Ўзбекистон ва Марказий Осиёга Толибон ғоялари сизиб кирадими?

BBC Ўзбекнинг Diqqat BBC рукнида Толибон ғоялари ва сиёсати Ўзбекистон дохил Марказий Осиё ҳудудига кириб келишидан хавотирлар таҳлил қилинди. Видеони тўлиқ томоша қилинг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Толибон аёллар ҳақ-ҳуқуқларини янада чекламоқдами?
Афғонистонга халқаро ёрдамларининг кескин қисқаргани, Толибон сиёсати ва табиий офатлар сабабли яшаш шароитлари ўта оғирлашган.
Гўдак қизларнинг сотилиши, балоғатга етмаганларни эрга бериш, Толибоннинг аёлларга нисбатан ўта чекловчи сиёсатлари туфайли умидсизликка тушиш кўплаб афғонистонлик қизлар учун бугунги ҳаётларидаги воқелик.
Ана шу манзарда яқинда Толибон "Эр-хотинлар ўртасидаги ажрашиш тамойиллари" номи остида янги кўрсатмани тасдиқлади. Бир қарашда навбатдаги юридик ҳужжат. Аммо жаҳон бўйлаб қаттиқ танқидларга тутилмоқда. Нега? Чунки унда ёши кичик бўлса ҳам балоғатга етган, дея кўрилган қизларнинг никоҳ вақтида сукутлари розилик далили сифатида кўрилиши айтилган. Яъни гўёки сукут аломати ризо. Ана шу нуқта танқидларга туртки бераётган энг асосий жиҳат.

Бу каби чекловларни мамлакат аёл-қизлари қандай қабул қилишмоқда? Ва келажакларига таъсиридан хавотирдамилар?
Асли Афғонистонлик бўлган BBC Ўзбек журналисти Парвин Файзга кўра, ҳозирга қадар аёлларга нисбатан Толибон киритган кўплаб чекловлар сабабли ўқиш ва ишлаш ҳақидан маҳрум этилган аёллар қаттиқ қўрқувдалар ва шунинг учун яқинда эълон қилинган "Эр-хотинлар ўртасидаги ажрашиш тамойиллари" кўрсатмаси ҳақида гапиришдан ўзларини олиб қочишади. Шу сабабли уларнинг муносабатини ўрганиш ҳозирги Афғонистон шароитида жуда қийин.
Лекин шундай бўлса ҳам баъзида шахсларини очиқламай гапиришга рози бўлган аёллар эндиликда уларнинг келажаги янада баттарлашишидан хавотир билдиришган.

BBC гапирган бир аёлнинг айтишича, унинг ўзини отаси ёшлигида ўзидан 20 ёш катта эркакка турмушга берган. Ва ҳозирда у 5 қизнинг онаси.
"Менинг эрим ҳам ҳозирда бу кўрсатмада айтилган нуқталар асосида қизларимни эрга бера бошласа, уларнинг келажаклари барбод бўлишидан жуда қўрқувдаман", деган у.
Парвин Файзга кўра, шаҳар ва қишлоқларда аёллар учун шароитлар бир қадар фарқ қилади. Шаҳарларда кам сонда бўлса ҳам қизлар учун баъзи ўқув марказлари бор, шифохона ва мактабларда чекланган тарзда ишлаш имконлари ҳам мавжуд. Аммо қишлоқларда қиз-аёллар бу каби имкониятлардан бутунлай маҳрумлар.
Норасидаларни никоҳга олиш борасида Ислом дини нима дейди? Сукут аломати ризоми?

Келинг масалага, Исломий фиқҳ нуқтаи назаридан кўз ташлайлик. Кўплаб уламолар Толибоннинг бу борадаги талқинини рад этишади.
Норасидаларни никоҳга олиш ва мажбурий никоҳлар мусулмон дунёсида ҳам кенг муҳокама қилинади.
Исломда ва анъанавий жамиятларда никоҳ вақтида розилик аслида қандай олинади? Деобанди мадрасасида таҳсил олган, Толибон чиқарган қонунлар тадқиқотчиси, исломшунос Жон Баттнинг BBC Ўзбек билан суҳбатда айтишича, ҳақиқат шуки, Афғонистонда халқ орасида қизларни мажбуран турмушга бериш кенг тарқалган ҳолат. Қизларни сотиш, уларга товар сифатида қараш одатий ҳолат.
