http://www.bbcuzbek.com

11 Ноябр, 2008 - Published 12:58 GMT

Наманганда гўдакларга ВИЧ вируси юқтирилган

Наманганлик шифокорлардан бирининг айтишича, 40 дан ортиқ гўдак ВИЧ вирусини юқтиргани бир ой илгари аниқланган.

Қурбонларнинг аксарияти янги туғилган чақалоқлар экани айтилмоқда.

Ҳозирги пайтда Тошкентдан Соғликни сақлаш вазирлиги, Миллий Хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратурадан Наманганга юборилган мутахассислар ҳалокатли вирус нимадан юққани юзасидан йирик текширув ишларини ўтказишаяпти.

Вирус қон қуйиш орқали ўтганми ёки шприц воситасидами, текширувчилар бир хулосага келганлари йўқ, деб айтди ўз исми-шарифи ошкор этилишини истамаган мутахассис.

Соғликни сақлаш мулозимининг айтишича, ҳозир Наманган вилоят соғликни сақлаш бошқармаси раҳбари ишдан олинган.

Аммо ишдан олинишнинг расман ушбу ҳодиса билан боғланиб, боғланмагани қоронғу.

Шуниндек, расмий текширувлардан ташқари, қандай чоралар, профилактик тадбирлар кўрилаётгани ҳам номаълум.

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси масъуллари эса бу ҳақда ҳеч қандай расмий маълумот олмаганликларини айтишди.

Аввалроқ қўшни Қозоғистон ва Қирғизистонда болаларга ВИЧ вирусининг қондан юқтирилиши ҳоллари қайд этилган.

Расмийлар Наманганда оммавий равишда ВИЧ вируси юқтирилгани ҳодисасини кенг жамоатчиликдан яширишга уринмоқдалар.

Умуман, Ўзбекистонда ВИЧ вирусини юқтириш, ОИТСга чалиниш билан рақамлар ошкор этилмайди.

БМТнинг ОИТСга қарши курашиш идораси UNAIDS 2007 йил якунидаги ҳисоботида ВИЧ вируси эпидемияси бўйича Ўзбекистон Марказий Осиёда етакчилик қилаётганини эълон қилган.