АҚШ энди Эронни жиловлашда БМТдан ёрдам сўрамоқчи

Теҳрондаги деворда Ҳўрмуз бўғози жилови Эроннинг қўлида экани акс эттирилгани акс этган.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Теҳрондаги деворда Ҳўрмуз бўғози жилови Эроннинг қўлида экани акс эттирилгани акс этган.
Ўқилиш вақти: 2 дақ

АҚШ Эроннинг "кемаларни портлатишни тўхтатиши, миналарни олиб ташлаши ва инсонпарварлик ёрдами киритилишига рухсат бериши" учун БМТдан ёрдам сўрамоқчи.

Давлат котиби Марко Рубио бу ҳақда Оқ Уйдаги брифингда маълум қилди.

«Бирлашган Миллатларнинг моҳияти нимада? У халқаро можароларни тинч йўл билан ечиш учун тузилган. Ҳозирда бир давлат ноқонуний равишда ва жиноятчилардек халқаро сув йўлагини эгаллаб олган, у тижорий кемаларни портлатяпти ва сувга миналарни жойлаяпти. Билмадим, одамлар бу нақадар қабул қилиб бўлмас иш эканини англаб етишяптими», - дея савол қўйди АҚШ давлат котиби.

АҚШ ва Исроил Эронга қарши урушни бошлашларидан олдин БМТга мурожаат қилмаганлар.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

БМТ Хавфсизлик кенгаши халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид мавжуд деб топса, урушга рухсат бериши мумкин, аммо Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар БМТда овозга қўйилмаган.

АҚШ Президенти Доналд Трамп бир неча бор БМТни самарасизлик ва АҚШга нисбатан адолатсизликда айблаган, ҳамда АҚШнинг қатор БМТ лойиҳаларидаги иштирокини тўхтатган.

Rubio
EPA
Eronni kemalarni portlatishni to'xtatishga, minalarni olib tashlashga va tiqilib qolgan insonparvarlik yordami o‘tishiga ruxsat berishga chaqiring. Bu juda kamtarona iltimos.
Marko Rubio
AQSh davlat kotibi

Трамп ҳатто ўзи асос солган «Тинчлик кенгаши» БМТнинг ўрнини эгаллашини айтган. Январ ойида Оқ Уйда қилган чиқишида у БМТни урушларни тўхтата олмасликда айблаган. "БМТ мен тўхтатган ҳар битта урушни тўхтатиши керак эди", деган у.

Эндиликда Давлат котиби Рубионинг айтишича, БМТ синов қаршисида турибди.

"Биз бу [масалани] БМТга олиб чиқамиз. Биз унга шундай форум бўлишга яна бир имконият берамиз. Биз ҳеч кимдан минтақага қўшинлар киритишни ё Эрон кемаларни портлатишни сўрамаяпмиз. Биз шунчаки Эронни қоралашни сўраяпмиз. Эронни кемаларни портлатишни тўхтатишга, миналарни олиб ташлашга ва тиқилиб қолган инсонпарварлик ёрдами ўтишига рухсат беришга чақиринг. Бўлди, шу. Бу жуда камтарона илтимос. Агар халқаро ҳамжамият, юзлаб давлатлар бу масала ортидан бирлашолмас экан, унда БМТ тизимининг фойдаси нимада? Агар шундай оддий масалани ечолмаса», - деди Рубио журналистлар қаршисидаги чиқишини давом эттириб.

Чекинишми?

Айни дамда, сешанба оқшомида Трамп Ҳўрмуз бўғозидан тижорий кемаларни олиб чиқишни кўзда тутувчи АҚШ амалиёти тўхтатиб турилишини маълум қилди.

«Озодлик лойиҳаси» дея ном берилган бу амалиётни у якшанба куни эълон қилганди. У буни Кўрфазда қолиб кетаётган кемалар учун «инсонпарварлик амали» дея тасвирлаган.

Ҳўрмуз бўғозидан ўта олмаётган кемаларда 22 500 денгизчилар бор.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ҳўрмуз бўғозидан ўта олмаётган кемаларда 22 500 денгизчилар бор.

Аммо Эрон агар АҚШ қўшинлари бўғозга кирса, уларга ҳужум қилишини айтиб таҳдид қилган. Кейинроқ Эрон матбуоти иккита АҚШ ҳарбий кемаси нишонга олинганини хабар қилган. Америка ҳарбийлари буни рад қилиб, иккита АҚШ тижорий кемаси муваффақиятли олиб чиқилганини билдирган.

Эндиликда Трамп ўз амалиётига танаффус эълон қилар экан, буни Эрон билан келишувга эришишда «ажойиб силжиш» бўлгани ва Покистоннинг илтимоси билан изоҳлади.

АҚШ армиясига кўра, Форс кўрфазида 1 550та кема қуршовда қоляпти. Уларда 22 500 денгизчи бор.

Трамп Эрон бандаргоҳларининг блокадаси давом этишини билдирди.

Эрон расмийлари ҳозирча АҚШнинг «Озодлик лойиҳаси» тўхтатиб турилишига расмий муносабат билдиришмади, аммо қатор Эрон оммавий ахборот воситалари буни Эроннинг ғалабаси дея тақдим этишмоқда.

Инқилоб қўриқчиларига алоқадор Тасним хабар агентлиги «Трамп чекинди», деб ёзди.

IRNA Эрон давлат хабар агентлиги эса буни «Американинг мағлубияти» дея тасвирлаб, Трамп «охирги картаси»ни ўйнаганини ёзди.