"Аммо Толибон яқинда чиқарган қонунда тенглик ҳақида жуда муҳим тушунча бор. Исломда ота-оналар уюштирган, келишилган никоҳларга рухсат берилган. Келишилган никоҳ Исломда одатий ҳол. Ота-оналар бунда иштирок этади ва бу ҳаракатда нотўғрилик йўқ, кўп одамлар буни яхши нарса, деб қабул қилади. Аммо улар қизлари учун таълим ва ижтимоий ҳолат нуқтаи назаридан ҳар томонлама мос келадиган турмуш ўртоғини танлашлари керак. Ёш масаласи ҳам жуда муҳим. Чунки Афғонистонда кўп эшитамиз, ёш қизлар қари эркакларга сотилади. Бу номутаносиб никоҳдир. Айниқса, Ҳанафий мазҳабида никоҳда "кафоат" - яъни тенглик ва мослик тушунчаси жуда-жуда муҳим. Толибоннинг яқинда қабул қилган қонунининг катта қисми айнан шу мослик масаласига бағишланган. Агар номутаносиб никоҳ тузилса, бундай никоҳ автоматик равишда бекор қилинади ёки маҳкама томонидан бекор қилиниши керак", дейди Жон Батт.
"Фикримча, ушбу қонун буни аниқ кўрсатган ва бу қонунни Ғарб нуқтаи назаридан танқид қилаётганлар битта нарсани тушунмаяпти: гап Афғонистон ҳақида кетмоқда ва бу ерда оталар, боболар ёки бошқалар қизларни мажбуран турмушга беришга йўл очадиган анъаналар мавжуд. Менга бу қонун тўғри йўналишда қўйилган қадам бўлиб кўринади, чунки унда қизга никоҳни ўз хоҳишига кўра бекор қилиш ҳуқуқи берилган. Мен 1990 йилларда, биринчи Толибон ҳукмронлиги ёки Исломий амирлик даврида ҳам шунга ўхшаш қонун чиқарилганини эслайман. Мен ўша пайтдаги Толибон бош муфтийси - муфтий Абдул Воҳид Деобандий билан гаплашганимда ундан қизлар қандай қилиб "йўқ" дейишга журъат топади, яъни бу никоҳни қабул қилмаймиз дейиши мумкинми, деб сўрагандим. У шундай деди: "аслида бизда қизлар никоҳга "ҳа" дейишдан уялишади ва тортинишади. Лекин "йўқ" дейишдан уялишмайди. Шунинг учун улар "йўқ", дея рад этишлари мумкин"
Islomda, ayniqsa Hanafiy mazhabida nikohda “kafoat”, ya’ni tenglik muhim ko‘riladi.
BBC Ўзбек: Лекин қизлар қўрқувдан, уларга босим ўтказилганидан ёки шунчаки ёш бўлганлари сабабли нималар бўлаётганини тушунмасдан никоҳ вақтида розилик сўралганда сукут сақлашса, Исломда бу каби розилик қабул қилинадими?
Жон Батт: Агар қизлар учун бундай қўрқув мавжуд бўлса, унда урф-одатни, шароитни ўзгариши керак. Ислом нуқтаи назаридан, агар қиз сукут сақласа, бу "ҳа" дегани. Аммо агар у "йўқ" деса, демак бу қатъиян рад этишдир. Агар у ўзини қўрқиб тургандек ҳис қилса, бу ҳолатда унинг қўрқишга асоси йўқ. Қонун унинг тарафида бўлади, қози у томонда бўлади. Бу ерда гап шуки, одамлар ўз урф-одатларини ўзгартиришлари керак.
BBC Ўзбек: Яна бир жиҳат, Исломда қизлар ҳайз кўриш даврига етишлари билан жисмонан оила қуришлари мумкин, дея кўрилади. Лекин маънавий, руҳий ва ақлий жиҳатдан улар турмуш қиришга тайёр бўлмасликлари мумкин. Бу жиҳатлар назарга олинадими?
Жон Батт: Исломда Ғарбдагидек ўғил-қизларнинг эркин учрашиб, мулоқот қилиши қабул қилинмайди. Шунинг учун Исломда асосий урғу ёшлар вояга етгач, никоҳга тайёр бўлгач, оила қуришига қаратилган.
Аммо сиз айтган жиҳат ҳам муҳим албатта ва назарга олиниши керак. Инсон фақат биологик балоғат ёшига етгани учун эмас, балки никоҳга руҳий ва ижтимоий жиҳатдан ҳам тайёр бўлиши керак.
