Жаҳон чемпионатида ғалабалар: тарихдан кутилмаган сабоқлар

Аргентина юлдузи Лионел Месси Қатарда бўлиб ўтган 2022-йилги ФИФА эркаклар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ўз мамлакатининг ғалабасини нишонлаш чоғида, собиқ футболчи Серхио Агуэро елкасида кўтариб турган ҳолда Жаҳон чемпионати совринини ушлаб турибди.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Жаҳон чемпионати совринини ҳозиргача атиги саккизта мамлакат қўлга киритган. Шу жумладан уни уч марта ютиб олган Аргентина ҳам.
    • Author, Фернандо Дуарте
    • Role, BBC Жаҳон хизмати
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Футбол бўйича эркаклар ўртасидаги Жаҳон чемпионати натижаларини башорат қилишга уринишлар ривожланди. Ҳозирги кунда суперкомпютерлар букмекерлар, билимдон мухлислар ва фолбинлар билан рақобатлашмоқда.

Аммо сўнгги учта турнир ғолибини тўғри топгани билан машҳур бўлган немис молиявий таҳлилчиси Йоахим Клемент ҳам кучли жамоалар ўртасидаги ўйинларда кўп нарса омадга боғлиқ, деб ҳисоблайди.

Жамоанинг ўша кундаги спорт формаси, ҳакам қарори ёки тўпнинг устунга тегмасдан дарвозага кириб кетиши каби ҳолатларни "умуман башорат қилиб бўлмайди", дейди у Би-би-си га.

Бироқ ўтмишга назар ташласак, соврин учун курашаётган жамоалар ёдда тутиши керак бўлган бир нечта омил бор ва уларнинг баъзилари анча ҳайратланарли.

Тор доирадаги ғолиблар

Жаҳон чемпионатларида иштирок этган 84 та жамоадан атиги саккизтаси кубокни қўлга киритган: Аргентина, Бразилия, Англия, Франция, Германия, Италия, Испания ва Уругвай.

Жаҳон чемпионати финалида бор-йўғи 13 та миллий терма жамоа ўйнаган ва уларнинг баъзилари буни бир неча бор уддалаган. Германия саккиз марта, Бразилия етти марта, Аргентина ва Италия эса олти марта финалга чиққан.

Ғолиблар сафига қўшилиш қийин – бу рўйхатга энг охирги бўлиб 2010-йилда Испания кирди.

Уч марта финалда ўйнаб, бирор марта ҳам ғалаба қозона олмаган Нидерландияни ҳам эслаб ўтиш жоиз. Аммо Клемент улар 2026-йилда ниҳоят совринни кўтаради, деб тахмин қилмоқда.

Шунингдек, мусобақа тарихида Африка ёки Осиё қитъасидан фақат икки жамоа – 2002-йилда Жанубий Корея ва 2022-йилда Марокаш ярим финалга чиққан.

География муҳим омил

Яшил либос кийган ва Жаҳон чемпионати совринини ушлаб турган сардор ҳамда дарвоза бони Мануэл Нойер бошчилигида Германия жамоаси футболчилари 2014-йилги мусобақада Аргентина устидан қозонган ғалабасини нишонлашмоқда. Футболчиларнинг бўйинларида медаллар бор.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Германия 2014-йилда Жанубий Америкада Жаҳон чемпионати совринини қўлга киритган биринчи Европа жамоаси бўлди.

1930-йилда Уругвайда ўтказилган илк ФИФА Жаҳон чемпионатидан тортиб, 2022-йилда Қатарда бўлиб ўтган сўнгги мусобақагача жамоаларнинг ўз қитъасидан ташқарида ғолиб бўлиши жуда кам учрайдиган ҳолат.

22 та турнирда атиги олти мартасида шундай бўлган ва бунга фақат Бразилия (1958-йилда , 1994-йилда ва 2002-йилда ), Испания (2010-йилда ), Германия (2014-йилда ) ва Аргентина (2022-йилда ) эришган.

Агар мусобақани Жанубий Америка ёки Европа ҳудудида ўтказилганлари билан чекласак, бу географик анъана 19 та Жаҳон чемпионатида фақат икки марта бузилган.

