Қовунлар чириб кетди. Қозоғистон қўшниларининг булутини ўғирлаяптими?

қовунлар

Сурат манбаси, kazinform.kz

Сурат тагсўзи, Қозоғистонлик деҳқонлар далалари кўлга айланиб қовунларини чиритганини айтдилар
Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Қозоғистон БАА билан ҳамкорликда йўлга қўйган сунъий булут лойиҳаси ҳам мамлакат ичкарисида, ҳам Марказий Осиё минтақасида эҳтимолий салбий оқибатларга етаклаши мумкинлиги ҳақидаги танқидларга дуч келмоқда.

Сунъий булут лойиҳаси синови бошланган Қозоғистоннинг Туркистон вилояти деҳқонлари ҳосиллари йўқолишига май ойидаги ҳаддан зиёд кўп ёғингарчиликни айбладилар, айнан шу сунъий булутлар кўп ёмғирларни келтириб чиқарди, дея иддао қилдилар.

Қўшни Қирғизистон ва Ўзбекистондаги кузатувчилар ҳам Қозоғистон сунъий ёмғир янгилигини хавотир билан қабул қилдилар, Қозоғистон табиий ёмғир оқимлари тарқалишини издан чиқариб, бошқа ҳудудларда қурғоқчиликни юзага келтириши мумкинлигини айтдилар.

Сунъий ёмғирлар иқлим қуролига ҳам айланиши мумкин деган хавотирлар пайдо бўлди.

Қозоғистон Марказий Осиёда сунъий ёмғир технологиясидан фойдаланишни бошлаган биринчи давлатга айланди, деб хабар тарқатди мамлакат оммавий ахборот восталари.

16 май куни давлат ахборот агентлиги Kazinformнинг Қозоғистон Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлигига таяниб хабар қилишича, Туркистон вилоятида булутларни уруғлантириш лойиҳаси расман ишга туширилди.

"Бу технология Туркистон вилоятидаги қишлоқ хўжалиги ҳудудларида қурғоқчилик ва сув танқислигининг салбий таъсирини камайтиришга қаратилган бўлиб, 911 минг гектардан ортиқ ҳайдаладиган ерларни қамраб олади. Лойиҳа 1980-йиллар охиридан бери об-ҳавони ўзгартириш ва ёмғирни кўпайтириш технологиялари бўйича катта тажрибага эга бўлган Бирлашган Араб Амирликлари Миллий метеорология маркази билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда", дейилади хабарда.

Халқаро ҳисоб-китобларга кўра, булутларни уруғлантириш табиий ҳолатга нисбатан ёғингарчилик миқдорини 10–20 фоизга ошириши мумкин.

Бироқ лойиҳа маҳаллий ва минтақавий шарҳловчилар ҳамда экологлар томонидан анъанавий ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди.

Улар Қозоғистон ҳукуматининг ушбу амаллари қишлоқ хўжалигига салбий таъсир кўрсатиши ва қўшни ҳудудларда ёғингарчилик камайишига олиб келиши мумкинлигини айтдилар.

Жамоатчилик хавотирларини камайтириш мақсадида, тажрибани мувофиқлаштириш учун масъул бўлган Қозоғистон Рақамли ҳукуматни қўллаб-қувватлаш маркази Бош директори Алия Оспанова лойиҳа "илмий тадқиқотлар ва халқаро илғор тажрибаларга асосланган ҳолда" амалга оширилаётганини айтди, деб хабар қилди Kazinform 7 июн куни.

Қовуни чириган фермерлар норози

3 июн куни Kazinform хабар беришича, минтақадаги маҳаллий фермерлар сунъий ёмғирларни қовун ҳосили чиришига сабаб бўлганликда айбладилар.

"Фермерларга кўра, май ойида узоқ давом этган ёмғирлардан кейин ернинг сувга тўйиниб кетиши туфайли қовун ҳосилининг катта қисми зарар кўрган. Улар кучли ёғингарчилик минтақада амалга оширилаётган сунъий ёмғирни кўпайтириш тажрибаси натижаси бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар", дейилади хабарда.

Бунга жавобан Туркистон вилояти маъмурияти шундай баёнот берди:

"Иш олиб борилаётган ҳудудларда маълум жойларда енгил ва ўртача ёғингарчилик кузатилди. Сунъий ёғингарчиликни кучайтириш усули булутларни яратишни назарда тутмайди ва ишлар фақат табиий булутлар мавжуд бўлган тақдирдагина амалга оширилади."

"Май ойи охирида Туркистоннинг турли ҳудудларида кузатилган узоқ давом этган ёғингарчиликни ушбу лойиҳа билан боғлайдиган далиллар мавжуд эмас... Шуни таъкидламоқчимизки, лойиҳанинг қишлоқ хўжалиги экинлари касалликлари билан боғлиқлиги ҳақида тарқатилаётган маълумотлар булутларни уруғлантириш амалга оширилмаган ҳудудларда қайд этилган", дея қўшимча қилди мансабдорлар.

