Ўзбекистонда ва минтақада ташвиш уйғотаётган рақамли қатағон нима? - (Видео)

Сурат манбаси, BBC/Rasmiy
- Author, Санжар Эралиев
- Role, bbc.com/uzbek
- Reporting from, Бишкек
- Published
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Айрим инсон ҳуқуқлари ташкилотлари қўшма баёнот тарқатиб, Марказий Осиёда, жумладан Ўзбекистонда ҳукумат жамият фаолларига нисбатан рақамли қатағонни кучайтираётганини айтдилар. Рақамли қатағон нима дегани?
Ижтимоий тармоқлар ҳаётимизга кириб келмаган даврларда, авторитар ёки диктаторлик тузумидаги ҳукуматлар фаоллар, мухолифат аъзолари ва танқидчиларни жазолашнинг анъанавий усулларидан фойдаланишган. Агар кимдир чет эл ёки мустақил нашрларга интервю бериб, тизимни танқид қилса, уларни қамоққа ташлашган, мамлакатдан қувишган ёки қийноққа солишган. Яъни, эркин сўз ва танқидга мутлақо тоқат қилинмаган.
Facebook, Telegram ва бошқа ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши билан вазият сезиларли даражада ўзгарди. Бугунги кунда ахборот устидан тўлиқ назорат ўрнатиш имконияти анча камайган. Шунга қарамай, айрим таҳлилчиларнинг фикрича, ушбу платформалардаги фаоллар ва танқидчиларнинг аккаунтлари ҳужумларга учрамоқда ёки блокланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Буни эса фаоллар рақамли қатағон деб атайдилар.
"Эски амалиётнинг янги кўриниши"
Марказий Осиёдаги деярли барча президентлар сўз эркинлигини қўллаб-қувватлашини айтади. Масалан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йилнинг март ойидаги нутқида шундай деган эди:
"Биз очиқлик сиёсатини, сўз эркинлиги ғояларини ҳаётга татбиқ этишда ҳамиша қатъий бўламиз".
Аммо халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари минтақада интернет ва ижтимоий тармоқлардаги босимлар тобора ортиб бораётганини таъкидламоқда. Кузатувчиларга кўра, охирги йилларда ижтимоий тармоқларда танқидий фикр билдирган шахсларнинг саҳифаларини блоклаш ҳолатлари кўпайган.
Инсон ҳуқуқлари фаоли Надежда Атаева ушбу муаммони шундай ифодалайди:
"Рақамли босим - бу эски амалиётнинг янги кўриниши: инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақида гапирганларни сукутга мажбур қилиш. Биз учун эса вазифа - ҳақиқатни асраш ва рақамли платформаларни фаолларга босим сифатида ишлатишга йўл қўймаслик".
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Атаеванинг Facebook саҳифаси 19-март куни очилмай қолган. Платформа маъмурияти буни "шикоятлар асосида вақтинча чекланиш" дея изоҳлаган.
Франциядан туриб ишлайдиган ҳуқуқбоннинг айтишича, феврал ойида унинг бошқарувидаги "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари бирлашмаси"нинг YouTube канали ва шахсий аккаунти ҳам оммавий шикоятлардан кейин блокланган.
"Кейин менинг Telegram даги аккаунтимни ҳам бузишди. Бу хавф фақат мен учун эмас, балки ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилган алоқаларим учун ҳам таҳдид туғдирди", дейди Надежда Атаева.
У бу ҳолатни давлат органлари билан боғлаб, ўзининг эркин фаолиятига тўсқинлик сифатида баҳолади. Ҳуқуқбонга кўра, ижтимоий тармоқлардаги ҳужумлар ва блокланишлар фаолларнинг овозини чеклашга хизмат қилади. Аммо Ўзбекистоннинг тегишли идоралари бунга расмий муносабат билдирмаган.

Сурат манбаси, Taqdim
Бу ҳолатлардан сўнг, у Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) йиғилиши муносабати билан Вена шаҳрида 12-майда эълон қилинган қўшма баёнотга қўшилди. Ушбу баёнотни Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шериклик, Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бўйича халқаро бюроси, Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари бирлашмаси ва Туркман Инсон ҳуқуқлари ташаббуси ташкилотлари қўллаб-қувватлаган.