Мен бу ерда ат-Термизий тўпламида келтирилган бир ҳадисни эслаб ўтмоқчиман: "Дини ва хулқидан рози бўладиган киши келиб қизингизни сўраса, унинг таклифини қабул қилинг. Агар бундай қилинмаса, ер юзида фитна ва бузуқлик юзага келади» дейилган ҳадисда.
Бундай муҳит, яъни ўғил болалар ва қизлар ўртасида эркин муносабат бўлмаган, никоҳсиз бирга яшаш қабул қилинмайдиган жамиятда, яъни Исломда, асосий урғу жамият поклиги ва ахлоқни сақлашга қаратилган. Шунингдек, кераксиз шаҳват ва бузуқликдан асраш ҳам муҳим омил сифатида таъкидланади.
Шундай экан, назаримда, 13–14 ёшдаги болалар ҳар томонлама никоҳга тайёр бўлмасликлари мумкин. Лекин мен айтиб ўтган омиллар билан никоҳга тўлиқ тайёр бўлиш орасида мувозанатни топа билиш муҳим, фикримча.
Ночорлик мажбурламоқда
Кундалик ҳаётларида қашшоқликнинг қақшатқич синовларига дош бериб яшашга мажбур бўлаётган Афғонистондаги оилалар учун ҳукумат чиқарган қонун-қоидаларга риоя қилиш кўпда имконсиз бўлиши мумкин.
Халқаро ёрдамнинг қисқариши, Толибон сиёсати ва кучли қурғоқчилик мамлакатдаги вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Оқибатлари эса даҳшатли. Айниқса аёллар ва қизлар учун.
Уруш ва иқтисодий таназзуллар оқибатида вайрон бўлган мамлакатда оталар қиз фарзандлари борасида ўта мушкул танлов ўнгида туришади. BBC мухбири Ёгита Лимае Афғонистон жанубидаги Ғўр вилоятига журналистик сафарида ночорлик оилаларни гўдак қизларини сотишга мажбур қилаётганига гувоҳ бўлган.
BBC мухбири ўз лавҳасида Афғонистон жанубидаги вазиятни тасвирлаган. Ўзбеклар ва туркийзабонлар яшовчи шимолий вилоятларда гўдак қизларни сотиш ҳолатлари учрайдими ва не қадар кенг тарқалган?
BBC Ўзбек бўлимидан Парвин Файзнинг айтишича, шимолий вилоятларда ҳам ёш қизларни мажбурликдан сотиш ҳоллари учраб туради, лекин у қадар кенг тарқалмаган.
Бундай ташқари маҳаллий хайрия ва аёллар ҳақлари ташкилотлари бу каби ҳолатлардан хабар топган вақтлари, ночор аҳволга тушиб қолиб, қизларини сотишга мажбур бўлган оилалар учун маблағ йиғиб, бу каби никоҳларнинг олдини олишга муваффақ бўлган ҳолатлар ҳам қайд этилган.
Толибон ғоялари қўшни давлатларга сизиб кирадими?

Сурат манбаси, Shohjahon Majidov
Аёлларнинг ҳаёти, ҳатто ташқи кўриниши, нима кийиб, ўзларини қандай тутишлари кераклигини ўзбекистонлик эркак ва йигитлар ҳам муҳокама қилишаётгани тез-тез кўзга ташланади.
Бу ҳолат ўзбекистонлик ёшлар орасида не қадар кенг тарқалган?
Ўзбекистонлик Шоҳжаҳон Мажидовнинг айтишича, Толибон йўриқномаси нашр этилганидан сўнг Ўзбекистон матбуоти уни кенг ёритган ва турли муҳокамаларни келтириб чиқарган.
"Ижтимоий тармоқларда айтилган фикрлар асосан Толибон йўриқномасида келтирилган нуқталарга қаршилик маъносида бўлган. Қизларнинг эрта турмушга берилишлари каби ҳолатлар қабул қилиб бўлинмас, дея муносабатлар билдирилган. Кўплар, "Исломда бу каби ҳолат тилга олинган бўлса ҳам, ҳозирги даврни қадим замонларлар билан солиштириб бўлмаслиги"ни таъкидлаб ўтишган", дея изоҳ берди Шоҳжаҳон Мажидов.
BBC Ўзбек: Ижтимоий тармоқлардан ташқари, сизнинг атрофингиздаги тенгқурларингиз орасида бу борада қандай фикрлар айтилмоқда. Аёл-қизларнинг юриш-туриши, ташқи кўриниши, хатти-ҳаракатларини назорат қилиб, муҳокама қилиш не қадар кўзга ташланади?
