий Осиё бўйича янги мутасаддилари ушбу "дўстона" ёндашувни узоқ вақт ушлаб тура оладими ёки йўқми - бу савол очиқ.
Соловёвнинг гаплари муносабатларга аниқ зарар етказди.
Шунингдек, январ ойида таниқли ултра-миллатчи ғоявий шарҳловчи Александр Дугиннинг онлайн чиқиши ҳам вазиятни таранглаштирди. Дугин ўз чиқишида Россия собиқ Иттифоқ таркибидаги бошқа давлатларнинг мустақил мавжудлигини "қабул қилмаслиги" кераклигини айтган эди.
Бундай миллатчилик баёнотлари ва мигрантларга нисбатан қаттиққўллик Россия ички аудиториясига жуда ёқади. Қолаверса, Россия иқтисодиёти секинлашмоқда, бу эса Москванинг Марказий Осиёдаги қимматбаҳо "юмшоқ куч" лойиҳаларини қанчалик молиялаштира олиши ҳақида саволларни туғдиради.
Стратегик шериклик бўйича янги бошқарма янада юмшоқроқ муносабат тарафдори бўлиши мумкин, бироқ Кремлдаги бошқа "лочинлар" қатъийроқ ва қаттиққўл ёндашувни афзал кўришади.
"Кремлнинг устунлари кўп, Кириенко эса улардан фақат биттаси холос", - дейди сиёсатшунос Шибутов.





