Ўзбекистонда ҳам ижтимоий тармоқдаги саҳифалари блокланган, чекланган ёки ёзган постлари ўчирилган фаоллар орасида собиқ депутат Расул Кушербаев ва "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ҳам бор.
Бироқ, Абдураҳмон Ташанов вазиятга ижобий томондан ҳам қараш кераклигини айтади:
"Масаланинг бошқа жиҳатига эътибор қаратиш керак. Сиёсий плюрализм етишмаслиги бу жиддий муаммо. Лекин давлатнинг фуқаролик жамиятига бераётган эътибори аввалгига нисбатан анча яхши. Ижтимоий тармоқларда фаоллар турли камчиликлар ҳақида бонг уриб ётибди".
- Мета (Facebook, Instagram) ва Google (YouTube) платформаларида контент сунъий интеллект ва модераторлар томонидан текширилади. Шикоят тушганда контент огоҳлантиришсиз вақтинча чекланиши ёки ҳужжатлар талаб қилиниши мумкин. Бу қарор устидан апелляция бериш имкони бор. Саҳифаларнинг блокланиши кўпинча халқаро миқёсда "координацияланган шикоятлар" деб аталади, бунда бир гуруҳ одамлар оммавий шикоят юбориб, алгоритм орқали аккаунтни блоклашга эришади.
Референдум олдидан кучайган блоклашлар
Венада қабул қилинган қўшма баёнотда айтилишича, тармоқларда очиқ фикр билдирганларга нисбатан босим, жиноят иши очиш ва судлаш каби тенденциялар Қозоғистонда ҳам кузатилмоқда.
Фаоллар мувофиқлаштирилган (координация қилинган) шикоятлардан кейин аккаунтлар ёки контентнинг блокланиши, ўчирилиши ҳақида айтиб чиқишди. Бундай ҳолатлар айниқса 2026-йил март ойидаги конституциявий референдум олдидан авж олди ва ундан кейин ҳам давом этаётгани таъкидланган. Ваҳоланки, расмий Остона мамлакатда очиқлик ва сўз эркинлигини кенгайтириш бўйича ислоҳотлар амалга оширилаётганини айтиб келади.
Ҳуқуқ фаоли Галим Агелеуов Қозоғистондаги вазиятни қуйидагича таърифлайди:
"2022-йил январ воқеаларидан кейин Қозоғистонда сўз эркинлигини чеклаш сиёсати кучайди. Ҳокимият кўпинча куч ишлатишга таянади, амалдорлар эса бюджет маблағларини ўз манфаатлари йўлида ишлатади. Спорт, таълим, илм фан ва қурилиш соҳаларидаги катта маблағлар йўқолиб кетиши ҳақида ёзган журналистлар, блогерлар ва фаоллар босимга дуч келмоқда. Натижада мустақил медиа камаймоқда, давлат буюртмасига боғлиқ медиа кўпаймоқда".
Qonunlarni erkin fikrlaydigan faollarga va jurnalistlarga qarshi ishlatish holatlari kuzatilmoqda.
Милиция суҳбатлари ва сўроқлар
Кузатувчилар Қирғизистонда ҳам ижтимоий тармоқлардаги фикрлар учун қаттиқ чоралар қўлланилаётганини айтмоқдалар.
28-май куни ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулованинг уйига милиция ходимлари келиб, у билан суҳбат ўтказган. Гарчи ташриф сабаби расман тушунтирилмаган бўлса-да, бу ўша кунларда Иссиқ-Кўлда ўтказилиши режалаштирилган "сувдаги Формула-1" мусобақаси атрофидаги баҳсларга боғлиқ бўлиши мумкинлиги айтилади. Чунки мазкур мусобақага қарши тармоқларда кескин фикрлар билдирилаётгани сабабли Ички ишлар вазирлиги вазиятни назоратга олган эди. Абдирасулова ҳам айнан ўша кунларда Фейсбукдаги саҳифасида ушбу мавзуда танқидий постларни бўлишган.
13-март куни ҳуқуқ ҳимоячиси Толоқан Исмоилова ва эколог Бермет Борубаева Бишкек милициясида қарийб олти соат давомида сўроқ қилинган. Милиция матбуот хизмати улар айнан ижтимоий тармоқлардаги фикрлари учун чақирилганини тасдиқлаган.
Сиёсий таҳлилчи Адил Турдуқулов минтақадаги умумий қўрқитиш усуллари ҳақида шундай дейди:
"Марказий Осиёда журналистлар, блогерлар ва фаоллар кўпроқ босим остида. Бу босим асосан милиция ва судлар орқали амалга оширилади: жиноят иши очиш, жазо бериш, мамлакатдан чиқариб юбориш каби қўрқитиш усуллари ишлатилади. Яъни қонунларни эркин фикрлайдиган фаолларга ва журналистларга қарши ишлатиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шу билан бирга, давлат ахборот воситалари орқали журналистларни обрўсизлантириш ва қўрқитиш ҳам кенг тарқалган. Бу эса одамларнинг руҳиятига қаттиқ таъсир қилади. Чунки обрўсизлантириш, ёрлиқ ёпиштириш ва қўрқитиш одамлар учун жуда оғир оқибатларга олиб келади. Бу катта ташвиш уйғотади".
Аммо Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатда сўз ва фикр эркинлиги таъминланганини доимо такрорлайди. Деярли ҳар ҳафта давлат ахборот агентлиги орқали интервью берадиган президент, шу билан бирга, "нотўғри маълумот тарқатганлар масъулиятни ҳис қилиши зарурлигини" ҳам алоҳида таъкидлайди.
End of Ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз:
Халқаро ташкилотлар нима дейди?
Human Rights Watch ва Freedom House ташкилотлари ўз ҳисоботларида "координацияланган шикоятлар" (яъни бир гуруҳ шахсларнинг келишиб олиб, битта аккаунт устидан оммавий равишда шикоят ёзиши) усулини бир қатор давлатларда танқидий овозларни ўчириш воситаси сифатида қайд этишган.
Human Rights Watch ташкилотининг Би-би-сига берган ёзма баёнотида Марказий Осиёдаги беш мамлакатдаги умумий вазият қуйидагича баҳоланади:
"Сўнгги йилларда Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида оммавий ахборот воситаларига қарши очиқ босимлар кузатилмоқда. Бу босимлар репрессив қонунлар қабул қилиниши, журналистлар ва блогерларга қарши жиноий ишлар қўзғатилиши, шунингдек инсон ҳуқуқлари соҳасидаги долзарб муаммоларни жамоатчилик эътиборига олиб чиқадиган фаоллар ва ҳуқуқ ҳимоячилари таъқиб қилинишида намоён бўлмоқда. Шунингдек, сўнгги ойларда ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларга қилинган ҳужумлар ва уларни блоклаш ҳолатлари ҳам кўпаймоқда".
Икки хил қараш ва хавотирлар
Бу борада маҳаллий ва халқаро фаолларнинг фикрлари бироз фарқ қилади. Абдураҳмон Ташановнинг фикрича, муаммоларнинг юзага чиқиши - сўз эркинлигининг мавжудлиги белгисидир:
"Сўз эркинлиги тиббиётга ўхшайди. Тиббиёт қанчалик ривожланса, касалликлар ҳам кўпроқ аниқланади. Ўзбекистонда ҳам сўз эркинлигининг берилиши муаммоларнинг кўплигини кўрсатади. Бу ўзига хос парадокс, лекин вазият ёмон томонга ўзгаряпти дегани эмас".
Надежда Атаева эса технологик гигантларни цензура қуролига айланиб қолмасликка чақиради:
"Ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши рақамли босим фуқаролик майдонига таҳдиднинг бир қисми сифатида кўрилиши керак. Бу босим фикр билдириш эркинлигига, уюшиш ҳуқуқига, шахсий ҳаёт дахлсизлигига, маълумотга етиш имкониятига ва инсон ҳуқуқлари бузилган жабрланувчиларнинг самарали ҳуқуқий ҳимоя олиш ҳуқуқига таъсир қилади. Google, YouTube, Meta каби йирик компаниялар ва уларга тегишли платформалар шикоят механизмлари орқали автоматик равишда цензура воситасига айланмаслиги лозим".





