Шоҳжаҳон Мажидов: Ўзбекистондаги ёшлар орасида миллийчилик, маҳаллий менталитет, йигитлар ўзларини келажакда оила етакчиси сифатида кўришлари каби қарашлар албатта сақланиб қолган. Улар ўзларининг аёллари ва фарзандлари учун масъул шахс сифатида кўрганлари учун бошқа қизларга нисбатан ҳам кийиниш ва хатти-ҳаракатлари масаласида ўз фикрларини айтишлари кузатилади.
BBC Ўзбек: Нима учун эркаклар бошқа аёллар ҳақида шундай маслаҳатлар беришни ўзларига эп кўришади? Бунга ҳақлари бор, деб ҳисоблашади?
Шоҳжаҳон Мажидов: Ўзбек жамиятида эркак мавқеи аёлдан устун кўрилгани учун. Лекин албатта, ҳар бир аёл ёки қиз ўз шахсий чегарасига эга эканлиги, қандай қилиб кийиниш ёки ўзини тутишни ўзи танлашга ҳақли эканлигини тушунадиган қатлам ҳам мавжуд.
BBC Ўзбек: Ёшлар орасида мана шу сиз тилга олаётган гуруҳлардан қай бирининг салмоғи кўпроқ?
Шоҳжаҳон Мажидов: Мен атрофимдаги профессионал доира манзарасида айтадиган бўлсам, аёл кишининг шахсий чегарасини тан олувчилар аксариятни ташкил қилади. "Биз демократик давлатда яшаймиз, ҳар бир инсон ўзини қандай тутиши ва кийинишини ўзи белгилайди", деганлар кўпроқ. Лекин бу нуқтаи назарга қарши турувчилар ҳам бор, озчиликни ташкил қилса-да, бор. Йўқ эмас.
BBC Ўзбек: Толибоннинг ҳозирда аёлларга нисбатан қабул қилаётган чекловчи йўриқномалари, кўрсатмалари ва умуман сиёсати Ўзбекистон дохил қўшни минтақадаги давлатларга сизиб кириш эҳтимоли бор, деб ўйлайсизми?
Шоҳжаҳон Мажидов: Бу каби эҳтимол жуда кам. Инсоннинг шахсий чегарасидан огоҳлик, тан олиш бизда мавжуд. Бундан ташқари, Ижтимоий тармоқлардаги фикрларда "агар шундай яшашни истасангиз, Афғонистонга бориб, яшанг", деган қаршиликларга ҳам кўзингиз тушади. Шундан келиб чиқиб, бу ғоялар бу ерда кенг илдиз олиши эҳтимоли кам, деб ўйлайман.
"Минтақада Толибон мафкураси белгилари аллақачон бор"

Сурат манбаси, Бубусора Рисқулова саҳифасидан
Қирғизистондаги "Сезим" Ноҳукумат ташкилоти раҳбари Бубусора Рисқулова эса Толибон каби радикал ҳаракатлар ғояларининг Марказий Осиёга сизиб кириши эҳтимоли бор ва аллақачон кузатилмоқда деган фикрда.
"Аммо айрим ўзгаришлар аллақачон минтақамизда сезила бошлади. Бошдан оёқ қора кийимдаги аёллар кўпаймоқда. Биз дунёвий республика бўлсак ҳам, кўринишидан масжидлар мактаблардан кўра кўпроқ қурилаётгандек. Кўпхотинлилик ҳам тобора очиқроқ кўзга ташланмоқда. Қонун бунга рухсат бермаса-да, айрим эркаклар барибир бунга йўл топмоқда. Бу - аста-секинлик билан кириб келаётган мафкура. Биз буни ҳис қиляпмиз", дейди Бубусора Рисқулова.
"Умидни йўқотманг"
Афғонистондаги аёл-қизлар вазиятига қайтсак. Ҳозирги шароитда улар учун келажаклари борасида умид учқунлари бўлиши мумкинми?
Толибларнинг биринчи давра ҳокимиятини Афғонистонда бошдан кечирган Парвин Файзга кўра, ҳозирда мамлакатдаги аёл-қизлар учун аввалги Толиблар даврига нисбатан имкониятлар чекланган тарзда бор.
Шаҳарларда баъзи ташкилотларда ишлаш, қизлар учун кам сонли бўлса ҳам алоҳида ўқув марказларида ёки Интернет орқали онлайн таълим олиш, касб-ҳунар ўрганиш имконлари бор.
Бу имкониятлардан ҳамма фойдалана олмаса ҳам келажакдан умидни йўқотмаслик муҳим.






























