Тест синовлари: Британияда ҳам телефон олиб киришадими?

young person on phone

Сурат манбаси, Getty Images

Британия имтиҳонларни ўтказиш бошқармалари қаллобликлар, фирибгарликларга қарши кураш амалиётининг бир қисми сифатида ижтимоий тармоқларни кузатиб борувчи мутахассислар гуруҳини ташкил қилди.

Имтиҳон бошқармаларининг раҳбарига кўра, бу гуруҳлар имтиҳонларда қўл урилган қаллобликлар аломатларини ижтимоий тармоқлардан излаш учун кўп куч ва вақт сарфламоқда.

Бошқармаларни тамсил этувчи Малака Ошириш Бирлашган Кенгаши имтиҳонлардаги фирибгарликларни аниқлаш учун мустақил текширув ўтказишини эълон қилди.

Имтиҳон бошқармалари эса қаллоблик ҳолатлари «жуда кам» эканлигини иддао қилмоқда.

Январь ойида эълон қилинган расмий рақамлар мамлакат бўйлаб умумий имтиҳон топширувчиларнинг 2,715 таси (0.01 фоиз) жазога тортилганини кўрсатади. Жумладан, 895 нафар мактаб ходимлари ва 120 нафар мактаб ҳамда коллеж ўқувчилари имтиҳон топшириш жараёнида қаллобликка қўл ургани аниқланган.

Аксарият жазога тортилганлар имтиҳон топшириш жараёнида қўл телефонидан фойдаланаётган пайти қўлга тушган.

Whole Education мактаблар бирлашмаси раиси Сер Жон Данфорд раҳбарлигида ўтказилувчи текширув сентябр ойидан бошланади ва натижалар келаси йил баҳорида эълон қилинади.

«Имтиҳонларнинг ҳалол ўтиши бу жараёнда қатнашаётган барча, айниқса, келажаги имтиҳон натижаларига узвий боғлиқ бўлган ёшлар учун ўта муҳимдир,» дейди Сер Жон.

'Технологик ўзгариш'

Имтиҳонларни ўтказувчи бошқармалар раҳбарлари бу текширув қаллобликка қарши амалдаги курашнинг бир қисми эканлигини айтмоқда.

OCR имтиҳон бошқармасидан Марк Бедлоу шундай дейди: «Имтиҳонлар пайтида атайин қўл урилган қаллобликлар жуда кам учрайди.»

"Бироқ биз ёшларнинг технологиядан турли йўллар билан фойдалана бошлаганига ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз."

Унинг қўшимча қилишича, шу вақтга қадар қаллобликларга қарши кураш йўлида кўп ишлар амалга оширилган, аммо таъсири тобора ортиб бораётган ижтимоий тармоқларни кузатиш орқали бу борадаги вазиятни янада яхшироқ англаш мумкин.

«Атрофда технологик ўзгариш жадал давом этмоқда. Биз қаллобликлар аломатларини илғаб топиш учун кўп вақтимизни ижтимоий тармоқларни кузатишга сарфлаяпмиз.»

Жаноб Бедлоунинг айтишича, ўз бошқармасида ижтимоий тармоқларни йил бўйи кузатиб борувчи одамлар бор.

Pearson нашриёт уйидан Дерек Скарасчкин шундай дейди: «Талабаларнинг катта қисми имтиҳонларни ҳалол топширади ва улар бошқалар ҳам бу ишни ҳалол амалга ошираётганига ишонч ҳосил қилишни истайди.»

Айни вақтда британ ўсмирлари мактаб ва олий таълимдаги имтиҳон натижаларини кутмоқдалар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek