Украина ҳужумлари ортидан Россияда ёқилғи инқирози кучаймоқда

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Vitaliy Shevchenko
- Role, Kiyev
- Published
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Украинанинг Россия босиб олган ҳудудларга уюштираётган узлуксиз дрон ҳужумлари Москва таъминот йўлларини издан чиқараяпти, Россиянинг ичкарисидаги нефтни қайта ишлаш заводларига узоқ масофадан берилган зарбалар сабаб аллақачон бошланган ёқилғи инқирозини кучайтирмоқда.
Хусусан, Россия 2014 йили ноқонуний аннексия қилган Қримда жиддий логистик муаммолар ва танқисликлар кузатилмоқда.
Бу муаммоларнинг кўп қисми яқинда Украина томонидан Россия жанубидаги Ростов шаҳрини босиб олинган Мариупол порти орқали Қрим билан боғлайдиган муҳим автомобил йўли ва кўприкка берилган зарбалар билан боғлиқ.
Францияда жойлашган Atum Mundi таҳлил маркази таҳлилчиси Клеман Моленнинг BBCга айтишича, бу йўл "аслида жанубдаги Россия ишғолининг асосий таянчи ҳисобланади".
Клеман Молен айтишича, май ойи бошидан бери Украина бу йўлда ҳаракатланаётган юк машиналарига, жумладан 30 та ёқилғи ташувчи автомобилга қарши 300 дрон ҳужумини уюштирган, бундай ҳужумлар июн ойи бошланганидан буён янада кучайган.
Бу амалиёт Қримга сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
Қрим ярим ороли Москва учун стратегик аҳамиятга эга, чунки у ердан Россия қўшинлари Украина ҳудудининг бошқа қисмларига дрон ва ракеталар учириш учун фойдаланиб келаяпти.
Ўзининг илиқ иқлими ва узун соҳиллари билан Қрим ёз фаслида россияликлар учун ҳам машҳур дам олиш маскани ҳисобланади.
Норози туристлар ва маҳаллий аҳоли вакилларининг ёқилғи таъминотидаги узилишлар ҳақидаги шикоятлари ижтимоий тармоқларда кўпайгани кузатилмоқда.
Видеоларда минтақадаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида узун навбатлар кўринади, одамлар эса ёқилғи олиш учун 10 соатгача навбатда туришга мажбур бўлаётганларини айтмоқдалар.
Симферопол шаҳри яшовчиларидан бири мустақил Bereg сайтига шундай деди:
"Энди ишга пиëда бораяпман. Албатта, бу машинада боришдек қулай эмас, лекин жуда катта муаммо ҳам эмас. Энди фақат от сотиб олишим қолди!"
Қримдаги ёқилғи шохобчаларининг катта қисмида маҳаллий аҳолига ҳозирда фақат олдиндан тўланган ваучерлар орқали, у ҳам бўлса, 20 литргача ёқилғи сотиб олишга рухсат берилаяпти.
Инқироз бошланишидан олдин ҳудудга келган россиялик сайёҳлар эса энди қайтиб кетиш учун ёқилғи топишда қийналмоқдалар.
Муаммо шунчалик жиддийки, Москва томонидан тайинланган маҳаллий ҳокимият уларга ёрдам бериш учун махсус "ишонч телефони"ни ишга туширишга мажбур бўлди.
Ёқилғи танқислиги туфайли бензин ва дизел нархларининг кескин ошиб кетгани хабарлари ҳам тарқаяпти.
"Афсуски, ҳозир ёқилғига бўлган талабни тўлиқ қондириш имконсиздек кўринаяпти," дея тан олди Кремл томонидан тайинланган Қрим раҳбари Сергей Аксёнов тан олди 5 июн куни. Унинг айтишича, танқислик сабаб юзлаб автобуслар паркидан чиқолмай қолди.
Шунга қарамай, автомобил йўллари Қримга таъминот етказишнинг сўнгги имкони бўлиб қолаяпти.
Бир неча паромларни Украина ишдан чиқарганидан кейин денгиз йўли жуда хавфли бўлиб қолган.
Шунингдек, Украина томонидан илгари амалга оширилган ҳужумлар ёки шундай ҳужумлар хавфи Қримни Россия материги билан боғлайдиган янги Керч кўприги орқали ҳаракатни чеклаб қўйган.
"Ҳозир Керч кўприги орқали дизелга тўла юк машинасини ўтказишни истамаган бўлардим — бу ўзингизга муаммо чақириш билан баробар," дейди Россия нефт саноати бўйича эксперт ва Гарвард университети Дэвис маркази ходими Крейг Кеннеди BBCга.
"Шунинг учун уни қуруқлик орқали, Мариупол йўлидан олиб ўтишга тўғри келади. Ва у ерда ҳам сиз бутун йўл давомида ҳимоясиз бўласиз."
Айрим россиялик манбалар Украина томонидан логистика йўлларига қилинган ҳужумлар Россия армиясининг жанг қилиш қобилиятига аллақачон таъсир кўрсатаётганини таъкидламоқдалар.
"Фуқаролар учун ёқилғи қуйиш шохобчаларини бўшатиб қўяётган зарбалар жанубдаги қўшинларга етказиладиган таъминотга ҳам таъсир қилмоқда," деб ёзди кремлпараст россиялик ҳарбий таҳлил канали Rybar ўзининг Telegram саҳифасида.
"Логистика инқирози ҳарбий ва фуқаровий эҳтиёжларни ажратмайди, у бир вақтнинг ўзида ҳаммасини қамраб олади."
7 июн куни Украинанинг зарбаси шимолий Қримдаги Чўнгарда жойлашган муҳим кўприкка зарар етказди.
Бу кўприк ярим оролни Украина ҳудудининг қолган қисми билан боғлар ва R-280 автомобил йўли орқали ҳаракатланаётган Россия қўшинлари ҳамда фуқаровий транспорт воситалари томонидан фойдаланилар эди. Ҳозир кўприк орқали ҳаракат тўхтатилган.