Жамоалар ўз қитъасида яхшироқ натижа кўрсатишига сабаб улар иқлимга кўпроқ мослашган, сафар чарчоғини камроқ ҳис қилади ва мухлислар қўллаб-қувватлови кучлироқ бўлади. Дарҳақиқат, олтита Жаҳон чемпионатида мезбон жамоа ғолиб чиққан.

Географик тенденция турнирнинг дастлабки босқичларида ҳам кузатилган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Масалан, 2014-йилда Бразилияда ўтган Жаҳон чемпионатида Лотин Америкасининг етти мамлакати 16 жамоалик плей-офф босқичига чиққан. Европадан эса бор-йўғи олтита жамоа бу натижани қайд этган. Ваҳоланки, одатдагидек, турнирга Европадан бошқа қитъалардан кўра кўпроқ жамоа йўлланма олган эди.

Орадан тўрт йил ўтиб, Россиядаги мундиалда нимчорак финалнинг 10 та ўрнини Европа жамоалари эгаллаган бўлса, Лотин Америкасидан атиги бешта жамоа бу босқичга чиққан. Шунингдек, ярим финалга чиққан тўрттала жамоа ҳам Европа вакиллари бўлган.

Бироқ 2026-йилги Жаҳон чемпионати янги саҳифа очади. У илк бор учта давлат (АҚШ, Канада ва Мексика) мезбонлигида ўтади ва унда одатдаги 32 та эмас, 48 та жамоа иштирок этади. Тўртта жамоа - Кюрасао, Кабо-Верде, Иордания ва Ўзбекистон мусобақада дебют қилади. Балки бу турнир тарихий тенденцияларни ўзгартирар.

ФИФА рейтинги бехосиятми?

Сўнгги пайтларда энг яхши натижа кўрсатаётган жамоа Жаҳон чемпионатида ҳам муваффақиятли қатнашишини кутиш мантиқан тўғри. Аммо бу муваффақият кафолатланган эмас.

1992-йилда жорий қилинган ФИФА Жаҳон рейтинги турнир фаворитларининг дастлабки босқичларда ўзаро тўқнаш келиши олдини олиш мақсадида жамоаларни саралаш учун ишлатилади. Рейтинглар, теннис каби бошқа спорт турларида бўлгани каби, жамоанинг кўрсаткичи ФИФА тан олган футбол ўйинлари, жумладан, ўртоқлик учрашувлари натижаларига кўра ҳисобланади.

AFP via Getty Images
1930-yilda Urugvayda o‘tkazilgan ilk FIFA Jahon chempionatidan, 2022-yilda Qatardagi so‘nggi musobaqagacha jamoalar o‘z qit’asidan tashqarida g‘olib bo‘lishi juda kam uchraydi.
Batafsil: BBC.COM/UZBEK da o‘qing

Жаҳон чемпионати ғолиблари деярли ҳар доим рейтингнинг кучли 10-15 талигидаги жамоалар орасидан чиқади. Аммо Жаҳон чемпионати вақтида ФИФА рейтингида биринчи ўринни эгаллаб турган ҳеч бир жамоа ҳали турнирда ғолиб бўлмади.

8-июн ҳолатига кўра, бу тенденция ҳозирги пешқадам Аргентина учун шумхабар бўлиши мумкин.

Якуний рейтинглар кўплаб жамоалар ўртоқлик учрашувларини ўтказиб бўлганидан сўнг, 2026-йилги Жаҳон чемпионати старт оладиган кун, яъни 11-июнда янгиланади.

Амалдаги чемпионлар учун кураш оғир кечади

Қора-оқ суратда Бразилия дарвозабони Жилмар дос Сантос Невес Чили Миллий стадиони майдонида мухлислар елкасида кўтариб кетилаётгани тасвирланган. Бу ҳолат жамоанинг финалда собиқ Чехословакия устидан 3:1 ҳисобидаги ғалабасидан кейинги нишонлашлар пайтида содир бўлган.

Сурат манбаси, Bettmann Archive/Getty Images

Сурат тагсўзи, Бразилия ҳалигача Жаҳон чемпионати унвонини муваффақиятли ҳимоя қилган энг сўнгги жамоа бўлиб турибди. Бу 1962-йилда содир бўлган.