Iqtibos

9 июн куни Kursiv.media сайти Экология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Нуркен Шарбиев ҳам "қовунларнинг оммавий чириши" билан сунъий ёмғирлар ўртасида боғлиқликни рад этганини хабар қилди.

Шарбиёевнинг айтишича, сунъий ёмғирлар далалардаги кенг кўламли ҳосил йўқотилишига сабаб бўлиши мумкин эмас, буни у сўнгги кучли ёғингарчилик билан изоҳлаш мумкинлигини таъкидлаган.

Туркистон вилояти фермерлари қовун етиштириш ўзларининг асосий даромад манбаи эканини, кучли ёмғирлар туфайли бу даромадни йўқотиш хавфи борлигини билдиришган.

Деҳқонларнинг сўзларига кўра, ҳосилга зарар етказган ёмғирлар ғайриоддий бўлиб, "у тўсатдан ёғиб, бир неча соат ичида далаларни кўлга айлантирган", деб ёзади сайт.

Қозоғистондаги коррупцияга қарши FBRK Телеграм канали 28 май куни кўплаб экспертлар ёғингарчиликни сунъий равишда кучайтириш самарадорлигига шубҳа билан қараётганлари ҳақида ёзди.

"Уларнинг баҳолашларига кўра, ҳатто ёғингарчилик 20 фоизга ошган тақдирда ҳам, йиллик қўшимча намлик тахминан 70 мм ни ташкил этади, шу билан бирга суғориладиган ерларда йиллик буғланиш тахминан 1550 мм даражада қолади. Бундай ҳажмдаги сунъий ёғингарчилик мавжуд намлик танқислигини қоплаш учун етарли эмас", дейилади хабарда.

"Azattyk Asia" хизмати олимлар булутларни уруғлантириш самарадорлиги борасида бир фикрга келмаганлари ва "уни узоқ давом этган қурғоқчиликка қарши курашишда қўллаш тавсия этилмаслиги" ҳақида ёзди.

Қозоғистон тажрибаси қўшниларини ташвишлантираяпти

Қозоғистон сунъий булути хабари қўшни давлатларда ҳам айрим танқидларга ҳам сабаб бўлди.

Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Акилбек Жапаров Facebookда бир ҳудудда сунъий равишда ёғингарчиликни келтириб чиқариш бошқа ҳудуд иқлимига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

"Тоғ экотизимлари бундай ўзгаришларга айниқса сезгир. Қирғизистон минтақадаги етакчи сув ресурслари манбаларидан бири ҳисобланади. Ҳозирги пайтда музликларимиз жадал суръатда эрияпти. Дарёлар, кўллар ва сув баланси бевосита нам айланиши, ҳарорат ва ёғингарчиликка боғлиқ. Агар атмосферани сунъий ўзгартириш технологиялари минтақада кенг қўлланиладиган бўлса, унинг оқибатлари узоқ муддатли бўлиши ва бутун Марказий Осиё экотизимига таъсир қилиши мумкин", деб ёзди Акилбек Жапаров.

Қирғиз эксперти Канатбек Кумушбек ўз ҳукуматини "бу прецедент одатий ҳолатга айланиб кетишидан олдин" шошилинч чоралар кўришга чақирди.

"Биринчи вазифа — музокараларни бошлаш. Бунинг учун майдонлар бор: ШҲТ, Марказий Осиё бешлиги формати ва Қозоғистон билан икки томонлама мулоқот. Чегаралараро об-ҳавони ўзгартириш масаласи кун тартибида бўлиши керак. Иккинчи вазифа — бошланғич маълумотларни қайд этиш. Қирғизгидромет зудлик билан ҳозирги ёғингарчилик кўрсаткичлари, музликлар мувозанати ва Иссиқкўл кўли даражасини қайд этиши лозим", деб таклиф қилди у.

Қозоғистон Рақамли ҳукуматни қўллаб-қувватлаш маркази бундай ишлар қўшни давлатлар иқлимига таъсир қилиши ёки қурғоқчиликка сабаб бўлиши ҳақида илмий далиллар йўқ дейди.

Сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича Марказий Осиё экспертлари плаатформаси мувофиқлаштирувчиси Булат Есекин фикрича, бундай технологияларнинг якуний натижаси тўлиқ тадқиқ этилмагани учун унга эҳтиёткорона муносабатда бўлмоқ лозим.

"Бу геоинженерия қарорлари туркумига киради ва улар БМТ даражасида ҳамда кенг миқёсдаги илмий жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланмайди. Геоинженерия қарорлари бўйича БМТнинг бир неча резолюцияси бор. Бу резолюциялар эҳтиёт бўлиш керак дейди. Оқибатларини тўла ўрганиб чиқмаган эканмиз, биз уларни қўллашни тавсия этмаймиз", деди Булат Есекин.

Azattyk Asia маълумотига кўра, қўшни Ўзбекистон ҳам ёғингарчиликни сунъий равишда ошириш режаларини эълон қилган.