Сурат манбаси, Reuters
Ёқилғи таъминоти билан боғлиқ муаммолар Украина томонидан Россиядаги нефт қайта ишлаш заводлари ва нефт омборларига қилинган узоқ масофали зарбалар туфайли янада кучаймоқда. Киев бу каби ҳужумларни бир неча ойдан бери амалга ошириб келади.
Президент Володимир Зеленскийнинг айтишича, май ойида бундай зарбалар натижасида Россиянинг "асосий нефт қайта ишлаш қувватлари"нинг қарийб 40 фоизи ишдан чиққан.
Энди, Крейг Кеннедининг айтишича, Украина Россия таъминот тармоқларига қарши кенгайиб бораётган кампаниясида йирик нефт заводларини эмас, балки кичик, маҳаллий тақсимот тармоқларини нишонга олмоқда.
"Бу айрим ҳудудларда, масалан Қримда, маҳаллий аҳоли ва ҳарбийларга нисбатан янада аниқроқ ва кучлироқ таъсир кўрсатмоқда," деди у.
Дрон ҳужумлари Украинанинг Россия томонидан босиб олинган бошқа ҳудудлари, жумладан Луҳанск ва Херсон вилоятларига ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Уларнинг айримлари Украинанинг Учувчисиз тизимлар қўшинларига қарашли 413-алоҳида "Рейд" баталони томонидан амалга оширилган.
Баталон қўмондони Евгений Карас Украинада номи ошкор этилмаган жойдан туриб BBCга интервю берди.
Караснинг айтишича, сўнгги ҳужумлар давомида ўзларининг дронлари Россия ҳаво мудофааси томонидан жиддий қаршиликка дуч келмаган.

"Ўзимиз истаган жойга бемалол уча олшимиз жуда ажойиб туйғу беради," деди у.
Карас сўзларига кўра, Россиянинг ҳарбий логистикасини издан чиқариш унинг бўлинмаси учун энг устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
"Асосий нишон — Россия омборлари, нефт ва ёқилғи захиралари, бинолар ва ҳатто россиялик офицерлар жойлашган кичик бункерлар," деди у.
Сўнгги ҳафталарда Россия Украинанинг босиб олинган ҳудудларга қилган ҳужумлари натижасида фуқаролар ҳалок бўлганини даъво қилди. Хусусан, Херсонда автобусга ва алоҳида ҳолда босиб олинган Қримда йўловчи поездига берилган зарбалар шундай ҳолатлар сифатида келтирилмоқда.
Душанба куни Қримнинг Россия томонидан тайинланган раҳбари Аксёнов Украина дрони яна бир бор минтақадаги йўловчи поездига зарба берганини, натижада унинг ёрдамчи машинисти ҳалок бўлганини ва машинист жараҳатланганини маълум қилди.
Карас ушбу ҳодисаларнинг бирортасига алоҳида изоҳ бермаган бўлса-да, шундай деди: "Бу жуда ҳаракат гавжум ҳудуд, ва равшанки, оғир юк машиналари ҳамда катта транспорт воситалари доимо зарба остида бўлади, чунки россияликлар улардан фойдаланадилар."
Шунинг учун, дея қўшимча қилди у, "хатолар бўлиши мумкин, лекин бу фуқаровий транспорт воситаларини атайлаб нишонга олиш эмас."
Бироқ хавф-хатар жуда катта, ва зарбалар натижасида босиб олинган ҳудудларни Россия билан боғловчи икки муҳим йўлда фуқаровий ҳаракат ҳам чекланди.
Луҳанск вилоятидаги Москва томонидан ўрнатилган ҳокимият Мариупол ва Қримга олиб борувчи икки трассада автобус ва микроавтобуслар ҳаракатини тақиқлади ҳамда маҳаллий аҳолини "хавфсизлик сабаблари"га кўра бу йўллардан фойдаланмасликка чақирди.
Украинанинг ўрта ва узоқ масофали зарбаларининг умумий таъсири нафақат Россиянинг жанг қилиш қобилиятига таъсир кўрсатмоқда, балки Зеленский эълон қилган "урушни Россиянинг уйига олиб кириш" мақсадига ҳам хизмат қилаяпти.





