Бир неча бор Жаҳон чемпиони бўлган давлатлар бор – Бразилия, Германия, Италия ва Аргентина ҳисобида жами 16 та чемпионлик мавжуд. Аммо совринни сақлаб қолиш жуда қийин.

Мусобақанинг бутун тарихи давомида фақат икки давлат – Италия (1934-йилда ва 1938-йилда) ҳамда Бразилия (1958-йилда ва 1962-йилда) кетма-кет икки марта ғалаба қозонган.

Зафар кўпинча таназзулдан олдин келади

Жанубий Кореянинг Сеул шаҳридаги Инчеон стадиони майдонида Франция футболчиси Зинедин Зидан 2002-йилги Жаҳон чемпионатида ўз жамоасининг Данияга 2:0 ҳисобида мағлуб бўлган учрашуви вақтида ерга юзини қўйиб ётиб ётибди.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Амалдаги чемпион Франция 1998-йилдаги ғалабасидан сўнг 2002-йилда гуруҳ босқичидаёқ мусобақани тарк этган.

Дарҳақиқат, сўнгги пайтларда Жаҳон чемпионати амалдаги чемпионлар учун анча омадсиз кечмоқда.

2002-йилдан бери аввалги турнирнинг олти ғолибидан тўрттаси ҳатто гуруҳ босқичидан ҳам ўта олмаган. Бразилия (2002-йилги чемпион ва 2006-йилги чорак финалчи) ҳамда Франция (2018-йилги ғолиб ва 2022-йилги иккинчи ўрин соҳиби) бундан мустасно.

Хорижлик мураббийлар ҳали бу ишни уддалай олмади

Карло Анчелотти 2025 йил 26 май куни Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида Бразилия футбол конфедерацияси (CBF) президенти Самир Ҳауддан Бразилия миллий жамоаси сариқ-яшил футболкасини қабул қилиб олмоқда. Ҳар иккиси ҳам костюм ва галстукда бўлиб, табассум қилмоқда.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, 2002-йилдан буён Жаҳон чемпионатида ғалаба қозона олмаган Бразилия машҳур италиялик мураббий Карло Анчелотти хизматларидан фойдаланишга қарор қилди.

Жаҳон чемпионатида хорижлик мураббийларни ёллаш янгилик эмас, бироқ сўнгги ўттиз йилда хорижлик мутахассисларга таянадиган жамоалар сони ортди. Бу кўрсаткич 2026 йилда ўзининг энг юқори чўққисига чиқади: бунда иштирокчи 48 мамлакатдан 27 тасида хорижлик мураббий ишлайди.

Улар қаторида собиқ ғолиблар Бразилия ва Англия ҳам бор, бу жамоаларни мос равишда италиялик Карло Анчелотти ва германиялик Томас Тухел бошқаради.

Муаммо шундаки, шу пайтгача хорижлик мураббий қўл остидаги бирорта ҳам жамоа Жаҳон чемпионатида ғолиб бўлмаган.

"Бавария" ва "Интер"нинг ғалати таъсири

Лаутаро Мартинес 2022-йилги ФИФА Жаҳон чемпионати чорак финалида Нидерландия устидан пеналтилар сериясида қозонилган ғалабани нишонлаш учун қўлларини ёзган ҳолда тиззаларида сирпаниб бораётгани тасвирланган.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Интер Милан футболчиси Лаутаро Мартинес 2022-йил Қатарда бўлиб ўтган ФИФА Жаҳон чемпионатида Аргентина ғолиб жамоаси таркибида бўлган.

"Бавария" ёки Италиянинг "Интер" клуби ўйинчиси, баъзан эса ҳар иккаласидан ҳам футболчи бўлган.

1982-йилдан бери фақат икки марта (1986 ва 2010-йилларда) ушбу икки клубдан бирортасининг вакили бўлмаган жамоа совринни қўлга киритишга муваффақ бўлган.

ФИФА томонидан эълон қилинган ўйинчиларнинг расмий рўйхатига кўра, 2026-йилги турнирда қатнашадиган 48 жамоадан 15 таси таркибида "Бавария" ёки "Интер" футболчиси, ёхуд ҳар иккала клубдан ҳам ўйинчилар бўлади. Булар қаторида Германия, Франция, Англия ва амалдаги чемпион Аргентина каби юқори савиядаги жамоалар бор.